Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:53

Тошкент етти ўлчаб¸ бир кесмоқчи


Жаҳон эътиборини ўзига тортиб турган Теҳрондаги намойишлар ҳақда¸ Тошкентда сукут сақланмоқда.
Жаҳон эътиборини ўзига тортиб турган Теҳрондаги намойишлар ҳақда¸ Тошкентда сукут сақланмоқда.

Дунё оммавий ахборот воситалари диққати Эронга қадалган бир пайтда¸ расмий Тошкент ва ўзбек матбуоти Эрон воқеаларига муносабат билдиргани йўқ. "Бунинг изоҳи шу қадар соддаки, таажжубга ҳожат йўқ¸" демоқда кузатувчилар.

Ўзбекистон ҳукумати ва матбуоти Эрон мавзусини нима учун четлаб ўтаётганини англаш учун, Эронда ўзи нима бўлаётганини билиш кифоядир.

Ҳукумат кучларининг қуролли қаршилигига қарамасдан юз минглаб намойишчилар кўчага чиқиб¸ диктатуранинг тугатилишини талаб қилдилар. Улар президентлик сайлови натижаларининг сохталаштирилганидан норози бўлиб, мухолифатчига айланган Мир Ҳусайн Мусавийни қўллаб қувватламоқдалар.

- Эрон тарихий бурилиш бўсағасида турибди. Эрон халқи ё демократик ўзгаришлар томон ҳаракат қилади ёки қаттиққўл ҳокимият қўлида қолади¸ дея бот-бот такрорлади Си-Эн-Эн (CNN) телеканалининг бошловчиси Волф Блицер.

Си-Эн-Эндаги Ларри Кинг дастури давомида Эрон бўйича таҳлилчи ва журналист Робин Райт Эрондаги ҳодисалар дунё бўйлаб диктатураларга жиддий сигнал бўлишини айтди.

- Агар ҳокимиятдаги бирор бир гуруҳ дунёдаги энг мустаҳкам авторитар тузумни яратиб, энг катта армия ва хавфсизлик хизматига эга бўлса ҳам¸ одамларнинг кўчага чиқиб бундай тузумга қаршилик кўрсатиши, дунё бўйлаб мавжуд диктатураларни ўйлантириб қўяди¸ дейди Робин Райт.

Эрондаги вазият борасида муносабат билдиролмай ўйланиб қолган режимлардан бири Ўзбекистон ҳукумати бўлса ҳам ажабмас, дейди Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи таҳлилчиси Эндрю Штролайн.

- Албатта¸ бу сукунатнинг изоҳи бор. Бу режим одамларнинг кўчага чиқиб, адолатли сайловларни талаб этаётганини¸ ҳатто дунёда бошқа гапирадиган гап қолмаса ҳам¸ кўрсатишни истамайди¸ дейди Эндрю Штролайн.

Эрон воқеалари борасида хабарни бериш ноўрин бўлишини Ўзбекистондаги ҳукумат журналистлари инстинктлар даражасида сезишини ҳам тахмин қилиш мумкин.

Тошкентдаги “Пойтахт” телеканалида Эрон ҳақидаги қисқа лавҳани кўрган мустақил журналист Алексей Волосевич ҳайрон қолганини айтади.

- Бир неча кун аввал мен бу лавҳани кўрдим. Уларнинг Эронда мухолифатга қарашли сайтлар ёпилгани ҳақидаги хабаридан ҳайрон қолдим. Нима бизда бундай сайтлар ёпиб ташланмаганми¸ дейди ўз ҳайратини яшира олмаган Алексей Волосевич.

Таниқли журналист Сергей Ежков ўзига хос шама билан Эрондаги демократия бошбошдоқлигини кўрсатиш ўрнига, маҳаллий оммавий ахборот воситалари халқни кўпроқ қизиқтираётган мавзуларни ёритиш билан овора бўлаётганини айтади.

- Бизга ўз мамлакатимизда рўй бераётган воқеалар муҳимроқ бўлса керак. Қанча новвойхоналарнинг очилгани, неча кўчанинг супурилиб, қанча ўт юлингани, Тошкентнинг 2200 йиллигини нишонлашга тайёргарлик қандай бораётгани қизиқроқ бўлса керак¸ дейди Ежков.

Айни пайтда¸ ўзбекистонликлар Эрондаги воқеалардан буткул бехабар қолган¸ ҳам деб бўлмайди.

Тошкентлик Бахтиёр ака куну-тун воқеалар ривожини Евроньюс ва Россия телеканалларидан кўраётганини айтар экан, айнан унинг қилган хулосасидан расмий Тошкентнинг нима боис Эрон ҳақида сукут сақлашни афзал кўраётганини англаш мумкин.

- Ўтган 5-10 йил ичида уларда норозилик кучайиб кетди. У ердаги аҳоли демократик йўлдан кетишни хоҳлайди. Ҳар битта халқ ўзига демократик йўлни танлаши керак¸ яшаш даражаси ҳамма қатламларда етарли даражада бўлиши керак¸ бошқариш тизимида тўғри сиëсат олиб борилиши керак¸ дейди Бахтиëр ака.

Ўзбекистон матбуотида Эрон мавзуси нима боис эътибордан четда қолаётганини расмий медиа вакилларидан ҳам сўрадик.

Журналист Нарзилло Охунжонов буни Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос ишлаш тартиби билан изоҳлади.

Унинг фикрича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Эрон воқеалари борасида муносабат билдиришга шошилмаётгани бу идоранинг “етти ўлчаб бир кесиш” сиёсатига содиқлигидандир.

- Менимча¸ тап этиб¸ осмондан тушгандай бўлар-бўлмас муносабат билдириш ҳам тўғри келмас. Ҳамма нарсани етти ўлчаб бир кесган маъқулдир¸ дейди журналист Нарзилло Охунжонов.
XS
SM
MD
LG