Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:41

Жалолободда ЎИҲ аъзолари йўқ қилинди


Қирғиз расмийлари¸ Жалолободда йўқ қилинган жангариларнинг ЎИҲ га қарашли террорчилик лагерларида ҳозирланганини айтмоқда.
Қирғиз расмийлари¸ Жалолободда йўқ қилинган жангариларнинг ЎИҲ га қарашли террорчилик лагерларида ҳозирланганини айтмоқда.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида куч ишлатар тизим ходимлари ва Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ўртасида отишма бўлиб ўтди. Хабарларга кўра, отишма чоғида жангариларнинг барчаси ўлдирилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази раҳбари Риспек Биқин ўғли Жалолобод вилояти Сузоқ туманида бўлиб ўтган воқеани аксилтеррорчилик амалиёти бўлганини айтади.

- 2009 йилнинг 22 июнидан 23 июн кунига ўтар кечаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарафидан Жалолобод шаҳри ташқарисида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларини қўлга олиш бўйича аксилтеррорчилик амалиёти ўтказилди.

Амалиёт чоғида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари автомат, граната ва бошқа портловчи мосламалар қўллаш орқали аёвсиз қаршилик кўрсатди.

Отишма натижасида террорчилар йўқ қилинди. Махсус амалиёт ўтказилган жойда 5 нафар террорчи жасади топилди.

Тахминий маълумотларга кўра, халқаро террорчилар марказларида тайёргарлик кўрган жангарилар Қирғизистон ҳудудига чет элдан келганлар.

Махсус амалиёт чоғида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг бир ходими яраланди ва маҳаллий шифохонага ётқизилди. Махсус топшириқлар бажарувчи бўлинманинг бир зобити вафот этди, деди Риспек Биқин ўғли.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси расмийсининг маълум қилишича, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари йўқ қилингач, улар тасарруфида бўлган портловчи моддалар ишга тушиб кетган. Натижада жангарилар яширинган уйда ёнғин чиққан.

- Айни пайтда ёнғин ўчирилган, воқеа жойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари тергов ишларини олиб бормоқда, деди Риспек Биқин ўғли.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари Сузоқ тумани Тошбулоқ қишлоғидаги хусусий уйлардан бирида яширин яшаган ва махсус хизмат ходимлари томонидан кузатувда бўлган.

Қирғизистонда жангари гуруҳларга қарши амалиётлар биринчи марта олиб борилаётгани йўқ. Жалолобод, Ўш ва Боткен вилоятларида 1999, 2005, 2006 йилларда ҳам махсус хизмат ходимлари тарафидан худди шундай амалиётлар ўтказилганди.

Хусусан, 2006 йилнинг июн ойида Жалолободда ўтказилган амалиёт чоғида махсус хизмат ходимлари кузатувида бўлган 5 нафар жангари хусусий уйлардан бирида йўқ қилинган эди.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тарафидан жангариларни қўла олиш бўйича вилоятда аввал ўтказилган амалиётлар тўғрисида гапирар экан, ўша пайтларда куч ишлатар тизим ходимлари тарафидан кўплаб фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари бузилганини айтади:

- Бугунги воқеага ўхшаш воқеа Жалолободда аввал ҳам ики маротаба бўлган. “Бир уйга террорчилар беркинган” деб куппа-кундузи уларни йўқ қилиш бўйича амалиётлар ўтказилган, кундуз куни отишма бўлган.

Ўша пайтларда маҳаллаларда солдатлар ва бир милиция ходими юриб, санкциясиз уйларга кириб, одамларнинг паспортларини текширишган.

Бизга одамлар ариза билан мурожаат қилишга қўрқишган, фақат оғзаки мурожат қилишган. Бизга арзланиб келган одамларнинг айтишича, милиционерлар уларнинг сандиқларини очиб, қизларига олган сепларини ҳам титганлар, баъзи одамлардан турли баҳоналар билан пул талаб қилганлар, дейди Абдумалик Шарипов.

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги вакиллари мамлакатга хорижий ўлкалардан жангарилар киришга уринаётгани ҳақида тезкор маълумотга эга эканлари ҳақида билдирмоқдалар. Вазирлик ходимларининг айтишича, ҳозирда Қирғизистонга жангарилар киришининг олдини олиш бўйича турли чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Боткен вилоятида Ички ишлар вазирлигининг 60 ҳарбийдан иборат махсус гуруҳи жойлаштирилганини маълум қилдилар.

- Бизда мавжуд оператив маълумотларга кўра, бугунги кунда Афғонистон билан Покистон ҳудудида толибонга қарши бўлган ҳаракатлар натижасида айрим жангарилар бизга қўшни бўлган мамлакатлар ҳудудига қочиб ўтганлар.

Ўша жангариларни бизнинг Республика худудига ўтишини олдини олишга қаратилган ҳаракатлар учун биз ушбу махсус гуруҳни Боткен вилоятига жойлаштирдик, деди 20 июн куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Жақипбек Азизов.

Вазирлик расмийси тилга олган Боткен вилояти шимолда Тожикистон ва шарқда Ўзбекистон билан чегарадош вилоят бўлиб ҳисобланади. Бу икки ҳудудда сўнгги ойларда вазият таранглашган ва бунга Тожикистонда Мулло Абдуллонинг Тавилдарада пайдо бўлгани ҳақидаги гап-сўзлар, Ўзбекистонда эса Хонобод шаҳрида содир бўлган портлашлар сабаб бўлган эди.

Айни пайтда айрим қирғизистонликлар ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус амалиётларидан сўнг мамлакат жанубидаги диндорларга нисбатан яна таъқиб кучайиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG