Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Ўзбекистон - Корея визасиз режими ҳозирча орзу


Ўзбекистон президентининг йиллардан бери Сеул раҳбарияти билан яхши муносабатлари ҳозирча ўзбекистонликлар учун яхшилик эшигини очмаëтир.
Ўзбекистон президентининг йиллардан бери Сеул раҳбарияти билан яхши муносабатлари ҳозирча ўзбекистонликлар учун яхшилик эшигини очмаëтир.

Озодликка бўлган айрим мурожаатлар ортидан¸ Жанубий Кореяга боришга иштиёқманд ўзбекистонликлар учун визасиз қатнов йўлга қўйилиши мумкинми, деган саволга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

Шу йил 11 май куни Жанубий Корея президенти Ли Мён Бак билан музокара ўтказган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов икки давлат ўртасида мавжуд 120 дан ортиқ келишув устига яна 35 га яқин ҳужжат имзоланганини маълум қилган эди.

Бу ҳужжатлар орасида ўзаро икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид келишувлар билан бирга икки давлат фуқароларининг визасиз қатнови хусусида келишув борлиги ҳақда ҳам икки оғиз хабар қилинган эди.

Кейинчалик Россия ахборот агентликлари визасиз қатнов фақатгина икки давлат дипломатларига тегишли экани ва бу қарорнинг Навоий шаҳрида Жанубий Корея ишбилармонларини жалб қилган йирик лойиҳа ишга туширилгани билан боғлиқ экани ҳақида хабар берган эди.

Жанубий Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилиб, бу келишувнинг кучга киргани ёхуд кирмагани ҳамда унга оид қўшимча тафсилотларни сўрадик.

Дастлабки ойдинлашган жиҳат шу бўлдики, бу келишув фақат Ўзбекистондаги этник корейсларгагина тегишли.

- Ўзбекистондаги этник корейслар учун 5 йиллик виза олиш имкони яратилди. Фуқароларнинг ўзаро визасиз қатнови, деган гап йўқ.

Май ойидан бошлаб этник корейслар 5 йиллик виза олиш имконига эга бўлди ва улар 5 йил давомида исталган пайтда ва миқдорда Кореяга бориб келишлари мумкин, деди Жанубий Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси вакили.

Демак, Ўзбекистонда юрган Кореяга боришга иштиёқмандларнинг умидбахш орзуси ҳозирча орзулигича қолмоқда ва Жанубий Кореяга ҳозирда мавжуд тартиб-қоида ҳамда имкониятлар доирасидагина бориш мумкин. Яъни, асосан, сайёҳлик, ўқиш ва ишлаш мақсади ва ҳоказо.

Аммо, бу давлатга боришга иштиёқмандлар сони йилдан-йилга ошмоқда, деди биз билан суҳбатда бўлган баъзи ўзбекистонликлар.

Чунки, мавжуд имкониятлар доирасида доирасида, айниқса, икки давлат ўртасида ишчи кадрлар алмашинуви дастури асосида Кореяга борган ўзбекистонликларнинг ортидан ҳавас қилаётганлар кўпчилик.

- Э¸ кела олмаëтганлар қанча. 100 та документ қилганлардан иккитаси кела олаяптида. Жуда ҳам кам келаяпти. Лекин ўқийман деб¸ документ қилганлар ҳам кўп, дейди Кореяда ишлаб юрган ўзбекистонлик Дилшод.

Ўқийман, дея виза тўғирлаб, Жанубий Кореяга борган ва у ерда яна “ҳужжат” қилаётганларнинг қанчадир қисми қонуний, яна қанчадир қисми ноқонуний юрган ўзбеклардир.

Шундай ноқонуний юрган яна бир ўзбек Абдулло ака Жанубий Кореяда ноқонуний яшаб ҳам пул топиш мумкин, дейди.

- Бир-икки-уч ойлик виза билан келади. Келгандан кейин шу билан ноқонуний бўлиб қолиб кетаверадида. Биз ҳам шунақада. Мана уч йилдан бери юрибмизку. Визаси тугагунча ишлаб юраверади¸ кейин эса қочиб-қочиб ишлаб юради.

Бизда полиция текширмайди. Иммиграционный хизмат текширади. Шундай олиб бориб¸ қамаб қўяди. Бирор ҳафта қамоқда қўйиб¸ ҳужжатларингизни тўғрилайди ва учириб юборади.

Кейин бу жўнатилганлар паспортдаги исм-фамилия¸ туғилган кун¸ ой йилларини ўзгартириб келади. Икки-уч марта депорт бўлиб қайтиб келганлар ҳам кўп¸ дейди Абдулло ака.

Шу тариқа, амал-тақал қилиб виза олиб, тирикчилик илинжида Жанубий Кореяга йўл олаётган ўзбеклар ҳам кўпаймоқда.

Айни пайтда бу давлатда юриб-юриб, молиявий бўҳрон боис иши юришмай ортга қайтганлар ҳам кўпаймоқда, деди Дилшод суҳбат давомида.

- Заводларни босиб текшириб туради. Кетаëтганлар ҳам кўп¸ келаëтганлар ҳам кўп. Ноқонуний ишлатадиган заводлар ҳам кўп. Шулар ҳам энди одамларни қонуний шартнома билан олаяпти.

Лекин ҳозир Ўзбекистондан кўп келмаяпти. Ҳозир Кореяда ҳам иш муаммо бўлиб қолдида. Заводлар синаяпти. Бу ерда ҳам ишсизлар кўпаяяпти¸ дейди Дилшод.

Жанубий Корея президенти Ўзбекистонга борганда икки давлат раҳбари фуқароларининг ўзаро борди-келдисини енгиллаштириш, хусусан, Ўзбекистондан бориб Кореяда ишлашни орзу қилаётган ўзбекларга енгиллик берилса яхши бўларди, дейди Дилшод.

- Яхши бўларди. Ўзбекистонга доллар кириб борса¸ Ўзбекистон ўсадида. Биз Ўзбекистонга доллар олиб борганимиздан кейин ўзимиздан ортганига чорвачилик қилгимиз келади¸ кичик бизнес қилгимиз келади¸ ишлаб чиқариш қилгимиз келади.

Ният шуда ҳозир. Бизнинг ният фақат егулик-ичкиликни босиб қўйиш эмас. Болаларимизни ўқитсак деймиз¸ кичик корхона қурсак деймиз¸ дейди Дилшод.
XS
SM
MD
LG