Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:25

Сузоқликлар элакдан ўтказилмоқда


Жалолободда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларига қарши ўтказилган амалиётда жангарилар ёнидан кўплаб қурол-аслаҳаларнинг топилиши қирғиз махсус хизматларининг бошқа мусулмонлардан ҳам гумонини ошираётган кўринади.
Жалолободда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларига қарши ўтказилган амалиётда жангарилар ёнидан кўплаб қурол-аслаҳаларнинг топилиши қирғиз махсус хизматларининг бошқа мусулмонлардан ҳам гумонини ошираётган кўринади.

Жалолободликлар вилоятда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларига қарши ўтказилган махсус амалиётдан сўнг ўз яқинлари махсус хизмат ходимлари томонидан тутиб кетилаётганидан норозилик билдирмоқдалар.

2009 йилнинг 22 июнидан 23 июн кунига ўтар кечаси миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарафидан Жалолобод шаҳри ташқарисида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларини қўлга олиш бўйича аксилтеррорчилик амалиёти ўтказилганидан сўнг бу ердаги одамлар тинчини йўқотди.

Воқеа содир бўлган Сузоқ туманида истиқомат қилувчи кишиларга кўра, вилоят миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари воқеадан сўнг туманда истиқомат қилувчи бир неча одамни воқеага алоқадорликда гумон қилиб қўлга олган.

Озодлик радиоси қирғиз шўъбасининг хабар қилишича, шу йилнинг 25 июн куни ўз яқинлари қўлга олинганидан норози сузоқликлар Жалолобод вилоят миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси олдида норозилик акцияси ўтказганлар:

- Бизнинг Чўкатепа қишлоғидан олти одамни олиб келиб, қамаб қўйишди. Улар менинг қўшниларим. Биз уларни қўйиб юборилишини талаб қилиб келдик, деди қўлга олинганлардан бирининг қўшниси Мақсуда Рашидова.

Норози аёллардан яна бири Карима Матқобилова Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари укаси ва ўғлини қўлга олганини, ҳибсга олиш чоғида унинг яқинлари Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан калтаклаганини айтади:

- Яқинларимни ОМОНлар уриб олиб кетишди. Уларни уришга нима хақлари бор? Ундан кўра, гувоҳларни олдида жимгина ушлаб кетаверса бўлмайдими? Яқинларимнинг соғлиғига ким жавоб беради? деди Карима Матқобилова.

Сузоқ туманида истиқомат қилувчи Салима Исломова ҳам ҳамқишлоқларининг қўлга олинишидан норози бўлиб вилоят миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси олдига келган. У миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ўз уйида қурилиш қилаётган ҳамқишлоқларини ушлаб кетганида уларнинг орасида қишлоғига мардикорлик қилиш учун келган ўзбекистонлик йигитлар ҳам бўлганини маълум қилди:

- Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари иш қилаётган усталарни ҳам калтаклади. Усталарни олиб кетишди, уларнинг орасида ўзбекистонлик йигитлар ҳам бор эди, деди Салима Исломова.

Расмийларга кўра, айни пайтда воқеа юзасидан тергов ишлари давом этмоқда. Жалолобод вилоят ҳокимияти матбуот котиби Ўрўзали Қарасартов вилоят миллий хавфсизлик қўмитаси биноси олдига йиғилган одамларнинг ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари ишига тўсқинлик қилишини қонунга хилоф иш, деб ҳисоблайди:

- Бу одамларнинг норози бўлиши тўғри эмас, улар тергов ишига аралашмасликлари керак. Кечаги воқеа терроризм хавфи катта эканини кўрсатди. Маълумки, жангарилар яширинган уйдан кўпгина қурол-аслаҳа топилди, демак, ҳукуматимиз терроризмга қарши курашни янада кучайтириши керак, деди Ўрўзали Қарасартўв.

Аввал айтиб ўтганимиздек, шу йилнинг 23 июнидан буён Жалолобод вилоятида террорчиликка қарши махсус амалиётлар ўтказиб келинмоқда. Бироқ бу борада вилоят ишлатар куч тизимлари маълумот беришдан бош тортиб келмоқдалар.

Айтиб ўтиш жоизки, Жалолободда содир бўлган воқеадан сўнг Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази воқеа юзасидан маълумот тарқатган.

Маълумотда айтилишича, Сузоқ туманида олиб борилган махсус амалиёт натижасида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг беш аъзоси йўқ қилинган. Амалиётдан сўнг улар беркинган уйдан, қурол-аслаҳа, портловчи моддалар ва ўқ-дорилар топилган.

“Халқаро террористик марказларда тайёргарлик кўрганлиги тахмин қилинаётган ушбу жангарилар Қирғизистон ҳудудига чет элдан келганлар”, дейилади Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази пресс-релизида.

Сўнгги йилларда Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари мамлакат жанубида жанргари гуруҳлар, турли диний оқимларга қарши бир неча маротаба махсус амалиётлар ўтказган. Аммо қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, бу амалиётлар кутилган самарани бермаяпти.

- Менимча, террорчиликка қарши курашнинг энг яхши йўли бу терроризм тўғрисида, унинг аянчли оқибатлари ҳақида аҳолига кўпроқ маълумот беришдир, дейди Ўшдаги Инсон ҳуқуқлари ва демократия маркази раҳбари Идрис Қубатбеков.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Жалолободда содир бўлган воқеадан кейинги ҳибсга олишлар кўлами кенгайиб кетишидан, пировардида террорчилик ва экстремизмга мутлақо алоқаси бўлмаган оддий мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилиниши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG