Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:37

Ўзган амалиëтларида талофатлар бор


Кейинги пайтларда Тоҳир Йўлдош салафларининг Тожикистон¸ Қирғизистон ва Афғонистон шимолий ҳудудларида фаоллашгани айтилмоқда.
Кейинги пайтларда Тоҳир Йўлдош салафларининг Тожикистон¸ Қирғизистон ва Афғонистон шимолий ҳудудларида фаоллашгани айтилмоқда.

Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорлиги даъво қилинаëтган жангариларга қарши амалиётлар доирасида 27 июндан 28 июнга ўтар кечаси Ўзган туманида уч кишидан иборат қуролли гуруҳ йўқ қилинди.

Ўзган туманида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзоси экани айтилаëтган 3 нафар қуролли шахсни қўлга олишда иштирок этган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш вилоят бўлими ходимининг айтишича, жангарилар қўлга олиш жараёнида қаттиқ қаршилик кўрсатганлар.

- Улар қўлга олиш жараёнида қаршилик кўрсатишди. Ҳар бир террорчининг ёнидан Макаров русумидаги тўппонча топилди. Уларнинг барчасида граната ҳам бўлган. Айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда, деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси расмийси.

Отишма айрим маълумотларга қараганда икки соат, бошқа маълумотларга кўра, беш соат давом этган. Отишма чоғида уч жангарининг барчаси йўқ қилинган.

Айни пайтда йўқ қилинган жангарилардан бирининг хотини ва мактаб битирувчиси бўлган фарзанди қўлга олинган.

Қўлга олинган аёл ўз исмини айтишни истамади. Бироқ Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири саволларига жавоб берар экан, улар Ўзбекистоннинг Хонабод туманидан келганларини маълум қилди:

- Бу ерга 20 июнда Жалолободдан келдик. Биз куёвим билан келганмиз. Унинг шериклари эса жума куни келишган.

Куёвим “биз бу ерга меҳмонга келдик” , деди, холос. Бошқа гап айтмади. Биз ўзимиз, доимо у уй, бу уйда ижарада яшаб юрамиз.

Биз бу ерга Хонабоддан келганмиз. Куёвим Россияга кетмоқчи эди, биз ҳам унинг ортидан келган эдик.

Уларнинг қуроллари борлигини ҳозиргина билдим. Бундан аввал Жалолободда ҳам яшадик. Жалолободда ҳам мен фарзандим билан бировнинг уйида квартирада яшадим.

Куёвим бир ҳафтада, ўн кунда бир келиб биздан хабар олиб турарди, - деди жисмонан йўқ қилинган жангарилардан бирининг рафиқаси.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзганда йўқ қилинган жангариларнинг икки нафари Ўзбекистон, бир нафари Қирғизистон фуқаросидир.

Ўз исмини айтишни истамаган ўзганлик воқеа гувоҳларидан бири жангариларнинг жасади 28 июн куни воқеа жойидан олиб кетилганини айтди:

- Учта ўликни бугун соат 11.00 да олиб кетишди. Олиб кетганда ҳам, ҳамма кўрсин деб борти пастқамгина “Портер” мошинасида олиб кетишди.

Ўликлар қопга солинган эди. Ўликлар қанақа ўлик, неча кунлик ўлик, умуман уни ичида ўлик борми, ҳеч ким билмайди,- деди воқеа гувоҳларидан бири.

Дастлабки расмий маълумотларга кўра, ўлдирилган уч киши Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидир. Уларнинг 23 июн куни Жалолобод вилояти Сузоқ туманида махсус хизматлар томонидан йўқ қилинган 5 кишидан иборат террорчи гуруҳга алоқадор бўлгани айтилмоқда.

Мазкур амалиёт Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг “Алфа” махсус бўлинмаси томонидан амалга оширилган. Отишма пайтида махсус хизмат бўлинмаси талафот кўрмаган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳозирча воқеа тафсилотлари ҳақида маълумот берилмаслигини билдирмоқда. Махсус хизматлар томонидан айни пайтда Ўзганда "тозалаш" ишлари олиб борилаётир.

Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан воқеа жойида кўп миқдорда қурол, жумладан, гранаталар, Макаров тўппончалари ва Калашников автоматлари мусодара қилингани айтилмоқда.

Расмийлар жангариларнинг ўқ отар қурол қўллаш орқали қаршилик кўрсатганини маълум қилганлар.

Бироқ ўзганлик воқеа гувоҳларидан бири, ўқни фақат ҳарбийлар отганини айтади:

- Соат етти яримларда Ўзганда ўқ овозлари эшитилди. Қўшқўрғон деган қишлоқда. Биз у ерга борганимизда бизни милиционерлар воқеа бўлган жойга ўтказишмади.

Биз бошқа йўл билан ёнаётган уйдан икки кўча нарига бордик. У ердаги милиция ходимларидан нима бўлаётганини сўрадик.

Улар: “Тўртта мужоҳид иккита боласи, бир аёл киши билан келган экан. Ўшалар қаршилик кўрсатаябти, биз отяпмиз”, деди. Биз у ерга воқеа бошланганидан 25 минут кейин борганмиз.

Биз борганда у уйдан ҳеч қандай ўқ чиққан овоз эшитилмади. Фақат бир томонлама, яъни милиция ходимлари отишди, холос.

Отишма 5-6 соат давом этди. Милиция ходимлари БТРда отишганини кўрдим. Пушка отилганидан сўнг ўша уй ёниб кетди, - деди воқеа гувоҳларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, бундан тўрт кун муқаддам, яъни шу йилнинг 22 июнидан 23 июн кунига ўтар кечаси ҳам Қирғизистон жанубидаги Жалолобод шаҳри ташқарисида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарафидан аксилтеррорчилик амалиёти ўтказилганди.

Мазкур амалиёт чоғида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари экани айтилаётган беш киши ўлдирилганди, шунингдек, махсус топшириқлар бажарувчи бўлинманинг бир зобити ҳалок бўлганди.
XS
SM
MD
LG