Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:44

Муҳожир: ҳам жиноят нишони¸ ҳам жиноятчи


Россия ҳуқуқ идоралари¸ ишсиз қолган муҳожирларнинг жиноятчи гуруҳлар сафига қўшилаëтганини қайд этмоқда.
Россия ҳуқуқ идоралари¸ ишсиз қолган муҳожирларнинг жиноятчи гуруҳлар сафига қўшилаëтганини қайд этмоқда.

Хориж фуқароларига нисбатан зўравонлик ҳолатларининг ошганини тан олган Россия расмийлари¸ айни пайтда жиноятга қўл ураëтган муҳожирлар¸ хусусан ўзбекистонликлар ҳам кўпайганини айтмоқда.

Россия Бош прокуратураси шу йилнинг 6 ойи ичида мамлакатда хориж фуқароларига нисбатан содир этилган жиноятларга оид расмий рақамларни эълон қилди.

Россия Бош прокуратурасининг Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикиннинг “Итоги” журналида чоп этган мақоласида келтирилишича, 2009 йилнинг 6 ойи давомида Россия ҳудудида 416 нафар хориж фуқароси ўлдирилган.

Россияда юрган чет эллик фуқароларга нисбатан ирқчилик асосида жиноят содир этиш ҳоллари 4000 маротаба, уларга ҳужум қилиб, оғир тан жароҳати етказиш ҳоллари эса 788 маротаба қайд этилган.

Хорижликларга нисбатан жиноятлар, асосан, Москва шаҳри, области ҳамда Санкт-Петербург шаҳарларида содир этилмоқда. Россия Бош прокуратураси расмийси бу жиноятларни миллатчилар ғоясига учаётган ёшлар кўпроқ содир этаётгани ҳамда шу билан мамлакатда нацизм урчиб кетаётганини таъкидлаган.

Александр Бастрикинга кўра, Россияда миллатчилик ва ирқчилик асосида содир этилаётган жиноятларнинг туб илдизи, охир-оқибатда, яна шу хориж фуқаролари, айниқса, яқин хориждан келган меҳнат муҳожирлари содир этаётган жиноят кўламининг ортаётгани билан боғлиқ.

“Жорий йилнинг биринчи чорагида иммиграцион қонунчиликни бузгани учун ярим миллиондан ортиқ одам жавобгарликка тортилган... Россия чегарасидан йилига 20 миллиондан ортиқ одам кириб келади... Муҳожирлар томонидан содир этилган жиноятлар кўрсаткичи 74 фоизга ошди. Ўтган йилнинг ўзида яқин хориждан келган муҳожирлар томонидан 54 мингта жиноят содир этилган”, дея ёзади Россия бош прокуратурасининг Тергов ишлари қўмитаси раиси Александр Бастрикин, “Итоги” журналида чоп этган “Миграция — очиқликдан сояга” номли мақоласида.

Россия Бош прокуратураси расмийси ўз мақоласининг бир неча жойида айнан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилган ваҳший жиноятларни мисол қилиб келтирган.

Александр Бастрикиннинг бу мақоласи эса Россиядаги ноқонуний миграция ҳамда муҳожирлар билан боғлиқ вазиятни кузатаётган нодавлат ташкилотлари вакилларининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Улардан бири — “Сова” ахборот-таҳлил маркази директори Александр Верховский¸ Россия Бош прокуратураси келтирган расмий рақамларнинг объектив вазиятга мослгигига шубҳа билдирди.

Александр Верховскийни суҳбатга тортдик.

Озодлик: Александр, Россия Бош прокуратураси расмийси ирқчилик асосида содир этилган жиноятлар ҳақида келтирган расмий рақамларга қай асосда эътироз билдираяпсиз?

Александр Верховский: “Сова” таҳлил маркази тўплаган маълумотларга кўра, мамлакатда айнан миллатчилик ва ирқчилик асосида содир этилган жиноятлар юзлаб, аммо, минглаб эмас. Эҳтимол, ростдан ҳам минглабдир. Бироқ, биламизки, бу жиноятларнинг асосий қисми суриштирилмайди, уларнинг асослари терговга маълум эмас. Шунинг учун ҳам бу жиноятлар расмий статистикада акс этиши мумкин эмас.

Ирқчилик асосида содир этилди, дея қўзғатилган жиноят ишларини бармоқ билан санаш мумкин. Балки жаноб Бастрикин мавжуд умумий рақам, яъни, хориж фуқароларига нисбатан ҳам миллатчилик ва ирқчилик, ҳам бошқа жиноий мотивлар билан содир этилган жиноятларни тилга олмоқчи бўлгандир. Лекин асл вазиятни ифодалайдиган рақам ҳеч кимда йўқ.

Озодлик: Бош прокуратура терговчисига кўра, Россиядаги хориж фуқароларига нисбатан содир этилган жиноятларнинг асл мотиви шу мамлакат ҳудудида хориж фуқаролари содир этаётган жиноятнинг ортишидир. Эҳтимол, бу даъвода асос бордир?

-Албатта, алоҳида ҳолатларда, дейлик қайсидир бир жойда Ўзбекистондан келган муҳожир томонидан жиноят содир этилган бўлса, маҳаллий аҳоли ундан ўч олган бўлиши мумкин. Бунақа конкрет ҳолатлар ҳам бор, аммо, минглаб эмас.

Миллатчилик асосидаги жиноятлар, одатан, аввалдан бошқа миллатда бўлган, ҳимоясиз қатламга ҳужум қилишни ният қилган жиноий гуруҳлар томонидан содир этилмоқда. Улар ўз сиёсий дастурини амалга оширмоқда.

Ҳимояга муҳтож меҳнат муҳожирларига қарши жиноятларнинг асосий қисми оддий жиноий мотивлар, ўғирлик, товламачилик, безорлик ва бошқа шахсий низолар асосида содир этилади. Бу эса ҳаммага маълум, дейди “Сова” ахборот-таҳлил маркази директори Александр Верховский.

Айрим манбаларга кўра, Россияда йилига 12 миллионга қадар жиноят содир этилади. Аммо бу жиноятлардан фақат 3 миллионга яқинига қайд этилади.

Россияга яқин хориж, жумладан Ўзбекистондан борган меҳнат муҳожирлари томонидан бир йилда содир этилган 54 мингта жиноят¸ бундай улкан жиноятчилик уммонида кичик томчидек кўринади.
XS
SM
MD
LG