Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:53

Шакар кимнинг маҳрига тушган?


Ўзбекистонликлар истеъмол қилаëтган йиллик шакар қиммати қарийб бир миллиард долларга етади.
Ўзбекистонликлар истеъмол қилаëтган йиллик шакар қиммати қарийб бир миллиард долларга етади.

Кейинги кунларда Ўзбекистонда шакар нархи кескин ошди. Расмийлар буни бозор қонунияти билан изоҳлашга уринаëтган бўлса¸ норасмий манбалар ўзбекистонликларнинг¸ айниқса мураббо мавсумида¸ фақат бир қўлдан шакар ейишга маҳкумликларини айтмоқдалар.

Ўзбекистоннинг юзлаб миллион долларлик шакар бозорини давлат қаторида яна саноқли одамларнинг назорат қилиши айтилади. Ўзбекистон криминал дунёсининг авторитети сифатида ном чиқарган Салим Абдувалиев асосий даромадининг¸ айнан шакар импортидан келиши даъво қилинади.

Шакарнинг “ҳақиқий маза”сини президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ва Ўзбекистон савдо секторини бошқариб келаётган Бош вазир ўринбосари Мираброр Усмоновларнинг тотаётгани ҳақида ҳам турли иддаолар ҳам бор.

Хусусан¸ интернетдаги айрим очиқ манбалардан бу соҳанинг Мираброр Усмонов назорати остида экани ҳақдаги маълумотларни топиш мумкин.

Шундай манбалардан бирида¸

“Валюта конвертациясига эксклюзив ҳуқуқни олган Мираброр Усмонов Ўзбекистоннинг энг даромадли савдо соҳасини ўз назоратига олган” деб ëзилса¸ яна бирида

“Ўзбекистоннинг энг йирик мультимиллионерлардан бири бўлган Мираброр Усмонов мамлакатга шакар, ўсимлик ёғи ва бошқа озиқ-овқат молларини ким импорт қилишини белгилаб беради. Усмонов саъй-ҳаракатлари билан мамлакат аҳолиси четдан олиб кирилган импорт озиқ-овқат маҳсулотларини қимматроққа сотиб олишга маҳкум этилган”¸ деган фикрга дуч келиш мумкин.

Ўзбекистон шакар бизнеси бир килограмм шакар нархи бир доллар бўлган тақдирда, 630 миллион АҚШ долларига етади. Зеро, расмий статистикага кўра, Ўзбекистоннинг шакарга бўлган йиллик эҳтиёжи 630 минг тоннани ташкил этади.

Яқин кунлар ичида Нукусда ишга туширилиши хабар қилинаётган “Нукус Хукамо” шакар ишлаб чиқарувчи мини-завод атиги 12 минг тонна шакар ишлаб чиқаришга ихтисослашади ва шу билан Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш муассаси сони иккитага етади.

1998 йилда ишга туширилган Хоразм шакар заводида кўпи билан 180 минг тонна шакар ишлаб чиқарилади. Ушбу заводнинг узоқ йиллар давомида ишлаб-ишламагани расман хом ашёнинг етишмаётгани билан изоҳланган эсада, бу ҳолат шакарни импорт қилишдан манфаатдор гуруҳларнинг қўли баланд келгани билан боғлиқ бўлгани ҳам айтилади.

Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шоисматов шакар нархининг кескин кўтарилиб кетаётгани учун бу маҳсулотга ўрнатилган монополияни айблайди.

- Шакар нархи ошиб кетаяпти ҳозир. Шакар асосан давлат монополиясидаги маҳсулотга киради. Минг афсуски¸ Ўзбекистонда шакарга якка ҳокимлик мажвуд.

Шакар Тошкентда 5 июл куни 1600-1700 сўмга чиқиб кетган эди. Асосий сабаб¸ Ўзбекистонда монопол баҳо белгиланади. Шакарга нархни асосан давлат белгилайди. Мамлакатга шакар келтириш ҳам давлатнинг қўлида. Шакар етиштириш ҳам¸ минг афсуски¸ шу одамларнинг қўлида. Шунинг учун шакарнинг нархи ошиб кетаяпти. Бу биринчи сабаб.

Иккинчи сабаб¸ шакар асосан чет элдан – Украинадан¸ Россиядан олиб келинади. Ҳозир АҚШ доллари Ўзбекистон сўмига нисбатан тахминан 30 фоизга ошди. Шунинг натижасида четдан олиб келинадиган нарсалар ҳам бунга мосланади ва шунинг натижасида шакар 30 фоизга ошди¸ дейди тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шоисматов.

Озиқ-овқат маҳсулотлари биржаларидан олинган энг сўнгги маълумотларга кўра, бадавлат Америка Қўшма Штатлари бир килограмм шакарни 40 центдан, Европа давлатлари эса 50 центдан импорт қилади. Ўзбекистонга олиб кирилган шакарнинг нархи ҳам бундан қимматроқ бўлмаслиги керак¸ дея бу фикрини ривожлантиради мустақил кузатувчи Комрон Алиев.

- Беш-олти йил олдин ҳукуматнинг “Майда-чуйда тадбиркорлар томонидан шакар олиб келиниши тўхтатилсин ва бу нарса “Ўзбексавдо”га топширилсин” деган фармони чиққан. Яъни шакар давлат назоратида олиб келинади. Чет элда 50-60 цент деганларини эшитганмиз. Агар Ўзбекистонда икки баробар қиммат сотилаëтган бўлса¸ демак¸ устига қўшимча 100 фоиз қўйилаëтганини билдиради¸ дейди мустақил кузатувчи Комрон Алиев.

8 июл куни Қирғизистон Монополияга қарши кураш давлат агентлиги шакар нархининг кескин кўтарилиб кетганини¸ мамлакатга шакар олиб кирувчи компаниялар фаолиятидаги камчиликлар билан изоҳлади ва шакар нархларини 30 қирғиз сўми ёки 75 АҚШ центидан оширмасликни шарт қилиб қўйди.

Шакар ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларига монополия ўрнатилганини ўзбек расмийлари инкор қилади ва шакар нархининг ортиб кетганини талабнинг ортиши билан изоҳлайди.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси матбуот вакили Олимжон Турдибоев бу борадаги саволларимизга шундай жавоб берди.

Озодлик: Мана ҳозир бозорда нарх-наво кўтарилиб кетаяпти. Хусусан¸ шакарнинг нархи ортиб кетаяпти. Оддий одамларнинг айтишича¸ бу бозор иқтисодиëти билан эмас¸ монополия билан боғлиқ. Яъни Ўзбекистонга шакар олиб келиниши устидан монополия ўрнатилган¸ дейилади. Шакарга Ўзбекистонда монополия борми?

Олимжон Турдибоев: Ўзбекистонда умуман ҳеч қайси маҳсулотга монополия йўқ. Бу нарсанинг монополия билан боғлиқ¸ деб айтилишининг ўзи нотўғри. Чунки нарх-наво ҳеч қачон ўз ўзидан кўтарилмайди. Шакарга нархни Молия вазирлиги белгилайди. Шакар 1250 сўм деб белгиланган. Биз шу нарх бўйича назорат қиламиз. Биздаги бор бўлган Хоразм шакарининг нархи 1250 сўм деб белгиланган.

Озодлик: Нарх бозорда аллақачон 1600 сўм бўлиб кетганку.

Олимжон Турдибоев: Билмадим¸ сиз қайси бозорга тушдингиз.

Озодлик: Исталган бозорга борсангиз ҳам 1250 сўмга шакар йўқку.

Олимжон Турдибоев: Билмадим. Мен ўзим якшанба куни 1300 сўмдан олдим. Шакар 1250 сўм деб белгилангани билан биржада сотилаëтган нархи талаб ва таклифга кўра келиб чиқади. Бизлар белгилаган нархдан ташқари биржада сотиладиган нархи бор.

Озодлик: Ўзбекистон ҳудудига бошқа тадбиркорлар шакар олиб кирмоқчи бўлсачи?

Олимжон Турдибоев: Украинадан¸ Белорусиядан¸ Қозоғистондан шакар олиб кирилаяпти. Ўзимизда ишлаб чиқариладиган Хоразм шакари бор. Бозорларда Украина¸ Белорусия шакарлари ҳам борку барибир.

Озодлик: Уларни Ўзбекистонга ким олиб кираяпти? Кимда шакарни мамлакат ҳудудида олиб кириш ҳуқуқи бор?

- Мен бу ҳақда маълумот бера олмайман¸ деди Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси матбуот вакили Олимжон Турдибоев.

Шундай қилиб, Ўзбекистонга шакар олиб кириш учун эксклюзив ҳуқуқ кимга берилгани ҳақидаги саволимиз яна очиқ қолди.

Ўзбекистонда шакар нархининг кўтарилиши сабаблари ҳақида бевосита бу маҳсулот импортёрларидан сўраш имкони ҳам йўқ. Ҳар қалай билганимиз шу бўлдики, шакар нархининг кўтарилиши учун фақат жаҳон иқтисодий бўҳрони ёки ёзги мураббо пишириш мавсумини айблаш етарли эмасдек...
XS
SM
MD
LG