Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:49

Сукут - аломати ризоми?


Жума куни Шинжондаги масжидлар минорасини ҳам Хитой ҳарбийлари босиб олди.
Жума куни Шинжондаги масжидлар минорасини ҳам Хитой ҳарбийлари босиб олди.

Хитой хавфсизлик кучлари остида эзилиб¸ ҳатто масжидда намоз ўқиш ҳаққидан ҳам маҳрум этилган Шинжондаги уйғурлар тақдири борасида нафақат Ғарб¸ балки мусулмон давлатлари ҳам сукут сақламоқда. Нега?

Дунё нигоҳи қадалган Хитойнинг Шинжон минтақаси уйғурлари етакчиси Робия Қодир дунё мусулмонларини уйғур фожеасига етарли даражада эътибор қилмаётгани учун танқид қилди.

Дунё уйғурлари конгресси ҳисоб-китобига кўра, қарийб 400 одамни ҳаётдан олиб кетган фожеалар мазкур заминда яшаб турган уйғурлар йўқотишининг яна бир йирик улушидир.

Уйғур етакчилари бу миллат шунча азоб-уқубатни йиллар давомида эътиқоди ва миллий анаъаналари учун тортаётганини айтар экан, уларга қондош ва диндош бўлган бошқа миллатларнинг ёрдам қўлини чўзмаётганидан хафа бўлмоқда.

Нега дунё мусулмонлари уйғур биродарлари фожеасига етарли даражада эътибор қилмаяпти?

Робия Қодир фикрича, мусулмон давлатлари мусулмон уйғурлар ҳаққи ва улар учун адолат талаб қилиш ўрнига, аксинча, уйғурларга қарши қатағонда Хитой ҳукуматига ёрдам бермоқда.

“Покистон, Афғонистон, Саудия Арабистони, Миср, Сурия ва бошқа катта мусулмон давлатлари, шунингдек, Ўрта Осиёнинг Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар — буларнинг ҳаммаси тинч норозилик намойишига чиққани учун Хитой ҳукумати қатағонига учраб, қочиб борган уйғурларни Хитой ҳукуматига топширди”, деди Вашингтондаги чиқишида Робия Қодир.

Робия Қодирга кўра, аксар мусулмон давлатлари ҳукуматлари Хитой коммунистлари ташвиқотига учиб, уйғурларни ўз динини маҳкам тутмаган, ғарблашиб динини унутган майда миллат, деб тушунади.

Аслида эса бундай эмас, дейди Озодлик суҳбатлашган уйғур етакчилари.

Улардан бири “Шарқий Туркистон” ахборот маркази раҳбари Абдужалил Қорақош асрлар мобайнида ўз мустақиллигини талаб қилиб келган бу миллатни миллат қилиб турган асосий нарса – унинг динидир, дейди.

- Биз уйғурлар Ислом динига эътиқод қилганлигимиз учун¸ шунга амал қилганлигимиз учун биз ўзимизни йўқотиб қўймасдан сақлаб турдик. Мана шуни Хитой ҳукумати билди. Йиллардан бери Хитой ҳукумати қилиб келаëтган ассимиляция сиëсати ишламади. Энг охири булар “Биз уйғурларнинг тилини¸ динини йўқотмасдан туриб¸ буларни йўқ қила олмас эканмиз” деган қарорга келди. Мао Цзедун қила олмаган ишни охирги 10 йилда қилди¸ дейди Абдужалил Қорақош.

Абдужалил Қорақошнинг сўзларига кўра, Шинжондаги уйғурлар сўнгги 10 йил давомида Ислом динига очиқ эътиқод қилиш, диний аҳкомлар асосида яшаш ҳаққидан бир-бир маҳрум қилиб келинмоқда.

Бу фикрига асос қилиб Абдужалил Қорақош сўнгги 10 йил давомида уйғурларга нисбатан эътиқоди учун ўтказилган тазйиқларни санайди.

Биринчидан, Шинжон аҳолисининг асосий қисми бўлган мусулмон уйғурлар эркин эътиқод қилиш ҳаққидан деярли тўлиқ маҳрум этилган.

- Шарқий Туркистонда ибодат манъ қилинган. Ҳар бир масжиднинг эшигига беш нарсанинг манъ қилинганлиги ëзилган қоғозлар осилган. Яъни аëлларга¸ 18 ëшга тўлмаганларга¸ ҳукумат жойларида ишлайдиган ва ҳатто ҳукуматдан бир тийин ойлик олган одамга¸ партия аъзосига масжидга кириш мумкин эмас.

Ҳозир ҳар бир масжидга махфий одам қўйган. Ўзини мусулмон кўрсатиб¸ Хитой ҳукуматига сотиб беради. Мустақилликни бир тарафга қўйиб турайлик. Уйғурларни ўзларининг дини¸ миллий маданиятини ҳимоя қиладиган ҳақ-ҳуқуқидан айириб қўйди, дейди “Шарқий Туркистон” ахборот маркази раҳбари Абдужалил Қорақош.

Бундан ташқари, ҳатто, уйда ҳам ибодатга имкон йўқ. Рўза тутган ҳам тазйиққа олинади¸ деб давом этади бу суҳбатдош.

- Ҳозир улуғ ой¸ улуғ кунлар кирди. Рўза тута олмайди бизнинг халқимиз. Мактабларда¸ университетларда болаларимизга мажбурлаб едиришади. Уйларда эрталаб тонг саҳарда чироқ ëнса¸ “Бу уйдагилар рўза тутаяпти” деб босим қилаяпти. Аҳвол сиз ўйлагандай¸ дунë ўйлагандай эмас¸ дейди Абдужалил Қорақош.

Айни пайтда Шинжонда улғаяётган уйғур болаларни динидан, миллатидан айириш сиёсати ҳам бормоқда.

- Мактабнинг бошланғич синфига борган болаларга қизил байроқнинг олдида “Биз динга ишонмаймиз. У қилмаймиз¸ бу қилмаймиз” деб қасам ичтирилади. Мактабда кичик болалардан “Уйингда динингни ўқияпсанми? У қилаяпсанми¸ бу қилаяпсанми” деб чиройли қилиб сўраб билиб олгандан кейин ота-оналарга қаттиқ чоралар кўришмоқда, дейди қароргоҳи Германияда жойлашган “Шарқий Туркистон” ахборот маркази раҳбари Абдужалил Қорақош.

Шу каби ҳақсизликлар, миллат ва динни хўрлаш уйғурларни бугун кўчага олиб чиққан асосий сабаблардир биридир, дейди бугун Шинжонда бўлаётган воқеаларни Тошкентдан туриб кузатаётган уйғур диаспораси етакчиларидан бири Шомил ота.

У айниқса, ёш авлодга ўтказилаётган мафкуравий тазйиқни ўз эътиқодига ҳақорат, деб ҳисоблайди.

- Урумчидан передача кўраман. Коммунистлар ëшларнинг бўйнига қизил боғлаб¸ “Масжидга бормаймиз. Диний гапларни эшитмаймиз. Диний одамларнинг гапига кирмаймиз” деб қасам ичтириб¸ пионерга олди. Ана¸ тарбия шундай. Буни билишади. Ким “Биз Ислом динидаги одаммиз. Бундай қилма. Бизнинг динимизни хор қилма” деб айта олади. Ҳеч ким айта олмайди¸ дейди Шомил ота.

Бу каби воқеаларга Хитойдек қудратли давлатнинг мустамлакасида ожиз ва ҳимоясиз қолаётган уйғурлар фақат тинч норозилик намойиш орқалигина қонуний эътироз билдириши мумкин эди ва бугунги ёшлар буни тушуниб етган, дейди Шомил ота.

У телеэкранда кўрган намойишчиларнинг асосий қисми ёшлар эканини фикрига далил қилиб келтиради.

- Телевизорда кўрсангиз¸ ҳаммаси ëш болалар. 14-15-20 ëш болалар. Катта одамлар йўқ. Булар ҳаммаси диний иш қилди. Қисқаси¸ ўч олди. Ўч олиш тўғри эмас. Мен уларни ҳақ демайман. Лекин бошқа чора йўқ. Ҳар бир уйғурнинг юраги қайнайди. Улар Қирғизистон¸ Қозоғистон¸ Ўзбекистон мустақил бўлганини кўриб турибди. Бизнинг ҳам Ўзбекистон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистонга ўхшаб ҳур яшагимиз келади. Ўз маданиятимизни¸ тилимизни тараққий қилдиргимиз келади. Бунга имконият йўқ, дейди Тошкентдаги уйғур диаспораси етакчиси Шомил ота.

Мусулмон уйғурлар шу каби ҳақсизликларга учраётган бир паллада¸ уларга қондош ва диндош бўлган давлатлар, суҳбатдошларимиз фикрига кўра, ўз сиёсий манфаатлари туфайли сукут сақламоқда.

Абдужалил Қорақош аслида ҳақсизлик ҳукм сураётган Ислом дунёсидан ёрдам кутиш фойдасиз, деган хулосага келганини айтади.

- Ислом дунëсида на мусулмонлик бор¸ на инсон ҳақлари бор. Ҳеч нарса йўқ. Булар Хитойга қарши¸ Америкага қарши бирлаша олмаяпти. Шунинг учун ҳам 20-30 миллион уйғурга эътибор бермаяпти. Христиан бўлган мамлакатлар¸ Хитойга ҳеч бўлмаса “Нима иш қилаяпсан? Нимага бу халқнинг ҳуқуқини топтаяпсан?” деган мазмунда ҳисоботлар чиқараяпти. Ислом дунëси шу ишни ҳам қилмаяпти.

Мусулмон бўлса¸ бу воқеаларга сукут сақлагани учун бунинг ҳисобини қиëмат куни беради. Менинг назаримда¸ ҳозир Ислом дунëси деган гап йўқ. Бизнинг Оллоҳдан бошқа ëрдамчимиз йўқ. Ўрта Осиëдаги туркий қардошларимиздан ëрдам орзу қилган эдик¸ аммо бу бўлмаяпти. Бунинг акси бўлди, дейди Абдужалил Қорақош.

Тошкентдаги уйғур диаспораси етакчиси Шомил ота ҳам Абдужалил Қорақошнинг фикрини қувватлайди.

- Майли араблар гапирмайди¸ майли Европа гапирмайди. Бизга қариндош миллат Туркия. Биз Туркия билан бир отанинг¸ бир онанинг фарзандларимиз. Ўзбек ва уйғур бир миллат. Ота-бобомиз бир бўлган. Қозоқ¸ қирғиз – биз ҳаммамиз бир турк авлодимиз. Булар бизга ҳеч қандай мадад бераëтгани йўқ. Ҳатто Қозоғистон ва Қирғизистонга қочиб кетган қочоқларни Хитойга туриб бериб ўлдиртирди. Робия Қодир жуда тўғри айтаяпти, дейди Шомил ота.

Хуллас, уйғур етакчилари Ислом дунёси, хусусан, уйғурларга ҳам қондош ва ҳам диндош бўлган Марказий Осиё республикалари ҳукуматларининг Шинжондаги фожеаларга нисбатан етарли даражада эътибор қилмаётгани, Хитой ҳукуматига нисбатан ўз муносабатини билдирмаётганидан қаттиқ ҳафа.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев уйғур биродарлар ўз қайғуси билан ёлғиз қолганига куюнаётган ўзбекистонлик кузатувчилардан бири.

Этник жиҳатдан уйғурларга энг яқин бўлган ўзбеклар юрти Ўзбекистонда расмий матбуот бу фожеа ҳақида мутлақ сукутда, аммо, одамларнинг хабари бор, дейди Ҳамроев.

- Бу ҳақда фақат “Халқ сўзи” газетаси қисқагина хабар берди¸ холос. Қолган ҳамма оммавий ахборот воситалари жим. Улар Ўзбекистон ҳукуматидан бесўроқ бу ҳақда хабар бера олмайди. Бу аниқ нарса. Жуда кўпчилик одамлар Озодлик¸ Би-Би-Си радиоларидан эшитаяпти ҳаммасини. Энг асосий маълумотни ўшандан олаяпти. Уйғур тилидаги эшиттиришлар ҳам тўлиқ тушунарлию¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Ўзбекистон ҳукуматининг сукут сақлагани эса ўзбек халқининг бефарқлиги эмас табиий, дер экан Бахтиёр Ҳамроев, уйғур халқи каби аслида ўзбек халқида ҳам ўз фикрини очиқ айтиш ҳаққи йўқ, деб урғулайди.

- Бир неча кундан бери шаҳар бўйлаб одамлардан уйғур хунрезлигига бўлаëтган муносабатни сўраяпман. Деярли ҳамма билади¸ ҳамма эшитди. Ҳаммасининг қалбида нафрати ўта кучли. Диктаторлик усули билан бошқарилаëтган давлатдан нимани ҳам кутасиз? Мусулмон давлатларининг кўпчилигида диктаторлик режими ўрнатилганку. Мусулмон давлатларини бошқараëтган давлат раҳбарларининг муносабати йўқ. Халқнинг ичида нафрати жуда кучли, дея мусулмон давлатларининг уйғур фожеасига жимлигини ҳам изоҳлаб ўтди Бахтиёр Ҳамроев.

Шинжон уйғур мухтор минтақасида 5 июл куни бошланган уйғурлар намойишлари ва кейинги тўқнашувлар чоғида Хитой ҳукумати берган маълумотга кўра, 156 одам ўлган. Уйғурларнинг хориждаги ташкилотлари, ҳуқуқ фаоллари ҳисоб-китобларига кўра, 300 дан ортиқ, баъзи манбаларга кўра эса 400 га яқин одам ўлдирилган¸ 1500 дан 5000 га қадар одам ҳибсга олинган.

Аммо, бу уйғур халқининг ўз миллий мустақиллиги йўлида йўқотганларининг кичик бир улуши, холос. Бу миллат Хитой мустамлакасига қарши 1760 йил – буюк Чин империяси илк бор Шинжон, “янги ҳудуд”, “янги сарҳад” номи остида мухтор ўлкасини ташкил қилганидан буён курашиб келмоқда.

Тарихий манбаларда 18 асрдан 20 асрга қадар уйғурларнинг катта-кичик 400 та исёни бўлиб ўтгани қайд этилган. Минглаб уйғурлар қирғинбарот қилинган. Шунга қарамай исёнлар 1955 йил — расмий равишда Шинжон уйғур мухтор ўлкаси ташкил этилгунга қадар давом этиб келди.

Бундан кейинги уринишлар эса ўта аёвсиз, қонли тарзда бостирилган. Ҳозир бу мухтор минтақада Хитой ҳукумати берган расмий маълумота кўра, 20 миллионга яқин аҳоли бор ва уларнинг 9 миллионга яқини уйғурлардир. Аммо, уйғурларнинг ўзлари минтақадаги уйғурлар сони 14 миллионга яқин, деб таъкидлайдилар. Бундан ташқари, дунё давлатларида ҳам 1 миллионга яқин уйғур яшайди.

Уйғурлар Шинжон уйғур минтақасида суверен уйғур давлати — Шарқий Туркистон барпо этилишини талаб қилмоқда. Тарихда бўлган ғалаёнлар давомида аксар уйғур етакчилари бу минтақада мустақил Ислом давлати қуриш учун курашган.

Уйғур биродарларимизнинг асрлар давомида чеккан зулми, албатта, ўзини мусулмон санаган ҳар бир инсоннинг қалбига ботади, дея фикр билдирган исломшунос олим Ҳабибулла Ҳакимов, Ислом дунёсининг бугун ўз биродарини бу каби хунрезликдан қутқарадиган аҳволда эмаслиги бор гап, дея афсус билдирди.

Ҳабибулло Ҳакимов: Албатта¸ беэътибор бўлди¸ деб айта олмаймиз. Мен мусулмонман деган ҳар бир одамнинг қалби бу нарсадан ларзага келади. Чунки мусулмонлар ҳар қанча ўз эътиқодларида¸ мафкураларида бузилишлик бўлиб¸ иттифоқлик камайган билан барибир ҳамдинлиги¸ бир қиблада турганлиги¸ мусулмонлиги учун қалби ачишади.

Лекин Уйғуристонда бўлган бу фожеаларга қолган Ислом юртларининг жиддий муносабат билдирмаганининг асл сабаби¸ мусулмонлар ўртасидаги мафкурадаги камчиликлар туфайли бир бирига беэътиборлик¸ бир бирига ачинмаслик¸ бир бирига муҳаббатининг озлиги¸ жипсликнинг йўқлигида. Ҳатто мамлакатлар орасидаги муносабатлардаги камчилик гапирилаяпти.

Ваҳоланки¸ ҳозирги ҳукмда Ислом мафкураси бир шаҳарда одамларнинг бошини бирлаштира олмаяпти. Шунга кўра¸ исломий жамиятларнинг Уйғуристондаги ҳолатга ортиқча куйинмаëтгани¸ норозиликларини Хитой давлатига баëн қилмаëтганининг ҳам сабаби шу. Ичкарисида¸ ўз шаҳрида¸ ўз мамлакатида боши бирлаша олмаëтган мусулмонлар давлат билан бирлашиб¸ катта бир ҳаракат қилиши сал кутилиши қийинроқ иш.

Озодлик: Мусулмонлар нимага бирлаша олмаяпти?

Ҳабибулло Ҳакимов: Асл сабаби¸ мусулмонлар ижтимоий жамият тўғрисидаги фикрлардан¸ Пайғамбаримизнинг (с.а.в) йўлидан узоқлашиб кетган. Содда¸ лўнда¸ конкрет фарзу рукнлардан иборат¸ чақириқлардан иборат асосий мақсадлар қолиб¸ майда масалабозлик ва шу туфайли бир бири билан душман бўлиш позициясини дин деб тарғиб қилиш. Динда катта бир тозалаш ўтказилиши керак. Кейин қўшилган¸ ортиқча¸ асрлардан бери ўзининг зарарини мусулмонларни парчалашдаги ишида турган кўп қўшимчаларни йўқотиш керак. Шунда Ислом дини ўзининг бирлаштирувчи функциясини қайта қўлга олади.

Озодлик: Бунинг имкони борми?

Ҳабибулло Ҳакимов: Имкони бор¸ деб ҳозирча умид қилиб турибмиз. Шу тўғрида анча-мунча ҳаракатларимиз бор¸ ҳамфикрларимиз бор¸ буни тушунаëтган одамлар бор¸ алҳамдулиллаҳ. Консерватив кетишдаги ҳолатда ҳеч қачон яхшилика олиб бормайди. Албатта қийин¸ осон эмас. Чунки баъзи фикрларимиз учун бизга шу ерда ëмон баҳо берилган ҳолатлар бўлаяпти. Олқишлаб “Жуда яхши фикр. Жуда ҳақ фикр. Ҳақиқатда¸ шундан бошқа йўл билан ўнгланиш қийин ўзи” деб тасдиқлаганлар ҳам бор.


***********************************************************

Азиз муштарий! Хитой ҳукуматининг Шинжонда мусулмон уйғурларга кўрсатаëтган зулм-зўравонлиги ҳақда нега мусулмон дунëси¸ Ислом давлатлари лом-мим демаяпти? Ҳатто¸ имкон туғилиши билан Ислом душманларига ташланишни ўзига касб қилиб олган Эрон Ислом жумҳурияти президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳам ҳозирча оғзига толқон солганича¸ жим. Сиз бу жимликни қандай изоҳлайсиз? Марҳамат қилиб¸ мулоҳазаларингизни бизга йўлланг¸ баҳсга қўшилинг!
XS
SM
MD
LG