Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:23

Урумчи воқеалари Қирғизистонга таъсир кўрсатадими?


Қирғизистонлик айрим тахлилчилар Урумчи воқеалари диний-экстремистик ҳаракатлар томонидан содир этилган, деган фикрни айтмоқдалар.
Қирғизистонлик айрим тахлилчилар Урумчи воқеалари диний-экстремистик ҳаракатлар томонидан содир этилган, деган фикрни айтмоқдалар.

Бишкеклик айрим сиёсатшунослар Урумчидаги қонли воқеалардан сўнг Қирғизистонга Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасидан диссидентларнинг келиши кучаяди ва бу хитой-қирғиз алоқаларига салбий таъсир кўрсатади, деган фикрда.

Қирғизистондаги уйғурлар бирлашмалари раҳбарларига кўра, 1950 йиллари собиқ Совет Иттифоқи таркибига кирувчи мамлакатларга Хитойдан бир миллионга яқин уйғур кўчиб келган. Жумладан, 500 минг киши Фарғона водийсида ўтроқлашган.

Мутахассисларга кўра, айни пайтда Хитойда сиқувга олинаётган уйғурлар яна бир “катта кўчиш” қилишлари мумкин.

“Шу жиҳатдан Урумчи воқеалари Қирғизистонга ижтимоий-сиёсий жиҳатдан катта таъсир кўрсатиши мумкин”, деб ҳисоблайдилар айрим таҳлилчилар.

- Қирғизистонда 60 мингга яқин уйғур яшайди. Уларнинг қариндошлари мамлакатимизга қочиб келиб, бу ерда ўтроқлашиб қолиши ҳам мумкин.

Иккинчидан, қочқин уйғурларнинг Қирғизистон орқали бошқа мамлакатларга ўтиб кетиш жуда осон,- деди Қириғизистон собиқ мудофа вазири Исмоил Исаков.

Айрим мутахассислар эса Урумчи воқеалари Қирғизистон хавфсизлигига тахдид солиши мумкин.

Бунга қирғизистонлик айрим кузатувчиларнинг “Урумчидаги тартибсизликларни исломий гуруҳлар уюштирган”, деган тахминлари сабаб бўлмоқда.

- Энг аввало воқеани ўрганиш керак. Биринчидан, ғалаённинг бошида кимлар турганини билиш лозим: Покистон ёки Афғонистондан келган диний оқимларми, уйғур исломийларими ёки Ғарбдаги либерал нодавлат ташкилотларини бошқарувчи Шинжон диссидентларими? - деди қирғизистонлик сиёсатшунос Самат Бекибаев.

Унга кўра, уйғурларнинг сўнгги қўзғолони ортида уйғур диссидентларини қўллаган Ғарб либерал кучлари эмас, диний ташкилотлар турган бўлса, Қирғизистон ўз хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўришга мажбур бўлади.

Бироқ диншунос Қодир Маликов Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасидаги воқеа диний характерга эга эмаслигини айтади:

- Бу диний характерга эга бўлмаган ғалаёндир. Шу сабабли бу воқеани диний экстремистик ҳаракатлар билан умуман боғлаб бўлмайди, - деди Қодир Маликов.

Қирғизистон ҳукумати ҳозирча Урумчи воқеаларига расман муносабат билдиргани йўқ.

Айни пайтда, қирғизистонлик уйғурлар ҳам мамлакатда шу йилнинг 23 июль кунига белгиланган президентлик сайловлари арафасида Хитой ҳукуматига норозилик ўлароқ турли митингларни ўтказмасликка қарор қилганлар:

- Қизиққон ёшлар, аёллар, қариялар пикетга чиқмоқчи бўлишди.

Хитойликлар сайлов олдида уйғурларни ёмон кўрсатиш учун бир нарса қилмасин, деб пикет ўтказишни таъқиқлаб қўйдик.

Ҳар бир қишлоқдан обрўли оқсоқолларни чақириб, сайлов ўтгунгача тегишли органлар рухсатисиз ҳеч қандай пикет ўтказиш мумкин эмас, деб эслатма бердик, - деди уйғурларнинг Бишкекдаги “Иттипақ” уюшмаси раҳбари Дилмурод Акбаров.

Бундан аввал уйғурларнинг Бишкекдаги “Иттипақ” уюшмаси ўзининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказган. Йиғилишда Урумчида уйғурлар намойишининг қонли бостирилишига норозилик сифатида Хитойнинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида пикет ўтказишга қарор қилинганди.

7 июл куни эса Бишкекдаги Хитой элчихонаси Урумчида бўлиб ўтган воқеаларни Жаҳон уйғурлари конгресси раиси Робия Қодир раҳбарлигидаги айирмачилар амалга оширгани тўғрисида баёнот тарқатди.

Бу баёнотда айтилишича, Урумчи воқеаларида 156 киши ҳалок бўлган, 1080 киши оғир жароҳатланган. Тартибсизликлар давомида 261 автомашина ёқиб юборилган, 203 савдо шаҳобчаси ва 14 хонадон вайрон этилган.
XS
SM
MD
LG