Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Омбудсманни судда кўрган борми?


Кузатувчилар¸ Ўзбекистондаги Омбудсман идорасининг шикоятларни қайд этишдан бошқа нима иш қилишини билолмай ҳайрон.
Кузатувчилар¸ Ўзбекистондаги Омбудсман идорасининг шикоятларни қайд этишдан бошқа нима иш қилишини билолмай ҳайрон.

“Ўзбекистон Омбудсмани 6 ой давомида жиноий ишлар бўйича бирорта ҳам хулоса чиқармади”. Бу ҳақда хабар берган “СА-News” нашри Омбудсман Сайёра Рашидованинг Олий Мажлисга тақдим қилган сўнгги ҳисоботига таянмоқда.

Ўзбекистон Омбудсмани Сайёра Рашидованинг 2008 йилги фаолиятига доир ҳисоботида жиноий ишлар бўйича чиқарилган хулосалар ҳақида ҳеч гап йўқлигини ташкилот вакили жуда қисқа ва лўнда жавоб билан изоҳлади.

“2008 йил давомида Омбудсман идорасига жиноий ишлар бўйича бирорта ҳам ариза келиб тушмади. Аммо Сайёра Рашидова ва ташкилотимиз вакиллари суд мажлисларида кузатувчи сифатида иштирок этган”, дея эътироз билдирди Ўзбекистон Омбудсмани идораси вакили.

Эътироз билдирар экан, бу ходим, Омбудсман ёки унинг идораси вакиллари қанча суд мажлисида иштирок этгани, иштирок этган бўлса, Омбудсманнинг суд жараёни кузатувларидан хулосаси қандай бўлгани ва умуман, жараёнга аралашуви механизмлари ҳақидаги саволларимизга “Хат билан мурожаат қилинг”, дея жавоб қайтарди.

Омбудсман идорасининг бу саволни четлаб ўтгани бежиз эмас, дейди ўзбекистонлик кузатувчилар. Боиси, Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари судда фақатгина кузатувчи тариқасида иштирок этиши ва суд ишларига аралаша олмаслигини рўкач қилади.

Омбудсман идорасига мурожаат қиладиганлар эса, асосан, суд ҳукмидан норози бўлган фуқаролардир, дейди ўзи ҳам бир неча бор бу ташкилотга мурожаат қилиб жавоб ололмаган сирдраёлик ҳуқуқ фаоли Карим Бозорбоев.

У фақат бир бор Омбудсман минтақавий вакили ёрдамчисини суд биноси ёнида кўрганини эслади.

- Оқ олтин туманида бир гуруҳ фермерлар Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Абдуғаниевич бошчилигида барча юқори давлат идораларига интернет орқали мурожаат қилишган экан. Ўша фуқароларнинг вакили сифатида вилоят прокуратураси эшигининг тагида бу масаласини билиш учун турганимизда¸ Омбудсман минтақавий вакилининг бир ходими прокуратурага мурожаатларни кўтариб олиб келиб тақдим қилганини кўрдим. Ўшанда бир мартагина ўшаларнинг қилган ишини кўрганим¸ дейди Карим Бозорбоев.

Аммо, ходимнинг бу югур-югури арзчиларнинг мушкулини осон қилмади, деб қўшиб қўяди Карим Бозорбоев. Ҳуқуқий жиҳатдан ўзини иҳоталаб олган Омбудсман Сайёра Рашидова ва унинг минтақавий вакилларининг ҳам ҳозир қиладиган асосий иши:

- Булар фақат жойида ўтириб¸ мурожаат қилиб чиққан ташкилотингизга энг оғир қилган ишлари бир варақ қоғоз жўнатиш билан овора бўлишади. Жиноий ишни қўя туринг¸ ҳатто фуқаролик ишларида¸ хўжалик ишларида мурожаат қилиб чиққан фуқаролар билан бирга чиқарилган ҳукмларга¸ суднинг қарорларига нисбатан норозилик билдирган ҳолатларини ҳеч ким кўргани йўқ, дейди Карим Бозорбоев.

Айни пайтда Ўзбекистон Омбудсмани идорасига етолмаган фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва уларни яна қайтариб, прокуратура ёхуд судга жўнатишга минтақавий вакилларнинг қўли ҳам тегмайди.

Масалан, Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги вакили коллеж раҳбари.

- Рустам Турдиевнинг асоий иши коллеж раҳбари. Шу билан бирга у қўшимча иш олиб боради. Ўзининг асосий биринчи иши турганда¸ фуқароларнинг манфаатлари буларни қизиқтирмаса керак, дейди Каримов Бозорбоев.

Омбудсманнинг Хоразмдаги вакили Касаба уюшмаси кенгаши раиси.

- Касаба уюшмасига юклаб қўйишган. Улар фақат “Прокурорга боришинг мумкин¸ судга боришинг мумкин¸ тергов органларига боришинг мумкин” деган кўрсатмаларни беради. Лекин ўзлари бирор иш қилганлигини билмайман, дейди хоразмлик Ҳайитбой Ёқубов.

Омбудсманнинг Фарғонадаги вакили Политехника институти ректори.

Омбудсманнинг минтақавий ва республика бўйича идорасига қилинган кўплаб мурожаатлари жавобсиз қолган фарғоналик Аҳмаджон Мадумаров бу идоранинг минтақавий вакилларини эгаллаган ўрнига номуносиб, деб ҳисоблар экан буни бошқа бир ҳолга қиёслади.

- Диний эътиқод эркинлигида қамалган шахсларнинг кўпчилигига айблов қўйилганда¸ политехника институтининг фалсафа кафедрасининг ëки илмий коммунизм¸ Худосизлик сабоғини ўтган кафедралари диний йўриқда ëзилган варақаларга террористик руҳда деб хулоса беришган ва суд маҳкамасида кўрсатилиб¸ шу асос қилиб олинган.

Олдин илмий коммунизм кафедрасининг мудирлари бўларди. Бу ҳақиқий худосизлар кафедраси дегани бўлади. Бу ҳам шунга ўхшашда. Политехника институтининг ректори Омбудсманнинг вакили, дейди фарғоналик Аҳмаджон Мадумаров.

Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимояси соҳасида кўп йиллардан бери шуғулланиб келаётган ва аҳоли мурожаатлари билан шуғулланаётган бу суҳбатдошларимиз Омбудсман ёхуд унинг минтақавий вакиллари, жилла қурса, кузатувчи бўлиб суд мажлисида иштирок этганига гувоҳ бўлмаган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов улардан бири:

- Шахсан мен ўзим 186 та суд мониторингида иштирок қилганман. Ҳар бирида ўртача 10 та суд жараëни бўлиб ўтган. Бизлар бирор марта ҳам Омбудсман вакилини учратмаганмиз. Шахсан мен бирор марта уларнинг иштирокини кўрмаганман¸ дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG