Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:34

"Ўзбекистонга давомий халқаро босим керак"


БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 13 июл куни Ню Йоркда иш бошлаган 96-сессиясининг сўнгги кунида Ўзбекистондаги фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар билан боғлиқ вазият кўриб чиқилади.

Дунёдаги етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларнинг поймол этилишига оид хавотирларини БМТ қўмитаси эътиборига тақдим этди. Ушбу ҳужжатларда Ўзбекистонда матбуот ва фикр ҳамда эътиқод эркинликлари таъминламагани, қийноқлар ва болалар меҳнати оддий ҳолатга айлангани таъкидланади.

Ўзбекистондаги фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар билан боғлиқ вазият кескин қораланган мазкур ҳужжатларни принтердан чиқармоқчи бўлсангиз, унга бир пачка қоғоз юклашингизга тўғри келади.

Ушбу ҳужжатларда дунёдаги етакчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар БМТ га бир ғояни етказмоқчи бўладики, у ҳам бўлса, президент Каримов режими остида кун кечираётган давлатда одамлар барча сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларидан мосуво қилинган. Ушбу ғоя айниқса Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси томонидан тақдим этилган ҳужжатда яққол акс этган.

- Ташкилотимиз қўлга киритган маълумотлар Ўзбекистон халқаро қонунлар доирасида олган мажбуриятларни бузиб келаётганини кўрсатади. Бу давлат ўз фуқароларини қийноқлардан ҳимоя қилмайди, уларнинг эркин ҳаракатланишига, намойишларни ўтказишига, эркин фикр билдиришига йўл бермайди. Ҳукумат одамларнинг яхши ҳаёт кечириш ҳуқуқларини таъминламайди¸ дейди Инсон ҳуқуқлари халқаро федерациясининг БМТдаги доимий вакили Жули Громеллон.

27 июл куни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 18 нафар экспертидан таркиб топган ҳайъати ушбу хавотирлар акс этган ҳужжатларни бирма-бир кўриб чиқади ва келаси ой охирига қадар асосий муаммоларни белгилаб олади. Ўзбекистон вакиллари иштирокидаги якуний муҳокамалар эса 2010 йил март ойида бўлиб ўтади.

Сўнгги марта Ўзбекистонда сиёсий ва фуқаролик эркинликлар билан боғлиқ вазият 2005 йил Андижон воқеаларидан аввал муҳокама этилганди.

БМТга мурожаат қилар экан, халқаро ташкилотлар Андижонда юзлаб намойишчиларнинг отиб ўлдирилиши юзасидан халқаро тергов ўтказишдан бош тортаётган Ўзбекистон ҳукуматини қоралашга чақирмоқда.

- Бу Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ даҳшатли аҳволга халқаро жамоатчилик эътиборини қаратиш учун ноёб бир имкониятдир.

Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳукуматлари Ўзбекистон билан мулоқот қилишда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг хулосалари ва тавсияларига таянишига умид қиламиз.

Бунинг натижасида бизнинг асосий мақсадимиз Ўзбекистон ҳукуматини қийноқларни тўхтатишга ва сиёсий маҳбусларни озод этишга мажбур қилишдир¸ дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг вакиласи Вероника Санта Голстон.

Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат қонунчилигини халқаро меъёрларга мослаштириш томон ташлаётган қадамларни олқишлади. Бироқ Халқаро Амнистия ташкилоти вакиласи Майзи Вейчердинг бу қадамлар вазиятни ижобий томонга ўзгартирмаганидан афсусда эканини айтади.

- Биз Ўзбекистондаги воқеалар ривожи асл кенг қамровли тузум ичидаги ўзгаришларга сабаб бўлмаганидан афсусдамиз. Биз Ўзбекистонда доимий равишда давом этаётган инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда поймол этилаётганидан хавотирдамиз ва ўзимизнинг бу хавотирларимизни Ўзбекистонга таъсир ўтказишга қодир ҳар қандай ҳукуматга ва халқаро ташкилотларга доимий равишда етказиб боришга ҳаракат қиламиз¸ деди Майзи Вейчердинг.

Хоссатан, тавсия беришдан нарига ўтмайдиган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Ўзбекистонга қанчалик таъсир ўтказа олиши мунозарали масаладир. Аммо ер юзида Ўзбекистондаги вазиятга холис баҳо бера оладиган БМТ Инсон ҳуқуқлар қўмитасидан кўра нуфузлироқ ташкилот мавжуд эмас. Лондондан сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов айнан шу сабабли Ўзбекистон БМТдаги муҳокамаларга пухта тайёргарлик кўришга ҳаракат қилишини айтади.

- Ҳатто Ўзбекистондаги каби диктаторлик режимлари ҳам имиж масаласига бефарқ эмас. Агар БМТ томонидан қандайдир кескин танқидий фикрлар янграётган бўлса, ҳукумат буни оғриқ билан қабул қилади. Айнан шунинг учун ҳукуматлар БМТ минбарларидан янграётган танқидларни буткул инкор қилмасдан, “бунисига розимиз, бунисига йўқ” қабилидаги мулоқот ўйинларини бошлаб юборади¸ дейди Алишер Илҳомов.

Ўтган йил охирида Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кўриб чиқаётганида Ўзбекистон Миллий инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Акмал Саидов ва Бош прокурор ўринбосари Алишер Шарафуддинов ижросидаги “ўзбекча мулоқот ўйинлари”нинг “олий пилотажи”га шоҳид бўлгандик. Бироқ шунда ҳам аввал болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммосини мутлақо инкор қилиб келган расмий Тошкент, охир-оқибат бу муаммонинг борлигини эътироф этди ва чора кўришга ваъда берди. Шу маънода Вероника Санта Голстон Ўзбекистон билан олиб борилаётган мулоқотларга янада қатъийлик етишмаётганини айтади.

- Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, инсон ҳуқуқларини яхшилаш учун сиёсий иродага эга бўлмаган Ўзбекистондагига ўхшаш ҳукуматларга нисбатан фақат давомий халқаро босимгина таъсир қилади¸ дейди Ҳюман Райт Уотч ташкилотининг вакиласи Вероника Санта Голстон.
XS
SM
MD
LG