Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:09

Хоразмда "нурчилар" судланди


Ўтган йилдан буён Ўзбекистонда нурчиликда айбланган ўнлаб йигитлар турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиндилар.
Ўтган йилдан буён Ўзбекистонда нурчиликда айбланган ўнлаб йигитлар турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиндилар.

Жорий йилнинг 7 июл куни Хоразм вилоят жиноий ишлар суди нурчилар деб аталаётган гуруҳ устидан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг Хоразмдаги ишончли манбаси маълум қилди.

Хоразм вилоят суди ҳукмига мувофиқ, Баҳром Аминов, Эргаш Раззоқов, Рустамбек Худойберганов, Хайрулла Раҳмонов, Руфат Абдуллаев, Зоҳид Матназаров, Анвар Юсупов, Нодирбек Раззоқов, Равшан Солаев, Ғанишер Собировлар узоқ муддатли қамоқ жазоларига тортилди.

Судланувчиларнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, суд хулосасига кўра, улар ўзаро тил бириктириб, вилоятдаги кўплаб ёшларни Саид Нурсий ғоялари билан йўғрилган сектага аъзо бўлишга даъват этган.

- Суд ҳукмига кўра, сектага Жаҳон тиллари ва дипломатия университетини тугатган, илгари ҳам шу йўналишдаги жиноий ҳаракатлари учун судланган Хазорасп туман педагогика коллежи ўқитувчиси, 3 фарзанднинг отаси бўлмиш Баҳром Аминов етакчилик килган.

У 2006 йил бошларида юқоридаги шериклари билан жиноий тил бириктириб, Хоразм вилояти ҳудудида "Нурчилар" оқимининг собиқ аъзолари бўлмиш "Фатҳ" ўзбек-турк лицейи талабаларини қайтадан тўплаб, ушбу оқим сафига янги фуқароларни жалб қилиб, оқимнинг Хоразм вилоятидаги фаолиятини қайтадан тиклаган, оқим асосчиси Саид Нурсий ва унинг ҳозирги етакчиси Фатхуллоҳ Гулен ғояларидан таълим берувчи йиғилишлар ўтказган¸ дейди Озодликнинг Хоразмдаги манбаси.

Манбага кўра, маҳкама жараёнида нурчиликда айбланаётган ушбу гуруҳ Саид Нурсий қаламига мансуб китобларни ҳамда ўша китоблар руҳидаги журналлар ва компакт-дисклар тарқатгани ҳақида гапирилган.

- Суд ҳукмига кўра, гуруҳ аъзоларидан бири Ғанишер Собиров 2005 йилда "Фатҳ" ўзбек-турк лицейини тугатган талабаларнинг интернет тармоғидаги туркиялик Маҳмад Баяр томонидан яратилган сайт орқали бошқа "нурчилар" билан мунтазам мулоқот қилиб, оқим фаолиятини қайтадан тиклашга ҳисса қўшган ва тарафдорларни кўпайтириш мақсадида "Гап" шаклида суҳбатлар уюштирган¸ дейди Хоразмдаги манба.

Хоразм вилоят суди ҳукмига кўра, Баҳром Аминов 11 йил, Эргаш Раззоқов, Рустамбек Худойберганов, Хайрулла Раҳмонов, Руфат Абдуллаев, Зоҳид Матназаров, Равшан Солаев, Ғанишер Собировларнинг ҳар бири 8 йилдан, Анвар Юсупов 5,5 йил¸ Нодирбек Раззоқов 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Хоразмликлар гуруҳи, Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда нурчиликда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинган тўртинчи гуруҳдир.
XS
SM
MD
LG