Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Эркин микрофон


Озодликнинг эркин микрофонига гапиришни истаëтган тингловчилардан кунига ўнлаб қўнғироқлар келмоқда.
Озодликнинг эркин микрофонига гапиришни истаëтган тингловчилардан кунига ўнлаб қўнғироқлар келмоқда.

Шу ном остида жамланаëтган мулоҳазаларнинг кўпи бу гал ўқитувчилардан келди. Афтидан, Зарбдор туманидаги ўқитувчиларнинг ўз маошини талаб қилиб, норозиликка чиққани улар ҳамкасбларини бефарқ қолдирмаган.

Фарғонанинг Олтиариқ туманидан телефон қилган ўқитувчи Абдураҳмон ака ҳам маош вақтида берилмаётганидан нолиди. Бу туманда январдаги ойлигини ололмаган ўқитувчилар ҳам бор экан:

- Январни олмаганлар бор¸ май¸ июн ойининг пуллари¸ отпуска пуллари бор. Яқинда Зарбдор туманидаги шунақа ҳолат ҳақида эшиттириш берган эдингизлар. Бизда ҳам шунақа бўлаяпти. Шунга ëрдам бермасангизлар¸ бизнинг айтганимиз билан фойдаси йўқ.

“Ҳаракат қилаяпмиз¸ пластикка ўтказаяпмиз. Қилиб берамиз” деяптию¸ ўртада сарсон-саргардорчилик бўлаяпти. Ҳеч қандай ëрдам йўқ. Нархлар августдан оширилади¸ деяпти. Товарларга нархлар ошиб қолди. Пластикка бўлса ҳам¸ 30-40 фоизини олиб қолса ҳам майли. Лекин шу ҳам бўлмаяптида¸ дейди Фарғонанинг Олтиариқ туманидан телефон қилган ўқитувчи Абдураҳмон ака.

Фарғоналик яна бир ўқитувчи Шарифжон ака ҳам май ойидан буён маош ва таътил пуллари берилмаётганидан норози бўлди:

- Отпуска пулларини олганимиз йўқ. Дам олгани боришимиз керак¸ бора олмаймиз. Тўй қилмоқчи бўлсак¸ уни қилолмаймиз. Пластикдаги аҳволни эшитинг: дўконга борсанг¸ бир кило буғдой 350 сўм бўлса керак. Макароннинг баҳоси 1700 сўмгача. Пластик карточка олиб борадиган бўлсангиз¸ устига 6-10 фоиз қўшиб савдо қилишади.

Мурожаат қилдик. “Қаëққа борсанг¸ шу ëққа бор. Пул йўқ” деяпти. Иқтисодий кризисни баҳона қилишаяпти. Аслида бизда иқтисодий кризис 90-йилларда бошланган. Ҳозир бизда жиддий кризис бўлса керак¸ буни биз биламиз.

Менимча¸ ойлик оладиган врачлар билан ўқитувчилар қолди¸ холос. Қолган ҳамма ишсиз. Шунга ҳам топиб бера олмайдими? Шунга ҳайронмизда¸ дейди фарғоналик ўқитувчи Шарифжон ака.

Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан телефон қилган ўқитувчи Садин ака ҳам бу ерда ўқитувчиларнинг маошлари берилмаётганини айтар экан, бунга қўшимча қилиб, болаларга тўланадиган нафақа пули ҳам берилмаётгани, аёлларга пул ўрнига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилаётгани ҳақида сўзлади:

Садин ака: Болаларнинг пулларини озиқ-овқат шаклида қиммат нархда шакар¸ совун¸ гуруч тарзида бераяпти. Пул тарқатадиганларнинг ўзлари очиб олган бўлса керакда. Лицензияси борми¸ йўқми билмайман.

Озодлик: Унинг нархи бозордагидан қиммат бўладими?

- Ҳа¸ бозордагидан жуда ҳам қиммат бўлади. Масалан¸ бозорда гуруч 2500-2600 сўм бўлса¸ улар 3000 сўм ëки ундан тепасида сотади. “Пул йўқ. пул тушими йўқ” дейди. “Болам касал. Пул зарур” деса¸ “Эртага келинг” дейди ëки 4000-5000 сўм беради. Шунақа гаплар¸ дейди Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан телефон қилган ўқитувчи Садин ака.

Москвада ишлаб юрган самарқандлик сантехник йигит Самарқанд шаҳри аэропортидаги аҳволдан шикоят қилди:

- Таможнядан ўтганингиздан кейин ташқарига чиқаëтган эшикда гражданский формада болалар туради. Гувоҳномасини кўрсатади. Гувоҳмасини очади ва ўқишга улгурмасингиздан ëпади. “МХХ данмиз¸ паспортни текширамиз” дейди. “Бизлар таможнядан ўтиб келаяпмизку” десак¸ паспортни олади ва чўнтагига солиб кетворади. Мен орқасидан бориб¸ 700 рубл пул бериб¸ паспортимни олганман.

Паспортни олиб қўяди ва бошқа хонага олиб кириб кетиб сумкаларни титади. Нарсаларимизни¸ уйдагиларга деб олган подаркаларимизни олиб қўяди. “500-1000 рубл берсанг¸ қўйиб юбораман” дейди.

Уларнинг нимага бундай қилаëтганини бир текширишнинг иложи йўқми? Биз таможнядан ўтаяпмизку. Ўзбекистон таможняси бизни текшираяптику¸ дейди куюниб Москвада ишлаб юрган самарқандлик сантехник йигит.

Хоразмдан сим қоққан Озодлик тингловчиси эса Ўзбекстон халқ артисти Марям Сатторовани йўқлади:

- Мен ўзим Хоразмнинг Янгиариқ туманидан пенсионер Эркин Бекметов бўламан. Ўзбекистон халқ артисти Марям Сатторова деган ëқимли овоз соҳиби бор эди. Чиройли айтар эди. Шунинг дом-дараги йўқ. Сизларнинг ëрдамингиз билан шунинг дарагини билиб бўлмасмикан¸ деб телефон қилган эдимда¸ дейди хоразмлик пенсионер Эркибн ака.

Россияда ишлаб юрган наманганлик яна бир тингловчи дастурларимиз давомида ўзбекча қўшиқлар ҳам бериб боришимизни сўради:

- Тўлқинларингларни ҳар кун эшитиб борамиз. Ҳар куни бир марта ўзбекча қўшиқлардан қўйиб беришингизларни илтимос қилардик. Гапимиз жуда кўп. Ҳозирча шу илтимос¸ дейди Россияда ишлаб юрган наманганлик тингловчи.

Тошкентлик тингловчи Озодлик радиоси таҳририятига миннатдорчилик билдирди:

- Мен сизларга миннатдорчили билдирмоқчиман. Тезкорлик биланм янгиликларни эшиттириб турганингларга мингдан минг раҳмт. Ишингларга ривож тилайман. Чарчаманглар¸ барака топинглар. Раҳмат сизларга¸ дейди тошкентлик тингловчи.

Худди шу мазмунда Тожикистондан ҳам қўнғироқ бўлди:

- Исмим Қудрат. Ўзим ногиронман. Агар лоф бўлмаса¸ бу радиони Тожикистонда мендай биладиган одам топилмаса керак. Мен кўп йиллардан бери бу радиостанциянинг телефон рақамларини кутиб юрган эдим. Биз эшитадиган пайтлари Азизулло Орол деган энг ëқимли овоз соҳиби бор эди. Кейин ахборотни олиб борадиган Анвар Хўжа эди. Ногирон бўлсам ҳам радиоаппаратни созлаб¸ ҳаммасидан огоҳман. Мен ўз овозимни радиода эшитишни орзу қилиб келганман¸ дейди тожикистонлик тингловчимиз.

Озодликка Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлардан бўлган телефон қўнғироқлари асосидаги мулоқотларимизнинг қисқа мазмунини ҳавола этдик.

Таҳририятимизга телефон қўнғироқлари ҳозир ҳам давом этмоқда. Марҳамат, бизга қўнғироқ қилинг, ҳамкасбларимиз хизматингизга шай.

Яна бир бор эслатамиз, агар истагингиз бўлса, атрофингизда бўлаётган ва сизни бефарқ қолдирмаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳам бизга хабар йўлланг, Ўзбекистонда бўлаётган жараёнларни ўз вақтида, холис ёритишимизда биз билан ҳамкорлик қилинг.

Зеро, ҳаётимиздаги камчиликларни тузатиш, ҳар қандай турдаги ҳақбузарликка қарши холис ва эркин фикр айтиш ҳаққи ҳамда масъулияти ҳаммамизда бор!

+420 602 612 713 рақамига йўллайдиган янгилик¸ хабар ҳамда қўнғироқларингизни кутиб қоламиз!
XS
SM
MD
LG