Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:22

Янги эски президент қасамёд қилди


Қурмонбек Бакиевнинг қасамёд қабул қилиш маросимида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди.
Қурмонбек Бакиевнинг қасамёд қабул қилиш маросимида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди.

2 август куни қасамёдга келтирилган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев мамлакатни қашшоқликдан чиқаришга ва коррупцияни таг-томири билан янчиб ташлашга ваъда берди.

Маросимда президент Қурмонбек Бакиев ўнг қўлини Конституцияга қўйиб, қирғиз халқи олдида қасамёд қилди.

Шундан сўнг давлат раҳбарига Қирғизистон Республикаси Президентининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони топширилди.

Қирғизистон Конституциявий судининг раисаси Светлана Сидикова шу соатдан бошлаб Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев Қирғизистон Республикаси президенти вазифасига расман киришганини эълон қилгач, Бишкекнинг «Алатоо” марказий майдонида артилерия қуролларидан байрамона ўқ узилди.

- Мен президентлик вазифасининг илк йилларида кўплаб мураккаб масалаларга дуч келдим. Мамлакатдаги салбий кўринишларни тез, қатъийлик билан хал қилиш керакми? Ёки муросага келиш тўғрими?

Ўша пайтларда шундай саволлар пайдо бўлган. Очиғини айтсам, вазият шунчалик оғир бўлгани учун, баъзида исталмаган қарорларни қабул қилишга тўғри келган.

Бироқ ўша қийинчиликларга қарамай, мен мамлакатимизда барқарорликни ва фуқаролар тинчлигини таъминлай олдим, - деди инаугурация пайтида Қурмонбек Бакиев.

Қурмонбек Бакиевдан сўнг маросимда меҳмон сифатида иштирок этаётган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев сўз олди.

- Қарама-қаршиликлар кучайиб, дунё иқтисодиётида кескин ўзгаришлар бўлаётган айни пайтда халқнинг иноқлиги, бирдамлиги энг катта бойлик ҳисобланади.

Иттифоқ, бирдамлик – самарали ривожланишнинг асосидир.

Мен яна бир бор Сизга мустаҳкам соғлик, ишларингизга ривож, қардош қирғиз халқига эса гуллаб-яшнашини тилайман.

Биз бундан кейин ҳам ўзаро муносабатларимизнинг мустаҳкамлашишига умид қиламиз, - деди Нурсултон Назарбоев.

Қурмонбек Бакиев 2005 йил Қирғизистондаги март инқилобидан сўнг президент бўлиб сайланган эди.

Навбатдаги президентлик сайлови эса шу йилнинг 23 июл куни ўтказилди.

Сайлов натижаларидан норози бўлган қирғиз мухолифати 29 июлдан бошлаб “Адолатли сайлов учун” шиори остида муддатсиз митинглар бошлашини эълон қилган эди.

Бир неча кун жой - жойларда давом этган бу митинглар муҳолифат тарафдорларидан 100 нафардан ортиғининг ҳибс қилиниши билан якун топди.

Айни пайтда қирғизистонлик бир қатор сиёсатчилар Қурмонбек Бакиевнинг президентлик салоҳияти борасида турлича фикрдалар.

- Бакиев мамлакатда уч йил давом этган тўс-тўполонлардан мувафақиятли ўтди, деб айтиш мумкин. Бу катта ютуқ.

2005, 2006, 2007 йилларда мухолифат уни истеъфога чиқаришга ҳаракат қилган эди. Бироқ бу иш амалга ошмади ва буни Бакиевнинг биринчи катта ютуғи, деб аташ мумкин.

Иккинчидан, экономикада ката ўзгаришлар бўлмоқда, - деди Қирғизистон Коммунистлар партияси раҳбари, парламент депутати Исҳак Масалиев.

Бироқ Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов: “Бакиев ҳукумат теппасига келганидан сўнг аввалги президент Аскар Акаевнинг меросхўри бўлиб қолди”, деб ҳисоблайди:

- Президентликка келганидан сўнг у ўзини давлат арбоби сифатида намоён қила олмади, сиёсатчи сифатида ҳам ночор экани сезилди.

У халқ манфаатини ҳимоя қилмай, ҳокимият учунгина давлат теппасига келган одам ҳисобланади, - деди Мирослав Ниёзов.

Қурмонбек Бакиев бугунги инаугурация маросимида сўзлаган нутқида, Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳамда таъминлашга, президентлик вазифасини ор-номус билан бажаришга қасамёд қилди.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун Бакиев инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида берган ваъдасини бажаради деган умидда эканини айтади:

- Қасамёд қилганидан сўнг “Биринчи бўлиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларига эътибор қаратаман”, деди. Мен унинг сўзларига ишонаман,- деди Турсунбек Ақун.
XS
SM
MD
LG