Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:09

Голстон: Европа фожеали хатога йўл қўйган


"Ҳюман Райтс Вотч" ташкилотига кўра, Дилмурод Саййидга нисбатан ўтказилган маҳкама жараёни "сиёсий буюртма"дир.
"Ҳюман Райтс Вотч" ташкилотига кўра, Дилмурод Саййидга нисбатан ўтказилган маҳкама жараёни "сиёсий буюртма"дир.

"Ҳюман Райтс Вотч" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти суд ҳукми билан 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган журналист Дилмурод Саййиднинг дарҳол озод этилишини талаб этмоқда.

Дилмурод Саййид устидан кечган маҳкама жараёнини "Ҳюман Райтс Вотч" “сиёсий буюртма” деб атади, журналист устидан кечган тергов жараёнини эса кўплаб қоидабузарликлар билан чала ўтказилганини таъкидлади.

“Дилмурод Саййидга қарши кўрсатма берган бир неча гувоҳ ўз кўрсатмалари ёлғон бўлганини айтиб¸ улардан воз кечди. Бу эса унинг қамалиши асоссиз бўлганини англатади”, дейилади баёнотда.

- Ушбу маҳкама жараёни адолат устидан кулиш бўлди. Дилмурод Саййид дарҳол озод этилиши керак¸- деди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори Холи Картнер.

Ташкилот баёнотида айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати фақатгина инсон ҳуқуқлари соҳасида қилган қонуний ишлар учун камида 13 нафар мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячисини қамоқда сақламоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган “Ҳюман Райтс Вотч” ташкилотининг Ўзбекистон бўйича масъули Вероника Зенте Голстонга кўра¸ журналистнинг қамалиши мутлақо номақбулдир.

Зенте Голстон: 12,5 йиллик қамоқ ҳукми бизнинг ғазабимизни қайнатади¸ аммо унга бир йил тайинланган ҳолда ҳам ғазабимиз бундан кам бўлмасди. Боиси Дилмурод Саййид, авваламбор, ҳеч қачон қамоққа олинмаслиги керак эди. Дилмурод Саййиднинг қамалиши Ўзбекистонда очиқчасига гапиришга журъат этганлар устидан давом этаётган таъқибларнинг энг сўнгги ҳолатидир.

Озодлик: Дилмурод Саййид Тошкентга Европа Иттифоқи делегацияси келиб, инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама этган куннинг эртасига қамалди. Бу ҳолат Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги мулоқот ҳеч қандай амалий натижаларга эришмаётганидан дарак берадими?

Зенте Голстон: Ўзбекистон ҳукумати олдига инсон ҳуқуқлари масаласини қўйишга келганда Европа Иттифоқининг қилган ишлари ҳар доим ҳафсаламизни пир қилиб келган. Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқларини даҳшатли тарзда поймол этаётган Ўзбекистон ҳукуматини очиқчасига танқид қилмаганига деярли бир йил бўлиб қолди. Ўзбекистон ҳукумати учун Европа Иттифоқининг бундай ёндошуви жуда нотўғри муждаларни бермоқда.

Озодлик: Вероника, айтингчи¸ нима бўлаяпти ўзи? Олдинлари¸ дейлик Мўътабар Тожибоева ёки Умида Ниёзова қамалганида¸ уларнинг Европа Иттифоқи ва АҚШ босимида озод этилишига умид бор эди, охир оқибат улар озод этилди ҳам. Ҳозир эса журналистлар Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саййид ёки инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғуновларнинг озод этилишига деярли ҳеч ким умид билдираётгани йўқ.

Зенте Голстон: Бошданоқ Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкцияларни юмшатиб фожеали хатога йўл қўйган эди. Ўтган кузда ушбу қарор қабул қилинган пайтда ҳам мамлакатдаги мустақил журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамон таъқиб остида эди. Бу эса Тошкент учун "инсон ҳуқуқлари энди ҳеч кимни қизиқтирмаяпти" қабилидаги нотўғри муждани йўллади.

Европа Иттифоқига Чехия раислик қилаётган муддат давомида Ўзбекистон масаласи мутлақо кўтарилгани йўқ. Европа Иттифоқининг бир йилда бир Ўзбекистон ҳукуматини танқид этиб чиқиши ҳеч қандай натижаларга олиб келмайди. Инсон ҳуқуқлари масаласидаги босим доимий ва мунтазам равишда амалга оширилиши керак.
XS
SM
MD
LG