Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:09

Ҳизбчи аёллар озод қилинди


Сиёсий фаоллиги билан танилган Ҳизбут-Таҳрир партияси кейинги пайтларда ўз сафига кўплаб аёлларни ҳам жалб қила бошлаган.
Сиёсий фаоллиги билан танилган Ҳизбут-Таҳрир партияси кейинги пайтларда ўз сафига кўплаб аёлларни ҳам жалб қила бошлаган.

10 август куни Андижонда Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзоликда айбланган 6 аёл устидан ҳукм ўқилиб, улардан тўрт нафарининг суд залидан озод қилинишини маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон шароитида адвокатларнинг муваффақияти деб ҳисобламоқдалар.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди олдида жавоб берган олти нафар аёлга диний-сиёсий фирқага аъзоликда айбланганларга қўйиладиган стандарт айбловлар илгари сурилди.

37 ва 21 ёш оралиғида бўлган аёллар Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш, жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ҳамда диний-экстремистик ва бошқа таъқиқланган ташкилотларга аъзо бўлиш ёки раҳбарлик қилишни назарда тутувчи Жиноят кодексининг тегишли моддалари қўйилди.

Олти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган Муҳаррамхон Ғиёсова вояга етмаган болаларни ғайриижтимоий фаолиятга жалб этиш моддаси бўйича ҳам судланди.

Айбланувчилардан яна бири Нилуфархон Тожибоева 5 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Қолганларга эса шартли жазо тайинланиб, суд залидан озод қилинди.

Бир неча ой давом этган маҳкама жараёнини “APPEAL” Андижон минтақавий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти кузатиб борди ва жараён устидан жамоатчилик назоратини ўрнатди. Ташкилот раиси Саиджаҳон Зайнобиддинов айбланувчиларнинг кўпчилиги озод этилганини адвокатларнинг ютуғи, деб ҳисоблайди.

- Ҳимоя нуқтаи назаридан адвокатлар деярли прокуратура устидан ғалаб қозонди, деса бўлади. Олтита судланган аëлнинг ичида тўрттаси ҳозир очиқда қолаяпти. Шу ҳолатда адвокатлар бундан ортиғини қилиша олмасди¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, маҳкама жараёни давомида айбланувчи аёллар ўзларининг ҳақиқатан ҳам Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзо бўлганини айтишган.

- Ҳақиқатан айблари исботланган¸ ўзлари бўйнига олишган. Айблов хулосасида ëзилган. Биринчи аëл буларнинг ташкилотчиларидан бўлган¸ иккинчиси бир халқанинг бошлиғи бўлган. Яъни уларнинг ўзларига яраша унвонлари бўлган. Биттаси нақиба бўлган. Бошқаси ўша халқа бошлиғи¸ ҳизбиями деган унвонда бўлган¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Марказий Осиё минтақасида тинч сиёсий кураш орқали моҳиятан аёллар фаоллигини чекловчи “халифалик”ни барпо этиш ғоясини тарғиб этувчи Ҳизбут-Таҳрир фирқаси деярли бир хилда эркак ва аёлларни ўз қаторига жалб этади.

Айрим ғарб давлатларида ҳамда бутун Марказий Осиё ҳудудида Ҳизбут-Таҳрир диний экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилган. Ўтган йиллар давомида ушбу фирқага аъзоликда айбланиб юзлаб эркаклар қаторида аёллар ҳам қамоққа ташланган.

Саиджаҳон Зайнабитдинов мамлакатдаги ижтимоий вазиятни танқид этувчи Ҳизбут-Таҳрир партиясига аёлларнинг аъзо бўлаётгани тасодиф эмаслигини айтади.

- Бошқа ташкилот бўлмаганлиги учун ҳам бўлиши мумкин. Чунки инсон ўзининг ички норозиликларини¸ ўзининг дунëқарашларини қайсидир шаклда ифода қилиши керак бўлади. Балки бошқа оқимлардаги шунақа фаолликлар аëлларни ҳимоя қиладиган бошқа ташкилотлар йўқлиги учун келиб чиқаëтгандир¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.
XS
SM
MD
LG