Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Ўзбек-афғон темир йўли қурилади


Афғонистонни Ўзбекистон билан боғлайдиган темир йўл қуришга тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур лойиҳа Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилиши ва уни амалга оширишда ўзбек мутахассислари ҳам иштирок этиши режаланган.

Осиё тараққиёт банкининг ўз исмини айтмасликни сўраган расмийси Афғонистон шимолида амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳа тўғрисида Озодликка қуйидагиларни маълум қилди.

- Бу темир йўл Ҳайратон шаҳридан Мозори Шариф шаҳригача тахминан 60 километр узунликда бўлади. У “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лойиҳа учун Афғонистоннинг тегишли вазирлиги масъул бўлади, деди Осиё тараққиёт банки расмийси.

Афғонистоннинг Жовузжон вилояти қуролли кучлари қўмондони ўринбосари Муҳаммад Иброҳим Афғонистон Ўзбекистон билан Ҳайратон кўпригидан ўтган темир йўл орқали боғланганини¸ аммо бу йўл Ҳайратон шаҳригача қурилгани¸ Кобул ҳукумати эса Ҳайратонни Мозори Шариф билан боғлайдиган янги линия қуриш ҳаракатини бошлаганидан хабардор эканини айтди.

- Темир йўл кўприкдан тахминан икки километр ўтиб, Ҳайратоннинг ўзида тўхтаган. Ҳайратон ва Мозори Шариф ўртасидаги масофа 60 километрни ташкил этади. Бу шаҳарлар ўртасида темир йўл қурилади, деб эшитдим, деди Жовузжон вилояти қуролли кучлари қўмондони.

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси расмийси ўзбекистонлик мутахассислар темир йўл қурилиши бўйича Афғонистонга сафар қилганлари ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Аммо у бу ҳақда бошқа маълумот бера олмаслигини айтди.

Осиё тараққиёт банки вакили Афғонистонни Ўзбекистон билан боғловчи темир йўл лойиҳасини амалга ошириш кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилади, деган ишончда.

- Бу темир йўл савдо ва ҳамкорлик, транспорт алоқаларини ривожлантиради, қисқа муддат назарга олинса, янги темир йўлнинг ишга тушиши одамларни иш билан таъминлайди. Бу орқали қатор ижтимоий муаммолар ҳал бўлади. Бундан ташқари¸ маданий алоқалар мустаҳкамланади ва икки давлат иқтисодий фойда кўради, дейди Осиё тараққиёт банки вакили.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Қаҳрамон Афғонистонни Ўзбекистон билан боғловчи темир йўл линиясининг қурилиши Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятли эканини айтади.

- Агар ўша йўл қурилса¸ Мозори Шариф орқали Ҳиротдан Машҳадга бор-йўғи 120-130 километр атрофида йўл қолади. У ерда поезд йўли бор бўлса ҳам керак. Ўша ердан Машҳадга борганда Эроннинг Ҳинд океанига чиқадиган Бандар Аббос порти бор. Ўзбекистондан денгизга чиқиш учун иккинчи йўл очилади. Ўзбекистонга энг фойдали томони шу. Йўл фақат Россия орқали бўлмайди. Ўзбекистон анча эркинроқ бўлади.

Иккинчи фойдали томони¸ ҳозир Афғонистонга халқаро кучлар келаяпти. 30 йилдан бери уруш бўлаяпти. Урушни тўхтатиш учун одамларни иш билан банд қилиш керак, дейди ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Қаҳрамон.

Осиё тараққиёт банки расмийси бу лойиҳани амалга ошириш ишлари жорий йил охирида бошланишини айтди.

- Темир йўл қуриш ишлари шу йил охиригача бошланади. Мазкур лойиҳани 18 ой давомида амалга ошириш мўлжалланган, дейди Осиё тараққиёт банки расмийси Озодлик мухбири билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG