Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:55

Интернет цензурасига қарши тизим яратилмоқда


Янги тизим синовдан муваффақиятли ўтса ва ишга тушса, ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари ҳам мамлакатда блок қилиб қўйилган сайтлардан маълумотларни шифрланган rss каналлари орқали ўқиш имкониятига эга бўладилар.
Янги тизим синовдан муваффақиятли ўтса ва ишга тушса, ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари ҳам мамлакатда блок қилиб қўйилган сайтлардан маълумотларни шифрланган rss каналлари орқали ўқиш имкониятига эга бўладилар.
АҚШ ҳукумати Интернет жаҳон тармоғида цензурани четлаб ўтиш тизимини яширинча синовдан ўтказмоқда. Бу тизим Ўзбекистон, Эрон, Хитой каби давлатларда Интернетга ўрнатилган тўсиқларни четлаб ўтиш имконини беради.

Америка радиоэшиттиришлар бошқарувчилари кенгашининг ахборот технологиялар бўлими раҳбари Кен Берманнинг айтишича, гап Интернет тармоғида филтрларни четлаб ўтувчи технологиялар ёрдамида янгилик ва видео материалларни электрон почта орқали узатиш ҳақида бормоқда. Аммо америкалик расмий тизимнинг бошқа жиҳатлари ҳозирча сир тутилаётганини айтди.

- Интернет цензурасини четлаб ўтувчи воситаларни ишлаб чиқишда бошқармамиз кўпдан бери изланишлар олиб бормоқда ва бу соҳада етакчи десам ҳам бўлади. Айтаётганимиз ушбу янги ғоя яқинда муҳандисларимиздан бири тарафидан илгари сурилди ва Лас Вегасда тақдим этилди. Ушбу дастур FOE (Feed Over Email) деб аталади. Лекин бу тизимни ҳали ҳам синовдан ўтказаяпмиз. Уни синовдан ўтказиб, иш беришига амин бўлганимиздан сўнг бу ҳақда батафсил маълум қиламиз, деди Берман.

FOE (Feed Over Email) деб аталувчи янги дастур амалга ошгудек бўлса¸ ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари мамлакатда блок қилиб қўйилган сайтлардан маълумотларни шифрланган rss каналлари орқали ўқишлари мумкин бўлади. Сайтлардаги маълумотлар ўқувчиларга Google, Micrasoft ширкатининг Hotmail ҳамда Yahoo ширкати e-mail каналлари орқали хавфсиз шаклда юборилади.

- Бу тизим Интернетдаги тўсиқларни айланиб ўтишнинг анъанавий "прокси" усулидан фарқлидир. Ўқувчилар шифрланган rss каналлари орқали блок қилинган сайтлардан маълумотларни e-mail орқали олишлари мумкин бўлади, дейди Америка радиоэшиттиришлар бошқарувчилари кенгашининг ахборот технологиялар бўлими раҳбари Кен Берман.

Бундан ташқари¸ блоклаб қўйилган сайтларга учинчи серверлар орқали кириш имконини берувчи тизим ҳам синаб кўрилмоқда. Берманнинг айтишича, ҳозирча бу синовлар дастлабки босқичдадир.

Интернет цензурасини четлаб ўтувчи тизим Вьетнам, Мяньма, Хитой, Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистон каби давлатлар учун мўлжалланиши билдирилмоқда.

Компьютер соҳаси мутахассислари эса яратилаётган технологияда янги жиҳатлар йўқлигини айтишади. Одатда, Интернет цензурасини четлаб ўтиш учун прокси сайтлардан фойдаланилади. Бу ерда эса электрон почта танланган. Ахборот узатишнинг бу усули аҳоли орасида қанчалик оммалашиши ҳам савол остида. Шундай бўлса-да, кузатувчилар ахборотга ташна ўзбекистонликлар учун бундай дастурнинг амлага ошиши муҳим эканини айтмоқдалар.

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг Интернет дастури раҳбари Клотилд Ле Кознинг айтишича, бундай тизим ишлаб чиқилаётгани Ўзбекистондек Интернет цензура қилинадиган давлатлар аҳолиси учун жуда муҳимдир.

- Интернет нуқтаи назардан ҳам бу давлат жуда ёпиқ. Биринчидан¸ Ўзбекистонда Интернет бошқа давлатларга қараганда кўп тарқалмаган. Кўпгина одамлар ҳали ҳам Интернетдан фойдаланиш имконига эга эмас. Фойдаланган тақдирда ҳам Ўзбекистонда Интернет устидан сиёсий цензура ўрнатилган. Мухолифат сайтларига кириш имконсиз, дейди Клотилд Ле Коз.

Ўтган ой Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мамлакатда интернет фойдаланувчилар сони, жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, 2,6 миллион одамни ташкил қилгани ҳақда билдирган эди. Агар Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги тарқатган бу маълумотга ишонилса, Ўзбекистонда ҳар 10 одамнинг бири жаҳон тармоғидан фойдаланиш имконига эга, дейиш мумкин бўлади.

130 долларлик ўғирлик

АҚШ Адлия вазирлиги Америка тарихидаги энг йирик кибер ўғирлик ҳақида маълум қилди. Флоридалик 28 яшар Алберт Гонсалез ҳамда унинг икки чет эллик шериги банк компьютер тизимини бузиш орқали жами 130 миллион АҚШ долларини ўғирлаганликда айбланмоқда.

Улар ўғирликни “7-Eleven”, “Heartland Payment Systems Inc” каби бозори чаққон дўконлар ҳисоб тизимларини бузиш орқали амалга оширганлар.

“Бу хакерлар тарафидан амалга оширилган энг йирик ўғирликдир”, дейилади АҚШ Адлия вазирлиги тарқатган баёнотда.

Тергов хулосасига кўра, Алберт Гонсалез 2006 йилнинг октябрида россиялик икки шериги билан жиноий гуруҳ тузади. Улар қисқа давр ичида дўконлар ҳисоб тизимларини ўрганиб чиқишади ва SQL инъекция йўли билан кредит тизимлари маълумот базасига киришади.

Гонсалез ва унинг шериклари ўз ўлжалари, яъни 500 та бозори чаққон ширкатлар рўйхатини “Fortune” журналидан топишган. Ўғирланган пулларни эса АҚШнинг Калифорния ва Иллиноис штатидаги ҳамда Латвия, Ҳолландия ва Украинадаги ҳисобларга ўтказишган.

Улар ўзлари эга бўлган ҳисоб рақамлари, пин коди ва ҳисоб эгаларининг уй адреслари ва телефон номерларини бошқа жиноий тўдаларга сотмоқчи ҳам бўлишган. Ўзбекистонлик компьютер дастурлари соҳаси мутахассиси Юсуфбек Мақсудов SQL инъекция орқали банк маълумотлар базасига кирилиши кўп тарқалган усул эканини айтади.

- SQL инъекцияси шунақа ишлайдики¸ хакер фойдаланувчи исмини киритишнинг ўрнига махсус тайëрланган битта буйруқ юборади. Ўша буйруқ натижасида базага кетадиган буйруқ фойдаланувчи исмини текшириш буйруғи ўрнига хакерга керак бўлган бошқача буйруқ узатилади. Фойдаланувчиларнинг исмларини¸ манзилларини¸ кредит картасининг номерларини шу йўл билан олиш мумкин. Паролни бу йўл билан олиб бўлмайди¸ дейди Юсуфбек Мақсудов.

Америкада қайд этилган 130 миллион долларлик ўғирлик банк тизими хавфсизлигини яна бир бор савол остига қўйди. Аммо Юсуфбек Мақсудовнинг айтишича, ҳозирда молия тузилмалари хакер ҳужумларга қарши энг кучли ҳимоя тизимларини ўрнатишган.

- Ўзини ҳурмат қиладиган молиявий идоралар бундай содда ҳужумларга қарши жуда ҳам мураккаб механизмларни ўз ўрнига қўйиб қўйишади. Лекин бунинг устида ҳам барибир оддий инсонлар ишлагандан кейин инсонлар хато қилиб қўйиши мумкин. Майда-чуйда жойларда қолиб кетган ва топилмаган хатоларни хакерлар топиб олиб¸ маълумотларни қўлга киритиб олишлари мумкин¸ дейди Юсуфбек Мақсудов.

Агар Алберт Гонсалез айби исботланса ва айбига иқрор бўлса, у 35 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ва унга ярим миллион долларлик жарима солиниши мумкин.

Америка матбуотига кўра, Гонсалез ўрта маълумотга эга ва компьютер дастурларини ўзи ўрганиб чиққан.

У бир йил аввал ўғирланган банк ҳисоб маълумотларни сотишга мўлжалланган "Shadow Crew" сайтини асосчиси сифатида полиция назарига тушган эди.

Бундан ташқари¸ Гонсалез ресторанлар тармоғи компьютер серверини бузишга уринганлик ҳамда 40 миллион кредит карта маълумотларини ўғирлаганликда ҳам айбланган. Ўшанда у бир умрга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди. Аммо Гонсалез АҚШ махфий хизматларига маълумот етказиб берувчи сифатида ёлланганидан сўнг жазоланмади.

Ҳозир эса уни устидан иккита маҳкама жараёни ўтказилиши кутилаяпти. Биринчи маҳкама 2009 йил сентябрида, иккинчиси эса 2010 йилда бўлиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG