Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:06

"Ёзда рўза тутиш осонроқ"


Биолог олима Ойдин Солиҳ Рамазон ойидаги саҳарлик ва ифторликка кўпроқ мева истеъмол қилишни тавсия қилади.
Биолог олима Ойдин Солиҳ Рамазон ойидаги саҳарлик ва ифторликка кўпроқ мева истеъмол қилишни тавсия қилади.
Барча мусулмон биродарларимизни муборак Рамазон ойи билан қутлаймиз ва “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бугунги сонидаги суҳбатимизни бу гал ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келаётган Рўза ойи ибодати, бу ойда ўзбекистонлик мусулмонларнинг ибодатга имконлари ҳақида суҳбатлашамиз.

Рукнимиз давомида асли ўзбекистонлик биолог олим Ойдин Солиҳ ёз кунларида рўза тутувчиларга тавсия этиладиган саҳарлик ва ифтор таомлари ҳамда таомланиш тартиби ҳақида ўз тавсияларини беради.

Шунингдек, бу йил Рамазон ойида Таровиҳ намозини ўқиш имкони бўйича бугунги аҳвол ҳақида ўзбекистонлик диндорлар билдирган фикр-мулоҳазалар билан таништирамиз.

Мусулмон оламининг аксар қисмида бу йилги Рамазон ойи 21 августдан бошланиши эълон қилинди ва шу санадан бошлаб рўза тутилмоқда.

Ўзбекистонда эса бу сана расман 22 август деб белгиланган. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими раҳбари Юсуф Абдураззоқ ҳожи Озодликка шундай деди:

- Ўзбекистонда 21 август куни таровиҳ ўқилиши бошланади. 22 август куни саҳар саҳарликка турилади. Барча мусулмон биродарларимизни муборак Рамазон ойи билан табриклаймиз ва яхши ўтказиб олишликларини тилаймиз, деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими раҳбари Юсуф Абдураззоқ ҳожи.

Аммо Юсуф Абдураззоқ ҳожидан ўзбекистонлик баъзи муштарийларимизнинг “ҳилол 20 августдан 21 августга ўтар кечаси кўринса-чи?” деган саволига жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Бундай савол эса ўзбекистонлик мусулмонларда ҳар йили пайдо бўлади. Чунки айни минтақадаги қўшни республикалар, масалан, Қирғизистон ва Қозоғистонда рўза тутиш 21 августдан бошланмоқда.

Шунинг учун ўзбекистонлик баъзи мусулмонлар 20 август куни оқшом ҳилолни пойлашга қарор қилган.

- Исломий қоида бўйича Пайғамбаримиз (с.а.в) “Ойга қараб тутинглар” деганлар. Эртага ой кўринса ва буни иккита мусулмон тасдиқласа¸ саҳарликка туриб, рўза тутишга тўғри келади. Оллоҳ буни шундай белгилаган. Бизнинг давлатда тарқатилган тақвимларда 22 август рўзанинг биринчи куни деб берилган. Ўтган жума кунги маърузаларда “Тақвим бўйича белгиланган 22 август биринчи Рамазон куни ҳисобланади ва агар ўзгариш бўлса¸ биз радио ва телевидение орқали берамиз”, дейишди. Бунгача ҳали ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ¸ дейди фарғоналик диндор Аҳмаджон Мадумаров.

Ўзбекистонда бу галги Рамазон ойида рўза тутиш ва шу ой билан боғлиқ бошқа ибодат имконлари, хусусан, Таровиҳ намозларини ўқиш имконияти эса ўтган йилдаги каби.

Яъни Таровиҳ намозларини фақатгина маҳаллий ҳокимиятлар рухсат берган Жомеъ масжидларида ўқиш мумкин. Маҳалла масжидларида, айрим вилоятларда эса жамоат бўлиб, қўни-қўшниникида намоз ўқишга ҳам рухсат йўқ.

Айниқса, Фарғона водийсида бу борада назорат жуда қаттиқ. Фарғоналик Ҳусанбой ҳожи ўтган йили ва яқинда бўлган баъзи воқеаларни ёдга олди.

- Ўқиганларнинг қанчасига жарима солди. Ўқиган болаларни олиб кетиб¸ қамаб қўйиб¸ жарима солган. Уч кунлаб қамаб қўйган. Тўпланиб¸ 20-30 нафар бўлиб ўқиганларга шунақа қилди ўтган йили¸ дейди фарғоналик Ҳусанбой ҳожи.

Худди шундай ҳолатни Жиззахда ҳам кузатиш мумкин. Шунингдек, жиззахлик Қаҳрамон аканинг айтишича, 15 – 18 ёшдан кичикларни Таровиҳ намозлари, умуман, ҳамма намозларда масжидга қўймаслик ҳоллари ҳам кузатилади.

Бу йилдан бошлаб Рамазон ойи ёзга тўғри кела бошлади. Кунлар бироз узун ва бироз иссиқ. Жомеъ масжидлари эса кўпчилик учун бироз узоқ. Фарғоналик Аҳмаджон ака Таровиҳ намозлари бўйича мавжуд тартиб ёши катта намозхонлар учун айниқса қийинчиликлар туғдириши мумкинлигини айтади:

- Жомеъ масжидлар шаҳарнинг бир қанча жойларида, холос. Масалан¸ мен яшаб турган маҳаллада 80 ëшдан ошган тўққизта инсон бор. Шуларнинг ҳаммаси намозга чиқади. 70 ëшдан ошганлар ундан ҳам кўп. 15-16 та чиқади. Энди шу одамлар уч километр узоқдаги масжидга борадими¸ ўйлаб кўринг-чи? Маҳалла масжиди 500-600 метр. Бу томонларини ҳеч ким инобатга олмаяпти-да¸ дейди Аҳмаджон ака.

Жомеъ масжидлари узоқ, маҳалла масжидлари эса ёпиқ.

- Шу боис таъқиқланган бўлса-да, бу йил кўпчилик маҳаллаларда қўни-қўшни йиғилиб, уйларида Таровиҳ намозларини ўқишга мажбур бўлса керак, дейди фарғоналик Ҳусанбой ҳожи.

“Аммо мусулмонлар қаерда бўлса-да, жамоат бўлишдан чўчиб қолишган”, дея хулоса қилган Ҳусанбой ҳожи, йилда бир бор келадиган Рамазон ойида кўпчилик мусулмонлар Таровиҳ намозини жамоат бўлиб ўқишга буюрилгани боис шу каби мушкулликларга чидашга ҳозир эканини айтади.

- Таровиҳни ҳар йили масжидда ўқиймиз. Масжидларимиз ораси уч-тўрт километр. Ҳатм бўлаëтган масжидларда ўқиймиз. Ораси 10 километр бўлса ҳам Рамазон Худо томонидан бир йилда 30 кун берилади. Савобга кўпроқ эга бўлайлик деб, узоқ бўлса ҳам шу ëқларда ўқиймиз. Ҳозир масжидларда ҳам фисқу-фасодлар кўпайиб кетган. Уйда ўқигани жуда яхши. Гўзал бўлади. Битта маҳаллада 20-30 нафар бўлса¸ икки-уч маҳалла жуда чиройли бўлади. Албатта ифтор бўлиши керак. Ифтор бўлса¸ яхши бўлади. Ифтор бўлаëтган уйга давлат одамлари келса¸ “Ифтор бўлаяпти-ю¸ шу ерда ўқиб қўя қол”, дейди. Жарима солмасин, дейди-да. Бўлмаса жарима солиб¸ анча одамларни қийнаб қўяяпти¸ дейди Ҳусанбой ҳожи.

Бу йилги Рамазон ойи аввалида Ўзбекистондаги аҳволга қисқагина назар ташладик.

Энди эса бундан бу ёғига бир неча йил кетма-кет ёз ойларига тўғри келадиган рўза ибодатини бажариш чоғида асли ўзбекистонлик, ҳозир эса муҳожират яшаётган биолог олим Ойдин Солиҳ берган баъзи тавсияларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Ойдин Солиҳ бироз вақт муқаддам “Ҳақиқий тиббиёт” номли китобини чоп этган ва унинг бу китобда битилган очлик билан даволаш услуби нафақат тиббиётчилар, балки оддий китобхонлар орасида ҳам анчагина шов-шувга сабаб бўлганди.

Ойдин Солиҳ илгари сурган даволаш услуби замонавий медицина асрлар давомида асосланиб келган асосий принципларга қарши боради ва ўзи илгари сурган тиббиёт тақдимотини Ойдин Солиҳ: “Замонавий тиббиёт фалсафаси пойдеворидан бошлаб хатога қурилган” деган анчагина дадил фикр билан бошлайди.

“Ҳақиқий тиббиёт”да биолог олим ўз фикрини илмий ва амалий тажриба натижалари асосида исботлаб беришга уринади. Лекин, энг муҳими, унинг таълимоти тўлиқ Ислом дини қонунлари ва пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломдан қолган суннат асосида олиб борилади.

Хусусан, Рўза ибодати ҳақида ҳам Ойдин Солиҳ илгари сурган таомланиш тартиби авваломбор суннатга асосланади. Лекин олима мусулмонларга ёз ойларида инсон соғлиги ва рўза ибодатининг мукаммал ўтиши учун хизмат қилади, дея тавсия этадиган таомланиш тартиби аксар мусулмонларнинг онгига сингиб қолган тушунчаларга мутлақо зид.

Мисол учун, бу йилдан бошлаб Рамазон ёз ойиларига тўғри келгани боис энди рўза тутиш бироз оғир бўлади, дея шаклланган тушунча бор.

Биолог Ойдин Солиҳ фикрича эса, аксинча, ёз ойларида рўза тутиш инсон танаси учун осонроқ, соғлиги учун эса фойдалироқ кечади.

- Аслида рўза инсон соғлигига салбий таъсир кўрсатиши асло мумкин эмас. Чунки рўза инсон организмида иммунитетни мустаҳкамлайдиган энг мукаммал восита, биринчидан.

Иккинчидан, кун қанчалик иссиқ бўлса, танадаги қон ҳам шунчалик иссиқ бўлади. Иссиқ қон эса танада йиғилиб қолган метаболик тиқинларни шунчалик тез эритади. Бундан эса танага фақат яхши бўлади.

Фақатгина, бундай биологик жараён бораётган паллада танада ҳарорат ошгани боис одам ўзини бироз лоҳас ҳис қилиши мумкин. Бироқ бу қўрқинчли эмас, дейди биолог олима Ойдин Солиҳ.

Олиманинг айтишича, агар тўғри саҳарлик қилинса, мана шу лоҳасликни олдини олиб, организм ўзини енгил ҳис қилишига кўмаклашиш мумкин.

- Саҳарликка кўп ва аралаш овқат еганларгина ҳушидан кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун тўғри саҳарлик қилиш керак. Дастлаб, сув ичиш ва сувни шошмасдан, қултумлаб ичиш керак. Кейин эса турли мевалардан тановвул қилиш керак.

Ҳозир ёз, Ўзбекистонда мева-чева сероб. Кейин 10-15 дақиқалик танаффусдан сўнг овқатланиш керак. Овқат имкон қадар бир турли, сабзавотга бой бўлиши керак ва овқатдан кейин асло ширинлик ва мева емаслик керак, дея тавсия қилади биолог олима Ойдин Солиҳ.

Олима ўз сўзига далил сифатида пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳарликда камтаом бўлгани ва таом таркиби одмигина бўлгани ҳақида гап борган кўплаб ҳадисларни тилга олади.

Ифторликнинг тартиби ҳам шундай — аввал сув, кейин мева ва сабзавотлар, кейин эса шом намозини ўқиш учун танаффус ва ундан кейин овқат ейиш керак. Имкон қадар камроқ, аммо организм учун фойдалироқ тартибда таомланишни тавсия қиладиган Ойдин Солиҳ бир кунлик таом порцияси 250 грамм бўлса¸ мақсадга мувофиқ бўлишини айтади.

- Одамларда саҳарликка кўпгина овқат ейилса, рўзани енгил тутиш мумкин, деган нотўғри тасаввур бор. Аксинча, саҳарликка кам ейилса, рўза осон тутилади. Ифторга эса кўпроқ ейиш мумкин, аммо танаффус билан ва тўғри тартибда.

Кейин рўза давомида тана сувсизликдан қийналади, дея шифокорлар берадиган тавсиялар ҳам нотўғри. Инсон организми ўзига зарур бўлган миқдордаги сувни бошқа йўллар билан олади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тутган таомланиш тартиби, яъни овқатни кам ейиш, мевани эса кўп ва таомдан олдин ейиш эса нафақат рўза, балки бутун ҳаётимиз давомида ҳам соғлигимиз учун фойдалидир, дейди бунинг устида йиллар давомида илмий изланиш олиб борган ўзбекистонлик биолог олима Ойдин Солиҳ.

Шунингдек, Ойдин Солиҳ намоз, таҳорат ва ғуслнинг инсон организми учун фойдаси, кун давомида белгиланган намоз вақтлари ва инсон танаси ўртасидаги мувофиқлик, кам таомланишнинг инсон танаси ва руҳияти учун фойдаси, ҳатто рўзанинг ҳомиладор аёллар учун ҳам фойдали жиҳатлари ҳақида ўз илмий ва амалий тавсияларини “Ҳақиқий тиббиёт” деб номлаган китобида батафсил баён этган.

“Ислом ва мусулмонлар”нинг кейинги сонларида олима илмий изланишларининг ана шу жиҳатлари ҳақида ҳам имкон қадар тўхталишга ҳаракат қиламиз ва яна бир бор барчангизни муборак Рамазон ойи билан қутлаймиз!
XS
SM
MD
LG