Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:45

“Сўровларнинг ҳаммаси қоғозда бўлади”


“Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази сўровига мувофиқ, Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликнинг кафолати президент Ислом Каримовдир, деб ҳисоблайди.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази сўровига мувофиқ, Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликнинг кафолати президент Ислом Каримовдир, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисми “мустақиллик йилларида эришилган асосий ютуқ – тинчликдир”, деб ҳисоблайди. Бу “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази ўтказган сўнгги сўров хулосаларидан биридир.

Бир неча интернет нашрларининг Ўзбекистон расмий нашри саналган “Халқ сўзи” газетасига таяниб хабар қилишича, сўров натижалари аҳолининг асосий қатлами сўнгги 18 йил ичида мамлакатда аҳвол ижобий томонга ўзгарди, деб ҳисоблашини кўрсатган.

Сўралганларнинг 95 фоизи Ўзбекистон мустақиллик йилларида иқтисодий, молиявий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан мустаҳкамланди, деган фикрни билдирган. 91 фоизи эса иқтисодий ўсиш суръатидан қониқиш билдирган.

“Ижтимоий фикр” бу каби сўровларни ҳар йилги Мустақиллик байрами арафасида ўтказиб боради ва бу марказ ўтказган сўров натижаларининг холислиги, объективлиги мамлакатдаги мустақил кузатувчилар ва сиёсий таҳлилчилар томонидан ҳар доим шубҳа остига олиб келинади.

Бироқ бу галги сўровнинг бир хулосаси — Ўзбекистонда тинчлик сақланиб тургани аҳоли кенг қатлами орасида мустақиллик йилларида эришилган асосий ютуқ сифатида кўрилгани эътиборни тортди. Ҳар ҳолда, “Ижтимоий фикр” маркази бу хулосани шундай тақдим қилмоқда.

Гарчи, одатан, расмий Тошкент позициясига мос ва раъйига хос сўровларни ўтказгани боис нохолисликда айбланиб, танқид қилиниб келса-да, “Ижтимоий фикр” маркази бу галги сўровнинг шу хулосасида ҳақмикин?” деган фикр туғилади.

Албатта, бу саволнинг жавобига ўтишдан олдин бир жиҳат ойдинлаштириб олинса яхши бўлар эди: “Ижтимоий фикр” марказининг сўровида иштирок этган респондентларга конкрет қандай савол берилди? Мабодо, респодентларга берилган савол аввалдан хоҳланган жавобни тайин қилган саволмасмиди?

Афсуски, “Ижтимоий фикр” маркази вакиллари ва марказнинг интернетдаги веб-сайтидан буни аниқлаштиришнинг имкони бўлмади.

Аммо ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Искандар Худойберганов, савол қандай қўйилишидан қатъий назар¸ респондентларнинг 90 фоиздан ортиғи тинчлик ва барқарорликни биринчи даражага қўйиши тайин гап, деб ҳисоблайди.

- “Энг биринчи навбатда нима?” деб сўраган бўлиши мумкин. Одамлар эса биринчи навбатда тинчлик ва хотиржамлик¸ дейди. Тушунаяпсизми? “Бугунги кундан розимисан ëки йўқми?” деб сўрамайди. Мен энди уларнинг саволларини кўрмаганман. Албатта, ҳамма тинчликни биринчи ўринга қўяди¸ дейди Искандар Худойберганов.

Аммо, Искандар Худойберганов кўра, халқ муҳим деб билган тинчлик бу “Ижтимоий фикр” маркази Ўзбекистон ҳукумати эришган ютуқ, дея тақдим қилган мазмундаги тинчлик эмас.

- “Уруш бўлмасин¸ жанжал бўлмасин¸ қон тўкилмасин” деган маънода айтади биринчи даражада. Кўпчилик тинчлик¸ хотиржамлик деганда кўз олдига бошқа нарсани келтиради. Буни Ўзбекистоннинг ютуғи деб айтиб бўлмайди. Нима, 1991 йилгача нотинчлик бўлганми? “1991 йилгача яхши яшаганмисиз ëки 1991 йилдан кейинми?” деган савол берилса¸ одамларнинг 90 фоизи “1991 йилдан олдин” деб жавоб беришади¸ дейди Искандар Худойберганов.

Фарғоналик иқтисодчи Улуғбек Қорабоев ҳам ўзбек халқи учун тинчлик ҳамиша бирламчи масала бўлиб келганини айтаркан, бугунга келиб ҳукумат халқнинг анаъанавий қадриятларини ҳам ўз ютуғига буриш йўлига ўтиб олди, дея хулоса қилади.

- Кексаларимиз¸ ўрта ëшдагилар “Қанақа шароит бўлса ҳам, Худога шукур, тинчмиз-ку” дейишади. Тинчлик нима - фақат биздами? Тинчлик нима - анқонинг уруғими? Тинчлик ҳамма мамлакатларда бор. Тинчлик Америкада йўқми¸ Европада йўқми? Афғонистон ва Ироқда энди вазият нотинч бўлиши мумкин. Тинчлик ҳаммада бор. Бу биттагина бизнинг президент эришган ютуқ бўлмаса керак, дейди фарғоналик иқтисодчи.

Фарғоналик кузатувчи Шарифжон Шарипов эса ўзбек халқи бугун ҳақиқатда ҳам Ўзбекистонда тинчлик бўлиб турганини муҳим, деб ҳисоблайди деган фикрда.

Унинг фикрича, Ўзбекистон халқи сўнгги 18 йил ичида муттасил ташқи таҳдиддан огоҳлантириб келинмоқда. “Аслида ҳам тинчликка таҳдид мавжуд, аммо бу режимнинг ўзидан келаётган таҳдиддир” дер экан Шарифжон Шарипов, “халқ буни жуда яхши билади ва шунинг учун ҳам тинчлик муҳим дейди”, дея таъкидлайди.

- Ўзимизнинг мавжуд куч ишлатар тизимларимиздан таҳдид бор. Мана, Андижонда бўлган воқеа. Мана, халқни отди. Ўзимизнинг фарзандларимизни¸ ўзимизнинг халқни отди. Ички ишларни кўрсангиз¸ кўчаларда савдогар борми¸ бошқа борми¸ албатта тўсиб¸ тагингизда машина бўлса¸ 200-500 сўм пулингизни олмагунча ўтказмайди. Таможня ҳам шу. “Ваҳҳобий”¸ “террорист” дейишаяпти. Нимагадир одамларимиз қўрқитиб қўйилган. Қозоқда ҳам¸ ўзбекда ҳам¸ тожикда ҳам¸ туркманда ҳам¸ қирғизда ҳам шу аҳвол¸ дейди фарғоналик кузатувчи Шарифжон Шарипов.

Суҳбатдошларимиз фикрича, аслида бугун халқ тилида “Тинчлик-хотиржамлик бўлсин”, деётган бўлса-да, унинг дилида қолаётган ва сўралмаган асосий қайғу тирикчиликдир. Бу фикрда якдил бўлган ҳар уч суҳбатдошимиз “Ижтимоий фикр” марказининг ходимлари халққа берган саволлар орасида бундай жавоб эҳтимоли бўлган савол борлигига шубҳа қилади.

- Ҳозир халқ яшаш учун¸ очдан ўлмаслик учун курашаяпти. Айниқса водийда. Ижтимоий сўровларнинг ҳаммаси қоғозда бўлади. План учун¸ юқоридан сўраб қолса¸ бериш учун бўлади. Юқори ҳам сўрамайди. Бу ҳукуматга ҳам керак эмас. Бу сизларга ўхшаган халқаро ташкилотлар сўровларида иштирок этиб қўйиш учун керак. Буни халққа ҳам эълон қилишмади. Биз эшитмадик, дейди фарғоналик Шарифжон Шарипов.

“Ижтимоий фикр” маркази Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллигига бағишлаб ўтказган сўровидан олинган асосий хулосалардан бири — Ўзбекистонда тинчлик сақланиб тургани аҳоли кенг қатлами орасида мустақиллик йилларида эришилган асосий ютуқ сифатида кўрилмоқда, деган хулоса асосида баъзи тингловчиларимизни суҳбатга тортдик.

Уларга, “Агар ўзбекистонликларнинг асосий қисми мамлакатда тинчлик сақланиб турганини асосий ютуқ, деб билар экан, мамлакат халқида тинчликка таҳдид бор, деган хавотир борми?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Биринчи суҳбатдош:

- Буни энди ҳар ким ҳар хил ўйлайди. Мен тинчлик ҳар доим бўлиши керак деб ўйлайман. Кимдир ўртага тушса¸ жанжал¸ уруш бўлиши мумкин¸худди олдин Фарғонада месхети турклар билан бўлгани каби. Ўзбек халқини ўзингиз биласиз¸ ҳеч кимга тегмайдиган¸ қўйдай¸ биров бир нарса деса¸ хўп деб турадиган халқ. Қорни оч бўлиб юрган ўзбекка уруш қаердан бўлсин. Бир нарса десангиз ҳам “Худога шукур¸ тинчлик бўлсин. Тан-жонимиз соғ бўлсин” дейди. Тинчлик тилайди¸ бошқа қўлидан келадиган нарсаси йўқ.

Озодлик: Нимага тинчлик тилайди? Нима тинчликка таҳдид борми?

- Бу бизларда одат бўлиб қолган бўлса керак. Катталарнинг ҳаммаси ўтирганида биринчи бўлиб “Тинчлик бўлсин¸ уруш бўлмасин. Тинч-омон юрайлик” деб айтади. Билмайман нимага бунақа. Онгига сингиб қолган бўлса керак.

Иккинчи суҳбатдош:

- Ҳар хил одамлар ҳар хил тушунадида буни. Масалан¸ мен бу ерда ҳеч қандай таҳдид бор деб ўйламайман. Ëн-атрофимиздаги қўшнилар аксинча меҳрибон.

Озодлик: Ўзи халқнинг онгида ростдан ҳам бизнинг тинчлигимизни кимдир бузиши мумкин деган хавотир борми йўқми? Нима деб ўйлайсиз?

- Ҳозир бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз “террорист¸ экстремист¸ бошқа” деб бериб ëтишибдику. Қўрқув борда. “Кўрсатди. Фалон ерда портлабди¸ фалон ерда ўлдириб кетибди. Бизга тинчлик керак” деб одамлар ўзларини ўргатиб қўйганда. “Каримовнинг битта ўзи қанақа қилиб курашади? Битта одамнинг қўлидан келмайдида” дейди одамлар. Чунки четда ҳақиқий ахборотни ололмайдида.

Озодлик: Аслида Ўзбекистон тинчлигига реал таҳдид бор деб ўйлайсизми?

- Бу ҳукуматнинг одамларимизни қолипга солиб¸ исканжада ушлаб туриш учун қилаëтган сабаби холос. Ўзи ҳеч қанақа таҳдид йўқ.

Учинчи суҳбатдош:

- Худо билади у ëғини. Сўраган яхшида барибир. Яхши ният¸ ярим мол¸ дейдику ота-бобомиз. Шунақа деб фотиҳа қилишга ўрганиб қолганмизда.

Озодлик: Бир ëқдан келиб турган ëв йўғ-а?

- Йўқ. бунақа нарса ¸Худо хоҳласа¸ бўлмайди.

Тўртинчи суҳбатдош:

- Ўзбекистон шароитини ўзингиз кўриб турибсиз. Ўзбекистонда жанжал чиқмайди. Нимага десангиз ўзбеклар “Кел¸ қўй. Худога шукур¸ эртага бир гап бўлар” деб ўрганиб қолган.

Бешинчи суҳбатдош:


- 90 фоиз таҳдид йўқ. Аввалги таҳдидлар тугади. Ичдан ҳам таҳдид йўқ.

Озодлик: Нима учун халқ ҳали ҳам тинчлик муҳим деб ҳисоблайди? Ëки халқнинг онгида реал хавотир борми?

- Халқнинг онгида эмас бу таҳдид. Ўзи таҳдид ҳам эмас. Линия "Ижтимоий фикр"нинг ўзидан ўтган. Мен ўйлайманки¸ озод ва ҳур сўров институтлари ҳалигача пайдо бўлгани йўқ. Сўровнинг 40-50 фоизига ўзлари хоҳлаган жавобни қўйиб келишади. Ҳамма билади шуни. Ҳамманинг кўзи очиқ. "Ижтимоий фикр"дан келдими¸ кўчада сўров ўтказаяптими¸ демак бу ишончли эмас. Агар сиз Чехиядан ëки Москвадан телефон қилиб сўров ўтказсангиз¸ одамлар бошқача жавоб беради.

Озодлик: Демак¸ сизнинг фикрингизча¸ халқнинг онгида тинчлигимизга таҳдид бор, деган хавотирнинг ўзи йўқ.

- Менимча¸ 90 фоиз одам “тинчликка таҳдид йўқ”¸ дейди. Ëшлардан сўранг. Тушунадиган¸ ўзининг фикрини тушунтира оладиганлардан сўрасангиз¸ ўшалар айтиб беради. Ҳеч қанақа таҳдид йўқ. Ҳамма ëғимиз тинч. Ҳеч ким бизларга таҳдид қилаëтгани йўқ. Биз ҳеч кимга керак эмасмиз. Бу туришда биз ҳеч кимга керак эмасмиз.
XS
SM
MD
LG