Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:57

Мерседесни орзу ҳам қилманг....


Шу пайтгача Ўзбекистонга олиб кирилаëтган хориж автомобилалри учун 100 фоиз бож солинган бўлса¸ 1 сентябрдан бошлаб бу солиқ устига янгилари қўшилди.
Шу пайтгача Ўзбекистонга олиб кирилаëтган хориж автомобилалри учун 100 фоиз бож солинган бўлса¸ 1 сентябрдан бошлаб бу солиқ устига янгилари қўшилди.

Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб бир қатор истеъмол моллари ва хорижий автомобилларга янги бож ставкалари жорий этилди. Ҳозирча божхоначиларнинг ўзи ҳам янги формулани тушунишга қийналмоқда.

Бир килолик чойнак

Ўзбекистонда бож тўлови ундириладиган маҳсулотлар 95 гуруҳга ажратилган. Ўзбекистон президентининг 5 август куни эълон қилинган “Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишга оид қўшимча тартиб-қоидалар тўғрисида”ги қарорига биноан 1 сентябрдан бошлаб, кенг кўламдаги истеъмол моллари ва хорижий автомобилларга янги бож тўлови ставкалари жорий этилди.

2009 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистонда жорий этилган янги бож ставкалари ҳақидаги саволларимизга мамлакат божхона тизимининг ўзини таништиришни истамаган ходими имкон қадар жавоб берди.

Бу борада Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ва расмий сайтидан тўлиқ ахборот ололмаганимиз боис, фақат шу биргина ходим берган жавобларга таяниб, тўртта товар тури — идиш-товоқ, косметик маҳсулотлар, уяли телефонлар ва енгил автомобилга 1 сентябрдан бошлаб солинадиган бож тўловлари ҳажмини чиқардик.

Дастлаб, хорижда харид қилинган ва донаси 1000 ўзбек сўми турадиган битта чойнак ва нархи 1000 ўзбек сўми турадиган 1 литр соч ювиш воситасини мисол қилиб олдик.

Озодлик: 1 сентябрдан бошлаб, бу маҳсулотларга неча пуллик бож солиғи солинади?

- Импорт божи 30 фоиз¸ деб қўйибди. Лекин бу сумма маҳсулотнинг килосига бир доллардан кам бўлмаслиги керак. Дейлик¸ бир килоси 1000 сўм турадиган чойнак. Унинг 30 фоизини ҳисоблаганда, 300 сўм чиқади, тўғрими? Энди килосига бир доллардан кам бўлмаслиги керак, дейилган. Ҳозир бир долларнинг давлат курси 1494 сўм. Демак, биз 1000 сўмлик чойнакдан фоиз солиғи бўлган 300 сўмни эмас¸ 1494 сўмлик хос солиқни оламиз. Агар фоиз солиқ кўп бўлганда¸ шу фоиздагини олардик.

Озодлик: Лекин, чойнакни, мисол учун, эгаси Қозоғистондан килолаб сотиб олмаганку¸ доналаб сотиб олган. Бунинг фарқи йўқми?

- Фарқи йўқ. килодан олинади.

Озодлик: Нимага донадамас, килодан?

- Идиш-товоқларга шунақа тартиб жорий қилинган бизларда. Ўзбекистон республикасида Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси деган ҳужжат бор.

Озодлик: Тиш пастаси ва шампунларга ҳам килолаб ўлчанади, шекилли. Айтайлик, бир литрлик шампунни 1000 сўмга олдик. 30 фоизи 300 сўм бўлади. Демак, бу сумма бир доллардан кам бўлганлиги учун, бундан ҳам 30 фоизлик солиқ эмас, бир долларлик солиқ олинади-а?

- Ҳа¸ шунақа.

Озодлик: Демак¸ 1000 сўмга олинган бўлса¸ солиғи билан 2494 сўмга тушадими?

- Ҳа, дейди божхона ходими.

Божхона ходимининг сўзларидан хулоса қиладиган бўлсак, маҳсулотга аввал белгиланган 30 фоизлик адвалор ставка, яъни, товарнинг божхона белгилаган қийматидан ундириладиган фоизлик солиқ сақлаб қолинади. Ўша фоизлик солиқ миқдори, масалан, килолаб солиқ солинадиган маҳсулотларнинг ҳар килосига 1 АҚШ долларидан кам бўлмаслиги керак. Агар кам бўлса, фоизлик солиқ эмас, балки 1 АҚШ доллари миқдорида солиқ ундирилади.

Божхоначининг ҳисоб-китобига кўра, мисол учун, шу кунларда 1000 ўзбек сўмига хориждан сотиб олинган 1 литрлик шампун – бож тўловлари ундирилганидан сўнг, тахминан, 2494 сўмга тушаяпти.

43 долларлик уяли телефон

Энди эса 1 сентябрдан бошлаб, уяли телефондан ундириладиган бож тўловини ҳисоблаймиз.

Озодлик: “Panasonic” русумли ўртамиёна, нархи 43 доллар бўлган уяли телефон учун қанча бож тўлови ундирилади?

- Бизларда “таможенная стоимость” деган нарса бўладику. "Panasonic" цифровой телефони 43 доллару 65 цент. Уни доллар курсидан ўзбек сўмга ўгирсак, 65 минг 221 сўм бўлади. 65 минг 221 сўмдан 30 фоизини топамиз. 19 минг 563 сўм чиқди. 15 доллар эса 22 минг 410 сўм бўлади. Демак, биз 15 долларлик хос ставка асосида солиқ оламиз.

Озодлик: Демак¸ 43 доллар 65 центлик нарх устига 15 доллар қўшилади-а?

- Ҳа.

Озодлик: Эгаси ичкарига киргандан кейин телефонни 58 доллардан қимматга сотадида.

- Устига беш фоиз қўядими¸ 10 фоиз қўядими уни мен билмадим¸ дейди божхона ходими.

Демак, 43 АҚШ долларилик ўртамиёна уяли телефон бож тўловларидан сўнг эгасига 58 долларга тушади. Эгаси эса бунинг устига 5-10 фоиздан бошлаб, у ёғи инсофи кўтаргунича устама қўйиб сотаверади.

10 минг долларлик мерседес

Энди эса 1 сентябрдан бошлаб, енгил автомобилдан ундириладиган бож тўловларини ҳисоблашга уринамиз. Дарҳол айтиш керак, бу жуда мурккаб ҳисоб-китоб.

Озодлик: Мисол учун, 10 000 АҚШ доллари турадиган “Мерседес-Бенц 190” русумли, 2003 йилда ишлаб чиқарилган автомобилдан неча пуллик бож ундирилади?

- Машинага 20 фоиз импорт божи қўйилади. Бундан ташқари двигателнинг ҳар куб сантиметрига икки ярим доллардан яна қўшимча ҳақ олинади. Эски машина бўлгани учун ҳам фоиз солиғи¸ ҳам бунинг устига икки ярим доллардан двигателнинг ҳар куб сантиметри учун солиқ олинади.

Озодлик: 10 000 долларлик тўрт йил минилган Мерседес неча пулга тушади?

- Бизда тўловнинг тури кўп. Божхона расмийлаштируви учун 0¸2 фоиз йиғим ундирилади. НДС 20 фоиз. Яна импорт божи¸ акциз солиғи бор. Ҳозир ундириладиган учта тўлов ундируви бор.

Озодлик: Шундай экан, жами ҳисоблаганда 10 000 долларлик машинага неча пул ундирилади?

- Эски машина 10 000 доллар бўлса¸ яна шунча тўлайсизда. Машинага аралаш солиқ қўлланадида. Буни қоғозга ëзиб тушунтирмаса¸ қийинда бу¸ дейди божхона ходими.

Ҳатто, божхона хизматининг тўловлар бўлимида ишлайдиган мутахассис ҳам нархи ва русуми конкрет бўлган енгил автомобил учун 1 сентябрдан бошлаб жорий этилган янги ставкалар асосида ундириладиган бож тўлови миқдорини аниқ ҳисоблаб бера олмади.

Тушунганимиз шу бўлдики, мисол учун, 10 000 АҚШ доллари турадиган “Мерседес-Бенц 190” русумли, 2003 йилда ишлаб чиқарилган автомобилни Ўзбекистонга олиб киришда ундириладиган бож тўловлари бундай:

- 0.2 фоизлик божхона хизмати учун тўлов;
- 20 евро гувоҳнома учун тўлов;
- 20 фоизлик импорт божи учун тўлов;
- 20 фоизлик НДС солиғи учун тўлов;
- Камида 2 АҚШ доллари миқдорида двигатель ҳажмининг ҳар куб сантиметри учун тўланадиган акциз солиғи.

Ана шу тўловларни энди эринмасангиз, ҳисоб-китобга уста бўлсангиз, қўшиб-кўпайтириб, 10 000 АҚШ доллари турадиган автомобил Ўзбекистон чегарасидан олиб кирганингиздан кейин неча пулга тушиши мумкинлигини ҳисоблаб олишингиз мумкин.

Аммо бу тўловларни қўшиб-чатишда қўллайдиган камида тўрт усул бор ва бу усулларда қўлланадиган бир-биридан мураккаб формулалар бор. Бу формулаларга солинса, балки бизнинг оддий арифметикага асосланиб чиқарган рақамимиз яна-да ошиб кетар. Чунки, бу формулаларда фақат қўшув-кўпайтирув белгиларига кўзимиз тушди, айирув белгиларига эмас.
XS
SM
MD
LG