Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:42

Масжидда ифторлик бериш фазилатлари


Имомларнинг таъкидича¸жамоа бўлиб ифторлик қилиш мусулмонлар ўртасидаги меҳр-оқибатни кучайтиришга хизмат қилади.
Имомларнинг таъкидича¸жамоа бўлиб ифторлик қилиш мусулмонлар ўртасидаги меҳр-оқибатни кучайтиришга хизмат қилади.

Мусулмонларнинг муқаддас рамазон ойида аксар мамлакат масжидларида рўзадорлар учун ҳар оқшом ифторлик дастурхони ëзилади ва бу дастурхон атрофида бойу камбағал бирдек тановул қилади. Айтишларича¸ Ўзбекистондаги айрим масжидларда бу анъана буткул йўққа чиққан бўлса¸ бошқаларига у секин-аста қайтмоқда.

Барчангизга яна бир бор Рамазон ойи муборак бўлсин!

Бугунги эшиттиришимизда суҳбатлашадиган мавзуимиз ҳам бевосита Рамазон ойи билан боғлиқ. Шу кунларда дунёнинг аксар давлатларидаги масжидларда рўзадорларга ифторликлар қилинмоқда.

Хусусан, Озодлик таҳририяти жойлашган Чехия республикаси, Чехияга қўшни бошқа Ғарб давлатларидаги масжидларда мусулмонларга йирик-йирик ифторликлар уюштирилмоқда.

Ана шу ифторликларни кузатар эканмиз, бу ҳолни Ўзбекистон билан қиёсладик ва аниқладикки, бу йил баъзи вилоятлардаги масжидларда ифторликлар қилинмоқда. Ўтган йили Рамазон ойида ёпиқ турган кичик масжидларни очишга ҳам рухсат берилган ва у масжидларда ҳам таровиҳ намозлари ўқилмоқда.

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бугунги сонида мана шу янгиликлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Дастлаб, 10 йилдан буён Рамазон ойида рўзадорларга ифторликлар уюштирилаётган Чехиядаги “Ислом маданият маркази” ва Жомеъ масжиди имоми Саъдетдин Хўжани суҳбатга тортдик.

Имомнинг сўзларига кўра, бу йил ҳам ифторликлар Рамазон ойи аввалидан буён ҳар кун узлуксиз берилмоқда. Ифторликлар рўзадорларга ифтор қилиб беришни истовчилар берган эҳсон ҳисобидан ташкил қилинмоқда.

Саъдетдин Хўжа масжидларда ифторлик беришнинг фазилати катта, дейди.

- Масжидда ифтор бериш мусулмонларни бир-бирига нисбатан меҳр-оқибатга, ҳурмат ва иззатга чақирадиган тадбирдир.

Иккинчидан, йилда фақат бир бор келадиган Рамазон ойида ифтор берган одам катта савоб қозонади. Агар бир ярим дона хурмоингиз бўлса, шунинг бирини рўзадорга ифтор қилиб беринг, бу сизни жаҳаннам азобидан қўриқлайди, дейилади.

Шу боис, мусофирчиликда юриб, шундай савобни олишни истаганлар учун ҳам масжидларда ифтор ташкил қилиниши қулай имкондир, дейди Чехиядаги масжидлардан бирининг имоми Саъдетдин Хўжа.

Имомга кўра, Ғарб давлатларида масжидларда ифтор берилишининг мусулмонлар учун яна бир афзаллиги бор.

- Дунёнинг турли давлатларидан келган мусулмонлар учун мусофир юртда бошқа мусулмонлар билан танишиш, дўстлашишнинг қулай имкони бу. Ибодат вақтида фақат ибодат қилишса, Рамазон ойидаги ифторликлар вақтида эса янада яқинроқ танишиш, фикр алмашиш, иймонлашиш имконлари кенгаяди. Бу жуда яхши, дейди суҳбатдошимиз.

Ғарб давлатларида Туркия, Араб ва Африка давлатлари, Эрон, шунингдек, баъзи давлатларда Ўзбекистондан борган мусулмонлар диний жамоаларининг ҳам ўз масжидлари бор.

Бу масжидларда шу кунларда узлуксиз ифторликлар берилмоқда. Бугунги эшиттиришни тайёрлаш асносида аниқлашимизча, бу йилги Рамазон ойида Ўзбекистоннинг баъзи вилоятларида масжидларда ҳам ифторликлар берила бошлаган.

Жумладан, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшайдиган бир суҳбатдошимиз ўтган йили кузатилмаган бу ҳол бизга янгилик бўлди, дейди.

- Олтиариқ Жума масжидида бўлди. Маҳалладан асосан ëш катталар боришди. Ëшлар боргани йўқ.

Озодлик: Ифторни ким берди? Битта-яримта маҳалладаги одамми ëки бирор бир ташкилотми?

- Ҳар битта қишлоқнинг пули кўп инсонлари бўладию. Ўшаларнинг ташаббуси билан қилинди. Ҳеч қанақа ташкилот қилиб бергани йўқ.

Озодлик: Ўзи ифтор ҳар йили масжидларда бўлиб турадими?

- Ҳар йили бўлмас эди. Бу йил бўлди. Ифторлик бўлганда билдик буни. Ҳамма ўша ëққа қараб оқди¸ дейди Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшайдиган бир суҳбатдошимиз.

Фарғоналик яна бир суҳбатдошимиз Аҳмаджон Мадумаровга кўра, собиқ совет замонларида Марғилон шаҳрида мавжуд икки масжидга катта-катта ифторликлар берилган.

Аҳмаджон Мадумаров: Мустақиллик бошланган пайтда жуда катта ифторликлар ташкил қилинган. Шаҳарнинг ҳокимлари қатнашган. Ҳокимлар¸ прокурорлар намоз ўқишган. Ҳозир бирор прокурор ëки ҳоким намоз ўқиб кўрсин¸ нима қиларкан. Мустақиллик бошланганида¸ жуда катта ифторликлар берилган. Ҳозир ҳам ифторликлар бор.

Озодлик: Ифторга 100 тача одам келадими?

- Йўқ¸ энди 20-30 нафар одам чиқади. Ҳар ëқдан келган мусофирлар келади¸ дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Фарғоналик суҳбатдошимиз Аҳмаджон Мадумаров сўзларига кўра ҳам масжидларда ифторликлар берилмоқда, аммо, кичикроқ давраларда.

Бироқ, шунда ҳам бу давраларда расмийлар, амалдорлар ва ёшлар деярли йўқ, дейди суҳбатдошларимиз.

Уларнинг аксарияти бошқа мусулмон давлатларидаги каби Ўзбекистондаги масжидларда ҳам катта-катта ифторликлар бўлиши тарафдори.

Жумладан, Макка шаҳрида берилган ана шундай ифторликларда қатнашган бошқа бир суҳбатдошимиз Ҳусанбой ҳожи Ўзбекистондаги масжидда ифтор берилганини эслай олмади.

- Шу кунларгача масжидларда ифтор берилгани йўқ ҳали. Масжидларда ифтор беришмайди. Ифтор берсаку¸ яхши бўлади. Масжидларда ифторлик бор¸ деб эълон қилиб¸ берса¸ яхши бўларди. Ночорлар¸ муҳтожлар кириб оғиз очади. Рўзадор бўлмаса ҳам оғиз очишга келса¸ ифтор берганга савоб тегаверади. Уни шаҳарда яшаëтган ўзига тўқлар берса ҳам бўлади. Раҳбарлар¸ ҳокимиятдагилар уюштириб берса бўларди. Ҳар кун бериш керак ифторликни. Бизда ҳозир у нарсалар йўқ. Масжиддан ҳайдаша олмаяпти¸ қанақа қилиб жалб қилишади. Масжидга ëшларни киргизмасдан¸ мактаб ўқувчиларини ҳайдаяптию ҳозир¸ дейди фарғоналик суҳбатдошимиз Ҳусанбой ҳожи.

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бугунги сонини тайёрлаш жараёнида Фарғонанинг Олтиариқ туманидан яна бир хабар ҳам олдик.

Олтиариқлик суҳбатдошимизга кўра, Олтиариқда ўтган йили ёпиқ турган маҳалла масжидлари бу йил очилган ва Жомеъ масжидлари билан бирга маҳалла масжидларида ҳам таровиҳ намозлари ўқилмоқда.

- Маҳаллада ҳам очиқ. Олтиариқнинг марказида халқ кўпда.

Озодлик: Жомеъ ҳам ишлаяпти¸ маҳаллаларнинг кичкина масжидлари ҳам ишлаяпти-а?

- Ҳа. Бизнинг маҳалланинг икки юзи бор. Бир юзи жомеъ масжидига чиқади¸ бир юзи маҳалла масжидига чиқади.

Озодлик: Кичкина масжидлар ҳар йили ва ҳар доим очиқми?

- Йўқ. Ўтган йил ëпиқ эди. Бу йил йўл берилди бу нарсаларга. Ўтган йили ҳар доим бир жойда ўқиларди.

Озодлик: Мана шу Рамазонда очишдими?

- Шунақа шекилли. Ҳозир ҳамма масжидларимиз¸ Худога шукур¸ ишлаяпти¸ дейди олтиариқлик суҳбатдошимиз.

Масжидларда ифтор берилмоқда, маҳалла масжидлари ҳам очилди, деган хабарларни ҳозирча фақат Фарғона вилоятининг баъзи туманларидан олдик, холос. Республиканинг бошқа вилоятларида бу борада аҳвол ўзгаргани ҳақида бизда ҳозирча хабар йўқ.

Бизга маълум аҳвол эса шуки, аксар вилоятларда маҳалладаги кичик масжидлар ёпилган. Фақат ҳукумат рухсат берган Жомеъ масжидларигина ишламоқда ва таровиҳ намозларини ҳам фақат аввалдан рухсат этилган масждирлардагина ўқишга рухсат бор.

Фарғонадан бошқа вилоятларда масжидларда ифтор берилаётгани ёхуд аввал берилгани ҳақида ҳам бизда маълумотлар йўқ.

Биз бугунги эшиттиришимизни тайёрлаш асносида Обид қори Назаровни суҳбатга тортиб, аввало, масжидларда ифторлик берилиши ҳақида суннийлик мазҳабида айтилган ҳукмлар ва умуман, масжидларда ибодатдан бошқа қилиниши мумкин бўлган амаллар ҳукми ҳақида ҳам сўрадик.

Боиси, кўпгина мусулмон давлатларида масжидларда ифторлик берилиши билан бирга диний жамоаларнинг бошқа тадбирлари ҳам ўтказилади. Бундан ташқари, кўпгина давлатларда масжидлар мусофирхона вазифасини ҳам ўтайди. Катта-катта шаҳарларда эса намоздан аввал масжидга кирган мусофир намозхонларнинг бирозга ёнбошлаб, мизғиганига кўзингиз тушиши мумкин.

Аммо Ўзбекистонда, аксар суҳбатдошларимиз фикрича, масжидлар фақат намоз вақтида жамоат кириши мумкин бўлган ибодат маскани вазифасини ўтамоқда, холос ва бу намозхонларнинг масжидга бундан ортиқ эҳтиёжи йўқлигидан эмас, балки диндорлар ўртасида ҳам масжид фақат шу вазифанигина ўтайди, масжидда бошқа амаллар нотўғри, дейилган тасаввурнинг борлиги билан боғлиқ.

Обид қори Назаров шу ҳақдаги саволимизга ҳам жавоб берди.

Обид қори Назаров: Масжидда асосан Оллоҳга ибодат қилинади. Масжид Оллоҳга ибодат қилиш учун қурилади. Лекин шу билан бир қаторда инсон ўзининг йўл йўлакай¸ кундалик баъзи бир сўзларини масжидда гаплашиш жоиз. Пайғамбаримиз (с.а.в) даврларида мусулмонлар йиғиладиган ягона жой масжид бўлган холос. Ҳамма нарса масжидда бўлган. Бунинг орасида масжидга меҳмонлар¸ муҳтожлар келган. Ана шуларнинг ҳаммасига масжидда муомала қилинган. Баъзан ўша ерда овқатланишган пайтлари ҳам бўлган. Масжидда муҳтожлар ëтиб қолган.

Аҳлиссуффа деган ҳаммага танилган инсонлар бўлишган. Яъни борар жойи йўқ¸ қариндошлари¸ ҳеч кими йўқ¸ камбағал¸ муҳтож мусулмонлар масжидни ватан тутиб¸ то ўзларининг иши юришиб кетгунга қадар ëтиб қолишган. Мана шулардан келиб чиққан ҳолда айтиладики¸ масжиднинг обрўсига путур етказмайдиган баъзи дунëвий характердаги ишларни бажарса бўлади ва буни масжиднинг раҳбари¸ имоми билан келишга ҳолда амалга ошириш керак. Ифторлик бериш жоиз ëки кимдир у ерда дам олмоқчи бўлса¸ у ҳам жоиз.

Озодлик: Сиз ўзингиз билган тажрибалардан қайси мамлакатлардаги масжидларда ифтор берилади? Ўзбекистонда йўқ¸ буни биламиз.

Обид қори Назаров: Ҳозир ахборотларда Бишкекда шу нарса йўлга қўйилганини айтишаяпти. Сиз ўзингиз ҳам Европадаги баъзи масжидларда шундай нарса борлигини айтаяпсиз. Мусулмон мамлакатларида бу нарсалар аввалдан мавжуд. Масалан¸ ҳамма учун маълум ва машҳур бўлгани иккита муқаддас масжидда Рамазоннинг бошидан охиригача ифторлик бўлади. У ерда одамлар навбат билан жойларни бўлишиб олишади. Иккита муқаддас масжид деганимиз Маккадаги Каъба масжиди ва Мадинадаги Пайғамбар (с.а.в) масжидлари.

Озодлик: Умуман олганда масжидда ифтор берса яхшими ўзи?

Обид қори Назаров: Масжидда ифтор бериш ҳар бир замоннинг ўзига хос ҳолатидан келиб чиқиб гапириладиган бўлса¸ бирга ўтириб таомланиш¸ бирга ўтириб суҳбат қилиш бу дўстлик¸ биродарлик аломати саналади. Одам ëқтирмаган одами билан бирга ўтириб овқат ея олмайди. Бир дастурхон атрофига жам қилиш дегани инсонларнинг қалбларини¸ кўнгилларини ўзаро бир бирига боғлаш дегани. Шу жиҳатдан олганда масжидларда бериладиган ифторликлар халққа ҳам¸ динга ҳам фойдаси бор нарса.

Озодлик: Бу масалани Ўзбекистон билан боғлашга мажбурмизда. Ўтган йил мен ўзим эшитдим. Бир одам пешин намозидан бир соат олдин масжидга кириб¸ озгина ëнбошлаб¸ ухлаб қолибди. Сазойи қилишмаптию¸ шунга яқинроқ қилиб уришиб¸ “Масжид ухлайдиган жой эмас” дейишипти. Нимага оддий диндорларда¸ масжид имомларида¸ масжидга намоз ўқишга келиб кетадиган кексаларда ҳам шунақа қарашлар бор?

- Қавмнинг ëки оддий одамларнинг тушунчалари¸ фикрлашлари раҳбарларнинг¸ бошлиқларнинг тушунчаларидан келиб чиқади. Одамлар ўшаларга эргашади. Ўзбекистондаги сиëсат динга тескари сиëсат бўлгандан кейин одамлар¸ айниқса оддий одамлар ўшанга мослашиб қолишади. Оддий одамлардан ўпкаламаса бўлади.

Масжидларнинг обрўйи¸ уларнинг шон-шавкатининг кўтарилишга сабаб бўладиган ҳар қандай иш Ўзбекистонда қораланади. Масалан¸ ҳозир болаларнинг масжидга келишини уялмасдан қоралашаяптику. Холбуки¸ саҳобалар болаларни масжидга олиб боришган¸ намозни ўргатишган¸ рўзани ўргатишган. Ҳозир бўлса¸ ҳукуматга ëқмагани учунгина масжиддан болаларни ҳайдашаяпти. Шунга ўхшаб масжидда ухлаб қолса ëки ўтириб овқат еса¸ албатта улар жиноятга айлантириб юборади. Бу юқорининг тескари тушунчасидан келиб чиқаëтган тескари хулосалар¸ дейди Обид қори Назаров.
XS
SM
MD
LG