Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:32

Ўшда гимназистлар митингга чиқди


Ўш шаҳар ҳокимиятининг янги ўқув йилидан айрим мактаб директорларини ротация қилиш тўғрисидаги қарори айрим мактаб жамоалари ва ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўш шаҳар ҳокимиятининг 8 сентябр куни бўлиб ўтган коллегиясида қабул қилинган қарорга мувофиқ, шаҳардаги 8 та ўрта таълим мактаби директорлари алмашадиган бўлди.

Ўш шаҳар ҳалқ таълими бошқармасининг раҳбари Абдували Болтабоев қарор шаҳар аҳли талаби билан қабул қилинганини айтади.

- Фуқароларимиз: “Баъзи мактаб директорлари 10, 15, 20 йилдан буён бир ерда ишлайди, уларнинг ҳеч қаерга силжигиси келмайди ёки ротация бўлмайди. Нима учун? Улар бу мактабни хусусийлаштириб олганми ёки коррупция томирини ёйдириб, шу мактабдан кетишни истамайдими?” дейишмоқда, деди Абдували Болтабоев.

Маълум бўлишича, мактаб раҳбарларининг кўпчилиги шаҳар ҳокимияти қарорига розилик билдирган. Бироқ айрим мактабларнинг ўқитувчилари ҳокимият қарорини ўйламай босилган қадам сифатида баҳоламоқдалар.

Масалан, Ўшдаги Горкий номли гимназия мактабининг ота-оналар қўмитаси, ўқитувчилари ва ўқувчилари мактаб директорини ўз ўрнида қолдириш талаби билан мактаб биноси қошида норозилик акцияларини ўтказдилар.

Мактаб ўқитувчиларига кўра, ротация тўғрисидаги қарорнинг ўқув йили бошланганида қабул қилингани ўқув жараёнига, белгиланган иш режаларига салбий таъсир кўрсатмоқда:

- Биз янги иш режалари билан ўқув йилини бошладик. Ҳозирда бўлаётган ишлар ўқув режаларимизни орқага сураяпти. Биз ҳокимиятдан, шаҳар халқ таълими бошқармасидан директоримизни ўз ўрнида қолдиришини сўраймиз, дейди мактаб ўқитувчиларидан бири.

Норозилик намойишида ота-оналар, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар вакилларидан иборат юздан зиёд одам иштирок этди.

Митингда иштирок этган айрим ота-оналар мактаб раҳбари ўз ўрнида қолмаса, ўз фарзандларини мактабга жўнатмасликларини маълум қилишди:

- Биз катталарнинг буйруғига қаршимасмиз. Улар ҳам буйруқни билиб туриб чиқаргандир. Бироқ бизга бошқа директорнинг кераги йўқ. Негаки келаётган янги директорнинг ўз мактабидаги шароитини яхши биламиз. Ўқувчилари қолоқ, мактабда ўзлаштириш жуда суст. Бундай ўқитувчининг бизга нима кераги бор? Бизга ҳам талабчан ўқитувчи керак, билими боламиздан паст одамнинг кераги йўқ, деди норозилик намойишида иштирок этган ота-оналар қўмитаси раиси Манзурахон Нишонова.

Бироқ шаҳар ҳалқ таълими бошқармаси раҳбари Абдували Болтабоев бундай намойишларни ноқонуний, деб ҳисоблайди ва ротация ишлари тўхтатилмаслигини айтади:

- Биз барибир мактаб раҳбарларини алмаштирамиз. Чунки бу қонунан белгиланган, қарор эса бажарилиши керак. Шунингдек, мактабларда ротация ўтказилишини қўлловчи халқнинг фикри ҳам инобатга олиниши керак, деди Абдували Болтабоев.

Ўш шаҳар ҳокимияти қарорига мувофиқ, гимназия мактабидан бошқа мактабга директор этиб тайинланган Муҳаммаджон Охунов ҳокимият қарорини қўллашини айтар экан, айни пайтда норозилик намойиши иштирокчиларининг талаблари ҳам ўринли эканини айтади.

- Янги келадиган раҳбар мана шу мактабнинг спецификасини, структурасини, ўқув процесини яхши биладими, йўқми? Тўғри, директорлар тажрибали ва олий маълумотли. Лекин гимназия мактаблари, лицейлари ёки бошқа профилда ишлаётганларнинг бошқа ўзига хос томонлари бор. Ота-оналар шундан хавотирда, деди Муҳаммаджон Охунов.

Олинган расмий маълумотларга кўра, шаҳардаги мактаблар билан бир қаторда болалар боғчаларида ҳам ротация ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдували Болтабоевга кўра, бу тадбирлар таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва болаларнинг билим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган.

Бироқ маҳаллий кузатувчилар фикрича, таълим муассасалари раҳбарларини ишдан бўшатиш ва унинг ўрнига янги раҳбар тайинлаш жараёни аксинча маориф соҳасида порахўрликни авж олдириб юбориши мумкин. Уларга кўра, айни ҳолда яхшироқ мактабга ўтишни истаган директорликка даъвогарлар шаҳар таълим бошқармасидаги мутассаддиларга пора беришга мажбур бўладилар.
XS
SM
MD
LG