Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Ўзбекистон АҚШ армияси учун бозор бўлиши мумкин


АҚШ генераллари¸ Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари учун таъминот молларининг Марказий Осиëдан ўтиши минтақадаги қадим тижорат йўлларини қайта ривожлантириши мумкинлигини айтмоқдалар.
АҚШ генераллари¸ Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари учун таъминот молларининг Марказий Осиëдан ўтиши минтақадаги қадим тижорат йўлларини қайта ривожлантириши мумкинлигини айтмоқдалар.

АҚШ армияси Афғонистондаги ҳарбийлари учун зарур озиқ-овқат ва қурилиш маҳсулотларини Ўзбекистондан сотиб олишни режалаштираяпти. Бу ҳақда Озодликка АҚШ армиясининг таъминот масалалари бўйича энг юқори мартабали мулозими маълум қилди.

АҚШ расмийларига кўра, шу йўл билан ноҳарбий маҳсулотларни Европадан ташиб келиш сарф-xаражатлари камайтирилади ва маҳаллий ишлаб чиқариш ривожлантирилади.

Бугунги кунда Афғонистонда АҚШ аскарларининг сони 62 минг атрофида. Бундан ташқари Афғонистонда 35 мингга яқин НАТО ҳарбийлари ҳам бор. Уларнинг таъминоти асосан Покистондаги Ҳайбар довони орқали амалга оширилади. Бироқ бу йўналишда толибон жангариларининг ҳужумлари кўпайгани туфайли АҚШ Транспорт қўмондонлиги "Шимолий таъминот тармоғи"га кўпроқ аҳамият қарата бошлади.

“Шимолий таъминот тармоғи” деб номланган йўналиш АҚШ ва истиқболда НАТО ноҳарбий юкларини темир йўл орқали Европадан Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга¸ сўнгра юк машиналарида Афғонистонга етказиб беришни назарда тутади.

Ушбу йўналишдан фойдаланиш бошланганидан бери Афғонистон шимолида толибон жангариларнинг фаоллашгани кузатилаётган эса-да, "Шимолий таъминот тармоғи” энг хавфсиз таъминот йўли бўлиб қолмоқда. Аммо расмийларнинг эътирофича, ушбу янги транспорт коридори ҳам режалаштирилган каби самара бермаëтир.

Бунинг сабаблари билиш учун Озодлик АҚШ армиясининг таъминот масалалари бўйича энг юқори мартабали мулозими АҚШ Транспорт қўмондонлигининг Стратегияс, сиёсат, дастурлар ва таъминот бўйича директори Мишел Жонсон билан суҳбатлашди. Мишел Жонсон ўз гапини янги йўналиш аҳамиятининг ортиб бораётганини таъкидлаш билан бошлади.

- Биз турли сабабларга кўра доимо янги таъминот имконларини қидирамиз. Айниқса¸ Марказий Осиё орқали. Биз тижорий йўналиш орқали Болтиқ давлатларидан Афғонистонга юк ташиш имконияти пайдо бўлганини юқори қадрлаймиз. Бу йўналишдан ташқари Кавказ орқали ҳам таъминот йўналишимиз бор. Биз озиқ-овқат ва қурилиш маҳсулотларини мавжуд тижорат йўллари орқали ташимоқдамиз.

- Озодлик: Ҳозирча, "Шимолий таъминот тармоғи" муқобил бир таъминот йўналиши бўлиб қолмоқда. Сизнингча, маълум вақтдан кейин бу йўналиш асосий ўринни эгаллаши мумкинми?

- Мишел Жонсон: Бу йўналиш орқали ташилаётган маҳсулотлар ҳажми ортиб бормоқда. Биз ушбу йўналишдаги давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлик бошлаётганимиздан хурсандмиз. Маҳсулотларнинг бир қисмини транзит давлатларидан сотиб олиш орқали уларнинг иқтисодиётларига кўмак кўрсатиш ниятидамиз. Тушган даромадларни улар ўзларидаги ишлаб чиқаришга инвестиция қилишлари мумкин бўлади. Биз юкларни Ҳайратон кўпригидан Мозори Шарифга етказиб беришда ёрдам бераётгани учун Осиё тараққиëт банкидан минатдормиз.

"Шимолий таъминот тармоғи" Афғонистондаги йўлларга уланади. Бу эса Афғонистоннинг ривожланиши ва 100 йиллар давомида ушбу минтақада мавжуд бўлган тижорат йўлларининг қайта тикланишига ўз ҳиссасини қўшади. Бугунги кунда ушбу йўналишдаги барча давлатлар билан зўр ҳамкорлик қилаяпмиз ва минглаб контейнер юкларни Афғонистонга етказиб бермоқдамиз.

- Озодлик: Март ойида бўлиб ўтган Сенат эшитувлари давомида АҚШ Транспорт қўмондонлиги раҳбари генерал Данкан МакНаб "Шимолий таъминот тармоғи" орқали кунига юзлаб контейнерларнинг олиб ўтилишини башорат қилган эди. Бироқ амалда бундай бўлмади ва маълумотларга кўра, бу йўналишда кунига ўнга яқин контейнер олиб ўтилади. Бу дастлабки башоратларнинг оқланмаганини англатадими?

- Мишел Жонсон: Ўтган икки ой давомида ушбу транзит йўли орқали ҳафтасига 200 та контейнер олиб ўтилди. Ҳозирда 2500 контейнер йўлда келмоқда. Генерал МакНаб ҳафтасига 300 контейнерни ўтказиш ҳақида гапирган эди ва менимча бунинг уддасидан чиқамиз. Ҳозирга қадар Афғонистонга 3000 контейнер етказиб берилди. Бир йил давомида амал қилаётган ушбу янги йўналишда қилган ишимизни жуда юқори баҳолаган бўлар эдим.

- Озодлик: АҚШ Транспорт қўмондонлиги мазкур йўналишда ҳеч қандай қўшимча йўллар қуриш лозим бўлмаслигини айтган эди. Аммо экспертлар фикрича, Термиздаги Ҳайратон кўприги орқали сиз режалаштираётган юклар ҳажмини олиб ўтиш имконсиздир. Мазкур йўналишдаги тўсиқлардан бири эмасми бу? Кўприкни қайта таъмирлаш ниятингиз йўқми?

- Мишел Жонсон: Одамлар тўсиқларни турлича тушунадилар. Биз буни муаммо¸ деб ҳисоблаётганимиз йўқ. Биз фақат мавжуд транспорт инфратузилмаларидан фойдаланаётганимизни таъкидлаймиз. Агар ривожланиш ташкилотлари бу йўлларни яхшиламоқчи бўлса¸ марҳамат деймиз. Ҳозирча АҚШ бу йўналишни ўзи ёлғиз ишлатмоқда.

- Озодлик: Лекин бу йўналиш имкониятларига ортиқча баҳо бериб юбормадингизларми? Кузатувчилар¸ транзит йўли ўтаётган давлатларда сиёсий таҳдидлар ва коррупция жуда кучли эканини айтишади.

- Мишел Жонсон: Мен бу йўналиш ҳақиқатдан ҳам мураккаб эканини тан оламан. Зотан биз юкларимизни мустақил давлатлар чегаралари орқали олиб ўтяпмиз. Ҳар бир давлатда ўзига хос бюрократия бор. Лекин юкларимизни етказиб бераётган ва биздан аввал ҳам бу йўналишда ишлаган тижорий компаниялар ишимизни осонлаштирмоқда. Улар маҳаллий одатлар ва ҳукуматлар табиатини яхши билади.

- Озодлик: Сиз билан ҳамкорлик қилаётган транспорт компаниялари коррупцияга дуч келаётганини айтишяптими?

- Мишел Жонсон: Бизнинг ҳамкорларимиз маҳаллий муҳитда қандай муомала қилишни яхши тушунади. Улар қонуний масалаларни мустақил ҳал қилади. Бизнес ҳар бир давлатда турлича юритилади. Юкларнинг Ўзбекистон чегарасига келганда тўхтаб қолаётгани ҳақида эшитганмизсиз?

Бунақа муаммони ҳал қилишга мажбурмиз. Айрим масалаларнинг мураккаблигини айтдингиз. Биз транзит тўхтаб қолганда дипломатик ноталарни ўз вақтида жўнатишимиз керак. Аввалида бу ишда сусткашлик қилган бўлсак, ҳозир вазият ўзгарди. Лекин транспорт компанияларидан коррупцияга оид муаммолар ҳақида ҳеч нарса эшитмаганмиз.

- Озодлик: Маълум вақтдан сўнг шимолий йўналиш орқали ҳарбий юкларни ҳам ташишни режалаштиряпсизми?

- Мишел Жонсон: Йўқ биз бу йўналиш орқали фақатгина ноҳарбий юклар¸ қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб ўтишга ахд қилганмиз. Биз транзит йўлидаги давлатларнинг хавотирларини ҳурмат қиламиз.

- Озодлик: Демак, сизнингча ҳарбий юкларни ташиш йўлга қўйилса¸ бу давлатларга таҳдид кучаядими?

- Мишел Жонсон: Нафақат уларга таҳдид ортишини истамаганимиз туфайли¸ балки мақсадимиз тижорат юкларини етказиш бўлиб қолаётганидан келиб чиқмоқдамиз. Бу йўналишда фақатгина ноҳарбий юкларни етказсак¸ ҳеч қандай хавотирларга асос бўлмайди.

- Озодлик: Ўзбекистоннинг Навоийдаги аэропортидан Афғонистонга юкларни етказиб бериш жараёни қандай бораётганини айта оласизмиз?

- Мишел Жонсон: Ўзбек ҳамкорларимиз талабларига биноан ҳар икки ҳафтада битта парвоз амалга ошириляпти. Лекин аста-секин бу аэрпортдан фойдаланиш кўлами ортиб боради. Лекин ҳаво орқали юкларни ташиш анча қимматга тушаётганини биласиз. Бу нарсани ҳам инобатга оляпмиз.

- Озодлик: Сиз АҚШ генерали бўлишингизга қарамасдан¸ қайта-қайта янги транзит йўлининг минтақа давлатларига келтирадиган иқтисодий фойдаси ҳақида гапирдингиз. Бундай ҳисоб-китоблар сизларда борми?

- Мишел Жонсон: Раҳбариятимиз зарур маҳсулотларни жойларда, Ўзбекистон каби давлатлардан сотиб олишга катта қизиқиш билан қарамоқда. Биз учун узоқ-узоқдан маҳсулотларни олиб келишдан кўра уларни ўша ернинг ўзида сотиб олиш яхшироқдир. Маҳаллий иқтисодиётлар учун ҳам бу яхши. Бизнинг фикримизча, бу Ўзбекистонга бир неча миллион долларга баҳоланган бизнесни юритиш имконини беради.
XS
SM
MD
LG