Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:20

"Хонободни портлатганлар" суди бошланган


Хонободдаги портлашга алоқадорликда айбланаëтганлар устидан маҳкама жараëнини¸ кузатувчиларга кўра¸ ими-жимида ўтказиб олиш кўзланмоқда.
Хонободдаги портлашга алоқадорликда айбланаëтганлар устидан маҳкама жараëнини¸ кузатувчиларга кўра¸ ими-жимида ўтказиб олиш кўзланмоқда.

Андижон вилоят жиноий ишлар судида жорий йилнинг 25-26 май кунлари Хонобод ва Андижон шаҳарларида содир этилган портлашларда айбланаётган 12 киши устидан маҳкама жараёни бошланганига қарийб 10 кун бўлди.

17 сентябр куни андижонлик ҳуқуқ фаоллари Хонобод ва Андижон портлашлари юзасидан маҳкама жараёни бошлангани ҳақида хабар тарқатишди.

Бу жараëн тафсилотларини ўрганиш мақсадида Озодликнинг Андижон вилоят жиноий ишлар судига қилган мурожаатлари бесамар кетди. Суд ходимлари телефон орқали умуман маълумот бера олмасликларини билдиришди.

Шундан сўнг Озодлик илтимосига кўра, андижонлик маҳаллий кузатувчи Абдуқодир Сатторов Андижон вилоят судига бориб¸ суд тафсилотларини аниқлашга ҳаракат қилди.

Абдуқодир Сатторовнинг аниқлашича, суд жараёни 9 сентябр куни бошланган.

- Мен бордим. Облсудда ҳақиқатан иш бор экан. 23 сентябр куни кўрар экан. 9 сентябр куни бошланган экан. Милиция болалар турадида у ерда. Уларнинг иши 23 сентябр куни кўрилар экан. Милицияларнинг картаси бор экан. Ўшанга ëзиб қўйибди. Милициялар “Уларнинг адвокатлари билан келсангиз¸ киритамиз. Бўлмаса киритмаймиз” дейишди. Мен ичкарига кириб¸ сўраб чиқмоқчи эдимда. “Хонободнинг иши кўрилаяпти экан” десам¸ “23 сентябрдан кейин кўрилади” деди¸ дейди Абдуқодир Сатторов.

Озодлик манбаларига кўра, маҳкамага судя Тўраев раислик қилаяпти.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов маҳкамага тортилган шахсларнинг қариндошлари билан суҳбатда бўлганини айтади.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Суд процесси 9 сентябр куни бошланди. Кеча икинчи процесс бўлди ва 23 сентябр куни кейингиси кўриладиган бўлди. 12 киши. Кўпчилиги Жалолқудуқ туманидан.

Озодлик: Сиз судда бевосита қатнашдингизми?

- Кузатувчи бўлиб қатнашишни мен ўзи хоҳладиму¸ лекин иложи йўқ. Мен судланувчиларнинг ота-онаси билан гаплашиб¸ сал четроқдан кузатаяпман. Ҳозирча айблов хулосалари ота-оналарининг қўлида йўқ. Шаҳарда унақанги ажиотаж йўқ. Аристонларни олиб юрадиган машинанинг орқасида битта конвойларни олиб юрадиган автобус бор ва ўшалар олиб бориб келаяпти. Андижон-Хонобод воқеаларидан кейин тахминан 40 нафар киши ҳибсга олинган. 100 нафарга яқин одам ҳибсга олинган ва улар филтрациядан ўтказилиб¸ 40 нафарига жиноят иши қўзғатилган¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Жорий йилнинг июн ойи бошида Ўзбекистон Бош прокуратураси шахсан президент Каримовнинг 26 май куни содир этилган “террорчилик амалиётлари” юзасидан очиқ маҳкама жараёни ўтказишга кўрсатма берганини билдирган эди.

Президент Каримовнинг кўрсатмасида мазкур суд жараёнининг маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилишини таъминлаш зарурати таъкидланган эди.

Бироқ суд 9 сентябр куни бошланганига қарамай, маҳаллий матбуотда бу борада бирорта ҳам маълумот берилмади.

Хориж матбуоти эса орадан тўққиз кун ўтибгина бундан хабар топди.

Дастлаб айни маҳкама Ўзбекистон Олий судида ўтказилиши маълум қилинган эди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти мазкур маҳкамада кузатувчи сифатида қатнашишга рухсат берилишини сўраб, Ўзбекистон Олий суди ва республика Бош прокуратурасига мурожаат ҳам қилганди.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов эндиликда суд бошланганидан бехабар қолганларини шундай изоҳлайди.

- 26 май воқеалари Олий судда ўрганилиши тўғрисида хабар олган эдик. Биз хат билан мурожаат қилдик. “Хатга суд куни маълум бўлгач¸ жавоб берамиз” деган тарзда Ўзбекистон республикаси Олий суд котибиятининг жавоби бўлди.Ҳозир суд оммавий ахборот воситалари нигоҳидан четда. Бу Андижондаги маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳам ëритилмаяпти.

Менимча¸ бу Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига тўғри келиб қолди ëки мустақилликда хавфсизлик чоралари кучайтирилган пайтга тўғри келди ва жиноят ишлари бўйича Андижон судида 9 сентябр куни бошланди. Ўзбекистонда Европа Иттифоқи билан алоқалар доирасида¸ сайловлар доирасида маълум даражада кўтаринки кайфият бор. Ўша кўтаринки кайфиятга соя солмаслиги учун судни Андижонда ўтказишган. Юмалоқ ëстиқ қилиб ўтказиш¸ яна дунë ҳамжамиятининг танқидларига нишон бўлмаслик учун Андижон танланган¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

2009 йилнинг 26 май куни номаълум шахслардан иборат бир гуруҳ Андижон вилоятидаги Хонобод шаҳрида блок-постга ҳужум қилган, орадан бир неча соат ўтиб вилоят марказида бир шахс ўзини портлатиб юборган эди.

www.press-uz.info сайтининг 10 июл кунги хабарига қараганда, 26 май куни Андижонда ўзини портлатиб юборган шахс хўжаободлик Камолиддин Матқосимовдир.

Ўша портлашдан милиция капитани Бахтиёр Холмирзаев ҳам ҳалок бўлган.

Сайтнинг ёзишича, 1982 йилда туғилган Матқосимов 1999 йили, 17 ёшида Россияга кетган, сўнгра Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига келиб қолган. Бир неча йил Покистонда, террорчилар машқ лагерларида тайёргарликдан ўтган.

www.ferghana.ru ахборот агентлиги 26 май куни Андижонда бир эмас, балки икки худкуш ўзини портлатгани ҳақида маълумот тарқатди. Агентликка кўра, Андижонда ўзини портлатган иккинчи киши - 1985 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси Тожиддин Собировдир.

Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ президент Каримов¸ қолаверса давлат назоратидаги ўзбек матбуоти Хонободдаги воқеаларни қўшни Қирғизистон ҳудудидан ўтган террорчилар амалга оширганини иддао қилган ва 26 майдан бошлаб қирғиз-ўзбек чегарасини бир томонлама ëпиб¸ орага чуқур хандақлар қазишни бошлаган эди.
XS
SM
MD
LG