Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:26

Ўзбекистонда Умра зиёрати тўхтатилди


“Ислом ва мусулмонлар” дастурининг бугунги сонида яна бир бор Умра ва Ҳаж зиёратига оид баъзи янгиликлар хусусида тўхталмоқчимиз.

Баъзи оммавий ахборот воситаларида чўчқа гриппи пандемияси боис Ўзбекистондан борувчи зиёратчилар учун Умра зиёрати тўхтатилгани, Ҳаж зиёрати масаласи эса мавҳум қолаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Айни пайтда Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги ҳам зиёратчилар сонига бу йил чеклов жорий қилгани ҳақида хабарлар берилди.

Чўчқа гриппи пандемияси эса ҳақиқатан кенгайиб бормоқда ва “шундай шароитда мусулмонларнинг Ҳаж ва Умра зиёратлари қандай амалга оширилади?” деган саволлар ҳам туғилмоқда.

Бу гал шу саволларга жавоб изладик.

Диний идора мутасаддилари Умра зиёрати хавфсизлик важидан ортга сурмоқдалар

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Озодлик саволларига жавоб берган, аммо расман интервью беришни истамаган ходимига кўра, Ўзбекистондан борувчилар учун вақтинча Умра зиёрати тўхтатилган.

- Умра зиёрати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан чўчқа гриппи пандемия, деб эълон қилинганидан сўнг ўз фуқароларимизнинг хавфсизлигини кўзлаб тўхтатилди ва худди шу составни кейинги йилга жўнатишга қарор қилинди. Вакцина чиққанидан сўнг вакцина қилиниб, кейинги йилга жўнатилади, деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили.

Идоранинг яна бир вакилига кўра, эҳтимол, кейинги йил кузни кутиб ўтирмасдан баҳорда жўнатиш имкони ҳам туғилар. Бу вакцина масаласининг ҳал этилишига боғлиқ бўлади. Айни пайтда, бу ходимнинг сўзларига кўра, Умра зиёрати учун тўланган пуллар ўша давргача сақланиб туради.

Ҳаж зиёрати борасида эса, идора вакилларига гап-сўзларига кўра, ҳеч бир чеклов йўқ.

- Ҳаж зиёратига тайёргарлик ишлари кетяпти. Зиёрат қолдирилади, деган гап бизнинг идорадан чиққани йўқ, бунга ҳожат ҳам йўқ, деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили.

Демак, идора вакилларига кўра, Умра зиёратини тўхтатиш Мусулмонлар идорасининг фуқаролар хавфсизлигини кўзлаб қабул қилган қарори. Бу қарорга сабаб чўчқа гриппи пандемияси эълон қилинганидир.

Бошқача айтганда, Саудия Арабистони Умра ёҳуд Ҳаж зиёратига чеклов қўйгани боис шундай қарорга келингани ҳақида идора расмийлари ҳеч гап айтмади. Буни алоҳида эътироф этганимизнинг сабаби бор ва бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз.

Бормаганга бир, борганга минг армон

Фарғоналик Зулфия аяга Умранинг бекор қилингани жуда кутилмаган янгилик бўлди.

Зулфия ая ўқитувчи бўлиб ишлаган ва 10 йил муқаддам Ҳаж зиёратини адо қилган. Аммо кейин яна ўз пенсиясидан тийинлаб пул йиғиб, Умра зиёрати орзусига тушган.

Зулфия ая бу йил Қадр кечасини Макка шаҳрида кутишни ният қилганди.

Зулфия ая: Бизни Фарғонага чақириб: “Чўчқа гриппи тарқалган, қачон бунга қарши эмланадиган дори топилса¸ эмлаб дарров жўнатиб юборамиз” дейишди. Энди мана рўза ўтиб кетди. Билмадик энди¸ ҳеч нарсанинг тайини йўқ. Ҳаммамизни чақиришди.

Озодлик: Тахминан неча киши эди?

Зулфия ая: 500 киши бор.

Озодлик: Фарғонаданми?

Зулфия ая: Ҳа.

Озодлик: Кейин “Нима экан бу чўчқа гриппи? Нимага таъқиқ қўйишди экан?” деб сўраб суриштирдингизми?

Зулфия ая: Йўқ¸ нима қиламан сўраб? Нимани ҳам суриштираман? Жўнатишади деб, умид қилиб ўтирибмиз-да.

Озодлик: Умрага жуда ҳам боргингиз келаяпти-а?

Зулфия ая: Ҳа¸ борамизда, Худо хоҳласа. Насибамизни қўшса.

Озодлик: Ҳаж зиëратига бориб келган экансиз-а?

Зулфия ая: Ҳа¸ Ҳажга 1998 йилда бориб келганман.

Озодлик: Энди яна боргингиз келаяптими?

Зулфия ая: Ҳа¸ энди Умрага¸ Қадр кечасига боргим келаëтувди. У ëқни бориб кўрган одамнинг яна боргиси келади-да. Пайғамбаримизнинг (с.а.в) қабрларини кўргимиз келади. “Бормаганга бир армон¸ борганга минг армон” дейилади-ю. Бормаган одам: “бориб кўрсам экан” дейди¸ борган одам “ҳар йили борсам экан” дейди.

Озодлик: Фарз билан суннатни бажарган экансиз. Бу касаллик Саудия Арабистонида ҳам чиққан. Касаллик хавфи бўлса ҳам бориш орзусидан қайтмаяпсизми дейман-да.

- Агар ўша дардга қарши эмлаб жўнатилса¸ таъсир қилмаса керак, дейман-да. Давоси топилса¸ эмлаб жўнатишса¸ яхши бориб келсак. Пенсиямиздан йиғиб¸ яна ўша ерни орзу қилиб¸ ҳар қандай одамнинг боргиси келади-да. Одамлар ҳар йил борар экан-ку. Бизнинг борганимизга 10 йил бўлди. У ëққа борган одамнинг юраги эзилиб¸ яна кўргиси келади¸ дейди Зулфия ая.

Фарғоналик суҳбатдошимиз чўчқа гриппи деган дардга тезда даво топилиши ва тинч-омон Умра зиёратини адо қилишни астойдил ният қилмоқда.

Пандемия боис зиёратдан қолдирилган, аммо ниятидан қайтмаган бу каби орзумандлар Ўзбекистонда кўп бўлса керак.

Вакцина Маккага тўсиқ эмас

Аммо турли оммавий ахборот воситаларида бу йилги Умра ва Ҳаж зиёрати учун чўчқа гриппи боис Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги чекловлар жорий қилгани хабар қилиб келинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка сўзлаган вазирлик мутасаддиси бироз муқаддам чеклов Умра зиёратига эмас, фақат Ҳаж зиёратига нисбатан жорий этилгани ва бу ҳам катта ёшли ҳамда кичик ёшли зиёратчилар учун эканини айтган эди.

- Ҳукумат Умра зиёрати учун ҳеч қандай чеклов жорий қилгани йўқ. Лекин Ҳаж ибодати учун муайян чекловлар бор, улар фақат 65 ёшдан каттароқ ва 12 ёшдан кичикроқ бўлганларга тааллуқлидир. Бошқа ҳеч қандай чеклов йўқ, деган эди Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги ходими.

Аммо айни пайтда бу йил Ҳаж зиёратига келишни истовчилар учун Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги чўчқа гриппи пандемияси туфайли алоҳида тартиб жорий қилди.

Ҳаж вазирлиги расмий сайтида келтирилишича, агар ноябр ойида кутилаётган Ҳаж зиёратига қадар чўчқа гриппига қарши вакцина ишлаб чиқилса, зиёратчилар сафардан икки ҳафта олдин шу вакцина билан эмланиши ва бу ҳақдаги ҳужжатни тақдим қилиши лозим.

Агар у даврга қадар вакцина ишлаб чиқилмаса, у ҳолда зиёратчилар мавсумий грипп касаллигига қарши икки ҳафта муқаддам эмланиши ва бу ҳақда ҳужжат тақдим қилиши керак.

Яъни чўчқа гриппига қарши вакцина олмасангиз, бу йил сизга зиёрат йўқ, деган гап ҳали чиқмади.

Бироқ шу ерда бир савол туғилади: мабодо вакцина чиқса ҳам, у қисқа муддатда барча мамлакатларга етиб бормаслиги мумкин-ку?

Саудия Арабистони Ҳаж вазирлигидан бу саволимизга ҳозирча жавоб ололмадик. Аммо келгусида бунга ҳам ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Дарвоқе, эслатиб ўтиш керак, ўзбекистонлик фуқароларни Умра зиёратига юбормаслик мутлақо Ўзбекистон томонининг қарори бўлиб чиқмоқда ва Мусулмонлар идораси расмийларига кўра, Ҳаж зиёратига чеклов ҳақида ҳозирча ҳеч гап йўқ.

Маккада тинчлик

Шу кунларда Саудия Арабистонида бўлган ўзбекистонлик тингловчимиз Абдулҳамиднинг сўзларига кўра, Умра зиёрати ҳар йилгидек тартибда амалга оширилмоқда ва бундай зиёратга Ўзбекистонга қўшни давлат фуқаролари келмоқда.

Абдулҳамиднинг айтишича, Макка шаҳрида чўчқа грипи боис зиёратчилар сони қисқараркан, деган гап-сўз ва ваҳималар кузатилмайди.

Абдулҳамид: Вазият хавотирли эмас. Жуда ҳам бемалол. “Биров чўчқа гриппидан ўлибди ëки касалланибди” деган гапни ҳали эшитганимиз йўқ.

Озодлик: Ҳозир зиëрат бўладиган жойларда тайëргарлик кетаëтгандир. Мана шу эпидемияга қарши қанақадир чоралар кўрилаëтгани сезиладими?

Абдулҳамид: Йўқ. Баъзи бир одамлар ўзларини эҳтиëт қилган ҳолатда ниқоб тақиб олган демасангиз¸ одамларнинг аксарияти хотиржам. Мен кимнингдир бу нарсага жиддий эътибор қилаëтганини кўрганим йўқ. Яъни бу нарсани Ўзбекистон ҳукуматига ўхшаш ҳукуматларнинг ўзлари хоҳламаган шекилли. Чунки бу ерда унақа хатар йўқ. Ҳар куни Ўзбекистонга минглаган одам кириб чиқади. Улар билан касаллик келмайди деб ўйлайсизми?..

Озодлик: Демак¸ аҳвол ҳар йилгидай хотиржам. Одамлар Умрага келиб кетаяпти.

- Хотиржам. Кейин олдингидан кўра одам кам. Қозоғистон¸ Қирғизистондан одамлар бор. Қирғизистондан қария чолларни кўрдим¸ дейди Абдулҳамид.

Қадардан қочиб, қадарга бориш

Шу ўринда “Инсон соғлиги учун хавфли касаллик тарқалган пайтда зиёратларни амалга ошириш тартиб-қоидаси ҳақида Исломда нима дейилган?” деган савол ҳам туғилади.

Бу саволга ҳозир ғарб давлатларидан бирида яшаётган илм толиби Муқимжон Маҳмуд жавоб берди.

Муқимжон Маҳмуд: Умуман инсонга зиëн қиладиган¸ инсоннинг соғлигига¸ ўзига хавф бўлган нарсалардан эҳтиëт бўлинади. Шундай ҳолатлар бўладики¸ фарз амаллар ҳам қилинмайди. Бу зиëн бўлиши аниқ бўлган пайтларда қилинмайди. Масалан¸ сув аниқ зарар бўладиган бўлса¸ таҳорат қилинмайди¸ таяммум қилинади. Масалан¸ соғликка зиëн бўладиган бўлса¸ ҳатто рўза тутилмайди.

Энди вабо масаласи бор. Олдин бизда вабо¸ ўлат деб ишлатилган. Бир жойга кетсангиз¸ ўша жойда вабо бўлса¸ жуда кўп одам касал бўлиб ўлиб кетаëтган бўлса¸ касаллик юқумли бўладиган бўлса¸ ўша шаҳарга келинмайди¸ бу шаҳардан одамлар бошқа шаҳарларга чиқарилмайди. Умар (р.а) бир жойга кетаëтганларида бир жойда вабо тарқаганини эшитиб¸ ўша жойга кирмаганлар. Ўшанда саҳобалардан биттаси: “Ë Умар¸ сен Оллоҳнинг қадаридан қочаяпсанми?” деганда¸ Умар (р.а) “Ҳа¸ Оллоҳнинг қадаридан Оллоҳнинг қадарига қочаяпман” деб жавоб беради. Яъни кирмаслик ҳам қадар¸ киришлик ҳам қадар. Лекин одам билиб туриб ўзини ҳалокатга солмаслиги керак бўлади.

Озодлик: Шундан келиб чиқадиган бўлсак¸ бизга маълумки, Умрага Саудия Арабистони ҳеч қандай чеклов қўймаган¸ Ҳажга эса чўчқа гриппи туфайли 65 ëшдан катта ва 12 ëшдан кичикларга чеклов қўйилган. Лекин Ўзбекистон ҳукумати мана шундай шароитда чўчқа гриппига қарши вакцина чиққунга қадар Умрани қолдирди. Шунга қандай муносабат билдирасиз?

Муқимжон Маҳмуд: Менимча¸ буни мутахассислари кўпроқ билса керак. Қайсидир даражада ҳақиқий хавф бўладиган бўлса¸ мумкин бўлмайди. Лекин эҳтимол билан фарз амали тўхтатилмайди. Борилаверади.

Озодлик: Умра энди суннатда-а?

- Ҳа¸ Умра суннат. Эҳтимоли озроқ бўлса ҳам тўхтатиш мумкиндир суннат амални. Лекин фарз амални қайсидир бир фоизими¸ даражасими бўлмагунча тўхтатилмайди. Энди буни олимлар¸ мутахассислар¸ фақиҳлар айтиб беради-да. Хавфи зарарайн деган қоида бор. Зарарнинг енгилроғини кўтараверасиз. Лекин¸ менимча¸ ҳозирги ҳолатда катта эҳтимол йўқ. Агар катта эҳтимол бўлганда Саудиянинг ўзи ҳам таъқиқлаб қўйган бўларди¸ дейди Муқимжон Маҳмуд.
XS
SM
MD
LG