Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:18

Назарбоев - умрбод президент


Қозоқ профессори¸ Назарбоевнинг биринчи президент сифатида юритган сиëсати ҳам уни умрбод сайлашга асос беражагини даъво қилмоқда.
Қозоқ профессори¸ Назарбоевнинг биринчи президент сифатида юритган сиëсати ҳам уни умрбод сайлашга асос беражагини даъво қилмоқда.

Таниқли қозоқ профессори¸ халқ пули ва вақтини аяш мақсадида Нурсултон Назарбоевни умрбод президент деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди.

Оқтўбелик профессор Закратдин Байдосов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни умрбод президент сифатида қолдириш таклифи билан чиқар экан, ўзини янги сайловни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ташвишга солаётганини айтади.

- Мен бундан аввал президент Назарбоевни бир умрлик президент этиб сайлаш кераклиги ҳақида кўп ўйланганман. Мустақиллигимизнинг 18 йили мобайнида мамлакатда бир неча бор президент сайловлари бўлиб ўтди. Ҳар бир сайлов учун эса катта маблағ, қанчадан-қанча одамлар меҳнати сарфланади. Бундан ташқари бу кўп вақт талаб этади. Ана шу фикрлардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатда президент сайловини ўтказиш шартмикан, деган фикрга келдим, дейди профессор.

Унинг айтишича, Назарбоев Қозоғистон равнақи учун катта ҳисса қўшган биринчи президент, шу боис унинг бир умрлик ҳукмронлиги объектив асосга эгадир. Бу ғояни илгари суришга мени ҳеч ким ундагани йўқ, бу ёлғиз ўзимнинг фикрим эди¸ дея қўшимча қилади Закратдин Байдасов.

Оқтўбелик профессорнинг ушбу ташаббуси президент маъмурияти ва ҳукмрон “Нур Отан” партияси дарҳол ёқиб тушди.

Ўз навбатида, мухолифатдаги “Азат” партияси раҳбари Бўлат Абиловга кўра, давлат амалдорларининг президент Назарбоевни бир умрлик президент этиб тайинлаш борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлашлари ортида бошқа сабаблар яширинган:

- Ҳозир мамлакат ичида муаммолар бор. Қолаверса¸ Назарбоев ва унинг атрофидаги амалдорлар муаммоларга дуч келмоқда. Америкада барчамизга маълум “Қозоқгейт” номи билан танилган коррупцияга алоқадор йирик суд жараёни кетмоқда. Бу ишга президентнинг ҳам алоқаси бор. Қозоқ ҳукумати ва ҳумкрон “Нур Отан” партияси ўз кучини йўқотиб бораётганини сезаяпти, шу боис ҳам ҳукуматдагилар учун Назарбоевнинг ўз ўрнини сақлаб қолиши жуда муҳим, дейди Бўлат Абилов.

Аввалроқ Қозоғистон парламенти мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиб, президентлик сайловларида Назарбоевга чекланмаган марта ўз номзодини қўйиш ҳуқуқини берган эди.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев эндиликда “Миллат етакчиси” ҳақидаги қонун ҳам қабул қилинса, Назарбоевга умрининг охиригача мамлакатни назорат қилиб туриш учун қулайлик яратилишини айтади.

- Биз ҳозир “Миллат етакчиси ҳақидаги” қонунга қандай модда ва бўлимлар киритилишини билмаймиз. Аммо агар келаси президент сайловлари ўтказилиши кутилаётган 2012 йилгача Назарбоев чарчаб, истеъфога кетишни истаб қолса, “Миллат етакчиси ҳақидаги” қонунга биноан мамлакатдаги вазиятни ўз назорати остида сақлаб туриши мумкин. Қозоғистон сиёсий элитаси ёқимсиз янги ўзгаришлар, ўз бойлиги ва таъсирини йўқотиб қўйишдан чўчийди. Шу боис, бу қонуннинг қабул қилиниши, аввалам бор, Қозоғистон сиёсий элитаси учун қулайлик яратиши мумкин, дейди Полетаев.

Қозоғистоннинг 2010 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишини инобатга олган қўшни давлат кузатувчилари, Қозоғистон президентининг мамлакатни бир умр бошқариш эҳтимолини анча узоқ¸ дея баҳолашмоқда.

Аммо ўзбекистонлик кузатувчи Комрон Алиев, аксар Марказий Осиё давлатларида бўлгани каби, Қозоғистонда ҳам давлат раҳбарининг истеъфога кетгач ўз хавфсизлигини таъминловчи қонун қабул қилинишига ҳаракат қилиши оддий ҳол эканини айтади.

- Мавқедан кетилгандан кейин, қандайдир душманлар унга қарши йўл топиши мумкин. Хусусан¸ Ўзбекистон ҳақидаги айтсак, агар президент вазифасидан кетадиган бўлса, уни суд маҳкамасига тортиш мумкин эмас, деган қонун-қоидалар қабул қилинган.

Менимча, Қозоғистонда ҳам шундай қонунлар қабул қилинса керак. Чунки президентлар жуда мураккаб шароитда иш олиб боришади ва улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар қандайдир маънода жавобгарлик элементи бўлиши мумкин ёки душманлар уларни жавобгарликка тортиш кераклиги ҳаидаги масалани кўтаришлари мумкин. Албатта¸ улар шу томонини ҳам инобатга олишади, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев
XS
SM
MD
LG