Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:23

Ўшлик аëл қулфурушликда айбланмоқда


Миролимовлар оиласи Россияга келгач¸ ўзларининг ахлатхонадан шиша идиш теришга мажбурланганини айтмоқдалар.
Миролимовлар оиласи Россияга келгач¸ ўзларининг ахлатхонадан шиша идиш теришга мажбурланганини айтмоқдалар.

Шу йилнинг июл ойида ўшлик Ўғилхон Умарова ҳамшаҳри Обиджон Миролимов ва унинг оиласини иш топиб бериш ваъдаси билан Россияга юборган. Бу ерда эса уларни ахлатхонадаги ҳаëт¸ таҳқир ва калтаклар кутаëтган бўлган.

45 ёшли Обиджон Миролимов шу йилнинг июл ойида Россияга ишлаш учун одам жўнатиш билан шуғулланувчи Ўғилхон Умарова билан учрашиб қолади. Ўғилхон Умарова унга Россияда ишлашни таклиф қилади. Сўнгги пайтларда ишсиз юрган Обиджон Миролимов Россияга ўз оиласи билан ишлагани бормоқчилигини, лекин йўлкира харажатлари йўқлигини айтади.

Ўғилхон Умарова Обиджон Миролимовга Россиянинг Тюмен шаҳридаги базада иш борлигини, у базада кунига минг рублдан ҳайдовчилик қилиш мумкинлигини, хотини, ўғли ва қизи ўша базада баклашка сортировка қилиши мумкинлигини айтади. У ерга бориш йўл ҳаққи ва бошқа харажатларни кейин қайтариш шарти билан ўзи тўлашга ваъда беради.

Обиджон Миролимовни Россиянинг Тюмен шаҳридаги Московский қишлоғида Ўғилхон Умарованинг қизи Гулзина ва бир озарбайжон йигит кутиб олади.

- Эртаси куни бизни ишга олиб келди. Қарасак, ахлатхона экан. Мен: “Синглим, бу ахлатхона-ю, бу ерда биз нима иш қиламиз?” десам, у: “Машина келиб, ахлат тўкади, сизлар шунинг ичидан шиша идишларни териб оласизлар, терилган бир қоп шишага 9 сўмдан (1 АҚШ доллари қарийб 44 қирғиз сўмига тўғри келади – таҳр.) берамиз”, деди. Мен: “Синглим, бизга ойингиз бундай демаган, базада ўтириб баклашка сортировка қиласизлар, деган. Бизни ахлатхонага олиб келдингиз-у” десам, “Келганингдан кейин ишлайсан” деб айтди, дейди Обиджон Миролимов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, улар бу ерда ишламасликларини айтганларидан кейин озарбайжон миллатига мансуб йигитлар келиб, Миролимовлар Умаровадан сотиб олинганини, уларнинг ҳар бири учун 50 минг рублдан пул берилгани, шунинг учун энди Миролимовлар уларнинг айтганини қилиши кераклигини айтиб, Обиджон акани калтаклаб кетганлар.

Обиджон акага кўра, уларга Ўшда ваъда қилинган бепул ётоқхона ва озиқ-овқат ҳам шунчаки қуруқ сўз бўлиб чиққан. Бундан ташқари, уларга еган овқати ва ётоқхона учун ойига пул тўлашга мажбурлиги айтилган:

- Ахлат машинасида муддати тугаган озиқ-овқат келар экан. Одамлар ўшани ер экан. Унинг ичида гуруч, макарон, колбаса, нон - ҳамма нарса бор. Биз шундай овқат учун ҳам иш берувчиларга бир ойда еган овқатимиз учун 2200 сўмдан пул беришимиз керак экан, деди Обиджон Миролимов.

У шу тарзда бир неча кун ишлаганидан сўнг ўша ерда гаровда юрган ўшлик бир қиз уларга тезроқ қочиб кетишни маслаҳат беради, агар қочиб кетмаса, қизи ва аёлини бошқа одамларга сотиб юборишлари мумкинлигини айтади. Бу гапдан сўнг озарбайжон миллатига мансуб бир неча йигит келиб, Миролимовларга маслаҳат берган қизни қаттиқ калтаклайдилар.

Шундан сўнг Обиджон Миролимов оиласи ва ётоқхонадаги ўзининг беш нафар шериги билан қочишга муваффақ бўлади. Улар аввалига Тюмен шаҳрида Қирғизистон элчихонасини излашади. У ерда элчихона йўқлигини билишганидан сўнг Тюмен шаҳар миграция хизматига борадилар:

- Тюмен шаҳрининг Республика кўчасида миграция хизмати бор экан. Ўша ерга бориб, миграция хизмати раҳбари подполковник Анатолий Фёдорович деган одам билан учрашдим. Унга бўлган ишларни айтиб берганимдан кейин у бизга шаҳарда 10 кун юришга рухсатнома ёзиб берди ва тезроқ Тюмендан чиқиб кетишимиз кераклигини айтди, дейди Обиджон Миролимов.

Унинг айтишича, Обиджон ака ва унинг оиласи бу вақт ичида шаҳар четидаги ўрмонда беркиниб яшаган. Улар 7 август куни ўрмондан шаҳарга борганлар ва ўша ердан хусусий ҳайдовчилардан бири билан йўлкирани Ўшда беришга келишиб, шу йилнинг 10 август куни Ўшгача етиб келганлар.

Обиджон Миролимовга кўра, улар ишлаган жойда асосан қирғиз ва тожик миллатига мансуб юздан ортиқ одам ишлар экан. Суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг жияни Эркин Ҳакимов ўзининг беш кишидан иборат оиласи билан бундан бир неча ой аввал Ўғилхон Умарова томонидан Россиянинг Тюмен шаҳрига ишлаш учун жўнатилган.

Обиджон Миролимов Ўшга қайтиб келганидан сўнг Ўғилхон Умаровага телефон қилади:

- Телефон қилсам, у аёл: “Қирғизистонда замон пули борники, мен Қорасув прокуратурасида делоларни ёптирганман, қаерга борсанг боравер, пул билан тўғрилайман”, деди. “Эсинг билан бўл, жиянларинг мени қўлимда”, деди. Мен қўрққанимдан телефонни қўйиб қўйдим, деди Обиджон Миролимов.

Шу суҳбатдан сўнг у Ўшдаги “Қонун ва тартиб” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказига ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини сўраб мурожат қилади.

- Ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказимизга 2009 йил 7 сентябр куни Обиджон Миролимов ўзининг конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилиб беришимизни сўраб мурожаат қилди. Биз мазкур воқеа юзасидан Қорасув туман ички ишлар бошқармаси, Қорасув туман прокуротураси, Ўш вилоят миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилдик. Бундан ташқари, Россия бош прокуратураси, Россия жамоатчилик палатаси, Россия федерал миграция хизматига мактуб юборганмиз, бироқ ҳозирги кунгача Россия тарафидан жавоб бўлмади, деди “Қонун ва тартиб” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Иззатилло Раҳматуллаев.

Унинг айтишича, Россиянинг тилга олинган идораларига юборилган мактубда айни пайтда Тюмен шаҳрида қулликда юрган қирғизистонликлар, шу жумладан, Обиджон Миролимовнинг қариндошларини ўз юртига қайтаришга ёрдам бериш сўралган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, Ўғилхон Умарова одамфурушлик қилгани учун Қирғизистон қонунчилиги бўйича ўз жазосини олиши лозим.

Обиджон Миролимов Ўшга келганидан сўнг ўзини алдаган аёл устидан Ўш вилоятига қарашли Қорасув туман ички ишлар бошқармасига ҳам ариза берган. Аризада Ўғилхон Умаровадан жиянини қайтариб келишни ва ўз қарзини тўлаб беришни талаб қилган.

Бироқ одамфурушликда айбланаётган Ўғилхон Умарова бу айбловларни асоссиз, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, аёл Обиджон Миролимовга ёрдам бериш учун уни Россияга жўнатган, ишга жойлаш учун унинг ортидан Россияга боргунича Миролимовлар қочиб кетганлар.

- Мен улардан хафа бўлдим. Бу ерда қарз бўлиб, йўлкирасига, емоқ-ичмоғига пул берганман. Мен машинада ортидан етиб боргунимча қочиб кетишибди. “Одам сотди” деган айбловларнинг бари ёлғон. Мен умр бўйи автобазада ишлаганман. Одам олди-соттиси билан шуғулланмайман, дейди Ўғилхон Умарова.

Суҳбатдошимиз Миролимовларни ишга жойлаш ваъдасини бермаганини айтади.

Ўғилхон Умарова: Уларни ўзларининг Эргаш деган тоғаси чақиртирган. Улар мени шантаж қилишмоқда. Мен уларни устидан прокуратурага ариза бераман.

Озодлик: Уларни Россияда қизингиз кутиб олган экан-ку?

- Қизим кутиб олган бўлса, фақат уларни квартирага олиб борган, ишлатгани эмас. Улар квартирадан қочиб кетишган .Улар қочиб келиб, менинг устимдан турли жойларга ариза бериб, мени шантаж қилишмоқда, дейди Ўғилхон Умарова.

Бу ишда Миролимов ҳақми ёки Умаровами – бунисини энди Қирғизистон адлияси ҳал қилади.

Мутахассисларга кўра, Қирғизистон қонунчилиги бўйича одам савдоси билан шуғулланган шахслар қонун доирасида 3 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бироқ аксарият ҳолларда уларга қарши очилган жиноят ишлари судгача етиб бормайди, негаки ариза билан мурожаат қилган одамларнинг аксарияти айбланувчилар билан ўзаро келишиб олади ва ўз аризасини қайтариб олади.

Ўш вилоят Ички ишлар бошқармасидан олинган расмий маълумотларга кўра, йил бошидан буён одам савдоси моддаси бўйича 11 та маҳкама бўлиб ўтган ва бир неча одам узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинган.
XS
SM
MD
LG