Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:22

"Хонободчи"лар суди якунлаб қолди


Ҳозирча Андижо ва Хонобод портлашларига доир кўп саволлар очиқ қолмоқда.
Ҳозирча Андижо ва Хонобод портлашларига доир кўп саволлар очиқ қолмоқда.

23 сентябр куни Андижон вилоят жиноий ишлар судида 25-26 май кунлари Хонобод ва Андижонда содир этилган портлашларда айбланаётган 40 яқин шахс устидан маҳкама жараëни давом эттирилди.

Андижон вилоят жиноий ишлар судида 23 сентябр куни туш пайтигача Хонобод ва Андижон портлашлари бўйича иккита маҳкама жараёни ўтказилган.

Бу ҳақда Озодликка маҳкама жараёнини кузатаётган андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов маълум қилди.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Аниқлангани шу бўлдики¸ суд процесслари учта-тўртта. Нечталиги ҳам аниқ эмас. Иккита суд процесси обедгача тугади. Ҳозир яна битта суд процесси бўлади.

Озодлик: 12 нафар одамни бўлиб-бўлиб суд қилишаяптими?

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Йўқ. 12 нафар одам бошқа. 11 нафарлик гуруҳ бор¸ яна нечталиги номаълум бўлган асакаликлар бор.

Озодлик: Буларнинг ҳаммаси Андижон-Хонобод портлашлари бўйичами?

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Ўша ишларга қандайдир дахлдор.

Озодлик: Демак¸ жами 40 нафарга яқинлашиб қолади.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Тахминан 40 нафар одам ҳибсга олинган.

Озодлик: Демак¸ 40 нафар одамнинг маҳкама жараëнлари гуруҳларга бўлинган ҳолда бўлиб-бўлиб олиб борилаяпти.

- Ҳа¸ бўлинган. Балки бештадир¸ балки олтитадир. Ҳозир мен аниқ учтасини биламан. Жалолқудуқ¸ Қўрғонтепа¸ Асака. Яна бошқа гуруҳлар бўлса керак. Билмадим¸ ҳозирча улар номаълум¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Айни маҳкама тафсилотларини ўрганиш мақсадида Озодликнинг Андижон вилоят жиноий ишлар судига қилган мурожаатлари бу сафар ҳам бесамар кетди.

Андижон судига бир неча бор қўнғироқ қилдик. Ҳар сафар биз Андижон ва Хонобод портлашлари бўйича бораётган маҳкама бўйича қизиқаётганимизни айтишимиз билан суд ходимлари хайр маъзурни ҳам насия қилиб телефон гўшагини қўйиб қўйишди.

Ҳатто бир сафар маҳкамага раислик қилаётган судья Тўраев билан ҳам боғландик, бироқ судья жаноблари ҳам мақсадимизни эшитиши билан гўшакни шарақлатиб қўйишдан нарига ўтмади.

Шу билан на судья Тўраевнинг исмини аниқлай олдик, на судланувчилар сони маълум бўлди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, айни маҳкама дастлаб Ўзбекистон Олий судида ўтказилиши режалаштирилган, бироқ ҳалқаро жамоатчилик, қолаверса, хориж матбуоти назаридан четда, ими-жимида ўтказиш ниятида Андижон танланган эди.

Мазкур маҳкама Андижонда 9 сентябр куни бошланган ва хориж матбуоти 10 кун давомида бундан бехабар қолган эди. Фақат ўтган ҳафта ўрталарига келибгина маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг кўмагида маҳкама билан боғлиқ маълумотлар хориж матбуоти саҳифаларида ҳам ёритила бошланди.

Дунё ҳамжамияти танқидларига нишон бўлмаслик мақсадида судни “юмалоқ ёстиқ” қилиб ўтказиш режаси ошкор бўлгач, эндиликда Андижон судида Хонобод портлашлари бўйича маҳкама куни назорат кучайтирилгани айтилмоқда.

- Хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Бугун аввалгига қараганда яна ҳам кучлироқ. Аввалги сафар аристонларни олиб келадиган машинанинг орқасида битта конвой бор эди. Бугун олдига сигнал бериб кетадиган машина ҳам қўшилган¸ дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Маълумки, 2009 йилнинг 26 май куни номаълум шахслардан иборат бир гуруҳ Андижон вилоятидаги Хонобод шаҳрида блок-постга ҳужум қилган, Хонобод ва Андижон шаҳарларида бир қанча портлашлар бўлган эди.

Ушбу портлашлардан сал ўтиб, ўзбек-қирғиз чегарасининг бир қисмида хандақлар қазиш ва девор қуриш ишлари бошланган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистон билан чегарадош Хонобод шаҳарчасида чегарани қўриқлаш вазифасини бажарадиган янги ҳарбий шаҳарча ҳам барпо этилаяпти.

Шунингдек, ўзбек- қирғиз чегарасига яқин ҳудудлардан 178 оила яшаб турган жами 149 ҳовли, шунингдек, Андижондаги Хидирша маҳалла аҳлига ажратилган ва ҳали қуриб битказилмаган 85 ҳовли-жой ҳам бузилаяпти.

Айрим маълумотларга кўра, айни пайтда Андижоннинг чегара ҳудудларида фаолият кўрсатаётган 140 та чегара пунктларига қўшимча равишда ҳашар йўли билан ва маҳаллий ҳомийларнинг моддий ёрдами эвазига яна 270 та янги чегара постлари қурилаяпти.

Ўзбек-қирғиз чегарасида назоратнинг кучайтирилиш сабаби Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Хонободдаги воқеаларни қўшни Қирғизистон ҳудудидан ўтган террорчилар амалга оширганини ҳақидаги иддаоси билан боғлиқ кўринади.

Хонобод–Андижон портлашларидан кейин мамлакатда бир қатор антитеррор амалиётлари ўтказилиб, бир қанча шахслар қўлга олинган эди.

Андижонлик мустақил кузатувчи Садирохун Сўпиевга кўра, Хонобод портлашларидан кейин маҳаллий матбуот орқали “террорчилар”ни қораловчи бир қатор кўрсатувлар ҳам берилган.

- Бутун радиода¸ телевидениеда “Террористлар бизга у қилди. Мустақиллигимизни кўра олмаëтганлар бизнинг тинчимизни буза олмади” деган мавзуда эшиттириш¸ кўрсатувлар қилишиб ўлишди булар. Гўëки мустақилликни кимдир кўра олмаяпти экан¸ мустақилликка раҳна солаяпти экан. Мустақилликни кўра олмаëтганлар қилган эмиш. Лекин ким¸ қанақа одам бирор жойда эшитмадик. Фалонча Пистончиев деган одам¸ фалон адресда яшайди деганини мен эшитмадим. Аммо журналистлар чиқиб олиб¸ бир хил чолларни турғазиб қўйиб¸ “Бизнинг мустақиллигимизни кўра олмаëтганлар бизга раҳна сола олмайди” деб айттириб ўтишди¸ дейди Садирохун Сўпиев.

Бироқ бугунги кунда Ўзбекистон матбуоти Андижонда бошланган маҳкама бўйича сукунат сақлашни афзал билаётир. Ҳозирча маҳаллий матбуот орқали айни маҳкама умуман ёритилмаяпти.

Хонобод –Андижон портлашлари ҳақида маҳаллий матбуот тарқатган ягона маълумотга кўра, 26 май куни Андижонда бир шахс ўзини портлатиб юборган ва ўша портлашдан милиция капитани Бахтиёр Холмирзаев ҳам ҳалок бўлган.

www.press-uz.info сайтининг 10 июл кунги хабарига қараганда, 26 май куни Андижонда ўзини портлатиб юборган шахс хўжаободлик Камолиддин Матқосимовдир.

Сайтнинг ёзишича, 1982 йилда туғилган Матқосимов 1999 йили, 17 ёшида Россияга кетган, сўнгра Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига келган ва бир неча йил Покистонда, террорчилар машқ лагерларида тайёргарликдан ўтган.

www.ferghana.ru ахборот агентлиги 26 май куни Андижонда бир эмас, балки икки худкуш ўзини портлатгани ҳақида маълумот тарқатди. Агентликка кўра, Андижонда ўзини портлатган иккинчи шахс - 1985 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси Тожиддин Собировдир.
XS
SM
MD
LG