Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:52

Ўзбек тутқунлари Ирландиядан бошпана топди


АҚШ разведкаси террорчиликка алоқаси борлигини исботлай олмаган икки ўзбек тутқуни учун¸ Гуантанамо энди ëмон туш каби ўтмишга айланди.
АҚШ разведкаси террорчиликка алоқаси борлигини исботлай олмаган икки ўзбек тутқуни учун¸ Гуантанамо энди ëмон туш каби ўтмишга айланди.

Гуантанамо қамоқхонасидан озод қилинган икки ўзбекистонлик маҳбус Ирландияга етиб келди. Исми ҳозирча ошкор этилмаган бу собиқ тутқунларнинг Ойбек Жабборов ва Камолиддин Қосимбеков экани тахмин этилмоқда.

Гуантанамо қамоқхонасида қарийб етти йил сақланган ўзбекистонлик икки маҳбус 27 сентябр куни оқшом Ирландияга етиб келди.

Ҳозирча, Ирландия ҳукумати бу маҳбусларнинг исми ва шахсига оид бошқа маълумотларни ошкор қилаётгани йўқ.

Аммо, матбуотда бу маҳбуслардан бирининг исми Ойбек Жабборов, яна бирининг исми эса Камолиддин Қосимбеков бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар берилган эди.

Икки маҳбуснинг Ирландияга келтирилиши ва шу ерда сиёсий бошпана билан таъминланишига масъуллик қилаётган Ирландия Адлия департаменти расмийси бу хабарни тасдиқламади, инкор ҳам қилмади.

- Биз бу борада ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бера олмаймиз. Балки бироз муддатдан сўнг пресс-релиз тарқатармиз. Аммо, ҳозирча департамент матбуот хизмати бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмас, деди Ирландия Адлия департаменти матбуот хизмати вакили.

Ирландия ҳукумати АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасидан қабул қилиб олган ўзбекистонлик икки маҳбуснинг шахсига оид маълумотлар айни пайтда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга ҳам маълум эмас.

Аввал бошданоқ бу маҳбуслардан бири — Ойбек Жабборовга Европадан бошпана берилишини сўраб келган Amnesty International ташкилотининг Ирландия бўлими жамоатчилик билан ишлаш хизмати кординатори Жастин Моррен ҳам келган маҳбуслардан бири Ойбек Жабборов эканини тасдиқлай олмаслигини айтди.

- Amnesty International ташкилотининг Ирландия бўлими Гуантанамонинг бу икки собиқ маҳбуси Ирландия ҳукумати томонидан қабул қилинганини олқишлайди ва умид қиламизки, бу Гуантанамо қамоқхонасининг батамом ёпилиши томон ташланган яна бир жиддий қадам бўлади. Шунингдек, биз Ирландия ҳукуматининг бу икки собиқ маҳбус шахсини ҳимоя қилиш қарорини ҳам олқишлаймиз, деди Жастин Моррен.

Шу тариқа, Ирландия ҳукумати қабул қилиб олган собиқ маҳбуслар айнан Ойбек Жабборов ва Камолиддин Қосимбеков экани ҳозирча тахмин даражасида қолмоқда.

Бу тахминни асосли, деб ҳисоблаётган Ирландиядаги ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли — Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдужалил Бойматов Озодлик билан суҳбатда шундай деди:

- Иккинчиси Камолиддин Қосимбеков бўлиши керак эди¸ биринчиси Ойбек Жабборов. Лекин ҳозир кимлар келганлигини мен аниқ билмайман. Келган бўлиши мумкин. Аслида улар мени учрашувга таклиф қилиши керак эди. Лекин Афғонистонда Ўзбекистон исломий ҳаракати НАТОга¸ АҚШга қарши катта жанглар олиб бораëтгани учун¸ бундан ҳозир бутун дунë жамоатчилиги хабардор¸ шуни ҳисобга олиб улар катта шов-шув кўтаришни хоҳлашмади¸ шекилли. Шунинг учун уларнинг исм-фамилиялари ҳам айтилмади¸ дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдужалил Бойматов.

Ҳозирга қадар матбуотга ошкор бўлган маълумотларга кўра, Ойбек Жабборов ва Камолиддин Қосимбековлар 2001 йилда Афғонистонда қўлга олинган ва 2002 йилда Гуантанамо қамоқхонасига келтирилган.

Эслатамиз, Пентагон расмийлари 2006 йил март ойида Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган маҳбуслар рўйхатини матбуотга ошкор қилган ва ўшанда бу рўйхатда фуқаролиги, деган катакка “Ўзбекистон” дея қайд этилган яна тўрт маҳбуснинг номи келтирилган эди.

Булар Абу Бакр Жамолиддинович, Алишер Ҳамидулла, Шоҳруҳ Ҳамидов ва Абдулла Муҳаммадхонлардир.

Халқаро амнистия ташкилоти ўзбекистонлик маҳбуслардан уч нафари – Абу Бакр Жамолиддинович, Камолиддин Қосимбеков ва Ойбек Жабборовлар террорчи, деган айбловдан қутулганини маълум қилган.

Шу вақтга қадар бу олти маҳбусдан фақат икки нафарини Ирландия давлати қабул қилиши ва улардан бири Ойбек Жабборов бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот бор эди.

Гарчи АҚШ суди томонидан айбсиз, деб топилган бўлса-да, ҳануз бу маҳбусларнинг қандай қилиб Афғонистонга бориб қолгани ва у ерда нима билан банд бўлгани борасидаги жавобсиз қолаётган саволлар борга ўхшайди, дея тахмин қилади ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдужалил Бойматов.

- Ойбек Жабборов ва Камолиддин Қосимбеков ҳамма айблардан соқит қилинган. Булар уже тоза. Демак¸ булар АҚШдан ташқарига чиқариб юборилиши мумкин деган информация. Буларнинг Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқаси бор¸ деган гап борда. Булар иккаласи ҳақиқатан Афғонистонда бўлган. Биттаси машина ҳайдаган. Бу жуда мураккаб нарса¸ дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдужалил Бойматов.

Унга кўра, Гуантамода сақланган бу икки маҳбусни қийноқлар қўлланиладиган Ўзбекистонга қайтариш асло мумкин эмас эди. Айни пайтда ҳануз шу қамоқхонада қолаётган бошқа ўзбекистонлик маҳбуслар ҳам ватанига қайтарилмаслиги лозим, дея ҳисоблайди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли.

Кейинги маълумотларга кўра, Гуантанамо қамоқхонасига банди қилинган 50 тутқун, худди ўзбекистонлик маҳбуслар каби, ўз юртига қайтарилмаслигини сўраган.

Халқаро ҳимояга муҳтож, деб тан олинган бу маҳбуслар Жазоир, Хитой, Фаластин, Россия, Сурия, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларидир.

АҚШ президенти Барак Обама шу йил январ ойида президентлик вазифасини бажаришга киришиши билан Гуантанамо қамоқхонасини 2010 йил январ ойига қадар ёпиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган ва халқаро ҳимояга муҳтож маҳбусларни қабул қилиб олишини сўраб, Европа давлатларига мурожаат қилган эди.

Ҳозирча, ҳануз Гуантанамода қолаётган ўзбекистонлик бошқа маҳбусларнинг кейинги тақдирига оид маълумотлар матбуотга маълум эмас.
XS
SM
MD
LG