Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:37

Болалар далада¸ пахтаси Миланда


Миланда намойиш қилинган атласу адрас либослар учун олқишни Гулнора Каримова олди.
Миланда намойиш қилинган атласу адрас либослар учун олқишни Гулнора Каримова олди.

Ўзбек пахтаси Ғарбнинг қатор ширкатлари томонидан бойкот қилинаётган бир паллада Гулнора Каримова икки миллиондан ошиқ бола меҳнатига етиштирилаëтган айни пахтадан тўқилган адрасни Милан подиумида намойиш қилди.

Бу шунчаки бир тасодифми ёки эҳтиёткорлик — буни айтиш қийин, аммо, Гулнора Каримованинг Миландаги нуфузли мода ҳафталиги доирасида ўтказилган кўргазмаларидан биридаги чиқиши борасида ёзилаётган мақолаларда у яратган моделлар шойидан тикилганига урғу берилмоқда.

Зеро, шу кунларда бир қатор Ғарб ширкатлари томонидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот компанияси янада кучайди.

Гулнора Каримованинг Миландаги кўргазмаси ҳақидаги хабар интернет оралаган кунда “Independent World Report” интернет нашри муҳаррири Ташим Халил бойкот юзасидан ўтказган журналистик суриштируви натижаларини эълон қилди.

Журналистга кўра, ўзбек пахтасини бойкот қилган Tesco, Wal-Mart, Marks and Spencer, Levi Strauss, H&M каби ширкатларнинг баъзилари ўз лафзида қаттиқ туриб, уларнинг учинчи давлатларда жойлашган кийим тикиш корхоналарига кириб келаётган матонинг қайси пахтадан тикилганига етарлича эътибор қаратмаяпти.

Журналист баъзи ўринларда ушбу Ғарб ширкатлари корхоналарига мато ёxуд ип етказиб бераётган воситачилар ҳануз ўзбек пахтасини ишлатаётганини аниқлаган.

Журналистнинг ушбу сўровига жавоб берган ширкатлар вазиятни ўз назоратига олишга уринаётганини айтган, уни қувватлаган халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари эса Ғарб ширкатларининг ўз ваъдасига сўнггига қадар ваъфо қилишига умид қилмоқда.

Ўзбек болалари қўли билан терилган пахта халқаро майдонда ҳануз баҳсларга сабаб бўлаётган бир паллада мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримова бир неча ёш дизайнер билан Милан мода ҳафталигида кийим-кечак ва заргарлик коллекцияси билан иштирок этди ҳамда ифтихор билан ўзбек пахтасидан ҳозирланган моделларини намойиш қилди.

Ўзбек шойисидан, дея урғу бериб тақдим қилинган адраснинг юрти — Фарғона водийдаги тўқимачилик корхоналаридан бирининг ходими аввалига адраснинг қандай тўқилиши ҳақида қисқа маълумот берар экан, бу соф шойидан тўқилган мато эмас, дейди.

- Адраснинг 50 фоизи ипак¸ 50 фоизи ип бўлади. Ўзимизда ишланган пахта пряжадан бўлган. Ранглари ҳам табиий рангдан олинган. Ëнғоқдан¸ гуллардан қайнатишиб олишган. Ранг шунақа олинган. Шунинг учун бунинг ранги чиқмайди. Жаҳон бозорларига олиб чиқилган бўлса¸ бу ниҳоятда яхши. Чунки харидор қанча кўпайса¸ юртимиз шунча бой бўлади, дея Миландаги “Style.Uzbekistan” коллекцияси кўргазмасини қувватлади Фарғона водийсидаги тўқимачилик корхонаси ходимларидан бири.

Бу ходим ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот хусусида фикр билдирмасликни маъқул кўрар экан, ўз фарзандлари пахта даласига, умуман, чиқмаганини қўшимча қилиб қўйди.

Ўзбекистонлик этно русумда ижод қилаётган ёш дизайнерлар фаолиятини кузатаётган Москвадаги ўзбек дизайнери Лола Сайфий улардан баъзиларининг истеъдодига юқори баҳо берди.

- Этно русуми билан боғлиқ барча йўналишлар ҳозир урфда ва шахсан мен ҳам шу йўналишда ишлаяпман. Менга бу жуда ёқади. Ўзбекистонда эса истеъдодли ёш дизайнерлар жуда кўп, бу борада Оллоҳ Ўзбекистонни сийлаган, деб ҳисоблайман. Мисол учун, Саида Амир, Алексей Канишка каби ёшлар бор, дейди дизайнер Лола Сайфи.

Шу боис у “Guli” бренди остида тикилган кийим-кечакларни ҳали кўриб улгурмаган бўлса-да, Миландаги кўргазма бир жиҳатдан эътиборга молик бўлганини тахмин қилади.

- Мисол учун, “Jon Galiano” модалар уйида ҳам ҳамма моделларни Галианонинг ўзи чизмайди, ўнлаб дизанерлари бор. Гулнора Каримова учун ҳам ёш истеъдодли дизайнерлар меҳнат қилаётган бўлиши ва бу “Guli” бренди остида тақдим қилинаётган бўлиши мумкин. Бу жуда нормал ҳодиса. Шу боис, айтиш мумкинки биринчидан, одамлар ишлаяпти, меҳнат қилаяпти. Иккинчидан, улар нима яратаётганидан қатъий назар¸ бу ўзбек шойи ва пахтаси, умуман, Ўзбекистон манфаатига фойдали, дейди дизайнер Лола Сайфий.

Ўзбек пахтасига бойкот бобида эса асли ўзбекистонлик дизайнер жуда қисқа ва аниқ жавоб берди.

- Агар болалар меҳнати ҳақида сўраётган бўлсангиз, ҳа, мен мажбурий болалар меҳнатига қаршиман. Аммо, модалар кўргазмаси ва болалар терган ўзбек пахтасига бойкот – бу иккита алоҳида масала, деди ўзбек дизайнери Лола Сайфи.

Ўзбекистонлик рассом Слава Охунов Миландаги кўргазмада иштирок қилган Гулнора Каримова ва унинг теграсидаги ёш дизайнерларни ўзбек пахтасига бойкоту, шу кунларда ҳам пахта далаларида юрган мактаб болалари ташвишга солиши мумкинлигига шубҳа қилади.

Рассом учун болалар қўли билан терилган пахтадан тайёрланган адраслар масаланинг бир оғриқли жиҳати бўлса, мамлакат иқтисоди шу болалар меҳнатига қараб қолган бир пайтда¸ бу адраслардан тайёрланган моделларни Милан подиумига чиқариш учун кетган сарф-харажат иккинчи оғриқли нуқтадир.

Рассом тасвирий санъат асарлари кўргазмаларидан бирига кетадиган сарф-харажатни мисол тариқасида келтирди.

- Мисол учун, Венециядаги “La Bienale” замонавий тасвирий санъат кўргазмасида қатнашиш учун ҳар бир мамлакат алоҳида бир павильонни харид қилади ва у ерда ўз рассомлари асарларини намойиш қилади. Бунақа павильонни, тахминан, 200 ёхуд 300 минг АҚШ долларига харид қилиш мумкин. Яъни, унда қатнашиш учун пул бўлса, кифоя. Лекин, бунақа кўргазмада санъат юлдузлари учун ажратилган алоҳида зал бор ва уни сотиб олиш имконсиз, дейди Слава Охунов.

Унинг фикрича, Гулнора Каримовада пул бор ва ҳозирча у ўзини намойиш қилиш мақсадида пулга сотиб олиш мумкин бўлган исталган нуқтага қадар бориши мумкин.

- Маданиятнинг оммавийлашуви бораётган бизнинг асрда қайсидир ижод йўналишининг савияси ҳақида гапириш жуда қийин. Ҳамма нарсани реклама ва пул ҳал қилаяпти. Кийим-кечакларию, заргарлик буюмлари савиясидан қатъий назар, Гулнора Каримовада мавжуд пул ва ҳокимият унинг кўргазмасини исталган давлатда намойиш қилиш учун етарли. Аммо, унинг номи санъатнинг асл юлдузлари сафида тилга олинишига ишомайман. Чунки мен санъат соҳасида стахановчасига ишлаш мумкинлигига ишонмайман. Бу имконсиз, дейди ўзбекистонлик рассом Слава Охунов.
XS
SM
MD
LG