Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:31

"Тошкентни бурчакка тақаш хавфли"


Минтақа муаммоларини ўзаро муҳокама этиш зарурати Марказий Осиë президентларини Медведев эмас¸ Бердимуҳаммедов ҳузурига етаклаëтган кўринади.
Минтақа муаммоларини ўзаро муҳокама этиш зарурати Марказий Осиë президентларини Медведев эмас¸ Бердимуҳаммедов ҳузурига етаклаëтган кўринади.

Минтақадаги сув муаммосини муҳокама қилиш учун Марказий Осиë етакчилари Москва¸ ëхуд Кремл етагидаги МДҲ нинг навбатдаги саммитига эмас¸ бу гал Ашхободга¸ президент Бердимуҳаммедов олдига бормоқчилар.

9 октябр куни Кишинёвда ўтказилиши режалаштирилган МДҲ саммитига Қирғизистондан ташқари ҳеч бир Марказий Осиё раҳбарининг бормаётгани Россия етакчилигидаги ушбу тузилманинг минтақа муаммоларини ҳал этишдаги ўрни ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди.

Ўз мамлакат аҳолисини энергияни тежайдиган лампочкаларга ўтказаётган президент Раҳмоннинг ёнилғи сарфлаб Кишиневга эмас, сув ва энергетика муаммосини муҳокама этиш учун Ашхободга йўл олаётгани бежиз эмас. Зотан¸ ўтган ҳафта Тожикистон раҳбари Ашхободдан кутилмаган ижобий мужда олди.

Журналистлар билан учрашган президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов Тожикистондан олинаётган сув эвазига Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон товон тўлаши керак¸ деган ғояни илгари сурди.

- Марказий Осиёни сув билан таъминловчи асосий дарёлар бошланадиган Тожикистон бугунги кунда элект энергияси тақчиллиги муаммосини бошдан кечирмоқда. Бу муаммони расмий Душанбе янги ГЭС ларни қуриш орқали ҳал этиш ниятида. Бунинг эса минтақада сув тақсимоти учун салбий оқибатлари бўлиши мумкин. Шунинг учун расмий Душанбе сувнинг ўз маромида оқишини таъминлаши учун минтақа давлатлари Тожикистонни субсидиялаши керак¸ деди Бердимуҳаммедов.

Аммо Туркманистон президенти Тожикистон фақатгина ўзининг электр энергияси тақчиллиги муаммосини ҳал этмоқчи дея, янглишади. Аслида Тожикистон расмийлари янги гидроэнергетик иншоотларига экспорт имкониятларини очувчи мўмайгина даромад манбаи сифатида қарайдилар. Янги ГЭС ларни қуриш зарурати борасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида айтишувлар давом этаётганига қарамасдан расмий Душанбе асосан Роғун ГЭС ини қуриш учун маблағ қидириш билан овора бўлмоқда.

Катта тўғонлар бўйича халқаро комиссиянинг Тожикистон миллий қўмитаси котиби Ҳамиджон Ориповнинг айтишича, бу масала ҳал этилиши биланоқ Роғун ГЭСини қуриб битказиш масаласи ортиқча муҳокама этилмайди.

- Бу ерда фақатгина Тожикистон ривожланишини сунъий равишда тўхтатиб қолишга уриниш бўлаяпти. Умумий саъй-ҳаракатларимиз билан молиявий ва техник муаммоларни ҳал этишимиз биланоқ, бу масала Ўзбекистон фойдасига ҳал бўлмайди¸ деди Ҳамиджон Орипов.

Марказий Осиёдаги сувнинг табиий оқими минтақада табиий иттифоқчиларни пайдо қилди. Булоқ бошида турган Тожикистон ва Қирғизистон бир томонда бўлса, сувдан ўз қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланаётган Қозоғистон, Туркманистон ва биринчи галда Ўзбекистон бошқа томондадир. Туркманистон президентининг ўз табиий иттифоқчилари зарарига қилган сўнгги баёноти сув тақсимотига қурилган иттифоқчилик муносабатларининг унчалик ҳам мустаҳкам эмаслигини кўрсатди.

Айни пайтда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида сув тақсимоти масаласи унчалик ҳам кескин эмаслигини таъкидлаб баёнот эълон қилди. Ташкилотнинг Бишкекдаги офиси вакили Бурул Усманалиева бу давлатлар ўртасида сув муаммоси яқин орада ижобий ҳал этилиши мумкинлигига ишонч билдирди.

- Трансчегаравий дарёлардан самарали фойдаланиш давлатлар ўртасидаги эҳтимолий тарангликни бартараф этиш воситасидир. Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги трансчегаравий сув оқимларини бошқариш даражаси ўзаро манфаатли муносабатларни барпо этиш мумкинлигини исботламоқда¸ деди Бурул Усманалиева.

Аммо экспертлар Ўзбекистон иштирокисиз минтақада сув тақсимоти масаласини ҳал этиш имконсизлигини таъкидлайдилар. Бошқа томондан Ўзбекистон фикрини инобатга олмаслик энг хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўпчилик англаб етмоқда. Қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Дўсум Сатбаев Ўзбекистонни бурчакка тақашга ҳаракат қилишнинг оқибатлари борасида огоҳлантиради.

- Менимча¸ Тошкентни бурчакка тақаш хавфлидир, чунки Тошкентда қўшнилар билан куч ёрдамида муносабат қилиш ғояси ҳам кенг тарқалган. Бир неча йил аввал Ўзбекистоннинг Тўқтағул сув омборини босиб олишни мақсад қилиб қўйгани ҳақидаги хабарнинг пайдо бўлгани бежиз эмас. Ўз сув таъминоти хавфсизлигини таъминлаш учун Ўзбекистон кескин чораларга бориши мумкинлиги қўшни давлатларни хавотирга солиши керак¸ дейди Дўсум Сатбаев.

28 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг қилган қатъий баёноти, 6 октябр куни БМТ қошидаги Жаҳон сайёҳлик ташкилотида нутқ сўзлаган “Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Зоҳид Ҳакимов оғзидан ҳам янгради.

Сешанба куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон қабулида бўлган Швейцария Ташқи ишлар вазири Мишелин Калми-Рей ўз мамлакатининг минтақадаги ушбу кескин муаммони ҳал этишга кўмаклашишига ваъда берди. Шундай қилиб Марказий Осиёдаги сув тақчиллиги муаммоси МДҲ нинг эмас, ҳозирча БМТ, Европа Иттифоқи, Жаҳон Банки ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг диққатини ўзига қаратмоқда.
XS
SM
MD
LG