Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:44

Эркин микрофон - "Ташлаб кетадиган ахмоқ йўқ!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

дейди Озодликка Хитойдан сим қоқиб¸ бу ердан интернет орқали топгани ширкатга чув тушиб¸ 30 минг долларга яқин пулини ололмай юрган ўзбекистонлик тадбиркор.

Чин-Мочиндан адолат излаëтган ўзбек

20 октябр куни Озодликка илк сим қоққанлардан бири Хитойда тадбиркорлик қилаëтган Абдулборий бўлди.

У қўл телефон савдоси билан шуғулланар экан. Шу йил аввалида Хитойга борган ва маҳаллий уяли телефон ишлаб чиқарувчи компания билан шартнома тузган.

Хитой компанияси катта миқдорда пул олган, аммо ҳанузгача ўзбекистонлик тадбиркорга маҳсулот бермаяпти.

Абдулборий шу иш ортидан Хитойда, хитойлик ишлаб чиқарувчилар билан судлашибди.

Абдулборий: Нима дейди¸ Хитой халқи жуда ҳам аферист халқ бўлар эканда. Улар келишилган нарсани январда қилиб бериши керак бўлган. Улар шуни январда қилиб бера олмади. Январнинг охирида хитойларнинг бир ойлик байрами бўлади. Ўша байрамга тўғри келиб қолди¸ деб яна қилиб бера олмади. Февралда ўзим келдим. Мартда қилиб берамиз¸ деди. Мартда ҳам қилиб бермагандан кейин “Яна бир ой вақт берасан” деди. 6 март куни “Ë пулни берасан ë товарни берасан” деб тилхат ëздириб олдим. 6 март куни “Товарни ë пулни бермайсанми?” десам¸ “Йўқ¸ сен билан судда кўришамиз” дейди.

Июн ойида суднинг қарори менинг фойдамга чиқди. Пулни қайтариб берадиган бўлди. Кейин у бошқатдан судга берди. Бу суд ҳам олдинги суднинг ҳукмини тасдиқлаб “Пулни берасан” деб ҳукм чиқариб берди. Суднинг ижрочиларига бордим. Ижрочилари унга телефон қилган эди “Эртага бораман” деди. Эртаси куни у келмади. Унинг ишхонасига бордик. Ишхонаси қулф.

Интернетда “300 одам ишлайди. Фалон миллион айлантираман” деб ëзилганлари ëлғон экан. Ўшаларни ҳужжат қилиб¸ нотариусдан тасдиқлатиб¸ ўшаларни топшириб¸ суд ижрочилари билан биргаликда жиноий иш қўзғатдим. Биринчи октябрда эди бу. Биринчи октябрда байрам бўлиб қолди. Тўққизинчидан бери ҳар кун бораман.

Мен суднинг хонасидан чиқмасдан “Шу ердан чиқмасдан ўтираман. Ë ўша учаласидан биттасини қилиб берасан ë мен кетмайман” дедим. Кейин булар менинг қўлимга кишан солиб олиб чиқишди. Одамни жуда хор қилишди. Нима қилишни билмасдан Ўзбекистон элчихонасига телефон қилсам¸ ҳеч ким олмайди. Мен Пекинга борганимда Ўзбекистон элчихонасига ҳужжатларни¸ суд ҳукмларини топшириб келганман. Телефон қиламиз¸ деган эди. Мана икки ойдан бери телефон қилмайди. Пулни олиш учун қаëққа телефон қилсам бўларкан? Халқаро судга бериш керакми.

Озодлик: Сир бўлмаса¸ қанча сумма ҳақида гап кетаяпти?

Абдулборий: Бу ерда 192 минг юан ҳақида гап кетаяпти. Бу 28 минг доллардан ошиқроқ.

Озодлик: Катта пул эканда бу.

- Бу пул шериклик пул. Охиригача ҳаракат қилиб олишим керак. Ташлаб кетадиган ахмоқ йўқ. Охирига етказиш керак энди¸ дейди Абдулборий.

Ҳозир Хитойнинг Гуандон шаҳрида юрган ўзбекистонлик тадбиркор Абдулборий Хитой суди чиқарган ҳукмнинг Хитойда ижро этилишини талаб қилиб, энди хорижий ташкилотларга мурожаат қилмоқчи.


Нафақа олмоқчи бўлсанг¸ пахтага чиқ!



Навбатдаги суҳбатдошимиз ҳозир хорижда юрган андижонлик қочқинлардан бири.

У куни-кеча қариндошлари билан суҳбатлашиб, Андижон расмийлари аҳолини пахта теримига кўпроқ жалб қилиш учун янги ислоҳот ўйлаб топибди, деган хулосага келганини айтади.

- Қийинчилик бўлаяпти экан. Андижонда болаларнинг пулини бермаяпти экан. Болаларнинг пулларини¸ қарияларнинг пенсияларини олгани чиқишса¸ “Сен пахтага чиқиб¸ тўрт кун пахта териб беришинг керак” деб катта одамларни қийнашаëтган экан.

Озодлик: Андижоннинг қаерида шунақа бўлаëтган экан?

- Андижон шаҳрининг ўзида бўлаëтган экан.

Озодлик: Шаҳарда яшаëтганлар ҳам пахтага чиқаяптими ҳозир?

- Ҳа¸ пахтага чиқараяпти экан. Бориб¸ маҳалла комитетига учраб¸ ҳақиқатда пахтага чиқиб¸ териб келдим деса¸ қоғоз қилиб бераяпти экан. Кейин борса¸ болаларнинг пулини¸ қарияларнинг пенсиясини бераяпти экан.

Озодлик: Албатта тўрт кун териб бериш керак эканми? Минимум тўрт кун эканми?

- Ҳа. “Ҳеч бўлмаса тўрт кун пахта териб беришинг шарт. Кейин болалар пулини¸ кейин қарияларнинг пулини берамиз” деб маҳалла комитети оилаларни қийнаëтган экан.

Озодлик: Тўрт кун пахта териб берса¸ “Фалонча кило пахта терди” деб қоғоз берар эканми?

- Ҳа¸ шунақа қоғоз беради шекилли¸ яна билмайман. Терганингизни маҳалла комитетига исботлаб берасиз экан. Кейин маҳалла комитети қоғоз ëзиб¸ шу қоғозни кўтариб борсангиз¸ кейин пулларингизни берадиган бўлиб қолибди.

Озодлик: Қачондан бошланибди бу иш?

- Бу пахта мавсуми бошлангандан кейин бошланибди. “Тўрт кун териб беринглар. Пулини шунда берар эканми?” десам¸ “Берар экан” деди. “Майли¸ териб беринглар” деб қўйдим¸ дейди андижонлик қочқин.

Ҳозир муҳожирликда яшаётган андижонлик қочқин қўлида икки ойлик гўдаги билан қолган қариндошининг болалар нафақасини олиш учун пахтага чиқишга мажбур бўлаëтганидан куйинмоқда.


"Қозоғистонда деҳқончилик қилсаммикин?"



Россияда юрган яна бир андижонлик муҳожир Рустам ака “Эркин микрофон”нинг ўтган сонларидан бирида сўзлаган наманганлик ўқитувчи аёл ҳикояси билан қизиқди.

Бу аёл ўқитувчилигини ташлаб, Қозоғистонда деҳқончилик қилаётгани ҳақида сўзлаган эди. Рустам ака ҳам Россиядаги меҳнат муҳожирлигини йиғиштириб, Қозоғистонда деҳқончилик қилсаммикин, деган фикрда экан.

Уни суҳбатга тортдик.

Рустам ака: Шу Озодлик каналига Қозоғистондан Ўзбекистоннинг Андижонидан бўлган бир бола телефон қилган эди. Ўша ерда деҳқончилик қилар экан. Кейин наманганлик ўқитувчи аëл телефон қилган эди. У ҳам ўша ерда деҳқончилик қилиши ҳақида айтган эди. Мен Россияда ишладим. Жичча пул қилдим. Иложи бўлса у ëққа қанақа документлар керак бўлишини¸ қайси шаҳарга боришни билганимда¸ деҳқончилик қилганимиз яхши¸ дейманда. Ишлаб пул топиб¸ бировнинг гапини эшитиш жуда қийинда. Ўзингизни ерингиз бўлса¸ деҳқончилик қилсангиз¸ яхшимикан дейманда.

Озодлик: Сиз ҳозир Россияда нима иш қиласиз?

Рустам ака: Бу ерда қурилиш ишлари қилинади.

Озодлик: Шунинг ўрнига Қозоғистонга бориб деҳқончилик қилсаммикан деб ўйлаяпсиз.

Рустам ака: Мисол учун¸ мен ҳозир 2000 долларча пул тўпладим. Шу пул етадиган бўлса¸ агар етмайдиган бўлса¸ яна қолиб ишлаб¸ пул етказадиган бўлсам¸ баҳор ойиданми¸ қайси ойдан ернинг документларини гаплашиб қилинадиган бўлса¸ ўшаларни билиб олсам¸ баҳордан бориб Қозоғистонда ер олиб¸ деҳқончилик қилардимда.

Озодлик: Нимага шу деҳқончиликни Ўзбекистонда қилиб қўя қолмайсиз?

Рустам ака: Ўзбекистонда ҳозир бир гектар ерни бир миллионга боради деяпти. У ердан иккита ҳосил олиш керак бўлади¸ дори-дармонлари бўлади¸ вақти бемаҳал одам ишлатиш керак бўлади. Қишлоқнинг қизлари 2000-3000 учун фермернинг қўлида эрталабдан кечгача ишлайди. 2000-3000 нима бўлади? Яримта нон билан баклашкада чой олиб олишади. Печак қанд ҳам қурт босганмией. 2000 ëки 3000 учун 24 соат умри ўтиб кетади. Олтиндан қиммат вақтини ажратаяпти.

Озодлик: Сизга ишчи кучи арзонга тушарканку. 2000 доллар пулим бор деяпсизку.

- Етмайдида. Ҳозир ҳар хил гап бўлаяпти. Қозоғистон Ўзбекистонга нисбатан тинчмикан¸ дейманда. Ўзбекистон яхши бўлганда наманганлик опа у ëқда нима қилади? Менинг ҳам иккита опам ўқитувчи. Ойликларини ҳам олишолмайди. Дарс ўтиш жараëнини кўрсанг¸ кулгинг қистайди¸ дейди Рустам ака.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

**********************************************

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG