Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:52

ЕИ санкциялари - "қолди нимаю¸ қолмади нима"


Кузатувчиларга кўра¸ санкцияларни бекор қилишга уларни жорий қилган Европа иттифоқи мутасаддилари тошкентдагилардан кўра кўпроқ ошиқишди.
Кузатувчиларга кўра¸ санкцияларни бекор қилишга уларни жорий қилган Европа иттифоқи мутасаддилари тошкентдагилардан кўра кўпроқ ошиқишди.

ЕИ Ўзбекистон ҳукуматини “қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш бўйича жиддий қадам қўйишга рағбатлантириш” мақсадида Тошкентга нисбатан жорий қилинган жазо чораларининг сўнгги қисмини ҳам бекор қилмоқчи.

“Ўзбекистон расмийларини қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш бўйича янада жиддийроқ қадамлар қўйишга рағбатлантириш ва Ўзбекистон расмийлари ўз зиммасига олган мажбуриятларни инобатга олган ҳолда, Европа Кенгаши 2008 йилдаги Кенгашнинг умумий позициясига биноан кучда қолган жазо чораларини янгиламасликка қарор қилди”, дейилади ЕИ га аъзо давлат дипломатлари қабул қилган резолюция лойиҳасида.

Euobserver.com нашри тарқатган хабарга кўра, мазкур резолюция лойиҳаси 20 октябр куни Брюсселда бўлиб ўтган мажлисда қабул қилинган.

Европа иттифоқининг жорий раиси Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўйича мутасаддиси Йан Нюберг Озодлик билан суҳбатда, мазкур қарор қабул қилингани ҳақида гапиришга ҳали эрта, дея баён қилди.

- Кечирасизу, лекин бу жараён охирига етгани йўқ ва ҳозирча бирор нарса дейишим қийин. Ҳозирча расмий қарор қабул қилингани йўқ. Бу масала, келаси ҳафтага белгиланган вазирлар учрашувида муҳокама қилинади ва якуний қарор ўшанда қабул қилинади, деди Швеция Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Айни пайтда, Европа иттифоқининг исми сир тутилишини истаган мутасаддиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган қурол эмбаргосини бекор қилиш масаласи узил-кесил ҳал бўлганини тасдиқлади.

“Келаси ҳафта бўладиган учрашувда вазирларнинг мазкур резолюцияни тасдиқлаши шунчаки расмиятчилик масаласидир”, деди Брюсселдаги манба.

Резолюция лойиҳасида Ўзбекистон ҳукуматининг кейинги бир йил ичида Европа иттифоқи билан инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги масаласида олиб борган мулоқоти, бир неча ҳуқуқ фаолларини қамоқдан озод қилгани, ҳабеас корпуснинг жорий қилингани ва болалар меҳнатига қарши конвенцияни ратификация қилгани олқишланади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мазкур резолюцияда изҳор этилган қутлов сўзларининг ҳақиқатдан йироқ эканини айтиб, қурол эмбаргосининг бекор қилингани Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланишига ҳисса қўшмаслигидан хавотир билдирмоқда.

Мариана Ҳювагаен Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Берлиндаги ваколатхонаси раҳбари.

- Ҳюман Райтс Уотч қурол эмбаргосининг айни дамда бекор қилинишидан норози. Ўзбекистон ҳукуматининг кейинги бир йил давомида қўйган ижобий қадамларига оид фикрларга ҳам қўшилмаймиз, чунки бу давр ичида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларга нисбатан таъқиблар янада кучайди. Умуман олганда¸ инсон ҳуқуқларига оид вазият аввалгидан кўра янада ёмонлашди ва қурол эмбаргосининг бекор қилинишига ҳеч қандай сабаб кўрмаяпмиз, дейди ҲРУ вакили.

Ўзбекистондаги Деморатик ташаббус маркази раҳбари Искандар Худойберганов ҳам қурол эмбаргосининг бекор қилингани Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартира олишига ишонмайди. Лекин, дейди у, самарасиз санкцияни кучда қолдириб, Тошкент режимининг ғашига тегиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлмай қолди.

- Ижобий ўзгаришлар бўлишига менинг кўзим етмайди. Ғарб ҳам¸ ҳойнаҳой¸ буни билади. Лекин вазият шундайки¸ Ғарбнинг бошқа иложи йўқ. Эмбарго йўлини тутса¸ бу Ўзбекистонга барибир фойда келтирмайди. Аксинча¸ муносабат анча ўзгаради. Мулоқот бўлиб турганининг ўзбек демократиясига ëрдами кўпроқ. Бу менинг шахсий фикрим, дейди Искандар Худойберганов.

Оддий ўзбекистонликларнинг аксарияти Андижон воқеаларидан кейин жорий қилинган санкцияларни эсидан чиқариб бўлган.

Исми сир қолишини истаган андижонлик суҳбатдошимиз санкцияларнинг қурол эмбаргосига оид қисми кучда қолаётганидан хабари бор. Лекин, дейди у, самарасиз санкция бекор қилинди нимаю¸ кучда қолди нима?

- Чунки санкциялардан ҳеч қандай манфаат бўлганини сезмадимда. Шунинг учун бунинг қизиғи ҳам йўқ шекилли. Таъсири бўлиб¸ ижобий бир томонга ўзгариш бўлганда эди¸ керак эди¸ зарур эди. Бизнинг раҳбарларимизга ҳатто пашша чаққанчалик таъсир қилгани йўқку¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Бироқ Европадаги фуқаровий жамияти ташкилотлари рамзий бўлсада, қурол эмбаргосининг кучда қолиши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазияти масаласини кун тартибидан туширмаслик учун муҳимлигини айтмоқда.

Амнести Интернейшнл ташкилотининг Европа иттифоқи ташқи сиёсати бўйича дастури директори Дэвид Николс, Ўзбекистонда ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар қамоқда қолаётгани ва миллионлаб ёш болалар пахта далаларига ҳайдалаётган бир пайтда, расмий Брюсселнинг Тошкент режимининг ижобий қадамлари ҳақида гапириши куракда турмайди, дейди.

- Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида аниқ чораларни кўргани йўқ. Ўзбекистон ҳукуматининг ўз зиммасига маълум мажбуриятларни олгани рост, лекин уларни бажаргани йўқ. Европа босими остида бир неча ҳуқуқ фаоли озод қилингани рост, лекин ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг кўпчилиги қамоқда қолаётгани ҳам ҳақиқат. Озод қилинган ҳуқуқ фаоллари қаттиқ назорат ва таъқиб остида қолмоқда. Ўзбекистон ҳукумати Болалар меҳнатига қарши конвенцияни қабул қилгани билан бу конвенция қандай бажарилаётганига оид савол ҳам очиқ қолмоқда, чунки халқаро ташкилотлар, жумладан бизнинг ташкилотимиз, БМТ, Қизил хоч ва Қизил яримой ташкилотларига Ўзбекистонга бориб бу маълумотларни текшириш имкони берилгани йўқ¸ дейди Дэвид Николс.

Европа қарори, дейди Амнести Интернейшнл вакили, Европа иттифоқининг инсон ҳуқуқлари қадриятлари учун курашчи сифатида мисқоллаб йиққан обрўсига катта путур етказади.

- Афтидан¸ бу қарор бир неча ҳафта аввал қабул қилиб бўлинган. Чунки ЕИ аъзолари ичида Ўзбекистонга нисбатан қурол эмбаргоси ёхуд бошқа жазо чорасини қўллаш масаласининг¸ ҳатто¸ муҳокама қилинишига қарши бўлган давлатлар борлиги аниқ эди. Лекин бундай қарордан кейин инсон ҳуқуқларига оид ўз сиёсатига содиқ қола олмаган Европа иттифоқи жаҳон майдонида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган ишончли куч бўлиб қола олдими йўқми, деган савол туғилади, дейди Амнести Интернейшнл шарҳловчиси Дэвид Николс.

Европа санкциялари Андижон воқеаларидан кейин жорий қилинган ва жазо чораларига қурол эмбаргосидан ташқари Андижонда тинч аҳолининг қирғин қилиниши учун масъул бўлган Тошкент мулозимларига нисбатан виза чеклови ва Европа иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий мулоқотни тўхтатиш қарор қилинган эди.

2006 йилнинг кузида икки томон ўртасидаги сиёсий мулоқот тикланди ва 2007 йилнинг ёзига келиб виза чекловининг кучи аввал вақтинча тўхтатилди, кейин эса бутунлай олиб ташланди.
XS
SM
MD
LG