Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:38

Мактабларга дин сабоғи киритилади


Қирғизистон ҳукумати расмийларининг айтишларича, мактабларда диншунослик дарсларининг жорий этилиши диний-экстремистик оқимлар аъзолари сонининг озайишига сабаб бўлади.
Қирғизистон ҳукумати расмийларининг айтишларича, мактабларда диншунослик дарсларининг жорий этилиши диний-экстремистик оқимлар аъзолари сонининг озайишига сабаб бўлади.

Қирғизистон ҳукумати ўрта таълим мактабларида диншунослик дарсларини жорий этиш билан ёшларининг Ҳизбут -Таҳрир каби диний оқимларга қўшилиб кетиши олдини олмоқчи.

Мактабларда диншунослик фани ўқитила бошланиши ҳақида илк бор Қирғизистон Маориф вазири ўринбосари Борис Кубаев Бишкекда ўтказилган “Диний муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусидаги давра суҳбати чоғида маълум қилган эди.

Қирғизистонлик маорифчиларга кўра, бу қувонса арзигулик янгиликдир. Чунки мактабларда дин дарсларининг ўқитилиши ёшларнинг турли экстремистик оқимларга қўшилиб кетишининг олдини олиши мумкин.

- Диншунослик дарсларининг мактаб дастурига киритилиши кўпчиликнинг турли экстремистик диний ташкилотларга аралашиб қолишининг олдини олади. Ваҳобийлик ва Ҳизбут-Таҳрир оқимларининг кучайиб бораётганига ёшларимизнинг диний билими йўқлиги сабаб бўлмоқда. Диншунослик фани орқали ёшларимизга умумий диний билим бериш имконияти яратилади, деди Ўш шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдували Болтабоев.

Айни пайтда бу масала Қирғизистон парламентида ҳам кўтарилди. Қирғизистон парламентининг 28 октябр куни бўлиб ўтган йиғилишида Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Қанибек Ўсмўналиев айни пайтда мамлакатдаги барча ўқув муассасаларига диншунослик дарси киритилиши бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди:

- Биз бу қонун лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Бироқ биз биринчи навбатда иккита муаммони ҳал қилиб олишимиз керак. Булар диншунослик фанини ўқитадиган муаллимларни тайёрлаш ва ўқув методик қўлланмалари муаммосидир.

Мактабларда бу фан албатта ўқитилиши шарт. Аммо биз яна бир бор малакали мутахассислар етишмаслиги муаммосига дуч келяпмиз, деди Қанибек Ўсмўналиев.

Норасмий маълумотларга кўра, Ҳизбут-Таҳрир каби турли диний ташкилот аъзолари асосан Қирғизистон жанубидаги Ўзган, Новқат ва Қорасув туманларида истиқомат қиладилар. Айрим кузатувчиларга кўра, ушбу туман мактабларидаги ўқувчиларнинг аксарияти ҳам Ҳизбут-Таҳрир партияси вакиллари фарзандларидир. Бу эса Ҳизбут-Таҳрир партияси ғоялари мактаб ўқувчилари орасида ҳам тарқалмоқда дейишга асос яратмоқда.

Ўшлик айрим кузатувчилар мактабларда диншунослик фанининг киритилиши ўқувчиларда диний билимни шакллантирибгина қолмай, Ҳизбут-Таҳрир партияси вакиллари фарзандларининг ҳам ота-она изидан бориши олдини олиши мумкинлигини айтадилар.

Лекин бундай фикрга қўшилмайдиганлар ҳам бор.

- Мен мактабларга Ислом таълими дарсининг киритилиши тарафдориман. Сабаби Исломдан билими бор инсон ўзини жамиятда бошқача тутади.

Бироқ боланинг дунёқараши мактабда берилган таълим -тарбия билангина шаклланиб қолмайди. Бола биринчи навбатда оилада тарбияланади. Ҳизбчилар оиласида тарбияланган бола “Қуш уясида кўрганини қилибди” деганларидек, ота-онасининг эътиқодини қабул қилади, дейди Иззатилло Раҳматуллаев.

Қирғизистон жанубида мактаб ўқувчиларининг турли диний оқимларга қўшилиши олдини олиш учун аввал ҳам ҳукумат томонидан бир қатор чора-тадбирлар кўрилган.

Масалан, 2009 йил баҳорида Ўш шаҳар мэрияси мадрасаларда текширувлар олиб борган. Текширув натижасида 17 мадрасадан 14таси “санитария талабига жавоб бермайди ва ўқув жараёни саёз” деган баҳона билан ёпиб қўйилган.

Ўшлик баъзи диндорлар бу каби ҳолатларни “мусулмон фарзандлари ҳуқуқларини бузиш”, деб баҳоладилар.
XS
SM
MD
LG