Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:39

Ўшда яна журналист калтакланди


Қубанич Жўлдўшев долзарб мавзуларни дадил ёрита оладиган журналист сифатида танилган.
Қубанич Жўлдўшев долзарб мавзуларни дадил ёрита оладиган журналист сифатида танилган.

Ўш шаҳар мэри журналист Қубанич Жўлдўшев касбий фаолияти сабабли калтакланганига ишончи комил эканини расман билдирган бўлса ҳам, милиция журналистнинг калтакланишидан манфаатдор шахсларни эмас, балки оддий безориларни қидирмоқда.

2 ноябр куни тунда “Ўш оқшоми” газетаси мухбири Қубанич Жўлдўшев бораётган таксини йўл хавфсизлиги назорати ходимлари тўхтатишади. Улар журналистни йўлда қолдириб, такси ҳайдовчисининг спиртли ичимлик истемол қилган ёки қилмаганини текшириш мақсадида наркология диспансерига олиб кетишади.

- Йўлда кетаётганимизда бизни йўл хавфсизлиги ходимлари тўсишди. Мен ҳайдовчининг ёнида ўтирган эдим. “Ҳайдовчи маст эмас, қўйворинглар” десам, сўзимга қулоқ солишмади.

Шундан сўнг қоронғу кўчада ёлғиз қолдим. Бир пайт фуқаро кийимидаги уч йигит мени уриб йиқитишди, оёғини томоғимга қўйиб “Оғзингни оч”, деб бўғди, деди ҳозир оғир аҳволда касалхонада ётган Қубанич Жолдошев.

Журналист сўнгги пайтларда Ўш давлат университети талабаларининг олийгоҳдаги порахўрлик, ўқитувчилар билим савияси пастлиги, шартнома пулларининг юқорилиги, ётоқхоналар шароитлари ёмонлигига норозилик билдириб ўтказган намойишлари ва ушбу намойишда иштирок этган талабаларга университет раҳбарияти тарафидан бўлаётган босимлар ҳақида мақолалар ёзган эди.

Бундан ташқари Қубанич Жўлдўшев ишлайдиган “Ўш оқшоми” газетасининг кейинги сонларида журналистнинг “Ўшдаги фоҳишалик бизнеси кимнинг қўлида?” номли мақоласи чоп этилиши хабар қилинган эди.

“Ўш оқшоми” газетасининг бош муҳаррири Турғунбой Алдақулов журналистнинг калтакланишини унинг касбий фаолияти билан боғлайди. Муҳаррирнинг айтишича, бундан аввал ҳам газета ходимларига номаълум шахслар томонидан таҳдидлар бўлган:

- Бундан аввал ҳам газетамизда танқид қилинган одамларнинг ўртамчилари томонидан “Эҳтиёт бўлинглар, акс ҳолда ўзларинга ёмон бўлади”, деган огоҳлантиришлар бўлган. Шунинг учун ҳам Қубаничнинг калтакланиши унинг касбий фаолиятига боғлиқ деган фикрдаман, дейди Турғунбой Алдақулов.

Айни пайтда Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси мазкур воқеа юзасидан “Безорилик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғаган.

Бу борада Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Адилбек Султанов 3 ноябр куни Ўш шаҳар мэриясида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Ўш шаҳар мэри Мелисбек Мирзаакматов эса шаҳар милициясини “журналистни калтаклаган безориларни эмас, аксинча буюртмачиларни топиш”га даъват этди. Мелис Мирзаакматов ҳам журналистнинг калтакланиши унинг касбий фаолиятига боғлиқ= деб ҳисоблайди.

- Биз бу болаларга “Сизларни биз, милиция, прокуратура қўллаймиз. Сизларга чивин қўндирмаймиз”, деб ваъда берганмиз. Шахсан менинг ва жамоатчиликнинг фикри шундай: унинг калтакланишига касбий фаолияти сабаб бўлган. Негаки, уни “ўлдираман”, деб қўрқитишган. Сизлар эса безорилик бўйича жиноий иш қўзғаяпсизлар, деди шаҳар мэри.

Мелис Мирзаакматов милиция журналистни калтаклаганларни ва буюртмачиларни топа олмаса, бу иш юзасидан шахсан ўзи тергов олиб боришини маълум қилди.

Қирғизистонда сўнгги пайтларда журналистларга бўлган таҳдидлар кўпайиб бормоқда.

Мамлакатдаги, “Журналистлар” жамоатчилик ташкилоти маълумотига кўра, 2005 йилдан буён 6 нафар журналист хориж давлатларидан сиёсий бошпана сўраган.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда сўнги 4 йил ичида 58 нафар журналистга тажовуз қилинган.

Номаълум шахслар томонидан калтакланган журналистлар рўйхатини яна биттага кўпайтирган журналист Қубанич Жўлдўшев айни пайтда Ўш шаҳар касалхонасида оғир аҳволда қолмоқда. Дастлабки текширувда унга “мияси чайқалган ва бир неча қовурғаси синган” деб ташҳис қўйилган.

Қубанич Жўлдўшев “Ўш оқшоми” газетасидан аввал “Озодлик” радиосининг қирғиз хизматида, Қирғизистондаги нуфузли “5 канал” телекомпаниясида мухбир бўлиб ишлаган ва долзарб мавзуларни дадил ёрита оладиган журналист сифатида танилган.
XS
SM
MD
LG