Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:31

Анвар қори ишга қайтди


Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсуновнинг саломатлиги 90 фоизга яхшилангани айтилмоқда.
Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсуновнинг саломатлиги 90 фоизга яхшилангани айтилмоқда.
Имом хатибнинг ўринбосари сўзларига кўра, Анвар қори ўтган ва ундан аввалги икки жума намозида шахсан иштирок этган, маъруза қилган.

Анвар қорининг сўнгги маърузасини тинглаган намозхонлар у нутқи чоғида бошқа кишилар ҳаётига қасд қилувчиларни қоралаганини айтмоқда. Аммо қорининг ҳаётига айнан ким қасд қилгани ва бу жиноятда шу кунгача қанча киши гумонланиб қўлга олингани ҳақида имом хатиб идораси расмийлари ҳануз бехабар эканини айтилмоқда.

Тошкент шаҳар имом хатиби ўринбосари Эргашали Рустамов билан суҳбат мана шу мавзуда бўлди.

Озодлик:
Тошкентдаги манбалардан эшитдик, Анвар қори ака соғайиб, ишга чиқибди ва жума куни намозда иштирок этиб, элга кўриниш берибди. Шу тўғрими?

Эргашали Рустамов: Дарҳақиқат, нафақат кеча, балки ундан аввалги икки жумада ҳам у киши жума намозларига чиқиб, масжид мутасаддиларига бош-қош бўлиб, жума намози тезиси бўйича маъруза қилиб, одамларга кўриниш берганилиги бу ҳақиқат. Шу билан бирга бошқа тадбирларга ҳам бемалол бормоқдалар.

Мана, Худо ҳоҳласа, Ҳаж сафарлари ҳам бошланиб қолди. Тошкент шаҳаридан кетадиган ҳожиларимизнинг ишлари бўйича ҳам ўзларининг қимматли маслаҳатларини менга бериб турибдилар. Бемалол шаҳар ҳокимияти орқали керакли ишларимизни ўз вақтида бажариб турибмиз.

Озодлик:
Қори аканинг соғлиги яхшими? Намозда иштирок этган намозхонлар у кишининг намозда имомлик қилмаганини айтишаяпти.

Эргашали Рустамов: Намозда имомлик қилмаганининг сабаби, у киши узрлик бўлгани учун ҳали ҳам намозга у кишининг ўрнига бошқа киши имомлик қилди. У киши ўзларини озгина бўлса ҳам сақлаш мақсадида намозга ўтмади. Намозга ўтса ҳам бўларди-ю, лекин фақат маъруза қилдилар.

Соғлиги ҳақида сўрадингиз, воқеа бўлган илк кунларга қараганда, ҳозир соғликлари қарийб 90 фоизга ўзгарган. Бемалол ўзлари юради, гапиради, зиёратга келганларни ўзи кутиб олиб, ўзлари кузатиб турибди. Шифокорларимиз у кишининг соғлигидан хабар олиб турибди. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

Озодлик: Жуда яхши, Эргашали ака. Маъруза чоғида, афтидан, намозхонлардан “Ким сизга суиқасд қилди?” деган савол бўлибди чоғи, у киши бошқа кишилар ҳаётига қасд қилганларни қоралаб гапирибди. Шунга қараганда, у кишига ким суиқасд қилгани ҳам ойдинлашиб қолдими, Эргашали ака?

Эргашали Рустамов:
Энди бу озгина бўлса ҳам биз учун қоронғу. Аммо мен ўйлайманки, шу кунларда бизнинг жумҳуриятимизда олиб борилаётган сиёсат, қонун ўз вақтида ишлаб турибди. Жиноятчилар топилса, албатта, қонун доирасида, қонун олдида жавоб бериб, ўзининг жазосини олади, деган умиддамиз. Аммо, бу ҳақда ҳозирча менда ҳеч қандай маълумотлар йўқ.

Озодлик:
Лекин биздаги маълумотларга кўра, бу жиноятда гумонланиб Тошкент шаҳридан 30 дан ортиқ одам қўлга олинган. Сиз ёки сизнинг идорангизнинг бундан хабари бўлдими?

Эргашали Рустамов:
Йўқ, бу тўғрисида менда ҳеч қанақа аниқ маълумотлар йўқ. Менинг бу борада фикрим шу: қачонки, албатта тасдиғини топгандан кейин ўша жиноятчи жазосини олса, тўғри бўлади.

Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсуновнинг ўринбосари Эргашали Рустамов билан суҳбатни тингладингиз.

“Ҳаракат” нашрига кўра, имом хатиб 6 ноябр кунги жума намозида қилган нутқида бошқа инсонлар ҳаётига қасд қилувчиларни қоралаган, аммо шахсан унга суиқасд қилганлар ҳақида гапирмаган.

Имом хатиб жорий йилнинг 31 июл куни ўз уйи олдида пичоқлаб кетилган эди. Анвар қорига номаълум шахслар томонидан уч бора пичоқ урилган ва унга оғир тан жароҳати етказилган. Имом хатиб бу суиқасддан омон қолди ва ҳозир олинаётган маълумотларга кўра, у аста-секинлик билан иш фаолиятига қайтмоқда.

Айни кезда Анвар қори Турсуновга суиқасд уюштирганликда гумонланиб, Тошкент шаҳрида 30 дан ортиқ, Тошкент вилоятида 10 га яқин, Сирдарё вилоятида ҳам 30 дан ортиқ одам ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳақида ҳанузгача аниқ маълумот бергани йўқ. Жамоатчиликка маълуми шуки, Анвар қори Турсунов ва унга суиқасд уюштирилганидан бироз ўтиб, ўз уйида отиб кетилган Ички ишлар вазирлигининг юқори лавозимли расмийси Ҳасан Асадовнинг ўлими бўйича тергов бир-бирига боғлаб олиб борилмоқда. Бу иш билан Ўзбекистон Бош прокуратурасига тегишли махсус гуруҳ шуғулланмоқда.

Бу гуруҳ ишини билвосита кузатаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг сўзларига кўра, ҳибсда сақланаётганларнинг кўпчилигига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97- ва 241-моддаларига биноан, қотиллик ҳамда жиноятни яшириш айби қўйилган. Баъзи норасмий манбаларга кўра, тергов тахминлари орасида ҳар икки жиноятни уюшган, йирик бир жиноий гуруҳ содир этган, деган версияга кўпроқ эътибор берилмоқда.
XS
SM
MD
LG