Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:39

Тошкент бозорларида иккинчи "Ҳужум" бормоқда


Тошкент бозорларида савдо қилмоқчи бўлганлар¸ айтилишича¸ рўмолни бозор маъмурияти талаб қилган шаклда ўрашга мажбур.
Тошкент бозорларида савдо қилмоқчи бўлганлар¸ айтилишича¸ рўмолни бозор маъмурияти талаб қилган шаклда ўрашга мажбур.

Ўтган асрнинг 20-йилларидаги "Ҳужум" кампанияси ўзбек хотин-қизлари юзидан паранжи-чачвонни юлиб олган бўлса¸ Тошкентда ҳижобга қарши айни шундай кампания бозорларда бормоқда¸ дейди Озодликка мурожаат қилганлар.

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сонида Озодликка Тошкент шаҳрининг Чорсу бозоридаги вазият ҳақида сим қоққан тингловчимиз мурожаатига кенгроқ тўхталишга қарор қилдик.

Бу тингловчининг сўзларига кўра, шу кунларда “Чорсу” буюм бозорида исломий либосларни сотиш тақиқланмоқда. Бундай тақиққа бўйсунмаган сотувчилар эса¸ савдо расталаридан қувилиш билан қўрқитилмоқда.

- Менимча¸ бозоркомнинг хонасида штаб квартира турганга ўхшайди. Ҳозир орган ходимлари¸ МХХ ходимлари костюм-шимларда келиб дўконларни текшириб юришибди. Айниқса¸ бу рўмол масаласи бўйича бўлаëтган нималарда. Менимча¸ асосий мақсад ҳижоб бўйича кетаяпти. Чунки ҳозир дўконларда на ҳижоб бор¸ на жойнамоз бор. Одамларни қўрқитиб¸ бемалол тижорат қилишга беришмаяпти.

Мана сизга яқинда бўлган битта гапни айтиб берай. Битта дўконни босишди. Қанақа босишди? Ҳужжати йўқ дейилди¸ бошқа нарсалар баҳона қилинди. Охири дўконнинг эгаси “Нима сотайлик? Айтинглар¸ нима сотайлик? Нимага ҳадеб мени босаверасизлар?” деганда¸ “Ана енгил-елпи кийимлар чиқиб ëтибди. Нима қиласан рўмол сотиб¸ аëлларнинг устини ëпиб¸ ўзингга ғалва орттириб? Бу ҳаммаси тепадан бўлаëтган нарса бўлса. Тушунмаяпсанми? Бу бизларга боғлиқ нарса эмас” деб айтишибди. Охири одамлар бошқа нарса сотишга мажбур бўлишаяпти. "Ал Мадина" деган дўкон бор. Ҳатто ҳозир ўша магазин ҳам ишламаяпти. Ҳар кун эрталабдан бозоркомнинг хонасида 20 га яқин костюм-шим кийган МХХ ходимлари ўтиради. Булар солиқ инспекцияси ëки департамент ходимлари эмас. Бу аниқ. Битта Чорсуда эмас Ипподромда ҳам¸ Юнусободда ҳам - ҳамма жойда назорат кетаяпти. “Президент фармони кетаяптими йўқми¸ ҳижоб масаласи нима бўлаяпти” деб текшириб ëтишибди.

Озодлик: Ҳозир ҳижоб¸ рўмол сотиладиган жойлар қолдими?

- 100 фоиз қолмади бу нарса¸ деган эди бу тингловчимиз.

“Чорсу” буюм бозоридаги аҳволни таърифлаб берган бу суҳбатдошимизга кўра, Тошкент шаҳридаги бошқа бозорлар, жумладан, энг йирик буюм бозорларидан бири бўлган ва халқ тилида ҳануз “Ипподром” деб юритиладиган “Чилонзор буюм бозори”да ҳам аҳвол шу.

Шу мазмундаги суҳбатдан сўнг биз ҳар икки бозор маъмуриятига боғландик.

“Чорсу буюм бозори” маъмуриятида телефон гўшагини кўтарган ходим бундай тақиқ ва тазйиқнинг борлигини инкор қилди. Аммо, суҳбатлашишдан бош тортди.

Чилонзордаги бозор маъмуриятида телефон гўшагини кўтарган ходим эса баъзи саволларимизга жавоб берди:

- Йўқ¸ бизларда ўзи ҳижобли кўйнаклар сотилмайдию¸ камку. Сотаëтганлар сотаяпти. Ҳеч ким ҳеч нарса деяëтгани йўқ. Ҳаммаси Европа кўйнакларию Ипподромда.

Озодлик: “Ҳозир бозорда умуман кўринмаяпти бу нарса. Умуман ҳеч ким сотмаяпти. Қўрқиб қолишган” деган гаплар бўлдида.

- Йўқ¸ идора тарафдан бундай гап-сўз бўлгани йўқ.

Озодлик: Ҳаммаси эмин-эркин сотишаяпти.

- Ҳа. Қонун доирасида фақат. Лекин барибир ноқонуний савдога қарши курашилаяпти¸ дейди Чилонзордаги бозор маъмуриятида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Эшитганингиздек, ҳар икки бозор маъмурияти исломий либослар сотилиши тақиқланганини инкор қилмоқда.

Аммо, шу кунларда бозорга тушган баъзи муслима аёллар расталарда исломий аёллар диний либоси бўлган ҳижоблар кўринмай қолганини эътироф этмоқда.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган ана шундай суҳбатдошларимиздан бири бироз муқаддам “Чорсу буюм бозори”га савдо қилиш учун тушганида ҳижобларни кўрмагани, аммо, рўмол ва жойнамозлар бўлганини айтди.

- Ҳижоблилар каттароқ рўмол бошимда бўлсин дейди. Мусулмонларнинг аëллари шунақаларни хоҳлайди.

Озодлик: “Ҳозир ҳижоб¸ рўмол¸ жойнамозлар расталарда йўқ. топиб бўлмайди” дейишаяпти.

- Йўқ¸ унақа йўқ эмас¸ бор. Рўмол олдик. Олдинги ойда олишди шекилли. Қизим олди. Жойнамозлар ҳам кўрдим мен.

Озодлик: Ҳижобчи?

- Ҳижобни лекин кўрмадим¸ дейди тошкентлик муслима аёллардан бири.

Овозини ёзиб олишимизни истамаган бошқа бир аёл эса савдо қилувчи аёллар орасида ҳижоблилари деярли йўқлиги, аввалги ҳижобли аёлларнинг кўпчилиги бугун бозор ичкарисида, яъни иш вақтида рўмолини оддийгина қилиб, ортдан танғиётганини тасдиқлади.

Бозорларда савдо қилаётган ва рўмолини ортидан танғишга мажбур бўлган аёлларнинг ўзлари эса Озодликка интервью беришдан бош тортди.

Ана шундай аёллар билан ёнма-ён “Чорсу буюм бозори”да савдо қилаётган яна бир суҳбатдошимиз — Жаҳонгир Шосалимов пойтахтдаги уч йирик бозор — Чорсу, Отчопар ва Карвон бозорларида исломий либослар савдоси тақиқи жуда кескин равишда жорий этилаётганига гувоҳлигини айтар экан, бозорларда диндорларга нисбатан кузатилаётган яна баъзи тазйиқларни ҳам қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳижобли сотувчи аёллар бир неча бор огоҳлантиришлардан сўнг ҳам диний либосини ечмаганидан сўнг бозор маъмурияти ва мутасадди органлар ходимларидан тузилган махсус гуруҳ растама-раста юриб, уларнинг рўмолларини ечтирган.

Жаҳонгир Шосалимов: Тахминан уч ой олдин бошланди. Уч ой олдин ҳижоб сотиш тақиқланиб қўйилди. Кейин ҳижобга кирган аëлларнинг савдо қилиши ҳам тақиқланди. Айниқса¸ охирги ойда департаментдан буйруқ келган. Буйруқнинг ижроси сифатида бозордаги паттачилар¸ бозор маъмурияти келиб¸ “Жойнамоз сотманглар. Мабодо сотсангизлар¸ жавобгарликка тортиласизлар. Ҳижоб сотмаларинг” деган мазмунда ҳам оғзаки айтилди¸ ҳам тушунтириш олиб борилди. Кейин мен ўзим кўзим билан кўрдим. Милиция ходимлари паттачи¸ бозор маъмурияти билан келиб аëлларни ечинтиришди. Рўмолини маъносида. Мен МХХ ходимларини ҳам кўрдим.

Озодлик: Тахминан неча кишилик гуруҳ?

Жаҳонгир Шосалимов: Расталарни оралаб 10 нафарга яқин одам юрди.

Озодлик: Унинг ичида милиция кийимида бўлганлар ҳам бўлган.

Жаҳонгир Шосалимов: Битта-иккитаси милиция кийимида¸ қолгани фуқаро кийимида. Эркак ва аëллар. Эътибор беринг¸ эркаклар ва аëллар юришди. Бундан ташқари¸ бозорга яқин жойда 100 нафарга яқин милиция ходимлари туришибди.

Озодлик: Эътироз қилганлар бўлдими?

Жаҳонгир Шосалимов: Эътироз қилишга умуман имконият йўқ. Эътироз билдиришни умуман тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Чунки қора қозон қайнатиш ниҳоятда оғир. Бола-чақанинг олдига ярим кило гўштми¸ картошками¸ пиëзми олиб бориш ҳозирги Ўзбекистон шароитида катта қаҳрамонлик бўлиб қолган.

Озодлик: Бу энди магазинларда бўлаяпти-а? Тепадаги дўконларнинг ичида?

Жаҳонгир Шосалимов: Магазинларда ҳам¸ бошқаларида ҳам бўлаяпти. Чорсу бозорида 7-10 мингга яқин одам савдо қилади. Жуда катта жой. Ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб туриб мен ҳам очиқдан очиқ эътироз билдира олмайман. Чунки кучлар баланси 99 фоиз уларнинг ихтиëрида. Ипподромда¸ Карвон бозорда ҳамма жойда шу аҳвол. Бунинг асосий ташкилотчиси¸ раҳнамоси¸ илҳомчиси президент девони.

Озодлик: Нимага асосланиб шунақа деяпсиз? Бирор-бир ҳужжат кўрдингизми?

Жаҳонгир Шосалимов: Ҳеч кимга улар ҳужжат қолдиришмайди. Мен уларни иш услубидан биламан. Уларнинг айтганини ҳеч ким қайтармайди. Айниқса¸ ўзбеклар шароитида аëлларни ечинтиришга оддий милиция¸ оддий началник милиция ëки Матлубов ҳам бора олмайди. Чунки бизларнинг эркакларнинг қанақалигини биласиз. У пайтда жанжал¸ уруш чиқиб кетиши мумкин. Фақат президент девонидан бўлгани учун ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди. Чунки қурол ишлатиш ва бошқа нарсаларга тақалиб кетади. Ҳаëт ë мамот масаласи бўлгани учун ҳеч ким қаршилик кўрсата олмайди.

Озодлик: Бир тарафдан бозордан чиқиб озгина юрса¸ мусулмонлар идораси бор. Бир тарафда катта масжид бор. Аралашув бўлмадими ë одамлар бормадими шу идораларга?

- Кўкалдош мадарасасига 5000-7000 одам намоз ўқигани боради. Бундан ташқари Обидхон қорининг масжиди Чақичмомга 5000-7000 одам намозга боради. Яна бу ерда бир масжид бор. У ерга ҳам 2000-3000 одам боради. Кейин Ҳастимомга 7000-8000 одам боради. Лекин буларнинг ичида булар ҳис этгандай қаршилик билдира олмайди. Сабаби¸ Диний ишлар бошқармаси бунга фатво берган. Яъни жим туриш учун фатво берган. Ҳамма имомлар ҳам жим турибди. Сабаби¸ мен сизга аниқ айтаман¸ чунки мен буларни яхши кузатаман¸ буларнинг ҳаммасининг оналари коммунист бўлишган. Президент девонида ўтирган¸ у ерда сиëсий муҳитни ташкил қиладиганларнинг ҳаммасининг оналари коммунист бўлишган. "Ҳужум" кампаниясида актив иштирок этишган. Замона зайли билан улар шу ерга келишди. Булар шу нарсани қабул қилиша олмаяпти¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Сўзларини тинглаганингиз Жаҳонгир Шосалимов айни пайтда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзоларидан бири, яъни ҳуқуқ ҳимоячисидир.

Унинг сўзларига кўра, ўтмишда бўлиб ўтган “паранжига ҳужум” кампанияси бугун айни мазмунда “ҳижоб, рўмолга ҳужум” тарзида бормоқда.

*********************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ҳамда манзилимизни ёдингизга соламиз.

Бизнинг электрон манзил: uzbek@rferl.org¸ марҳамат, мактуб ëзинг.
Бизнинг почта манзилимиз, эътибор қилинг - у ўзгарган: Vinohradska 159-а, Praha 10, 100 00, Czech Republic.
Телефон рақамларимиз: +42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG