Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:30

Чўчқа гриппи водийга таҳдид солмоқда


Қирғизистон дорихоналарида тиббиёт ниқобларини сотиб олиш ҳам муаммога айланиб қолди.
Қирғизистон дорихоналарида тиббиёт ниқобларини сотиб олиш ҳам муаммога айланиб қолди.

Қирғизистонда чўчқа гриппига чалинганлар сони 27 кишига етган шу кунларда, шифокорлар Ўш шаҳрида ҳам мазкур эпидемия хавфи пайдо бўлганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Чўчқа гриппига чалинганларнинг 27 кишига етгани тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати департаменти раҳбари Тўлўн Исаков маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳозирда 8 нафар бемор касалхонада, қолганлари ўз уйида даволанмоқда.

Оғир аҳволдагилар ва вафот этганлар қайд этилмаган. Тўлўн Исақовнинг айтишича касалликка чалинганларнинг 98 фоизи хориждан қайтаётган меҳнат муҳожирларидир:

- Дубайга, Канадага ва Олмаотага бориб келган уч фуқарода чўчқа гриппи аниқланди, бошқа беморларнинг барчаси Россияга бориб ишлаб келган фуқаролардир, деди Тўлўн Исақов.

Расмий маълумотларга кўра, меҳнат муҳожирлигида юрган 500 минга яқин қирғизистонликларнинг аксарияти мамлакат жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларида истиқомат қилувчилардир. Иқтисодий бўҳрон туфайли уларнинг кўпчилиги ўз ватанига қайтмоқда.

Ўшлик шифокорлар мамлакатда чўчқа гриппи эпидемияга айланиб кетса, бу касалликка чалинган ўшликларнинг 10 фоизигина касалхоналарда даволаниш имкониятига эгалигини айтишмоқда:

- Чўчқа гриппининг эпидемияга айланиб кетиш хавфи мавжуд. Ўшанда беморларнинг фақат 10 фоизигина касалхонага ётиб даволаниши мумкин. Қолган 280-290 минг аҳоли эса шифокорлар назоратига олиниб, уйларида даволанишга мажбур бўлади, деди Ўш шаҳар Санитария бошқармаси шифокори Ортиқ Эралиев.

Айни пайтда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Марат Мамбетов шу ойнинг охирида мамлакатга чўчқа гриппига қарши вакциналар олиб келинишини маълум қилган.

Унинг айтишича, энг аввало вакциналарни касаллик туфайли вафот этганлар кўп рўйхатга олинган Украина, ундан кейин Арманистон олади.

- Вакцина учун 8 давлат навбатда турибди. Биз Арманистондан кейин ёзилганмиз. Ҳисоблаб чиқсак, муддатимиз ноябрнинг охирида келар экан. Биз 500 минг вакцина ва 2,5 миллион ниқобга буюртма берганмиз, бу аҳолининг 10 фоизига етади, деди Марат Мамбетов.

Маълумотларга кўра, биринчи бўлиб чегарачилар, божгирлар ва шифокорлар чўчқа гриппига қарши эмланади.

Шифокорлар одамларга чўчқа гриппига чалинишнинг олдини олиш учун ниқоб тақиб юришни маслаҳат беришмоқда.

Мамлакат жанубида шифокорлардан ташқари ниқоб таққанлар кўринмаса-да, дорихоналарда ниқоб савдоси авжига чиқди:

- Бизда охирги кунлари ниқоблар кўп сотилмоқда. Кеча 50 дона ниқоб бор эди, бир кунда ҳаммаси сотилиб кетди. Бунгача ниқоблар бундай тез сотилмас эди, дейди Ўшдаги дорихоналардан бирида ишловчи аёл.

Бундан бир неча кун илгари 8 сўмдан сотилаётган тиббиёт ниқобларининг нархи бугунги кунда 20 сўмга кўтарилган. Кўпчилик дорихона пештахталарида эса ниқоблар сотилиб тугагани тўғрисидаги билдирувларни ўқиш мумкин.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Марат Мамбетов мамлакатдаги хусусий фирмаларга кунига минг донадан сифатли ниқоб тикишга буюртма берилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG