Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:19

Баҳром Ҳамроев Москвага қайтди


Баҳром Ҳамроев ўзининг моҳиятан депортация қилинишига Қирғизистон жанубида олиб борган фаолияти сабаб бўлганини айтади.
Баҳром Ҳамроев ўзининг моҳиятан депортация қилинишига Қирғизистон жанубида олиб борган фаолияти сабаб бўлганини айтади.

Чоршанба оқшомида Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати Ўш вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев 19 ноябр куни тушга яқин Москвага учиб келди.

Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Баҳром Ҳамроев ўзининг қўлга олинишини жараёнини шундай эслайди:

- Милиция ходими менинг ҳужжатларимни текшириб, қайтиб берганидан сўнг, у ҳали узоқлашмасдан туриб, олдимга олти-етти одам келди. Улар: “Сиз Баҳром Ҳамроевмисиз?” деб сўрашди, “Ҳа” деганимдан кейин улар қўлимни қайириб, ўз машиналарига солиб, Миллий хавфсизлик комитети идорасига олиб келишди. У ерда менинг ҳужжатларимни текширишди. Қаерда яшаб юрганимни сўрашди. Мен ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бирининг уйида яшаётганимни айтганимдан кейин, ўша ердан менинг кийимларимни, ҳужжатларимни, сиёсий қатағон қилинган одамларнинг оиласи билан гаплашиб ёзганларимни ва бошқа инсон ҳуқуқларига тааллуқли барча йиққан ҳужжатларимни олиб келишди, дейди Баҳром Ҳамроев.

Йиққан ҳужжатлари мусодара қилинган ҳуқуқ фаолининг айтишича, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари унга Ўзбекистонга бериб юборишларини айтиб, таҳдид қилишган ва бир қанча айбловлар қўйишган:

- У ерда Миллий хавфсизлик хизматининг кўплаб раҳбарлари йиғилди. Мени Қирғизистон Жиноий кодекси билан таништиришди. Умуман, менга уч хил таклиф бўлди - “Сизни Ўзбекистонга юборамиз ё сизни экстремизмда айблаб, устингиздан жиноий иш қўзғаймиз ёки раҳбариятдан кечирим сўрасиз” дейишди, яъни “Қирғизистон ҳақида, Қирғизистонда бўлаётган воқеалар ҳақида гапирмайсиз ва Қирғизистон ҳақида ёмон ниятингиз йўқлиги ҳақида ёзиб берасиз” дейишди, дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли қўлга олинганининг эртасига эрталаб Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ўш-Москва йўналиши бўйлаб қатновчи учоққа чиқариб юборилганини айтади.

- Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ўзимнинг пулимга билет олиб беришди ва ўзларининг машинасида аэропортга олиб келиб, самолётга чиқариб қўйишди. Самолёт учганидан кейин кўнгиллари хотиржам бўлиб, қайтиб кетишди, мен эса Москвага келиб қўндим, дейди Баҳром Ҳамроев.

Эслатиб ўтамиз, россиялик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев 18 ноябр куни кечқурун Ўшда ҳибсга олинган эди.

Иззатилло Раҳматуллаев Баҳром Ҳамроев қўлга олинганидан хабар топгач, уни излаб, Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасига боради, орадан бироз вақт ўтганидан сўнг унга яқинлари телефон қилиб, уйида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тинтув ўтказаётганини айтишади:

- Мен уйга келганимда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Баҳром Ҳамроев ётган хонада тинтув ўтказиб, унинг кийим-кечаклари ва бошқа нарсаларини йиғиштириб туришган экан, шу нарсалари билан мени ҳам бирга олиб кетишди. Тонггача Миллий хавфсизлик хизмати терговчиларининг саволларига жавоб бериб, эрталабки соат 9.30 уйга келдим, дейди Иззатилло Раҳматуллаев.

Баҳром Ҳамроев Қирғизистонга 10 ноябр куни бу мамлакат жанубида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларини ўрганиш мақсадида келган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Баҳром Ҳамроев ва Иззатулло Раҳматуллаевнинг ҳисбга олиниши инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларининг норозилигига сабаб бўлди. Жумладан, Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти қирғиз расмийларини ҳибсга олинмиш ҳуқуқ фаолларини зудлик билан қўйиб юборишга ва улар ишига тўсқинлик қилмасликка чақирди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакилларига кўра, 13 ноябр куни хавфсизлик ходимларидан бири Баҳром Ҳамроев ва Иззатулло Раҳматуллаевдан Новқатни зудлик билан тарк этишни сўраган. Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти тадқиқотчиси Андреа Берг икки ҳуқуқ ҳимоячисининг қўлга олиниши уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини айтади.

Ўш вилоятининг Новқат туманида ўтган йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган норозилик акциясида қатнашган ва кейинчалик экстремизмда айбланиб ҳибс этилганларнинг яқинлари билан суҳбатлар олиб боришар экан, Баҳром Ҳамроев ва Иззатулло Раҳматуллаев хавфсизлик идораларининг доимий кузатувида бўлганлар.

Шундай кузатувлар тўғрисида Баҳром Ҳамроевнинг ўзи қўлга олинишидан аввал қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасуловага маълум қилган:

- Унга кеча “Жалолободдан чиқиб кет” деб буюришган. Шундан сўнг Баҳром Ҳамроев менга қўнғироқ қилиб: “Менга шундай дейишаяпти”, деганди. Мен унга: “Агар чиқиб кет дейишган бўлса, у ердан чиқиб кет, бизнинг Миллий хавфсизлик хизматлари одам ўлдиришдан ҳам тойишмайди, ишонч йўқ, ҳозир бизда бундай воқеалар бўлиб турибди”, деганман, дейди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.

Баҳром Ҳамроев Россиядаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси ҳамда Марказий Осиё сиёсий муҳожирлари жамияти раҳбаридир.

Сўнгги йилларда у марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG