Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:16

"Тарих буни кечирмайди"


Расмийларга кўра¸ хиëбондаги юз йиллик чинорлар Амир Темур ҳайкали яхшироқ кўринсин¸ деган мақсадда кесиб ташланган.
Расмийларга кўра¸ хиëбондаги юз йиллик чинорлар Амир Темур ҳайкали яхшироқ кўринсин¸ деган мақсадда кесиб ташланган.

Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбонидаги чинорларнинг кесилиши, шаҳардаги давлат муҳофазасида турган баъзи тарихий биноларнинг бузилиши тугаб бораётган ҳафтада жамоатчилик ташвишини уйғотган воқеалардан бўлди.

Қурултойнинг бугунги сонида Ўзбекистондан тарихчи олим, профессор Гога Ҳидоятов, Норвегиядан педагог олим, доцент Абдулла Абдуқодир ўғли, Швейцариядан ёзувчи Сафар Бекжон ва Ўзбекистондан шоир Минҳожиддин Ҳайдарлар иштирок этади.

Шаҳар тирик организм. У ёки бу бино ҳам. Бас шундай экан, эскиргани бузилиб янгиси қурилиши ҳам табиий.

Лекин Тошкентдаги баъзи биноларнинг бузилиши, хусусан “Пойтахт” меҳмонхонасининг ҳамда Матбуотчилар кўчасидаги черков биносининг бузилиши жамоатчиликнинг бир қисмида норозилик уйғотди.

Сўнгги хабарларга қараганда, черков биносининг қурилишига қарши чиққан бир кишини милиция ушлаб олиб кетган.

Тилга олинган объектлар бузилаётган ягона объект эмас.

Келинг, шу ўринда, ўзини Миртемир ака деб таништирган тошкентлик оқсоқолнинг куни кеча айтганларини эшитайлик.

“Эски шаҳарда Маҳсидўзлик деган кўча бўлар эди. Ўшани ҳам бузиб ташлашди. Тошкентда эски ҳаммомлардан битта ҳаммом қолган эди. Агар бунақа ҳаммом бошқа дунëда бўлса, буни ҳеч ким ҳеч қачон бузмас эди”.

Ҳеч қаерда бузмаган бўлишарди, лекин Тошкентда бузишди. Бузишаяпти. Нега?

Гога Ҳидоятов: Энди ҳаëт олдинга кетаяпти. Тарих бир дақиқадай. Шунинг учун ҳар бир давлат ўз пойтахтини безатмоқчи. Мана Қозоғистон пойтахти Остона. Остона нима дегани? Остона пойтахт. Қозоғистон пойтахтни янги жойга олиб чиқди. Тошкентдаги кўп бинолар ва кўп жойлар ҳозирги талабларга муносиб эмас. Тошкентни безатиш керак. Тошкент илгари энг гўзал шаҳарлардан бири эди. Совет даврида совет иттифоқидан жуда кўп ҳар хил одамлар келган. Шанхай деган жойларни қурган, бошқа жойларни қурган. Марказдан уч километр ўтсангиз, бутунлай бошқа Тошкентни кўрасиз. Шунинг учун Тошкентни реконструкция қилиш керак. Тошкентни безатиш керак. Уни бутун Осиë ҳавас қиладиган пойтахт қилиш керак. Мен жуда кўп жойларда бўлганман. Ҳар бир пойтахтга кирсангиз, оғзингиз очилади.

Озодлик: Безаш керак, шаҳарни қайта қуриш керак. Бу баҳс талаб қилмайдиган гап. Лекин бугунги суҳбатимиз давлат муҳофазасида турган тарихий бинолар ҳақида кетаяпти. Бу бинолар миллат тарихига тирик, жонли иллюстрациялар эди. Шуларни бузиш масаласига қандай ëндашиш керак? Шу ҳақда гап кетаяпти.

Минҳожиддин Ҳайдар: Тошкент, айниқса мустақилликни олгандан кейин чиройли, кўркам пойтахтлардан бирига айланиб бормоқда. Кўпгина биноларнинг қад кўтариши, чет элликлар келиб қураëтган биноларнинг қад кўтариши, ундан кейин кўприкларнинг қад кўтариши Тошкент ҳуснига деярли ҳусн қўшди. Лекин миллатлар, айниқса бошқа миллатларнинг диний черковлари, ўзимизнинг шунақа улуғ қадамжоларимиз, бошқа-бошқа жойларни у қандай бўлишидан қаъий назар, у бугунги Тошкентнинг осмонўпар кўркига раҳна солиб турадими, бошқами, буни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу тарихий жой. У ернинг атрофини ўраб, чиройликкина қилиб қўйиш керак. Шу черковларни бузаëтган бўлса, бузган бўлса, бу шаҳар архитектурасининг жуда катта билимсизлигидан далолат беради. Иккинчидан, президентимизнинг ўзи қаерда муқаддас жойлар бўлса, ўша ернинг ободончилигига бош-қошчилик қилиб келаяпти.

Абдулла Абдуқодир ўғли: Мен ҳозир Норвегиядаман. Агар бу ерда кўчага тақа тушиб ëтган бўлса ва у миллат тарихи билан боғлиқ бўлса, одамлар олиб келиб уйининг тўрига илиб қўяди. Мен кичкина битта шаҳарчада, район марказида тураман. Ўша район марказининг ўзини музей десангиз бўлади. Кемаларнинг тўхтатадиган якори бўларди. Биров шунақа қўйиб қўйган, биров қадимги тракторни қўйиб қўйган. Тарихимиздан, ўтмишимиздан ëдгорлик дейди. Шундай экан биз учун қадимий, қадрдон жой эди. Ўшанинг бузилишини эшитиб Абдулла Ориповнинг

Бунда биров қуради,
Биров бузар бемалол

деган мисралари ëдимга тушди. Ўзини ҳурмат қилган, ўзининг ўтмишини ҳурмат қилган халқ, маънавиятдан оқсамаган халқ бундай нарсаларга изн бериши мутлақо мумкин эмас¸ деб ҳисоблайман.

Бунинг замирида нима ëтади? Мен Норвегиядаман, у ерда эмасман. Менга етиб келган гапларга қараганда, ўша ернинг яқинида, Зарафшон ресторанининг ëнига Гулнора Каримовага тегишли жуда катта савдо комплекси қурилаяпти. Ўша жойда минглаб автомашина тўхташи учун харидорлар келиб, машинасини қўйиб, ўша магазинларни айланиши учун машина тўхтайдиган жуда катта жойга эҳтиëж бор. Бу деган сўз нафс қурбони бўлаяпти ўша жой. Бизнес қурбони бўлаяпти. Кимнингдир чўнтагини қаппайтириш учунгина тарихий ëдгорликларни йўқ қилаяпти, йўқ қилинаяпти. Буни тарих кечирмайди.

Сафар Бекжон: Бу темани айтишингиз билан мен Ғарбда ва Совет иттифоқида шаҳаршунослик лойиҳалари қандай шаклда бўлганини ўргана бошладим. Ғарбда шаҳарлар, кичкина шаҳарлар иккига бўлинган. Шаҳарнинг тарихий бўлими ва янги бўлими. Шаҳарнинг тарихий бўлими архитекторларнинг қўлига янги бинолар қурилиши учун ҳеч қачон берилмайди. У давлат муҳофазасида туради. У ерда қурилиш қилиш ëки ниманидир бузиб янгидан қуриш мумкин эмас. Реконструкция қилиш мумкин, таъмирлаш мумкин. Уни ҳам қурилиш ва архитектура бўлими қилмайди. Таъмирлаш бўлими қилади. Шаҳарнинг иккинчи бўлими архитекторларга берилган. У ерда яшаш учун бинолар, административ бинолар қуришга рухсат берилган.

Тошкент чор даврида ҳам ҳатто иккига бўлинган эди. Эски шаҳар бор эди, янги шаҳар бор эди. Энг қотил деб айтилаëтган чор ҳам эски иморатларни бузиб, ўрнига янги бино қуришга журъат эта олмаган. Фақат янги шаҳар томонида қурган. Бундан келиб чиқадики, ҳозирги режимнинг олиб бораëтган иши босқинчи чор режимидан ҳам ëмонроқ. Оммавий равишда ҳам эски шаҳарни бузаяпти, ҳам янги шаҳарни бузаяпти. Уни ҳеч қанақа лойиҳалаштириш йўқ. Шаҳар марказига административ биноларни, жамоат тўпланадиган биноларни қураяптики, у ердан аҳолини чиқариб юбораяпти. Бу планли равишда совет иттифоқидан қолган шаҳар маркази эди. Шаҳар марказида стратегик аҳамиятга эга бўлган биноларнинг ҳимояланиши, ҳарбий, КГБ, у пайтдаги махсус хизматлар ҳимоясига қулай бўлган шаклда очиқ майдонлар ичида ҳеч қанақа парк ва ўрмонлар бўлмаган шаклда қурилиши керак бўлган программа бўлган. Худди ўша программа давом этаяпти. Каримов режими буни ўша шаклда давом эттириб, қурилиш ишларини олиб бораяпти. У тарихийми, янги шаҳарми, эски шаҳарми бунга тупуриб қўйган. Бу ерда биз тортишаяпмиз ножўя. Шаҳарни ободонлаштириш, кўркамлаштириш, чиройли қилиш ҳақида гап кетаëтгани йўқ. Стратегик нуқтаи-назардан Каримовнинг административ биноларини ҳимоя қилиш ва уларни назорат остига олиш. Бирор исëн ëки тўполон бўлиб қолса, уларнинг ҳимояси ҳарбий истеҳком шаклини олиши мумкин бўлган бутун нарсалар қилинаяпти. Мен буни ўрганиб чиқдим. Агар мен билан тортишадиган бирор архитектор бўлса айтсин. Мен уч-тўрт куннинг ичида шунча материал тўпладим.

Озодлик: Афсуски, бугунги эшиттиришга архитектор таклиф қила олмадик. Мана Сафар Бекжон бир фикрни айтди. Стратегик мақсад, давлат административ идораларини ҳимоя қилиш учун қилинди бу ишлар¸ дейилди. Балки эътирозлар бордир?

Гога Ҳидоятов: Албатта¸ мен барча гапларга қўшилмайман. Тошкентни бунëд қилишганига 2200 йил бўлди. 2200 йилда кўп иморатлар қурилди. Ҳаммасини сақлаш керак уни. Шунинг учун Тошкентни янгилаштириш керак. Мана Амир Темур хиëбонини олсангиз. Илгари у ëқда катта бир майдон бор эди. Майдоннинг атрофида дарахтлар йўқ эди. Мана ҳозир дарахтлар ўсиб, Амир Темурнинг ҳайкали кўринмай қолди. Шунинг учун, менимча, ҳали кўп ишларни қилиш керак. Лекин менинг фикрим, умумий планни тузиш керак Тошкентни реконструкция қилиш учун. Умумий генерал планни тузиб, ана ўшанга қараб Тошкентни мутлақо ўзгартириш керак.

Озодлик: Домла, мана бош план ҳақида гапирдингиз. Балки бордир ўша бош план. Менимча, ўша бош план йўқдай. Республика бош архитектори кўнглига келган демайлигу, ўзининг режаси бўйича қайта қураëтгандай. Шаҳар ва умуман республикадаги қурилишлар режасиз хаотик давом этаëтгандай. Жамоатчилик билан маслаҳатлашув йўқдай кўринади. Балки мен адашаëтгандирман? Агар гапим тўғри бўладиган бўлса, бунинг боиси нимада?

Гога Ҳидоятов: Албатта, Тошкентни ўзгартириш керак. Тошкентни ўзгартириб, халқнинг муҳокамасига қўйиш керак. Кўп одамлар ҳозир тушунмаяпти. Нима учун, қанақа ишларни олиб бораяпти у ëқда? Нима учун дарахтларни кесиб, ўзи Осиëда дарахтларни кесиб, йўқ қилиш гуноҳ.

Озодлик: Дарахт масаласига алоҳида тўхталамиз. Минҳожиддин ака, Тошкентнинг бош меъморий плани борми? Сизнинг хабарингиз борми шундан?

Минҳожиддин Ҳайдар: Ўзларича қилган, халқ билан келишмаган. Тарихий биноларни, дин билан боғлиқ бўлган, динимиз билан, бошқа динга мансуб бўлган черков ва шунга ўхшаган бинолар, кейин ҳаммомларимиз бор, буларни бузишда ниҳоятда эҳитëткорлик билан, жуда халқнинг кўнглига озор бермаган ҳолда иш тутиш керак.

Иккинчидан, мен Сафар Бекжонннинг асарлари, бошқалари билан танишганман. Ҳар ҳолда бошқа ерда туриб, ҳар хил гапириши ҳам мумкин. Андижонда Восит Саъдулла деган шоир бўларди. Бир куни биттаси “Биз ўтиб кетамиз сиздан Восит ака” деса, “Тўғри, сиз ўтиб кетинг. Ëшсиз. Бу диалектик қонун. Лекин ўтиб кетаëтганда¸ чангитмай ўтиб кетинг ука” деган. Биз ўзимиз шу ерда турибмиз. Баъзи бир одамларнинг, баъзи бир гуруҳларнинг, мен ўзим шахсан 24 май куни шуларнинг тажовузига учраганман. Лекин холисанлиллоҳ гап ҳам айтиш керак.

Тўғри, баъзи бир ҳукумат биноларининг, бошқаларининг 1990-1995 йиллардан келиб чиққан ҳолда панжара билан ўраб ташлангани тўғри. Лекин бирданига одамларни норози қилиб, у ердан бу ëққа, бу ердан у ëққа кўчиришлар ҳали йўқ. Мана мен узоққа бормайин. Буюк Турон кўчаси 41 уй. 17 қаватли бино. Шароф аканинг ўзи ғиштини қўйиб, “Бу журналистларнинг пулига қурилган уй” деб қурган эди. Шу бугунги кунларда журналистларнинг бу бинодан чиқариб юборилиши бу хато. Мана бундай қилиб айтиш керак марказдаги бинони.

Иккинчидан, Ўзбекистон президенти ўтирган ердан 200 метр нарида Бешëғочнинг бурилиши жойида ëзувчиларимизнинг ўзининг уйи¸ деб шулардан қолган гонорарларнинг пулига шахсан Шароф Рашидовнинг ўзи қурган бино бор. Мана бундан ëзувчиларнинг чиқариб юборилганлиги ҳам ëмон. Журналист билан ëзувчиларнинг қорни тўқ бўлиши учун мана шу иккита бинони ўзларига қайтариб беришлари керак.

Озодлик: Сафар ака, сизга нисбатан айтилган гапларга сизда реплика борми?

Сафар Бекжон: Албатта, Ўзбекистонда туриб интервью бериш қаҳрамонликдай, гўëки интервью учун бирданига уларга қарши ҳужум бошланадигандай қилиб ўзларининг кўрсатилиши ҳар қанақа шаклда, бу Қурултой программасими ëки бошқа шаклдами, мен тарафдор эмас, унақа бўлса ë тўғри гапирсинлар ë бўлмаса бутунлай гапирмасинлар. Буни шундай қилиш керак. Чунки “Биз бу ëқда турибмизда, сиз у ëқда туриб тош отаяпсиз” деган нарсанинг ишлатилиши мен учун ҳам, ҳатто Прагадаги студияда ўтирган журналистлар учун ҳам ноқулай.

Озодлик: Мана энди, хиёбон масаласига келдик. Дарахтлар кесилишидан олдин ҳукуматнинг биронтаям вакили бу ҳақда баёнот бергани тўғрисида маълумот йўқ.

Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси вакили 16 ноябр куни Озодлик радиоси саволига мана бундай деб жавоб берган эди.

Озодлик: Исмим Сарвар Усмон. Амир Темур хиëбонида бўлаëтган ишлар тўғрисида эшиттириш қилаëтган эдик. Шу масала бўйича ким билан гаплашсам бўлади?

- Билмадим. Бу масала бўйича Хуршидга телефон қилинг ҳокимиятга. Рухсат берса, кейин бизларникилар интервью беради. Хуршид.

Озодлик: Фамилияси борми?

- Фамилияси менда йўқ. Ахборот таҳлил гуруҳи. Ўша ерга телефон қилинг.

Озодлик: У рухсат бермаса, сизлар гапирмайсизларми?

- Йўқ, ҳокимият рухсат берса, кейин гапиради бизларникилар.

Озодлик: Яхши иш тўғрисида ҳам гапирмайсизларми?

- Яхшилик бўлса ҳам ўшалар рухсат берса, бизларникилар интервью беради. Сиз Хуршид билан гаплашинг, деган эди Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасида телефон гўшагини кўтарган ходима.

Афтидан Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги Хуршид исмли амалдор рухсат берибди шекилли, ободонлаштириш бошқармаси 19 ноябр куни Регнум ахборот агентлигига чинорлар нега кесилганини тушунтирган бўлибди.

Бошқарма баёнотига қараганда, кесилган дарахтлар ўзи чиқиб қолган эмиш, улар Тошкентнинг иқлимига мос эмас эмиш. Шу гапга сизлар ишонасизларми? Масалан, Ҳидоятов домла, сиз ишонасизми?

Гога Ҳидоятов: Энди бу мантиққа тўғри келмайди. Бунақа дарахтлар ўзидан ўзи ўсмайди. Шунча одам меҳнат қилган эди, кўп ишлар бўлган эди. Бу ëқда илгариги лойиҳа бошқа эди. Энди ҳозир¸ албатта¸ ўзгаришлар бўлаяпти.

Озодлик: Сизга шу ўзгаришлар ëқаяптими, ëқмаяптими?

Гога Ҳидоятов: Энди нима десак бўлади, албатта ўзгаришлар яхши. Ëқадими, ëқмайдими, биласизми, мен пенсионер одамман. Кўпроқ уйда ўтираман. Баъзи одамлар энди “бузилаяпти” деб шикоят қилиб юрибди. Мен айтишим мумкин, энди шаҳар ривожланиши керакку. Тўғрими, нотўғрими буни улардан, маъмуриятдан сўраш керак. Тўғри қилаяптими, нотўғри қилаяптими бу мураккаб масала. Бу ëқда бош архитектор, ободончилик, ҳокимият, албатта бу ëқда ақлли одамлар бўлиши керак.

Озодлик: Минҳожиддин ака, сиз нима деган бўлардингиз?

Минҳожиддин Ҳайдар: Дарахтларни кесиш тўғрисида Сафар Бекжонга битта гап айтиб қўймоқчиман. Сафар Бекжон, ука, сизнинг бутун китобларингизни ўқиганман. “Сиз бизга тош отманг” деган маънода айтганим йўқ. Ҳар ҳолда ўрганиб туриброқ айтилса бир фикр, яхши бўлади. Сиз айтгандан кўра, мана бу иккита бинонинг олиб қўйилиши муҳимроқ деб шуни айтдим. Хиëбондаги чинорларнинг кесиб ташланиши аввало шаҳар ободончилик бошқармасида ўтирган одамларнинг ниҳоятда кенг фикрли эмаслигидан далолат беради.

Мен бунга битта мисол келтираман. Мен ўзим Юнусобод 15 кварталда тураман. Менинг ëнимда учта мактаб бор. 247 мактабнинг теракларини кесиб ташлаш тўғрисида бир буйруқ бўлди. Шу ерда келиб кесаëтганлар, шаҳар ҳокимиятидаги ëш йигит ҳам ëнида турибди, иккита чинорни кесиб олиб кетишди. Мен шуни айтмаган ерим қолмади. Чинорни кесиб бўлмайди. Мумкин эмас. Шаҳар ободончилиги, республика ободончилиги – ҳаммасига мурожаат қилдим. Ҳаммаси бир-бирига тўнкашди. Мана қўлимда ўша документ турибди. 247 мактабнинг директори бошчилигида кесиб ташланди. Теракдан кўра чинордан чиқадиган тахталар қиммат бўлади. Гоҳида ноўрин экилган дарахтларни кесишга рухсат олишади. Лекин шунинг ëнида¸ албатта¸ ўша нималарнинг бошчилигида озми-кўпми ўша чинорларни кесиб ташлашади.

Озодлик: Чинорларнинг қиммат ëғоч эканлиги тўғрисидаги фикрингизни ушлаб туринг. Бу масалага яна қайтамиз. Абдулла ака, сиз нима дейсиз?

Абдулла Абдуқодир ўғли: Минҳожиддин аканинг фикрларига, айниқса битта гапларига қаттиқ қўшиламан. Гўзал битта фикрни айтдилар бундан аввалги гапларида. “Хиëбондаги дарахтларнинг кесилиши умумхалқ муҳокамасига қўйилиши керак” деган гапни айтдилар. Бу жуда муҳим гап.

Масалан, мен бу ерда (Норвегияда демоқчи – таҳр.) битта жойга девор уриб бердим. Денгизнинг қирғоғидаги бир уйнинг эгаси ўзининг ҳовлисига 100 минг доллар атрофида сарфлаб девор урдирди. Ўзининг ҳовлисига девор урдириш учун ҳам рухсат олиш керак экан. Чунки қайиқда ўтаëтганлар учун табиат манзараси билан қурилиш манзараси аралашди. Март ойидан бошлаб бугунга қадар бу умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Олти марта ҳокимиятда йиғилиб, шуни муҳокама қилишди. Тўрт марта ҳокимиятдагилар 10-18-21 киши бўлиб бориб, ўша ерни ўрганишди. Иккига бўлиниб, қаттиқ муҳокама бўлди. “Бу гўзалликка гўзаллик қўшибди. Жуда ҳам чиройли бўлибди, яхши бўлибди. Шундай туриши жуда ҳам муҳташам бўлибди” дейди ярми. Ярмиси “Ëввойи табиат кўриниб туриши керак. Ëввойи табиатни ҳеч қанақа гўзаллик билан таққослаб бўлмайди” дейди. Охири табиат дейдиганлар ютиб чиқди. 100 минг долларга менга девор қурдирган одам куйиб қолди. Кеча шуни буздик.

Озодлик: Бу бировнинг шахсий ҳовлисида бўлаëтган иш.

Абдулла Абдуқодир ўғли: Ўша одам ҳокимиятдан сўрамагани учун, халқдан сўрамагани учун 100 минг долларга куйиб қолди. Шу нарса март ойидан бери 16 марта расмлари билан газетага чиқди. Мен уни хотира қилиб олиб қўйибман. Расмсиз 20 дан ортиқ мақолалар чиқди. Шу нарса қизғин умумхалқ муҳокамасига айланиб кетди. Минҳожиддин аканинг “Умумхалқ муҳокамасига қўйилиши керак эди” деган фикрлари Ўзбекистон учун сув ва ҳаводек зарур фикр. Буни қадрлаш керак, қадрига етиш керак.

Озодлик: Сафар Бекжон, сиз нима дейсиз?

Сафар Бекжон: Айтилаëтган жой, яъни сквернинг руслар тарафидан қурилгани тўғри. Лекин бизда чинор руслар келмасидан олдин ҳам бўлган. “Руслар олиб келган. Иқлимимизга мос келмагани учун кесдик” дейиш қип-қизил ëлғон. Чинор 1000 йиллардан бери ўсиб ëтибди. Бу биринчи масала. Иккинчи масала, бу ерни нима учун кесди деганда, икки-уч йил олдин менда бир маълумот бўлган.

Озодлик: Сафар ака, нимага кесди¸ деган масалани алоҳида ўрганамиз. “Амир Темур хиëбонидаги чинорларни нима учун кесиб кетди?” деган савол жуда кўпчиликни ўйлантираяпти. Бир неча хил тахминлар айтилаяпти. Ўша тахминлардан бирини Минҳожиддин ака айтди. Чинор қиммат дарахт деди. Чинорни шпон қилиб шилиш мумкин ва биласизлар шпон мебелларнинг устига ëпиштириладиган ва мебелнинг фактурасини гўзал қилиб кўрсатиб турадиган материал. Умуман шпон қилинмаса, чиройли, қиммат мебеллар қилиш мумкин. Иккинчи фикр, янги форумлар саройи узоқдан кўриниб турсин учун. Учинчи фикр Сафар Бекжон айтгандай хавфсизликни таъминлаш учун. Нима деб ўйлайсизлар, шу фикрлардан қайси бирига қўшилса бўлади?

Гога Ҳидоятов: Менимча, биринчи навбатда бу майдонни очиши керак эди. Чунки баъзи вақтда мана шу кўчадан келаëтганингизда, узоқдан фақат дарахтлар кўринарди. Амир Темурнинг ҳайкали кўринмас эди. Ўшанда ҳам мен “Мана шу дарахтлар мана шу ерда бекор турибди” деб ўйлаган эдим. Амир Темурнинг ҳайкали ҳамма ëқдан кўриниб туриши керак. Менимча, бу масалада¸албатта¸ фикрлаш керак, лекин менинг ўзимнинг шахсий фикрим, бу дарахтларни олиб ташлаш керак эди. Чунки булар бир панжарадай ҳайкални ëпиб қўйди.

Озодлик: Минҳожиддин ака, сиз чинорнинг қиммат ëғоч эканлигини ва қиммат мебел қилиш мумкинлигини айтдингиз. Амир Темур хиëбонидаги дарахтларни кесишда ҳам шу мақсаддан келиб чиқилганми?

Минҳожиддин Ҳайдар: Мен бу гапга урғу бердим ва юк қўйдим. Чинорнинг ўзи 1000 йиллик дарахт ҳисобланади. Буни экишдан олдин умумхалқ уни қаерга экишни жуда режалаштиради ва уни то ўзи чириб, синиб, йўқолиб кетмагунча бунга тегмаслик керак. Мана Сурхондарëда бор 1200-1300 йиллик чинор, ўзимизнинг Водилда бор 1000 йиллик чинор, ичига 80-90 нафар одам сиғади. Чинорни кесишдан олдин наинки одамлардан сўраш керак аввало мажбур бўлганда ҳам, кўпчиликнинг фикрини олиб кесиб ташлаш керак¸ деганда ҳам бу архитекторнинг иши эмас. Катта уламоларни чақириб, юртнинг қози калонларини чақириб туриб, ўша ерда жуда катта қурбонлик бериш керак. Фотиҳа қилиб туриб, кўпчиликнинг буйруғи билан кесишга нима қилинади. Шаҳар ободончилиги билан шуғулланувчи одамлар аввало бундан мутлақо бехабар.

Озодлик: Бу чинорлар қайси мақсадда кесилди?

Минҳожиддин Ҳайдар: Мен ўзимнинг гапимда тураман. Биринчидан, бу шаҳар ободончилик ишларини олиб борувчи одамларнинг бефаросатлиги. Иккинчидан, булар чўнтагини ўйлаган. Ўша ерда кесиб ташланглар¸ дейиш билан биринчи ўринда кесиб ташлаш, биттани кес деса тўрттани кесиб ташлаш ўша ердаги одамларнинг иши. Булар биринчи ўринда унинг тарихийлигига ҳам қарамайди, 1000 йил яшашига ҳам қарамайди, бошқасига ҳам қарамайди. Кес дедими¸ кесади. Биринчи ўринда чўнтагининг қаппайиши туради.

Озодлик: Сафар оға, марҳамат.

Сафар Бекжон: Гога Ҳидоятов айтаëтган гаплар ҳукумат томонидан ҳам айтилаяпти. Форумлар саройи кўринмай қолди, Амир Темур ҳайкали кўринмай қолди. Ие, 100 неча йиллардан бери ўсаëтган дарахтни кесиш ўрнига 10-15 йил олдин қўйилган Амир Темур ҳайкалини олиб кўринадиган жойга қўяйлик дейдиган бирор киши топилмаяпти. Саройни ўша ерда қуришдан олдин кўрмадингми ўша ерда дарахтлар борлигини. Саройинг кўринмай қолади. Саройни бошқа ерга қуриш имкони йўқмиди? Бор эди. Бошқа жойга қуриш мумкин эди. Ҳайкал нима, ҳайкал сиëсий мазмунда қўйилган ҳайкал. Бу ëзувчининг ҳайкали эмаску хиëбоннинг ўртасига қўйишга. Бошқа ëққа олиб бориш мумкин. Ҳозир ҳам кўчириш мумкин. Дарахтни кесмасликнинг бутун усулларини қилиш мумкин. Буни ҳеч ким тортишмаяпти. Тортишилаëтган нарса ҳайкал кўринмай қолди, шаҳарни безаш керак. Масала у ерда эмас. Масала стратегикдир.

Каримовнинг ҳимояси билан шуғулланадиган миллий гвардия бор. Миллий гвардия икки-уч йил олдин тадқиқотлар ўтказаëтган пайтда, худди Андижондаги Бобур майдонига ўхшаб одамлар тўпланадиган бўлса ва отишма бўладиган бўлса, дарахтларнинг ичидан туриб ҳужум бўлиши мумкинлиги нуқтаи-назаридан миллий гвардия тадқиқот маркази ҳар доим ëзавериб, Каримовга кестирайлик деган. “Ўша ерда туриб, административ биноларга ҳужум қилиниши мумкин. Кестирайлик” деган. Ўйлайманки, буни “кесилсин” деб Каримов ҳукм қилган. Унча-мунча одам бу дарахтларни кестира олмайди. Скверни йўқ қилишга ўзидан ўзи ҳукм бера олмайди. Темур ҳайкали кўринди нимаю, кўринмади нима Каримовга. Ҳеч нарса эмас. У истаса, ўзининг саройининг олдига қўйдириши мумкин эди. Оқсаройнинг олдига ҳайкални олиб бориб қўйдириши мумкин эди. Ҳар кун кўриб ўтирарди. Тортишиладиган тарафи бу эмас.

Озодлик: Абдулла ака, мана сиз давра суҳбатимизнинг тўртинчи иштирокчисисиз. Сизгача фикр билдирган уч иштирокчи уч хил фикрни айтди. Учаласини ҳам эшитдингиз. Сиз қайси бирига қўшиласиз?

Абдулла Абдуқодир ўғли: Мен боя мавзудан четлаб кетмай деб тўхтатдим. Менинг иккита тахминим бор эди. Биттаси ҳозир мен айтгандан ҳам аъло ифода этилди Сафар Бекжон томонидан. Каримов ўзининг хавфсизлигини ўйлаб қилинган иш.

Иккинчи маънода айтмоқчи бўлганимни қисман айтдим. Зеромакс компанияси ўша ерга ГУМ, ЦУМ лардан ҳам каттароқ савдо комплекси қураяпти. Буни Гулнора Каримовага тегишли¸ деб айтишаяпти. Шундай катта савдо комплекси бўлгандан кейин у ернинг яқинида харидорларнинг машинаси кўпроқ турадиган жойлар керак. Ана шунга шароит яратиш мақсадида қилинаëтган иш бўлиши мумкин деган тахминим бор. Бунинг замирида нафс ëтади.
XS
SM
MD
LG