Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:53

Баҳодир Чориев меҳмон кутмоқда


Бирдамликчиларнинг айтишича¸ милиция ходимлари уларнинг Шаҳрисабзга боришига турли йўллар билан тўсқинлик қилмоқда.
Бирдамликчиларнинг айтишича¸ милиция ходимлари уларнинг Шаҳрисабзга боришига турли йўллар билан тўсқинлик қилмоқда.

Қурултойга бормоқчи бўлган ҳаракат аъзоларига ҳар томонлама тўсиқлар бўлаëтгани важидан¸ “Бирдамлик” ҳаракатининг 24 ноябр куни Шаҳрисабзда ўтказилиши белгиланган қурултойи кечиктирилиши мумкин.

Озодлик олган маълумотларга кўра, “Бирдамлик” ҳаракатининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари, таниқли дорбоз Аҳаджон Набиев, 22 ноябр куни қурултойга бориш учун йўлга чиққанда, унинг паспорти олиб қўйилиб¸ ўзи уйига қайтариб юборилган. Аҳаджон Набиевнинг хотини Маъмура опанинг сўзларига кўра, 23 ноябр куни у ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

- Мен ташқарида эдим. Кейин менга “Аҳад акамни олиб кетишибди” деб хабар келди. Чиқсам¸ ташқарида иккита милиция турган экан. Ўғлим “Дадам горотделда экан” деб айтди. Ўша ерда ўтириб-ўтириб келди ўғлим. “Дадам ўша ëқда. Чиққани йўқ. Бир соат ичида чиқаркан” деб қайтиб келди. Бир соат деганидан бери кеч бўлди. Ҳалигача чиққани йўқ. Номерини берган экан¸ ҳозир телефон қилдим. Мен “Шунақа олиб кетган экансизлар. Қани у киши?” десам¸ “Ҳозир 10-15 минутда боради” деди. Мен “Бир соатга деб олиб кетиб¸ кеч бўлди. 15 минутларинг қачон бўлади?” десам¸ “Ҳозир бошлиқларнинг олдида ўтирибмиз. Кейин нима қиласиз” деб трубкани қўйиб қўйди. Билмайман энди¸ кутиб ўтирибмиз¸ дейди Аҳаджон Набиевнинг хотини Маъмурахон Набиева.

16 октябр куни АҚШдан Ўзбекистонга қайтган Баҳодир Чориев “Бирдамлик” ҳаракатининг қурултойини ўтказмоқчи бўлганлиги ҳақида аввалги эшиттиришларимизда гапирган эдик. Шаҳрисабз шаҳрида 24 ноябр куни ўтказилиши режалаштирилган бу қурултойга Ўзбекистоннинг турли минтақаларидан 60 нафарга яқин вакиллар таклиф қилинган. Бироқ Баҳодир Чориевнинг Озодлик радиосига айтишича, 23 ноябр куни Тошкент вақти билан соат 19 гача ҳали Шаҳрисабзга таклиф қилинганлардан бирор киши ҳам етиб келмаган.

Баҳодир Чориев: Водийдаги барча фаоллар довондан ўта олишмади. Ҳозиргача Тошкент шаҳри¸ Тошкент вилояти¸ Сирдарë¸ Жиззах ва умуман ҳамма фаоллар таъқиб ва босим остида.

Озодлик: Булар етиб келмаса¸ қурултой бўладими бўлмайдими?

Баҳодир Чориев:
Ҳаракат қилиб кўрамиз. Булар келмаса¸ балки биз бошқа кунга қолдирармиз¸ лекин биз¸¸албатта¸ ҳаракатимизни давом эттирамиз.

Озодлик: Энди ҳозир тингловчичи ва ўқувчиларимизда “Нимага барча вилоятларда¸ водийда “Бирдамлик” ҳаракатининг аъзоларини ушлаб туришибдию¸ бошлиқнинг ўзи - Баҳодир Чориевни ушлашмаяпти?” деган савол туғилаяптида. Бунга нима дейсиз?

Баҳодир Чориев: Мен ҳақимда шунақа миш-мишлар тарқалипти. Ҳозир маҳалладан мени ушлапти¸ қамабди деган гаплар келаяпти. Маҳалла одамларига¸ ҳамма жойга шу гап тарқатилган. Лекин мен ҳозир уйдаман. Меҳмонларни кутиш билан овораман. Ҳали ҳеч ким етиб келгани йўқ.

Озодлик: Мана аъзоларингизга тазйиқлар¸ босимлар бўлаяпти. Сизнинг ўзингизни ҳам МХХ гами¸ бошқа жойгами чақириб¸ қўштирноқ ичидаги маслаҳатлар бўлдими? "Ундай қилма¸ бундай қилма"¸ деган гаплар бўлдими?

Баҳодир Чориев: Йўқ¸ унақа нарса бўлмади. Тўғридан-тўғри унақа нарса бўлмади. Афсус¸ мен борган жойларда мен кетгандан кейин ўша одамларга телефон қилиб¸ уларни қўрқитиб¸ мен билан алоқа қилмасликка чақириб келишмоқда. Лекин ҳукумат тарафидан тўғридан-тўғри ëки қўштирноқ ичидаги маслаҳатлар ҳам бўлгани йўқ.

Озодлик: Чунки мана Жиззахга борганингизда¸ Мамиржон Азимов¸ Бахтиëр Ҳамроев калтакланди.

- Бундан хабарим бор. Ўйлайманки¸ ҳукумат ўзини айбсиз қилиб¸ “Мана бу шунақанги бир ташкилот. Қўлидан ҳеч нарса келмайди. Биз раҳбарига текканимиз йўқ¸ лекин фаоллари ўзлари баҳона қилишаяпти” деган уйдирмаларга олиб бормоқчи ишни¸ дейди Бирдамлик ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев.

"Бирдамлик" ҳаракатининг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Искандар Худойбергановнинг айтишича, 23 ноябр куни у Дилором Исҳоқова ва Бахтиёр Исабеков билан бирга Шаҳрисабзга жўнашлари керак эди. Бироқ Дилором Исҳоқова эрталаб уйидан чиқиб кетганича ундан дом-дарак йўқ, телефони эса ўчирилган.

- Мен энди билмадим. Чунки менинг олдимга бугун Дилором келиши керак эди. Ўша билан бирга Тошкентдан жўнашимиз керак эди. Йўқ. Қўнғироқ қилсам¸ телефони "хизмат доирасидан ташқарида"¸ деб жавоб беради¸ дейди Искандар Худойберганов.

Баҳодир Чориев ва унинг яқинлари 2004 йилда ўзларидан тортиб олинган “Кеш” акциядорлик жамияти акциялари қайтариб берилишини талаб қилиб, Ўзбекистонда бир неча норозилик намойишлари уюштирган эдилар.

2004 йилда Баҳодир Чориев АҚШга кетган ва ўша ерда “Бирдамлик” ҳаракатини тузган эди.
XS
SM
MD
LG