Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:16

Тумовга чалинаётганларнинг аксарияти болалар


Ўш шаҳрида гриппга чалинган ўқувчилар сони тобора кўпайиб бораётгани туфайли шаҳар ўрта мактабларида 2 декабргача эълон қилинган карантин 7 декабргача узайтирилди.

Ўш шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдували Болтабоев шу кунларда Ўшдаги 57 та ўрта мактабнинг барчасида карантин эълон қилинганини айтади.

- Гриппга чалинган ўқувчиларнинг сони кундан кунга ортиб бораётгани сабабли биз вазиятни қийинлаштирмаслик учун Ўшдаги барча мактабларда карантин эълон қилдик. Ўш шаҳри бўйича мактабга келмай қўяётган болаларнинг сони 20 фоизни ташкил қилади. Баъзи мактабларда эса бу кўрсаткич 37-39 фоизга етган, деди Абдували Болтабоев.

Айни кунда Ўшда 6781 нафар гриппга чалинган беморлар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 4762 нафари ёки 70 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Ўш шаҳар эпидемиология маркази раҳбари Уулқан Қаратаеванинг маълум қилишича, гриппга чалинган ўқувчилар орасида касалликни ўтказиб юбориб, шифохонага ётқизилганлар ҳам бор:

- Бугунги кунда Ўш шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимида 14 ёшгача бўлган 62 нафар бола гриппга чалиниб, касали оғирлашгани сабабли даволанмоқда, деди Уулқан Қаратаева.

Шифокорларга кўра, Ўшда оммавий гриппга чалиниш ҳолати сўнгги йилларда кузатилмаган. Айни пайтда шифокорлар шаҳар касалхоналарида жой етишмаётгани туфайли гриппга чалинган одамларга уй шароитида қандай даволаниш, гриппдан қандай сақланиш бўйича маслаҳат бериш билан чекланмоқдалар, холос.

Расмийларга кўра, ўқувчиларнинг оммавий тарзда гриппга чалинишига синфхоналарнинг совуқлиги ҳам сабаб бўлган.

Айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда Қирғизистонда энергетика танқислиги сабабли кўплаб мактаблар кўмир билан иситиш тизимига ўтказилган. Бу масалани ҳал қилиш эса маҳаллий таълим бошқармасига юклатилган.

Исми ошкор қилинишини истамаган мактаб директорларидан бирининг айтишича, ўқув хоналарининг совуқлигига мактаблардаги иссиқлик қувурларининг ўз вақтида таъмирланмагани ёки ўз вақтида кўмир етказиб берилмагани сабаб бўлмоқда. Бунга эса шаҳар ҳалқ таълими бошқармаси айбдор.

Ўш шаҳар ҳалқ таълими бошқармаси Абдували Болтабоевнинг маълум қилишича, бу йилда Ўш мактабларининг кўмирга бўлган эҳтиёжи 640 тоннани ташкил этади. Бугунги кунда 622 тонна кўмир жамланган. Бу эса шаҳар мактаблари эҳтиёжининг 90 фоизини ташкил этади:

- Бу йилда кўмир бўйича муаммо йўқ. Бироқ айрим мактабларда иссиқлик тизими жуда эскиргани сабабли муаммолар бўлмоқда. Бу ҳар йили бўлиб турадиган муаммо, иссиқлик маркази иссиқликни юқори босимда берган пайтда эски қувурлар кўтаролмай қоляпти. Айрим жойларда қувурлар ёрилиб, сув оқиб кетаяпти. Биз шуларни ўз вақтида таъмирлаб, қайта ишга туширяпмиз. Бу ҳар йили кузатиладиган ҳолат, деди Абдували Болтабоев.
Мактабларда карантин эълон қилиниши илк бор пойтахт Бишкекдан бошланди. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги гриппга чалинган ўқувчилар сони кескин ортиши муносабати билан 23 ноябрдан 30 ноябргача Бишкекда барча мактабларни ёпиш тўғрисида буйруқ берганди.

Расмийларга кўра, 16-20 ноябр кунлари оралиғида Бишкек мактаблари ўқувчиларининг 20-30 фоизи гриппга чалингани аниқланган.
Ўш мактабларида эса грипп бўйича карантин 26 ноябрдан эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG