Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:54

Қочқинларнинг муаммоси кўпайди


2005 йилда юзлаб андижонлик қочқинларга бошпана берган Қирғизистон шу кунларда бошпана сўраганларни рўйхатга олишдан бош тортмоқда.
2005 йилда юзлаб андижонлик қочқинларга бошпана берган Қирғизистон шу кунларда бошпана сўраганларни рўйхатга олишдан бош тортмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда айни пайтда 853 қочқин рўйхатга олинган. Улар орасида Ўзбекистондан келган 129 нафар қочқин ҳам бор. Бироқ қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, сўнгги пайтларда қирғиз расмий идоралари бу мамлакатга бошпана излаб келганларни рўйхатга олишдан бош тортмоқда.

Қирғизистонда яшаётган 853 қочқиннинг 597 нафари Афғонистондан, 127 нафари Ўзбекистондан ва 129 нафари бошқа давлатлардан келган шахслардир.

Қирғизистонда 2005 йилгача бу мамлакатдан бошпана излаган шахсларнинг тақдири жамоатчилик эътиборида бўлмаган. 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан сўнг Қирғизистонга Ўзбекистондан 500дан ортиқ одамнинг қочиб ўтиши қирғиз жамиятида катта шов - шувга сабаб бўлди.

Ўшанда Қирғизистон Ўзбекистон билан муносабатлари бузилмаслиги учун ўзбек фуқароларига қочқинлик мақомини бермаган бўлса-да ўзининг халқаро мажбуриятлари доирасида уларнинг учинчи давлатларга чиқиб кетишига катта ёрдам кўрсатган.

Бир неча йил ичида Қирғизистондан 1819 нафар қочқин учинчи давлатларга кўчирилган.

Бироқ сўнги пайтларда Қирғизистон қочқинлар билан боғлиқ бўлган халқаро мажбуриятларини бажармаётани кузатилмоқда:

- Қирғизистонда қочқинларнинг миллий қонунларда ва “Қочқинлик мақоми тўғрисида”ги конвенцияда кафолатланган барча ҳуқуқлари бузилмаябди, деб айтиб бўлмайди. Қочқинларни рўйхатга олиш, ҳукумат томонидан меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш, тиббий ва ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқлари фақат қисман таъминланмоқда, -деди БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Ўшдаги маслаҳатчиси Нигора Қодирхўжаева.

Мутахасиларга кўра, сўнгги йилларда Қирғизистондан қочқинлик мақомини сўраган шахсларнинг сони кескин камайган. Айни пайтда Қирғизистондаги тегишли ташкилотлар томонидан бошпана сўраган шахсларни рўйхатга олиш ишлари ҳам пайсалга солинмоқда. Бу борада Ўшдаги “Халқаро ҳимояга кўмак кўрсатиш маркази” директори Ақилбек Тошпўлатов гапириб берди.

- Айни кунларда бошпана излётган шахсларни рўйхатга олишда ҳам муаммо бор. Бу борада иш олиб борувчи масъул органлар томонидан Қирғизистон қонунчилиги ва Халқаро шартномаларда кўзда тутилган мажбуриятлар бажарилмаябди. Бундан ташқари қочқинлар ва бошпана излаётган шахслар милиция томонидан ҳибс қилинмоқда, бу борада бизга ариза билан мурожаат қилган қочқинлар бор. Бундай қонунбузарликлар асосан Ички ишлар вазирлигининг маҳаллий бўлимлари ходимлари томонидан содир этилади, - деди Ақилбек Тошпўлатов.

Унинг айтишича, қочқинларни рўйхатга олиш билан боғлиқ муаммолар 2008 йилнинг август ойидан бошланган.

Мутахассисларнинг айтишича, Қирғизистон қонунчилигига асосан бу мамлакатдан қочқинлик мақомини сўраган шахсларнинг илтимосномаси рўйхатга олинган кундан бошлаб 6 ой ичида кўриб чиқилиши шарт.

Қирғизистондан бошпана излаган шахслар миграция ва иш билан таъминлаш давлат қўмитасидан рўйхатдан ўтишлари керак. Бироқ мазкур қўмита 2008 йилнинг август ойидан бошлаб учинчи давлатларга чиқиб кетган оила аъзоларига қўшилмоқчи бўлган шахслардан бошқа қочқинлик мақомини сўраган одамларни рўйхатга олмаябди.

Айтиб ўтиш жоизки, Миграция ва иш билан таъминлаш давлат қўмитаси расмийлари қочқинларни рўйхатга олиш юзасидан барча маълумотларни сир сақлайди ва бу борада маълумот бермайди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда қочқинлик мақомини сўраб миграция қўмитасига мурожат қилган ва рўйхатга олинмаган 46 одам Қирғизистондаги юқори ташкилотларга ариза берганлар.
XS
SM
MD
LG