Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:33

Зўрланган маҳбуса қамоқхонага кўчирилди


Тергов давомида зўрлангани айтилаётган Райҳон Соатова чақалоғи билан бирга Зангиота туманидаги аёллар колониясига ўтказилди. Бу ҳақда Озодликка маҳкуманинг акаси Абдусамад Соатов маълум қилди.

Абдусамад аканинг айтишича, Райҳоннинг чақалоғи ҳали шифохонада даволаниши лозимлигига қарамасдан Зангиота аёллар колонияси маъмурияти синглиси билан жиянини мажбурий равишда колонияга олиб кетган.

Абдусамад Соатов: Кеча тушдан кейин Тошкент вилояти Зангиота туманидаги туғуруқхонага бориб¸ врачдан сўрасам¸ аëллар зонаси бошлиғининг буйруғига кўра¸ конвойлар келиб, иложсиз олиб кетишибди.

Озодлик: Қизча қаерда?

Абдусамад Соатов: Онаси билан бирга.

Озодлик: Қизчанинг соғлиги яхши эканми?

Абдусамад Соатов: Докторлар: “Биз яна 10 кунча туриши керак, деб айтган эдик” дейишди. Лекин барибир олиб кетишибди. Боланинг вакуумдан чиққанига бугун уч кун бўлди. Онаси энди эмизиб бошлаган эди.

Озодлик: Чақалоқнинг исмини нима қўйдингизлар?

- Мен исмини Гулноза деб қўйдим. Уйдагилар онаси озод бўлсин деб, Озодахон қўямиз дейишган эди. Мен: “Унақа эмас, Гулноза бўлақолсин” деб, Гулноза қўйдик, дейди Абдусамад Соатов.

Зангиота туманидаги аёллар колониясига қўнғироқ қилиб, маҳкума Райҳон Соатова билан унинг чақалоғининг аҳволи билан қизиқдик.

Бироқ колония ходимлари телефон орқали ҳеч қандай маълумот берилмаслигини, фақат ёзма мурожаат орқали колонияга шахсан бориб маълумот олиш мумкинлигини билдиришди.

Аввал хабар қилганимиздек, Райҳоннинг қизи 17 декабр куни муддатидан аввал 29 ҳафталик пайтида туғилди. Бугунга келиб қизалоққа Гулноза деб исм қўйилганидан хабар топдик. Бироқ унга туғилгани ҳақида берилган гувоҳномада боланинг отаси деган жойига кимнинг исми-шарифи ёзилгани ҳали номаълум.

Абдусамад Соатовга кўра, унинг қизалоқ муддатидан аввал туғилгани сабабини ва боланинг ДНКсини аниқлаб унинг отасининг кимлигини аниқлаш борасида экспертиза ўтказиш талабини ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборсиз қолдираяпти.

- “Боладан қон олиб¸ ДНК орқали аниқласа бўлади” дейишган эди. Ўзбекистон республикаси Бош прокуратурасига ҳам экспертиза бўйича айтганман. Мирзо Улуғбек туман прокуратурасидан ҳам¸ Тошкент шаҳар прокуратурасидан ҳам экспертиза қилишларини талаб қилдим. “Хўп¸ кўрамиз¸ ҳозир назорат бўлаяпти” дейишган. Кеча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Олий Мажлис вакили Омбудсман Сайëра Рашидова билан шахсан учрашиб¸ ўша гапларимни яна такрорладим. “Илтимос, менга ëрдам беринглар” дедим. Кичкина синглимни шу ҳолга келтирган инсонларга жазо беришларини ва экспертизани талаб қилдим. “Ҳал қиламиз¸ албатта сизларга жавобини берамиз” дейишди. Билмадим, бирор ижобий натижа бўлармикин ўзи, дейди Абдусамад Соатов.

Тошкентда аввалига безориликда айбланиб, сўнгра босқинчига чиқарилган сурхондарёлик уч опа-сингил Наргиза, Райҳон ва Хосият Соатовалар Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлимида тергов пайтида милиция ходимлари томонидан зўрлангани ҳақида хабар тарқалганди.

Тергов пайтида зўрлангани айтилаётган опа-сингилларнинг ўртанчаси Райҳон Соатова акасига уни Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимида 12 киши номусига тажовуз қилгани ҳақида гапириб берган.

“Эзгулик” жамияти маълум қилишича, Райҳон Соатова 9 майда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Абдусамат Соатовга кўра, Зангиота туман шифокорлари унга Райҳоннинг ҳомиласи 29 ҳафталик пайтида туғилганини билдирганлар. Агар ҳисоб- китоб қилинса, Райҳон ҳибсга олинганидан кейин ҳомиладор бўлгани маълум бўлади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова опа-сингил Соатоваларнинг тергов давомида милиция ходимлари томонидан зўрлангани ҳолатини мутлақо рад қилди.

- Мен бу маълумотни умуман тасдиқламайман. Опа-сингил Соатоваларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб¸ тергов ҳаракатлари олиб борилган. Тергов ҳаракатлари олиб боришда миллий қонунчиликка биноан ҳамма ҳаракатлар олиб борилиб¸ инсон ҳуқуқлари тамойилларига итоат қилинган. Ҳеч қандай тазйиқлар¸ зўравонликлар ишлатилмаган, деган эди Светлана Ортиқова 18 декабр куни Озодликка берган интервьюсида.

“Эзгулик” жамияти Райҳон Соатова ҳимояси учун курашни давом эттиришини маълум қилган.

“Эзгулик” Райҳон Соатованинг “Миршаблар томонидан зўрлангани ва натижада ҳомиладор бўлиб қолгани” юзасидан Ўзбекистон Омбудсмани, мамлакат Парламентининг суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ҳамда Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Тошкент ваколатхонасига мурожаат қилган.

Райҳон Соатова, суд ҳукмига мувофиқ, етти йилу икки ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Унинг опаси Наргиза ҳам Зангиота туман аёллар колониясида жазо муддатини ўтаяпти. Кичик синглиси Хосият эса тергов давомида зўрлангандан кейин икки ой руҳий касалликлар шифохонасида даволаниб чиққан. Хосият ҳозирда озодликда.
XS
SM
MD
LG