Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:55

Бугунги сайловлар


"Қурултой"нинг бу галги сонида Ўзбекистондан Шавкат Бадалов¸ Германиядан таниқли мухолифат вакили Анвар Усмонов¸ Ўзбекистондан сиëсатчи Суҳбат Абдулла ва ўз номзодини парламентга қўйишни истаган, аммо рўйхатга киритилмаган Комила Содиқовалар иштирок этишади.

Энг аввало ўзини парламентда кўришни истаган¸ “кучимни парламентга бераман¸ мени сайланглар” деган¸ аммо рўйхатга киритилмаган Комила Содиқова билан боғлансак. Комилахон ўз танқидий фикрларини Озодлик орқали айтганидан сўнг тазйиққа учраганини ҳам айтади.

Комила Содиқова: Мени суриштиришипти. Документларимни текшириб юришган экан. Мен улардан қўрқмайман¸ лекин просто менга неприятно бўлди. Биринчидан¸ мен айтган гапларимни яна қайтаришим мумкин. Лекин фойдаси йўқ. Поезд ушëл дейдию.

Озодлик: Сайлов олдиндан охири маълум бўлган маъраками?

Комила Содиқова: Мана бугун мен (эшиттириш 24 декабр куни ëзиб олинган – таҳр.) телевизорда Тешабоевни кўрдим. У Андижондан ўзининг номзодини қўйдирипти. Тешабоев неча марта депутат бўлиши мумкин? “60 га кирдинг¸ энди пенсияга чиқиб охиратни ўйлаб ëт, ёшларга йўл бер” дейдиган одам йўқ. Бугун телевизорда Андижондан Тешабоев интервью бераяпти. Депутатликка яна сайланаяпти. Қайта-қайта сайланаверадими булар? 70 фоизи қайтадан сайланаяпти. Бир марта бўлдинг¸ икки марта бўлдинг - бўлар энди. Булар депутатликни умрининг охиригача қилиб олган шекилли-да. Ўлгунича депутат бўлади шекилли булар. Менга ўхшаган иқтидорли¸ ëш¸ ақллига ҳеч ким жой бермайди. Чунки менинг орқамда ҳеч кимим йўқ.

Озодлик: Сиз депутат бўлсангиз¸ нима қилиб берардингиз?

Комила Содиқова: Биринчидан¸ мен жуда кучли аëлман. Менга у креслода пул ҳам¸ бойлик ҳам¸ амал ҳам керак эмас. Мен Худога шукур¸ мана, расмимни ҳам бердим¸ ҳақиқий ўзбек¸ ақлли¸ гўзал¸ инсофли грамотный специалист эдим мен. Ҳуқуқшуноснинг ҳуқуқшуносдан фарқи бор. Мен ўзимни зўр ҳуқуқшунос, деб биламан. Нимага? Бошимдан иссиқ-совуқ кунлар кўп ўтди¸ адолатпарварман¸ зиëли одамнинг боласиман¸ халқ учун жонини берадиган¸ президент учун юрагини берадиган мард аëлман. Ўзим учун жавоб бераман мен. 90 фоиз одамлар ўзи учун жавоб бера олмайди. Қўрқади¸ “менга нима”¸ дейди. Мен ўзимга ўзим жавоб бераман. Расмимни ҳам кўргандирсиз?

Озодлик: Кўрдим¸ кўрдим. Сизга ўхшаган одамларга парламентга йўл йўқми?

Комила Содиқова: Шахсан менга йўл йўқ. Ўзим ялиндим¸ ëлвордим¸ Мирзо-Улуғбек Абдусаломовга телеграмма бердим. “Ўртоқ Абдусаломов¸ менга қонуний ëрдам беринг. Мен президент учун жонимни бераман¸ ватаним учун ишлайман. Адолат қани? Тешабоев мени ҳайдаб юборди” десам¸ тайинли жавоб бермади. Алам қилаяпти менга. Мана энди ҳеч кимга кераги йўқ одам бўлиб¸ ишсиз¸ руҳан тушган одам бўлиб ўтирибман.

Озодлик: Анвар ака¸ эшитдингизми?

Анвар Усмонов: Энди нима дейлик. Эски ҳаммом¸ эски тос. Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармаган. Ҳалиям ўша сайлов. Сайловда фақат президент командасидан буйруқ берилган номзодлар ўтади. Бу тушунарли. Сизга катта раҳмат, мендан олдин гапирган жанговар қизим. Энди сизга битта нарса айтай. Либерал партия билан бирга қолган партияларнинг ҳаммаси қўғирчоқ партиялар. Биз буни билишимиз керак. Ўзбекистонда сайлов бўлмаган¸ бўлмайди ҳам. Каримов буни ҳисобга олиб бутун Олий Мажлисни ўзи эгаллаяпти.

Озодлик: Шавкат ака¸ мана, депутат бўлишни истаган Комилахонни¸ мухолифатдаги¸ муҳожиратдаги эски сиëсатчилардан бири Анвар акани эшитдингиз. Анвар ака 90-йилларда Ислом Каримов билан бирга ўтириб¸ “Нега мени калтаклашди?” деган саволни берган эди. Ўшанда Каримов: “Бу кураш, бунга чиданг”, деган эди. Сайловлар масаласида сизнинг кузатишларингиз қандай?

Шавкат Бадалов: Бу иккала кишининг суҳбатининг негизи¸ сабаблари мен ҳозир айтадиган бир неча оғиз сўзда жамланган. Фақат диққат билан эшитиб турсангизлар бўлди. Бу нарсани тушунтириш учун олдин бироз ўтмишга назар солиш керак. Сайлов натижасининг амалдаги ҳокимият томонидан сохталаштириш ҳоллари барча постсовет давлатларида¸ Эронда ва Афғонистонда яққол кузатилди.

Озодлик: Постсовет мамлакатларини ва Эронни қўйиб Ўзбекистон ҳақида гаплашсак. Нима дейсиз?

Шавкат Бадалов: Мана, энди Ўзбекистонга келаяпмиз. Хулоса қилиб айтганда, сайлов натижаларини сохталаштириш барча давлатларда мавжуд. Шу масалага оид бир таклиф бор. Биз ҳаммамиз яширин овоз бермаслигимиз керак. Ҳамма касал¸ ҳамма бало мана шу ерда. Яширин овоз беришдан кимлар манфаатдор? Ленин ВКП(б) ни тузган пайтда очиқ овоз беришдан қўрқишган. Шунинг учун яширин овоз бериш йўлидан фойдаланишган. Ҳозирги кунда ҳеч ким очиқ овоз беришдан қўрқмайди. Чунки ҳақиқат учун овоз берувчилар жуда кўп. Шунинг учун қўрқмасдан очиқ овоз бериш йўлига ўтсак бўлаверади. Ана ўшанда сайловдан кейинги митинглар ўз-ўзидан тўхтайди.

Сайловларнинг яширин овоз бериш йўли билан ўтказилишидан амалдаги ҳокимият манфаатдор. Улар бу усулдан ўз манфаатлари йўлида моҳирона фойдаланади. Яширин овоз бериш услуби амалдаги ҳокимиятнинг хоҳиш-истагини амалга ошириш учун жуда жўн қулайлик яратиб беради. Яширин овоз бериш натижаларини сохталаштириш жуда осон. Бу сохтакорликни текширишнинг умуман иложи йўқ. Ҳаммаси мавҳумлигича қолаверади. Нобоп бюллетенларнинг ўрнига янгиларини жойлаб қўйиш қийин эмас. Натижада амалдаги ҳокимият ҳар бир сайловда ютиб чиқаверади. Мана шу ерда ўзи сизга¸ Комила Содиқовага¸ Анвар акага жавоб. “Сайланадиганлар олдиндан тайëрлаб қўйилган, ўтган галгилар яна сайланаяпти” деганларнинг ҳаммасининг сабаби¸ илдизи мана шу жумлада.

Озодлик: “Табиб табиб эмас¸ бошидан ўтказган табиб”, дейдилар. Ўтган президентлик сайловларида ўз номзодини қўйишга ҳаракат қилган Суҳбат Абдулла билан боғланамиз. Суҳбат ака¸ сайловларда қандай найранглар қўлланилади?

Суҳбат Абдулла: Биринчи қилинадиган нарса бу алоҳида номенклатура чиғириғидан ўтиш. Депутат бўлиш учун алоҳида сеткадан ўтиш керак. Яъни кимларгадир таъзим қилиш керак¸ кимларнингдир ишончини оқлаш керак ва кимларгадир мос келиш керак. Шундай одам депутатлик номзодига қўйилади ва бу номзод албатта ўтади. Бу энг биринчи қилинадиган нарса.

Иккинчидан¸ ўтадиган номзоднинг содиқлиги¸ мавжуд одамларга¸ мавжуд каттаконларга таъзим қилиш даражаси бир-икки йил олдин синовдан ўтказилади. Бу номзоднинг сайловгача етиб келадиган марафон чизиғи. Номзодлардан кимнинг ўтиши¸ кимнинг ўтмаслиги олдиндан маълум бўлади ва кутилган номзод сайловдан ўтади. Бу ерда ҳеч қандай янгилик йўқ. Эски сайловлар қандай бўлган бўлса¸ шундайлигича давом этиб келаяпти.

Озодлик: Суҳбат ака¸ мана одамлар қарши овоз бериши мумкин. Бу қандай қилиб тўғрилаб қўйилади? Мен шунинг механизмини билмаяпман.

Суҳбат Абдулла: Биринчи механизм сайлов участкаларида бўлади. Бу қўшимча қўйилган бюллетенлар¸ махсус қўйилган одамлар асосида қилинадиган нарса. Бу Ўзбекистонда синалган ва кўрилган усуллардан биттаси. Бу олдиндан тайëрланади ва керакли номзоднинг овози таъминланади.

Иккинчиси¸ вилоятга етиб келганда тўғриланади. Бюллетенларнинг етишмаган қисми вилоятда сон ҳисобида ўзгартирилади. У ерда ҳам бўлмай қолса¸ Марказий сайлов комиссиясида тўғрилаб қўя қолинади. Бу жуда қадимдан бўлиб келаëтган нарса. Бунда ҳеч қандай янгилик йўқ. Ўша номзодларнинг махсус одамлари сайлов участкасида туради ва керакли миқдордаги бюллетенларни қутичага ташлайди. Энг оддий синалган усуллардан биттаси бу. Иккинчиси¸ ҳеч ким бюллетенларни санаб ўтирмайди. Республикада фақат сон тўғриланади.

Озодлик: Суҳбат ака билан суҳбатдан маълум бўлишича¸ олдиндан рўйхатлар тузиб қўйилар экан. Мана шундай рўйхатлар тузилишини Комила Содиқова ҳам айтиб ўтди.

Комила Содиқова: Бир варақ хат. Номери 02-27/1005. 3 декабр 2009 йил. Марказий сайлов комиссиясининг 2009 йил тўртинчи ноябрдаги 36А сонли хатига жавобан мен Марказий сайлов комиссиясига телеграмма ëздим. Телеграммани улар Тешабоевга юборди. Тешабоев менга бир ойдан кейин жавоб бераяпти.

“Сизнинг¸ ҳурматли Комила Содиқова¸ номзодингиз кўрсатилмаганлиги маълум бўлди. Номзодларни ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш асосида тузилган рўйхат устидаги ишлар 30 октябр куни ниҳоясига етказилиб¸ тасдиқлаш ишига киритилди. Олий Мажлис қонунчилик палатасига номзодларни кўрсатиш партия съездининг ваколатига киради ва коллегиал тарзда ҳал қилинади”. Какая разница¸ Али Вали¸ Вали Али. Жинниликни қаранг. “Юқоридаги сабаблар туфайли сизнинг номзодингиз Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлигига тавсия этилмаган”. Бу гап учун, кечирасиз-у¸ бекорларнинг бештасини айтибди. Съезд 8 ноябрда бўлди. Мен тахминан 25 октябрда ариза ëзиб берганман.

Озодлик: Қанақадир рўйхат борми? Ҳукумат тасдиқлаган¸ ўтиши маълум бўлган одамлар рўйхати борми?

Комила Содиқова: Мана ўқиб бердимку сизга. “135 нафар номзод рўйхатини партиянинг навбатдаги съездига тақдим этди” деяпти. Демак¸ рўйхат уже июн-октябр ойида тайëрланиб қўйилган экан. Телевизорда “Любой одам номзодини кўрсатиши мумкин” деб гапиргани учун борган эдим мен. .......................

Озодлик: Тошкент билан¸ Шавкат ака билан ҳам алоқа узилиб қолди. Анвар ака¸ буни тўғри тушунсангиз керак.

Анвар Усмонов: Аниқ¸ аниқ. Бу гап тушунарли. Битта нарсага¸ бу чуқурга қарайлик. Кўринг¸ Ўзбекистонда демократия борми-йўқми? Бу биринчи саволим ва шу саволга ўзим жавоб бераман. Ўзбекистонда демократия институтлари йўқ. Сайлов қонуни ëмон эмас. Лекин қонунни ҳеч ким бажармайди. Демократик принциплар йўқ. Номзодни қурултойда кўриши¸ қўйиши мумкин. Президент биносида олтинчи қават бор. Ўша қаватда президентнинг аналитик гуруҳи ўтирибди. Ўша гуруҳ “Эшпардаев бўлади¸ Комилахон бўлмайди” деса бўлди. Сайлов биринчидан сайлов участкасида ўтмайди. Сайловлар президент командасида ўтади. Аналитик гуруҳ “бўлсин” деган одамга овоз етмай қоладими¸ қаршилик кўрсатганлар кўп бўладими - барибир. Бу ерда қонун йўқ. Ўша Эшпардаев бўлади¸ Комилахон бўлмайди. Ўзбекистонда демократия ҳам¸ сайлов ҳам йўқ. Бу менинг фикрим.

Озодлик: Анвар ака¸ ҳозир Ўзбекистондаги сайловчиларнинг фикрига қулоқ берсак.

- Кўрсатилган номзодларнинг бирортасини мен танимайманам¸ билмайманам.

- Умуман информацияга эга эмасман. Эшитганим ҳам йўқ¸ ўқиганим ҳам йўқ газеталарда.

- Мен, масалан, депутатларнинг кимлигини ҳам билмайман. Ҳамма ўзининг ғами билан¸ бола-чақасини боқиш ғамида юрибди. Фалончини депутатликка сайласак, ëрдам берар¸ яхши бўлар, деган умидворлик ҳам йўқ. Ҳеч қизиғи йўқ. Бу депутатни биз аввало танимаймиз-ку. Бориб бюллетендаги бирортасини чизамиз ëки “Мана буни чиз” деб кўрсатма беради¸ чизиб қайтиб чиқаверамиз. “Сиз ўзингизнинг сайловчилик ҳуқуқидан фойдаланмайсизми?” деган савол беришингиз мумкин. Фойдаланганингиз билан ҳам фойдаси йўқ. Аввалдан ҳал бўлган-ку.

- Кўраяпман¸ бу партиялар нима¸ буларнинг бори нима-ю¸ йўғи нима. Бу партиялар нимани талашаяпти? Депутатликка бориб олиб¸ қарсак чалиб ўтиришни хоҳлашаяпти. Шу холос. СССРдан ҳамма нарса¸ шу қатори сайлов ҳам мерос бўлиб қолди. Лоқайдлик¸ ëлғон.

- Ростини айтсам¸ унча қизиқиб кўрганим йўқ. Фойдасизда. Аввалги сайлаганларимиз ҳам халққа нисбатан бир иш қилмаган¸ бундан кейингилари ҳам қилмайди. Ваъда беради¸ халққа ҳеч қандай натижаси бўлмайди. Булар энди ўзимиздан чиқадиган газни халққа бермай масхарабозлик қилиб турибди-ку. Энди нима дейсиз буларга? Энди одам уялиб кетади.

- Энди мен сизларнинг радиони ҳурмат қиламан-у¸ мен сизга сайламаганимнинг сабабини айтган билан ҳам сайланган депутатларни йўлга сола олмайсиз. Чунки бизда тизимнинг ўзининг тайини йўқ. Хоҳлайсизми-хоҳламайсизми, юқоридан юборилганлар сайланиб кетади. Ҳар оқшом айтиб ëтибсизлар-ку. Қолдирмай эшитаман.

- Депутат эл учун жон куйдирса¸ депутат. Унинг учун борса арзийди. Иши чиқиб бормай қолса¸ унинг йўли бошқа. Лекин мен уйда ëтиб бормайман. Мен учун ўзлари ташлайди эмиш. Бордим нима¸ бормадим нима? Бир нарсани ўзгартира олмасам. Депутатнинг ўзи бир нарсани ҳал қила олмаган¸ битта овозга эга бўлган мен сайловчи нимани ҳал қила оламан?

Озодлик: Бу аҳолининг турли қатламларидан олинган жавоблар эди. Анвар ака¸ эшитдингизми одамларнинг гапини?

Анвар Усмонов: Жуда ҳам хурсанд бўлдим. Бу тўғри гаплар.

Озодлик: Одамлар ҳам аста-секин билиб қолди.

Анвар Усмонов: Бўлмасам-чи.

Озодлик: Суҳбат ака¸ ҳозирги сайловларнинг олдинги сайловлардан фарқи нима?

Суҳбат Абдулла: Биринчидан¸ энг асосий нарса парламент сайловларининг тўрт тарафини чизиш учун қилинган нарса. Ташаббус гуруҳидан номзод кўрсатиш маън қилинди. Бундан хабарингиз бўлса керак. Ташаббус гуруҳи тузилиб¸ рамкага тушмаган¸ четдан бўладиган мустақил номзод сифатида қатнашадиганлар учун салгина имконият бор эди. Бу нарса олиб ташланди. Бу нарса демократлаштириш билан изоҳланди. Аммо бу ерда демократиянинг ўзи тўхтатилди.

Озодлик: Эшитиришдан сал олдинроқ Абдуқаҳҳор ака деган киши телефон қилиб¸ савол билан мурожаат қилди.

Абдуқаҳҳор ака: Мана 20 йил бўлди. Орамизда шундай одамлар борки¸ улар адолат¸ ҳақиқат ўрнатилиши истайди. Аммо ҳаммаси ими-жимида¸ курашсиз¸ шовқин-суронсиз бўлсин, дейишади. Булар жим бўлиб¸ ўша кунни пойлаб ўтираверади. Улар хотиржам бўлиб ўтираверсинлар¸ қорин бандалари бўлиб бойлик тўплайверсинлар. Кўп-кўп пул¸ бойлик тўплайверсинлар. Ҳақиқат тарафдорлари наинки мол-мулкларидан ҳатто жонларидан кечиб курашаверсинлар. Ҳақиқат ғалаба қилгач¸ ўша қорин бандалари биринчилардан бўлиб келадилар ва “Улушимизни беринг¸ биз сизлар билан эдик”, дейдилар. Мана шунга қандай жавоб беришар экан? Мана шу мулоқотда кимлар бўлади? Эсингизда бўлса¸ бу 1989 йилда бўлган. Ўша пайтда мустақиллик учун кураш бўлаëтган эдию. Ана ўша кун худди ҳозир етиб келгандай бўлаяпти-да.

Озодлик: Анвар ака¸ сиз нима деб жавоб берасиз?

Анвар Усмонов: Бу савол жуда ҳам яхши. Бу саволда жон бор. Мана, масалан, Грузияни олайлик. Грузия мухолифати курашга чиқди¸ лекин курашни фақат қўлда бир бакал вино билан ўтказмоқчи бўлдилар. Бунақа кураш бўлмайди. Ўзбекистонда ҳам кураш телевизорнинг олдида¸ столда палов бор¸ секин-секин гаплашиб¸ бу кураш ҳам бўлмайди. Курашлар биринчидан митинглар¸ демонстрациялар. Ҳақиқий демократик формасидан топиб¸ қаршиликни кўрсатишимиз мумкин. Майли уйдаги забастовкалар ҳам ўтиши керак. Ўзбек халқи ҳали ҳам унга келмаган. Лекин келгусида шу забастовка¸ демонстрацияларга ўтамиз. Келгусида анча курашлар бўлади. Мен бунга ишонаман.

Озодлик: Абдуқаҳҳор ака “1989 йилнинг иси келаяпти”, деб айтди.

Анвар Усмонов: Ҳа¸ иси келаяпти. Ўзи Каримовнинг командаси жонга тегди. Халқ тушунаяпти. Каримов ва унинг қўғирчоқлари аллақачон ўлган. Уларга алвидо айтишимиз керак.

Озодлик: Мана Комилахон: “Ютқазганимдан уйда хафа бўлиб ўтирибман”, дейди. Комилахон¸ сайловга борасизми?

Комила Содиқова: Бормайман¸ вақтим йўқ. Боришни истамайман. Мен сайловдан қаттиқ хафаман. Нима қиламан бориб? Мени хафа қилишди¸ дилимни оғритишди. Шунинг учун мен асабимни бузишни ҳам хоҳламайман. Жуда ҳам ëмон аҳволдаман¸ жуда ҳам ëмон изтиробдаман. Мана уже СНБнинг болалари кетимдан кобра кўтариб юришипти экан. Мардмисан¸ олдимга келиб мендан сўра.

Озодлик: Анвар ака¸ мана шунақа тушкунлик кайфияти ҳам бор-да.

Анвар Усмонов: Комилахон¸ мен сизга битта масалаҳат бераман. Шу участкага боринг. Лекин пикет қилиб олинг. Ўша плакат билан чиқинг. Майли қўрқманг. Сизни милицияга олиб кетса ҳам шу йўлга ўтинг. Агар бугун сиз қўрқмасангиз¸ эртага бошқа биров ҳам қўрқмасдан мана шунақа ғалабани кўрамиз.

Комила Содиқова: Биринчидан¸ мени олиб бориб қамаб қўйиши мумкин. Болаларим етим қолади. Менга ўхшаган матонатли¸ шижоатли одамларни у ëққа қўйиш керак-да¸ синаб кўриш керак. Пенсияга кетсин Тешабоев. Нима Тешбоев шунчалик кучли¸ шунчалик бойми қайта-қайта сайланаверади?

Озодлик: Балки гап Тешабоевда эмасдир. Балки бутун режим шунақадир? Тешабоевлардан иборатдир?

Комила Содиқова: Энди бу ëғи менга қоронғу. У ëғига мен гарантия бера олмайманку кимнидир айблаш учун.

Озодлик: Тешабоевнинг лавозими нима?

Комила Содиқова: Либерал демократлар партиясининг республика кенгашининг раиси. Ҳамма нарса унинг қўлида. Бойлик ҳам унинг қўлида¸ пенсияга кетмаслик ҳам унинг қўлида. Кетсин. Мана нимага Ўзбекистон ëшларига иш йўқ? Булар ўтирибди¸ ҳаммаси ўтирибди чиновникларнинг. Конечно кейин ëшларга иш йўқ. Институтни¸ лицейни¸ коллежни битирган бечоралар ишсиз юрибди. Кетсин пенсияга. Мана Тешабоев ҳам кетсин пенсияга. Ўрнига мени ўтказиш керак. Нима учун? Чунки мен Тешабоевдан кўра ақллироқман¸ ëшман. Сизларга интервью берганим учун уже менинг кўтимни СНБ кавлаб юрибди ишонасизми? Э, Худога солдим. “Олиб бориб қамаб¸ ўлдириб юбор мени”, дедим.

Озодлик: Комилахон¸ мана умид деган нарса бор. Келаси сайловлардан умидингиз борми? Яхши бўлиб қолар Ўзбекистон ҳам.

Комила Содиқова: Биласизми¸ уже ҳеч нарсага қизиқишим ҳам йўқ. Кўнглим совиб¸ ҳеч кимга керак эмас бўлиб ўтирибман. Олий маълумотим ҳам ҳеч кимга керак эмас экан¸ партияда ишлайман десам ҳам ҳеч кимга керакмас бўлдим. Ҳамма менинг устимдам кулаяпти¸ ëмонотлиқ бўлдим интернетга чиқиб. Душманларим яна ортди. Энди нима қилай? Қаëққа борай? Президент қабулига мени киргизишмайди.

Анвар Усмонов: Комилахон¸ раҳмат. Мен сизга битта нарса айтаман. Сиз президентга¸ бошқаларга керак эмасдирсиз¸ лекин сиз Ўзбекистонга кераксиз. Мухолифатга кераксиз. Қўрқмасдан ўз фикрингизни айтинг. Очиқ гапларни айтинг. Сиз жасоратли аëл экансиз. Сизга катта раҳмат. Сизга ўхшаган хотинлар бўлса¸ Ўзбекистон яхши бўлади. Шунинг учун сизга оппозиция номидан раҳмат айтаяпман.
Озодлик: Сайловларни ëмон-ëмон деймизу¸ сайлов мана қаршилик потенциалини чиқараяпти. Комилахонлар олдин йўқ эди. Сайлов жараëнида чиқиб келаяпти. Бу ҳам бир натижа эмасми?

Анвар Усмонов: Гапингиз тўғри. Шунинг учун мен Ўзбекистоннинг келгуси бор, деб айтаяпман. Америкада Стейнбек деган битта ëзувчи бор эди. У битта роман ëзган. Ғазабли нарса секин-секин одамнинг ичида ўсади. Ўсиб-ўсиб¸ ундан кейин чиқади. Террористик формага йўл бермасдан¸ ҳақиқий демократик формага олиб борсачи¸ бу ҳам яхши бўлади. Келгусимиз бор. Ўзбекистонда демократия бўлса¸ ҳақиқий мустақиллик бўлса¸ мен хурсанд бўламан.
XS
SM
MD
LG