Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:14

Ўшлик ўзбеклар қурултой ўтказди


Ўш вилоят ўзбекларининг 4-қурултойи карнай-сурнай садолари билан бошланди.
Ўш вилоят ўзбекларининг 4-қурултойи карнай-сурнай садолари билан бошланди.

Шу йилнинг 26 декабр куни бўлиб ўтган Ўш вилоят ўзбек миллий-маданий маркази қурултойи иштирокчилари Қирғизистон жанубида истиқомат қилувчи ўзбекларнинг мавжуд муаммолари ва уларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилдилар.

Қурултойда Ўш вилоят ва Қорасув шаҳар давлат маъмурияти расмийлари, Ўш вилоятининг Аравон, Новқат, Ўзган туманлари ўзбек-миллий маданий марказларидан келган 150 дан ортиқ делегат иштирок этди.

Анжуман аввалида вилоят ўзбек-миллий маданий маркази раҳбарининг 4 йиллик ҳисоботи тингланди. Сўнгра ўзбек мактабларидаги дарсликларнинг етишмаслиги, ўзбек ёшларининг турли диний оқимларга қўшилиб кетишини олдини олиш, ўзбек тўйларидаги ортиқча сарф-харажатлар, ўшлик ўзбекларнинг Ўзбекистон билан муносабатларини янада кенгайтириш, Ўш вилоят ўзбек миллий-маданий маркази раисини сайлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Аравон туман ўзбек миллий маданий марказининг қурултойда иштирок этган вакили ёшларнинг турли диний оқимларга қўшилиб кетиши борасида гапирар экан, ёшларни бу йўлдан қайтаришда ўзбек миллий-маданий марказлари катта рол ўйнайди, деган фикр билдирди:

- Диний экстремизмга аралашиб қолаётган одамларнинг кўпчилиги бизнинг ўзбек миллатига мансуб аҳоли фарзандлари бўлаяпти. Бу масалада бизнинг забардаст уламоларимиз бор. Шу уламолар билан учрашувлар уюштиришимиз керак. Бир пайтлар биз Аравон туман ўзбек миллий-маданий маркази ташаббуси билан аҳолини Шайх Алоуддин Мансур билан учрашувини ўтказганимиз бу масалада жуда катта фойда берган эди, деди аравонлик қурултой иштирокчиси.

Ўшлик ўзбекларни бугунги кунда ташвишга солаётган масалалардан яна бири ўрта таълим мактабларида дарсликларнинг етишмаслигидир. Қурултой иштирокчиларига кўра, бугунги кунда Қирғизистондаги ўзбек мактаблари фақат 60 фоизга дарсликлар билан таъминланган.

Қирғизистон Халқлар дўстлиги ассамблеяси Ўш вилояти бўлими раиси Пўлатжон Собиров бугунги кунда Республика ўзбек миллий-маданий маркази томонидан бу муаммони ҳал қилиш бўйича қилинаётган ишлар борасида гапириб берди:

- Республика ўзбек миллий мадани марказининг раиси Жалолиддин Салоҳиддинов шахсан ўзининг ёнидан ўзбек мактаблари учун 1 миллион сўмлик (тақрибан 22700 АҚШ доллари – таҳр.) дарсликлар сотиб олиб, вилоятимиз мактабларига тарқатиб берди. Бу ҳам етишмайди. Келажакда ҳам шундай яхши ишлар амалга оширилади, деб ишонаман, деди Пўлатжон Собиров.

Унинг айтишича, айни кунларда ўзбек миллий-маданий марказлари ўшлик ўзбек тадбиркорлар билан биргаликда мактаб дарсликларини чоп этишга ҳомийлик қилиш масаласини кўтариб чиқмоқда.
Қурултой иштирокчилари сўнгги пайтларда вилоятда истиқомат қилувчи ўзбекларнинг Ўзбекистон билан узоқлашиб бораётган маданий алоқаларини мустаҳкамлаш лозимлиги тўғрисида ҳам фикр билдиришди.

Қурултой ташкилотчиси, 26 декабр куни бўлиб ўтган қурултойда Ўш вилоят миллий маданий маркази раиси лавозимига қайта сайланган Аҳмаджон Раҳимовнинг айтишича, миллий марказ томонидан ўшлик ўзбекларнинг Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ бу ишларни янада кенгроқ миқиёсда амалга ошириш учун икки давлат раҳбарлари даражасида ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар мавжуд:

- Ўртада қийинчиликлар бор. Булар давлат раҳбарлари, президентлар миқиёсида ҳал қилинадиган ишлар. Масалан, чегара, виза масалалари. Ўзбекистон Республикаси лотин алифбосига ўтган биз Қирғизистондаги ўзбеклар кириллицада ўқиймиз. Бизга китоблар етишмаяпти. Албатта биз ҳам бу масалаларни ўз йўлимизда ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Лекин буни албатта юқори даражада ҳал қилиш керак, деди Ахмаджон Раҳимов.

Қурултойнинг айрим иштирокчилари эса Ўзбекистон лотин алифбосига ўтгани боис Қирғизистондаги ўзбек мактабларида лотин гарафикасини ўқитишни кенгроқ йўлга қўйиш керакдиги ҳақида фикр ҳам билдиришди.

Қирғизистонда Республика ўзбек миллий маданий марказидан ташқари алоҳида низомлар асосида иш юритувчи 5 та ўзбек миллий маркази бор. Бундан учтаси Ўшда, қолгани Жалолобод вилоятида.

Кузатувчиларга кўра, қирғизистонлик ўзбекларнинг муаммоларини ҳал бўлмаслигига аввало ўзбек миллатига мансуб раҳбарларнинг ўзаро келиша олмаслиги, ҳар ким кўрпани ўзига тортиши сабаб бўлмоқда.

Республика ўзбек миллий маданий маркази аъзоси Шавкат ака Тожибоев ҳам ана шундай фикрловчи одамлардан. У қирғизистонлик ўзбекларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун мамлакатдаги ўзбек миллий-маданий марказларини бирлаштириш керак, деб ҳисоблайди:

- Миллатимиз бир, бироқ марказларимиз бир нечта. Қани энди ўша миллий марказлар миллатимиз муаммоларини еча олса. Ўша бир-бирига гина-адоват борлиги оқибатида миллий марказларимиз бирлаша олмаяпти. Ўш шаҳида Ўзбек миллий-маданий маркази бор, Миллий марказимиз бор, Ўзбеклар жамияти бор. Худди шундай ҳол Жалолобод вилоятида ҳам кўриниб турибди. Ўйлайманки, биз миллий марказларимизни бирлаштириб, кучимизни бир қилиб, олдимизда турган муаммолар билан курашишимиз керак, муаммоларни ечишга ҳаракат қилишимиз керак, деди Шавкат ака Тожибоев.
XS
SM
MD
LG