Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Лола Каримова опасидан ўзди


Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги расмий намояндаси Лола Каримова имиджи¸ Регнум рейтингги бўйича опаси Гулнора Каримованикидан кўра яхшироқ.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги расмий намояндаси Лола Каримова имиджи¸ Регнум рейтингги бўйича опаси Гулнора Каримованикидан кўра яхшироқ.

Россиянинг Регнум ахборот агентлиги минтақа мамлакатларининг сиёсий-ижтимоий рейтингини эълон қилди. Мазкур рейтингда минтақа президентлари фарзандларига ҳам алоҳида ўрин берилган.Бу рейтингда Лола Каримова 3 - ўринни, Гулнора Каримова эса 6 –ўринни эгаллади.

Регнум агентлигининг ёзишича, президент фарзандлари рейтинги уларнинг сиёсий тузим имиджини шакллантириш ва иқтисодий - молиявий ресурсларнинг тақсимланишидаги таъсирига қараб аниқланган.

Президент фарзандлари рейтингининг биринчи поғонасида Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоев номи зикр этилади.

44 ёшдаги Қулибоев Назарбоевнинг ўртанча қизи Динарага уйланган. Маълумотларга кўра, Тимур Қулибоев 2 миллиард 100 миллион доллар капиталга эга ва дунё бойлари рўйхатида 458-ўринни эгаллаб турибди.

Яқин йилларгача Қозоғистондаги энг бой ва таъсирли сиёсатчи сифатида талқин этилиб келинган Дариға Назарбоева эса рейтингнинг 2 поғонасида тилга олинади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсум Сатпаев фикрича, президент тўнғич қизининг куёв болага ўрин бўшатиб беришини шарқона мулозамат эмас¸ балки унинг турмуш ўртоғи Роҳат Алиевнинг президент Назарбоев душманлари рўйхатидан жой олгани билан боғлаш лозим.

- Дариға Назарбоева ҳозир бошқачароқ. Унинг фаолияти сусайган, молиявий таъсир қилиш салоҳияти ҳам катта эмас. Дариғани қудратли қилган куч Роҳат Алиев билан бирлашиш эди. Бу иттифоқ бузилиши билан Дариға Назарбоева ҳам заифлашди ва Тимур Қулибоевга ўз ўрнини бўшатиб берди, дейди Дўсум Сатпаев.

Сиёсатшуносга кўра, бугунги кунда президент яқинларидан фақат Тимур Қулибоевгина Қозоғистондаги кадрлар сиёсатига таъсир ўтказиш салоҳиятига эга.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Алишер Таксанов эса Регнум ахборот агентлиги рейтингининг президент Каримов қизлари билан боғлиқ бўлган қисмига шубҳа билан қарашини билдиради.

Ьу рейтингда Лола Каримова Дариға Назарбоевадан кейинги учинчи ўринни, Гулнора Каримова эса Максим Бакиев ва Роҳат Алиевдан кейинги олтинчи ўринни эгаллаган.

- Масалан, Лола Каримова-Тиллаева ёки Гулнора Каримовани сиёсатчи, деб айта оламизми? Йўқ, албатта. Улар фақат оталари эга бўлган ресурслардан фойдаланишяпти¸ холос. Шунинг учун ҳам уларни мамлакатдаги сиёсий тузим имиджини шакллантириш ва иқтисодий-молиявий ресурсларнинг тақсимланишига таъсир кўрсатади, дейиш кулгилидир, дейди Алишер Таксанов.

Бу кузатувчи фикрича, президент Каримовнинг қизлари сиёсатдан кўра кўпроқ, отаси ҳукмронлигидан фойдаланган ҳолда, турли йўллар билан бойлик орттириш ва ўз ғаризаларини қондириш билан машғуллар. Шунинг учун ҳам, деб ҳисоблайди Алишер Таксанов, президент Каримов қизларининг сиёсий келажаги ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

- Менимча, фурсат қўлдан бой берилган. Президент Каримов сўнгги нафасини олмоқда ва қизлари Лола ёки Гулнорани олий лавозимларга ўрнаштира олмайди. Чунки бу қизлар Каримовдан сўнг мамлакатни бошқарувчи кучлар доирасида нуфузга эга бўла олмадилар¸ яъни уларни қўллаб-қувватловчи команда йўқ. Балки ҳозир бу кучлар “Гулнора ёки Лола номзодини кўрсатинг, биз уларни қўллаймиз”, дейишлари мумкин. Бироқ Каримов ҳукуматни бошқаришга лаёқатсиз бўлиб қолган куниёқ, аминманки, президент қизларига қарши сарой тўнтариши амалга оширилади, дейди Алишер Таксанов.

Мазкур рейтингда Лола Каримовага учинчи, Гулнора Каримовага эса олтинчи ўрин берилиши ҳам ғалатироқ туюлади. Негаки, Лола Каримова кўпроқ сояда бўлса, Гулнора Каримова кўпинча "носоғлом" фаоллиги билан халқ оғзига тушган.

Регнум ахборот агентлигининг бу борадаги изоҳи мана бундай: "Мазкур индекс минтақавий ва халқаро матбуотда чоп этилган мақолалар ва Марказий Осиёдаги вазиятни кузатиб бораётган 99 кишидан иборат россияликлар фокус гуруҳи фикри асосида тузилган. Максимал кўрсаткич 10 балл. Рейтингни тузишда матбуотда чоп этилган ижобий ва салбий маълумотларнинг умумий коэффициенти ҳисобга олинган".

Мазкур ахборот агентлиги берган яна бир тушунтиришда айтилишича, Лола Каримова рейтинггига унинг ташаббуси билан ташкил этилган "Ўзбекистон-2020" лойиҳаси ижобий таъсир кўрсатган. Foreign Affairs журналида Гулнора Каримованинг "диктаторлар қизлари орасида лидер", деб баҳоланиши эса, унинг рейтинги пасайишига сабаб бўлган.

Мазкур изоҳдан келиб чиқадиган бўлсак, матбуотда Гулнора Каримова фаолияти билан боғлиқ танқидий чиқишлар кўпроқ бўлгани учун ҳам, унинг рейтингги синглисиникидан кўра пастроқ бўлганини англаб етиш мумкин. Яъни Лола Каримова 7. 8, Гулнора Каримова эса 5,9 балл олган.

Айни пайтда 2005 йилда ҳокимият тепасига келган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг тўрт йил мобайнида сояда бўлиб келган ўғли Максим Бакиевнинг 2009 йил якунида бошни айлантирувчи даражада каръера қилиши, рейтинг муаллифлари назаридан четда қолмаган. Ҳозир Қирғизистон Тараққиёт, инвестиция ва инновациялар агентлиги раҳбарлигига, тушунарлироқ тил билан айтганда қирғиз ҳукуматига қарашли барча маблағларни назорат қилувчи лавозимга тайинланган Максим Бакиев мазкур рейтингнинг 4– поғонасидан жой олган.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсум Сатпаев фикрича, Максим Бакиевга бу рейтингнинг Дариға Назарбоева эгаллаган 2-поғонаси берилиши керак эди.

- Максим Бакиевни, мамлакатдаги вазиятга ва ҳокимият имиджига таъсир кўрсатиш нуқтаи-назаридан олиб қаралганда, мен минтақада Тимур Қулибоевдан кейинги 2-ўринга қўйган бўлар эдим. Президент Бакиев ўтказган сўнгги кадрлар алмашинувидан сўнг Максим Бакиев нафақат мамлакат иқтисоди ва молияси, балки кадрлар сиёсатини бошқариш учун жуда жиддий имкониятларга эга бўлди. Президент Бакиев минтақадаги президентлар орасида ўз ўғлига сиёсий каръера учун катта имкониятларни тезкорлик билан яратиб бераётган ягона президент бўлиб қолмоқда ва менимча у Максим Бакиевни ўз вориси сифатида кўришни истайди, дейди Дўсум Сатпаев.

Айни пайтда рейтингда Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг шу пайтгача сояда қолиб келаётган қизи Озода Раҳмон исми ҳам келтирилган. У рейтингнинг охирги 9-ўрнини эгаллаб турибди. Рейтинг муаллифларига кўра, унинг номи Озода Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланиши муносабати билан пайдо бўлган.
XS
SM
MD
LG