Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:39

Эркин микрофон - Бири боғдан¸ бириси тоғдан...


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

5 январ куни Озодликка сим қоққан ўзбекистонликлардан бири Тожикистон ҳукумати қуришни режалаган сув тўғонларига норозилигини билдирса¸ яна бири Туркияда қулликка тушиб қолган юртдошлари учун ëрдам сўрайди.

Тожикистон тўғон қурмасин!

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидан сим қоққан илк суҳбатдошимиз 1997 йилдан буён ўз вилоятида оқар сув ва ер ости сизот сувларининг камайиб кетганини қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан бораётган сув можаролари билан боғлайди ва шу асосда келган хулосасини Озодлик муштарийларига етказишни истади.

- Мен Ўзбекистон Жомбойданман. Мустақил бўлдик. Мана Каримов бобомиз сув масаласи¸ Орол масаласини чиқарди. Жуда катта муаммолар келиб чиқди. Бизлар ўша вақтда билмаган эканмизда. Мана ҳозирга келиб туриб Зарафшонни ҳам тўсган. Сувимиз йўқ. Олдин ернинг тагини кавлаган вақтимизда тош чиқарди¸ кейин дарров сув чиқарди¸ икки ярим метрданда. Ҳозир ернинг тагидаги сув 11 метрга чўкиб кетди. 1997-1999 йилларда жуда қаттиқ қурғоқчилик келди. Ўша вақтда Қирғизистон сув омборларини тўсиб қўйиб¸ ўша вақтларда сув бирдан чўкиб кетди. 1997 йилда сувни бермай¸ Худонинг қудрати билан 1999 йилдами 2000 йилдами шунақанги сув берди¸ ëмғир берди¸ Қирғизистон тўғонни очиб юборишга мажбур бўлди. Ана энди бизларга қанча зиëн келтирди? Ўша йили буғдой экилган 160 минг гектар жойни Сирдарë ювиб кетди. Қозоғистоннинг 60 минг гектар жойини ювиб кетган. Ана энди ҳозир Тожикистонда тўғон қураяпти¸ бошқа қилаяпти. Бизлар Зарафшон воҳасида яшаймиз. Бизларнинг сувларимиз чўкаяпти. Томирлар ернинг тагидаги намга етиб бормаяпти. Экологиямиз бузилди. Деҳқончилик ҳозир талаш бўлиб кетаяпти. Сув устида жанжал.

Озодлик: Асосан нималар экасизлар?

- Асосан пахта¸ маккажўхори. Уч марта ҳосил олардик.

Озодлик: Сиз ўзингиз нима экардингиз?

- Биз макка экардик. Молга¸ бошқага бўларди. Ҳозир ҳеч экин йўқ. Фақат буғдой ва пахта бўлиб қолди. Давлат сиëсати¸ давлат экини бўлди. Халқ буғдойдан кейин иккинчи¸ учинчи ҳосил қилиб экиб оларди. Ана энди халққа қийин бўлиб қолди. Мен айтмоқчиманки¸ Тожикистонга тўғонларни қурмасин. У экологияни бузади. Қиш вақтида ушласин¸ тўғонларни тўлдирсин. Лекин ëз вақтида бизларга сув керак. Еримиздан уч марта ҳосил олардик. Ҳозир ҳокимиятдан бир марта ҳосил¸ деган қарор чиқди. Бир мартадан бошқа ҳосил йўқ. Буғдой экдингизми тамом. Шудгорлаб ташланади ва ундан кейин ҳеч нарса экилмайди. Халққа жуда ҳам қийин бўлди. Бу энди Худонинг неъматику. Етимларнинг кўз ëшику. Уни Худо бераяптику. Уни сотиб олгани йўқ. Оқиб ëтган дарë шу пайтгача оқиб ëтган эдику¸ дейди жомбойлик суҳбатдошимиз.


Туркияда қулликка тушган ўзбеклар ҳикояси


Озодликка Туркиядан сим қоққан ўзбекистонлик Шавкат исмли талаба йигит бу мамлакатда ўзининг уч ҳамюрти қулликка тушиб қолгани ҳақида хабар берди.

Шавкат: Хуллас Туркияда турклар бор¸ курдлар бор. Курд миллатининг қўлига тушиб қолган ўзбеклар бор. Ҳаммаси курдларнинг қўлида ишлаëтган экан. Уларнинг паспортларини олиб қўйган эмиш. Ойлик ҳам беришмаëтган эмиш. Жуда қийин аҳволда қолишган экан.

Озодлик: Нечта улар?

Шавкат: Биттаси Самарқанддан¸ биттаси водий томондан¸ учинчисини билмайман. Бир йилдан бери шу проблемаси бор экан. Паспортини ололмаëтган экан. Консулликка боришса¸ копиясини олиб келгин¸ дейишаëтган эмиш. Ташқарига чиққани пуллари ҳам йўқ экан.

Озодлик: Демак¸ ўзбек консуллигининг хабари бор-а?

Шавкат: Консулликнинг хабари бор. Менга айтиши бўйича¸ энди рост айтдими ëки ëлғон айтдими¸ консулликка бориб паспорт олиш эртакдагидай гап. Менимча¸ уларга энди орзу бўлиб қолди.

Озодлик: Исмларини¸ фамилияларини биласизми?

Шавкат: Биттасиники эсимда қолган. Исми Жамшид. Қолганлариники эсимдан чиқди. “Кетмайсизларми? Полицияга бориб айтмайсизларми?” десам¸ биз Ўзбекистонга пулсиз қайтсак уят бўлади¸ дегандай гапларни айтишди.

Озодлик: Яъни полицияга борса¸ депорт қилиб юборишларидан қўрқишган.

Шавкат: Ҳа. Яна шунақа нима ҳам бор эканки¸ Туркиядан Ўзбекистонга борса¸ сен оқимга¸ тариқатга аъзосан деб қамаб қўйишларидан қўрқишаяпти.

Озодлик:
Уларнинг жонига қанақадир таҳдид борми?

Шавкат: Курдлар уларга наркотик моддалари¸ қурол-яроғ таклиф қилишган.

Озодлик: Тушунмадим¸ қурол-яроғ савдосига аралашишми?

- Уларни олдинги ишлаган текстил жойларидан таклиф қилишган. Улар ҳам курд экан. Бу курднинг автомойкаси бор экан. Улар бунга сотганми билмадим. Мен тўрт йилдан бери бу ердаман. Шу болаларга қўлдан келганча ëрдам бераман. Сизлар ëрдам берадиган бўлангизлар¸ мен ҳам шуни қилишга ҳаракат қиламан¸ дейди Шавкат.


Ҳоким ҳамма нарсани еб тугатди...

Навбатдаги суҳбатдошимиз Самарқанднинг Иштихон туманидан телефон қилган ва ўзини Бахтиёр Ўсаров, деб таништирган истеъфодаги милиция капитани.

У ўзи истиқомат қилаётган Иштихон туманининг бугунги аҳволи жуда оғирлашиб кетгани ва бунга маҳаллий ҳокимлик мутасаддиларини айбдор, деб билишини айтди.

Бахтиëр Ўсаров: Мен истеъфодаги милиция капитаниман. 1991-1996 йилларда Иштихон районида ишладим. Кейин Самарқанд шаҳрига ишга жўнатди. Шу ëқдан истеъфога чиқиб кетдим. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш¸ дейилганку. Эски қурилган светофорлар ҳам йўқ бўлиб кетган¸ кўчаларнинг расвоси чиқиб ëтибди. Кўчалар асфалт бўлиши керак эди¸ у ҳам қолиб кетган. Ҳозир келиб кўрсангиз¸ Иштихоннинг йўлларининг дабдаласи чиқиб кетган. Олдинди йўллар қолмаган. Асфалт қилинган йўллар йўқолиб кетган. Иштихонни келиб текширсин¸ обод бўлсин бу ер. Чунки одамлар қийналиб ëтибдида. Газ йўқ қишлоқларда. Йўқ газга пул тўлатишади. Мен қилган меҳнатимга ачинаяпман¸ биласизми. Ҳамма жойда обод бўлаяпти. Бизникига бирорта комиссия ҳам келгани йўқ. Келганлари билмайман нима қилиб кетади. Қилган ишларимга ачинаманда. Бақувват йигитман. Бир-икки жойга ишга чақираяпти. Тўғриси¸ ўзимнинг қишлоғимга¸ камбағал одамларга ачинаяпман. Келиб кўришсин аҳволни. Мана келиб паркни текширсин¸ қанча чинорлар йўқ бўлиб кетди.

Озодлик: Сизларда ҳам чинорлар кесилдими?

Бахтиëр Ўсаров: Ҳа.

Озодлик: Нега кесишди?

- Чинорни кесиб дарвоза ясаб сотади булар. Қиладиган иши шу. Ҳоким шу ерда ҳамма нарсани еб тугатди¸ дейди Бахтиëр Ўсаров.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG