Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:42

"Сигир харидорлари" қўйиб юборилди


Ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган қирғиз чегарачилари 6 январ куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара расмийлари музокараларидан сўнг қўйиб юборилди.

“Марказий Осиё янгиликлари” ахборот агентлигининг хабар қилишича, агентликка “Наманган ҳақиқати” газетасининг мухбири Игор Решетников бир хабар жўнатиб, уни чоп этишларини сўрайди.

Хабарда айтилишича, шу йилнинг 2 январ куни Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғида истиқомат қилувчи 1991 йилда туғилган Гулчиной Мирзабоева ҳар доимгидек ўз сигирини Қирғизистон чегараси яқинидаги сойга суғоргани олиб борган, шу пайтда уни Қирғизистоннинг икки чегарачиси қўлга олишга уринган. Қирғиз чегарачилари Ўзбекистон ҳудудига ўтиб қочиб кетаётган қизнинг ортидан уйигача қувиб боришади. Уйда чегарачилар қизнинг отаси Бахтиёр Мирзабоевдан сигирни гўёки қирғиз сувида суғоргани учун битта сигир қиймати миқдорида товон талаб қилишади. Рад жавобини олган қирғиз чегарачилари уларга таҳдид қилиб, осмонга ўқ узади. Мирзабоевлар қўшниларини ёрдамга чақиришади ва кўплашиб Илёс ва Дониёр исмли қирғиз чегарачиларини ушлаб, Янгиқўрғон туман милиция бўлимига топширишади.

Биз бу борада тўлароқ маълумот олиш учун Қирғизистон чегара хизматига боғландик.

Қирғизистон чегара хизмати раҳбари ўринбосари Чўлпўнбек Турусбековнинг айтишича, мазкур ҳодиса юзасидан 6 январ куни икки давлат чегара расмийлари учрашуви бўлиб ўтган ва қирғиз чегарачилари озод қилинган:

- Кеча иккала томон чегара идоралари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ўтказилган музокаралар натижасида икки нафар ҳарбий Қирғизистон Республикасига қайтарилди, деди чегара хизмати расмийси.

Чўлпўнбек Турусбеков бўлиб ўтган воқеани англашилмовчилик сифатида баҳолаб, айни пайтда қирғиз ва ўзбек чегарачилари ўртасида ўзаро муросага келинганини айтади:

- Ўзбекистон чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Мирзаев Руслан Эркинович ва Қирғизистон Республикаси давлат чегара хизмати раиси генерал-майор Жапаров Асқарбек Маматович ўртасида нафақат чегарачиларимизнинг қўлга олиниши, балки чегара ҳудудларида мавжуд бўлган кўплаб масалалар юзасидан конструктив суҳбат бўлиб ўтди. Биз бундан буён чегарада юзага келувчи ҳар қандай масалаларни ҳамкорликда ҳал қилиш тўғрисида келишиб олдик, деди Чўлпўнбек Турусбеков.

Маълумотларга кўра, сигир суғориш воқеаси юзасидан Наманган вилоят телевидиниеси ҳам махсус кўрсатув намойиш қилган. Кўрсатувда мазкур ҳодиса “қирғиз чегарачилари ўзбек фуқаролари мол-мулкини ўғирламоқда”, деган мазмунда бўлган.

Ўз исмини ошкор қилишимизни истамаган наманганлик респондентимиз ушбу кўрсатувни кўрган одамлардан бири.

- Аниқ эшитиб турдим, Нанай қишлоқ фуқаролар йиғини раиси интервю берди ва Кўкёрда Қирғизистоннинг икки нарушител чегарачи йигитга тушлик уюштирилди, деб кўрсатишди. Икки солдат интервю беришиб, “раҳбариятимиз Ўзбекистондан молларни бизнинг ҳудудга олиб ўтасан, деб буйруқ берган”, деди. Иккала солдат ҳам Жалолобод вилоятидан ноябр ойида янги чақирилган призивниклар экан. Улар: “Биз тушунмаган ҳолда буйруқ олдик”, деб айтишди. Улардан бири ўзбек, иккинчиси қирғиз миллатига мансуб болаларга ўхшади, дейди наманганлик аноним суҳбатдошимиз.

Қирғизистон чегара хизмати расмийси Чўлпўнбек Турусбеков бу борада бир томонлама хулоса чиқариш нотўғрилигини айтади:

- Бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида давлат чегаралари йўқ, бу биринчидан. Бизда ҳозиргача маъмурий чегаралар мавжуд ва ушбу маъмурий чегараларда ҳукуматлараро комиссия давлат чегараларини аниқлаш бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу нохуш ҳодиса айнан чегара линиялари аниқ бўлмаган ҳудудда содир бўлган. Шу сабабли бу воқеани катта нарсага айлантиришнинг кераги йўқ. Бу маиший ҳодиса, деди Чўлпўнбек Турусбеков.

Айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда қирғиз-ўзбек чегарасида ўндан ортиқ баҳсли ҳудудлар мавжуд. Қирғиз расмийлари чегараларда юзага келаётган муаммоларнинг аксарияти ушбу ҳудудларда содир бўлаётганини айтмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилнинг 27 декабр куни Тошкентга сафар қилган Қирғизистон бош вазири Данияр Усенов Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари икки йилдан бери тўхтаб қолган чегарани аниқлаш масалаларини муҳокама қилганлари ва икки томон расмийлари чегараларнинг баҳсли ҳудудларини аниқлаш бўйича комиссия ишини тиклашга келишиб олгани ҳақида билдирганди. Ушбу комиссия ўз ишини 2010 йилнинг апрел ойидан бошлаши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG